Минг отни кишнатган шаҳар

ТУРИЗМ БУЛОҚЛАРИ КЎЗ ОЧДИ
Ҳар гал кўнглимдан жонажон Ўзбекистонга боғлиқ туйғу айланди дегунча, киндик қоним томган элатимни бир карра ёдга оламан. Фақир эъзозлаб, ҳамиша соғиниб яшаган, менинг қўлимга қалам тутиб, илҳом булоғининг қайнашига туртки берган гўша. Шу аснода дилбар Ватанимдаги, аниқроғи, отамакон Хатирчимдаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир тош, пойимизда ялтираб ётган йўллар, кўркам гўшалар, арратиш чўққилар, хаёлдаги азиз манзиллар тикланди. Аҳён-аҳёнда уфққа термилиб, қуёшнинг дарахтлар, тоғлар ортига ботишини томоша қилиш жону дилим. Қоронғилик пардаси тортилганда чигирткаларнинг чириллаши, сув бақаларининг ажиб хонишларини тинглаб дала кезишдан кўра завқли юмуш йўқдай туюлади. Қолаверса, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Паркент, Бўстонлиқ, Хонобод, Шоҳимардон, Китоб, Деҳқонобод, Қамаши, Бойсун, Сариосиё, Узун сингари манзиллардан чексиз илҳомланаман ва шу руҳни асарларимда ифодалаш пайида бўлганман.
Тупроғинг зар,
Тошинг гавҳар,
деган ҳам бор.
Ягонасан,
Жонажонсан,
деган ҳам бор.
* * *
Меҳригиё,
Қандай зебо,
Бебаҳосан,
Тўтиёсан,
деган ҳам кўп.
Биров ундоқ,
Биров бундоқ тўқир мақтов.
Ундоғаммас,
Бундоғаммас, азиз ва дов.
Кўлу тоғлик,
Боғу роғлик ўзбек элим.
Момо юрти,
Бобо юрти, чамбил белим.
Зару гавҳар — ялтироқ тош,
недир олмос.
Сен биз учун ҳам нон, ҳам ош,
мангу мерос.
Авлодларга мерос тупроқ,
олтин бешик.
Келса қардош, келса қўноқ
ланғирт эшик.
Тирикликда диёримсан,
бол ва оқ сут.
Ўлсам агар мозоримсан,
эй, Она Юрт!
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир ўзининг “Она юрт” номли шеърида гўзал ташбеҳлардан ўрнида фойдаланган.
…Оппоқ парқут булутларга санчилган карч-карч чўққиларда олмосдай ярқираётган қор парчалари кўзни қамаштиради. Тезюрар “Афросиёб” поезди ойнасидан лип-лип ўтаётган салобатли иморатлар, бир-бирига мингашиб кетган, уззукун мўрисидан паға-паға тутун кўкка ўрлайдиган тупроқ томли сон-саноқсиз уйлар, самоваш боғларга кўз тикиб бораётиб, “Хўб ажойиб юртимиз бор, ярми жаннат, ярми боғ” деган Туроб Тўланинг ажойиб сатрлари туйқус хаёлимни опқочади. Айниқса, туристларни баҳор пайтлари боя айтган томлар тепасида алвон лолақизғалдоқлар, чучмомалар, саф тортган гулсафсарлар ва айримларининг хонадонида, томида ҳатто лолалар ҳам очилиши лолу ҳайрон қолдирмасдан қолмайди. Зотан, сайёҳлар дарахтлар ўсган ўрмонларни, булутлар тўш урган қорли чўққиларни, яшилликка кўмилган боғу чорбоғларни, мовий кўлларни, қушлар подшоси саналган бургутнинг қийқириғини, такрорланмас манзараларни жудаям ёқтирадилар. Улар ана шундай ажойиб манзараларни кўриш, туйиш учун узоқ манзиллардан келадилар.
Бу гапларни нима учун ёзмоқдаман? Гап шундаки, ҳозир замонамиз яхши томонга ўзгариб, ўнгланиб кетган. Юрт манзиллари беқиёс ўзгаришлар оғушида яшамоқда. Йўллар эса сизни мунаввар манзилларга, чароғбон боғу роғларга, қир-адирларга етаклаб боради. Ва шу аснода йўллар шоҳиста қўшиқлари билан сайёҳлар қалбини соҳир хаёлларга чулғайди, суманбар севинч гулларига кўмаверишига чин дилдан ишондим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон Туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясида Туризм тармоғини ислоҳ қилишда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланган ЮНВТО билан биргаликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришганлигини мамнуният билан қайд этишининг ўзиёқ яна бир хазина — туризм булоқларининг кўзларини очиб юборганлигининг ўзи кўнгилни мунаввар этади. Негаки, Ўзбекюрт деб улуғланадиган бу қутлуғ маконда минглаб бир-биридан мафтункор, сўлим манзил-маконлар мавжудлиги азал-азалдан мағрибу машриққа аён-ку! Аҳамиятлиси, сўнгги йиллар бадалида Бутунжаҳон туризм ташкилоти янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришда ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорга айланди. Қолаверса, мамлакатимизда ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши, салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимининг қўлланилиши, тағин 55 та давлат фуқаролари учун электрон виза тизими тартибининг соддалаштирилиши, сайёҳликнинг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, эзгу ниятли кишилар тийнатида уйғониш, шоҳона шижоат, ғурур, ифтихор ҳисларини жўш урдирди. Қувончлиси, Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “энг тез ривожланаётган туризм масканлари” рўйхатида, шунингдек, машҳур “Гэллап” ижтимоий тармоқ марказининг “Сайёҳлар учун энг хавфсиз давлат” рейтингида юқори ўринларни банд этиб келмоқда. Жаннатмакон ўлкамизнинг барча пучмоқларида таърифи, тавсифига қалам ожизлик қиладиган ишларга бел боғланди. Эҳҳе, айтиб адо қилиб бўлмайди. Бундай эзгу амалларни қуйида, азал-азалдан тоғу тошлар орасидан сизиб чиқаётган саркаш чашмалару, сусамбил булоқлар салтанати, дея эътироф этиладиган юртимизнинг ажойиб гўшаларидан бири ҳақидаги эссени эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
ЮЛДУЗЛАР ЧАМАНИ
Тун. Ташқари қоп-қоронғи, зим-зиё. Аҳён-аҳёнда у ёқдан бу ёққа пириллаб учган қушларнинг ваҳимали овози эшитилади. Улар қаергадир ошиқардилар. Баркашдек ой нурлари хиралашиб, уфққа ёнбошлашга ҳозирлик кўра бошлади. Унда-мунда ялтиллаб, шуъла сочаётган ситоралар худди олтин зарралари каби жимирларди. Бора-бора кўк гумбазидаги юлдузлар чамани секин-аста сўнди. Буни қаранг, айни шу чоғда дарё соҳилига яқин жойдаги чўпон қўшида ҳамон чироқлар милтиллаб ёниб турарди. Чўпон икки нафар чўлиғи билан сурувни қўтондан ҳайдаб чиқараётир. Узун бўйли, гавдаси миқти чўпон тамакидан олиб, гугурт чақди. Ўт олган сигаретани ютоқиб тутатди. Тузуккина тутун ютганидан сўнг, олис-олисларда, дарё соҳилларида худди қалъалардек бўлиб, қорайиб ётган обидалар томонга тикилиб қолди. Хаёлини сурувнинг бошини қай томонга бурамиз, деган ёрдамчисининг жарангдор овози бўлиб юборди. “Қалъадан наридаги дарё соҳилига”, — деди аранг. Зум ўтмай атрофни қўй-қўзиларнинг маъраши, бўрибосар итларнинг узун-қисқа вовуллаши тутиб кетди. Негадир ҳаводан кўклам гиёҳларининг муаттар ҳиди келарди. Чўпон шарқда анча машҳур бўлган қуйидаги шеърни баралла куйлаб юборди:
Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро қуввати исломи дин аст.
Ҳазорасп қалъаи қадийму маҳкам,
Хива фирдавси раббил оламин аст.
Бундоқ ўйлаб қараса, ушбу шеърда Самарқанд, Бухоро, Хива каби довруғи етти иқлимга кетган шаҳарлар қаторида Ҳазорасп қалъаси ҳам мадҳ этилган эди. Бундан чўпоннинг кўнгли кўтарилди. Сурув бошини олтинчи, еттинчи асрларда барпо этилган Ҳазорасп қалъасининг қорайиб ётган қолдиқлари томон бурди. Қўйлар олдидан чиққан барра ўтларни ямламай ютардилар.
Ҳадемай қуёш бўй кўрсатди. Атроф унинг заррин нурлари билан чулғанди. Бу вақт дўстим Матниёз билан айнан шу жойга етиб бордик. Улкан қоялардай қорайиб, бир жойда қаққайиб турган қалъа деворлари аллақачон афсонавий тусда жимирларди. Қадимий Ҳазораспнинг бошкенти бўлган обидалар қўл узатса етгудек бўлиб мавжланарди. Таърифи китобларда бот-бот келтирилган Амударё ана шу ердан оқиб ўтади. Еллар эсиб турар, улар дарё томондан салқин ҳавони олдига солганича ҳайдаб келарди.
Матниёз ҳамда камина бу ажиб манзарани кўриб, ҳайратдан эртак тинглаётгандай қалъалар олдидан кўз узмай қолдик. Чўпон бизни ерда ётган каттагина тош устига ўтиришга таклиф этди. Ўзи ҳам яссироғига чўкканича, одатича газета қоғозига тамаки ўрай бошлади. Махоркани тутатгач, ҳамон ҳаяжону ҳавасларини босолмасдан мен ва ҳамроҳимни чор-атрофга аланглаётганимизни билиб, сўз қота бошлади.
— Мана қаранг, Хоразм давлатининг нуфузли қалъаларидан ҳисобланган тарихи IV-VIII асрларга бориб тақаладиган Ҳазорасп обидаси деярли уч минг йилдан буён инсоният диққатини ўзига тортиб, жалб этиб келади, — дея сўз қотди чўпон. Сўнгра кўрсаткич бармоғини қалъа вайроналари орасида чор-атрофга сочилиб ётган тош парчаларига тикди. — Буни қаранг, Буюк ипак йўлидаги карвонсаройлар: “Сартарош”, “Эшон обод”, “Дош қалъа”, “Дулдул отланган”, “Капорос”, “Елхарос” ҳам айнан шу Ҳазорасп яқинида жойлашганлигига нима дейсиз? Мазкур карвонсаройлар канда қилмасдан бож-хирож тўлашган қалъа бошлиқларига сўзсиз бўйсунишган. Мен айтаётган бу воқеалар ҳозир биз антик давр деб атайдиган пайтга тўғри келади.
Чўпон бу сўзларни айта туриб, шишадек тиниқ осмонга бир қур қараб қўйди. Сўнг сирли эртак сўзлаётгандек гапини қолган жойидан давом эттирди:
— Тарихий манбалар ҳамда қадимшунос олимлар олиб борган узоқ йиллик археологик тадқиқотларга асосланиб айтадиган бўлсак, сизу биз турган мазкур Ҳазорасп қалъаси — эрамизнинг тўртинчи, ўн биринчи, ўн саккизинчи, ўн тўққизинчи асрларида маълум бир давр Хоразмшоҳлар давлатининг бошкенти бўлган экан. Шунинг ўзиёқ бу масканнинг нуфузи нақадар баланд бўлганлигини кўрсатади. Фикримни биргина мана бу мисол ҳам тўлиқ исбот этади. Хоразмшоҳ Аловуддин Отсиз, Исфандиёр ибн Араб Муҳаммадхон, Абдулғозий ва Раҳим Қулихонлар ҳукмронлик даврида бу шаҳар пойтахт сифатида, савдо-сотиқ, илм-фан ривожланиши асносида чор-атрофга танилган. Илм аҳлига жиддий эътибор қаратилганлиги туфайли бу манзилда Абдурашид Вотвот, Минглисулув хоним, Жавҳарий, Саккокий, Ҳусайн Хоразмий, Одина Муҳаммад Хоразмий, Жаъфар Ҳазораспий, Машарифжон Пир, Шайх Нуриддин, Хаёлий, Умидий, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк сиймолар ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла намойиш эта олганлар. Улар шоир, олим, меъмор, табиб сифатида ўзларидан кўплаб шогирдлар қолдиришган.
Мен қалъа қолдиқларига қараб қолдим. Милоддан аввалги саккизинчи, еттинчи асрларга тегишли бўлган қалъа қолдиқлари, ўн саккизинчи асрда барпо этилган Жума масжиди менда не-не босқин ва талотўпларнинг тирик гувоҳидек таассурот қолдиради. Ушбу меъморий ва тарихий ёдгорликларни кўрган талабгорлар, ўтмишга бор бўйича саёҳат уюштиргандай бўлади.
ҒАРОЙИБ ДИЁР
Ҳаял ўтмасдан қуёш найза бўйи тик кўтарилди. У заррин нурларини ҳамма ёққа баб-баробар ёйиб, оташ пуркай бошлади. Улкан Аму соҳилидан то хийла масофага қадар ястаниб ётган Ҳазорасп қалъаси қолдиқлари қўним топган жой анча-мунча салқин. Ёқимли, дилга хуш ёқувчи сабо, дарё узра икки-уч бор чарх урар, намхуш ҳавони пуркарди. Биз бу вақтда ҳамроҳларимиз билан Ҳазорасп дегани нима, қандоқ маънони англатади, деган масала устида тинмай баҳслашардик. Мавзу доираси ғоят даражада қамровсиз эди.
Аслида “Ҳазорасп” (Ҳазорасб) қадимий форс тилида “Минг от” (Ҳазор — минг, асп — от) ёки “Минг отлиқлар диёри” — Минг отли қалъа маъносини беради. Буни қаранг, ушбу атаманинг келиб чиқиши тўғрисида талайгина олим ва қадимшунослар астойдил бош қотиришган экан. Бундайин фидойи ва жонкуярлар сафига Табарий, Истаҳарий, Ёқут, Хондамир ва Мирхонд, Абулғозий, Мунис, Огаҳий, Я.Ғуломов, С.Толстов, Ф.Абдуллаев, Ҳ.Вамбери, О.Мадраҳимовларни бемалол қўшса бўлади. Улар Ҳазорасп атамасининг келиб чиқишини илмий ва мантиқий тарзда асослаб беришга ҳаракат қилганлар.
Халқимизнинг отга меҳр-муҳаббати, муносабати ўзгача. Бинобарин, ҳар бир хонадон бўлсинки, имкони бўлса от парваришласам, дейди. Улар отга барака, бойлик тимсоли деб ҳам қарайдилар. Шу маънода Ҳазорасп қалъасида от парваришлаб келинган. Афсонада айтилишига қараганда, айнан Ҳазорасп қалъасида Сулаймон қалъа барпо этилган экан. Шу-шу мазкур обида эл орасида Сулаймон қурган қалъа номи билан машҳур бўлган. Бошқа бир ривоятда эса Ҳазорасп — банд, яъни минг от жиловланган жой деб ҳам тахмин қилинган. Қалъа жойлашган манзилга қараб туриб, авлод-аждодларимиз бежизга бу номни бермаган экан деган ўй келди кўнглимга. У билгичлар тахмин қилган барча тахминларга тўла мос тушар экан.
ОЛОВХОНА
Аждодларимиз маълум бир вақт оловга, яъни ўтга сиғиниб келганлар. Шу важдан улар оловни муқаддас деб билганлар. Келин-куёвни ўт атрофида айлантириш маросими ана ўша замонлардан қолган. Олов билан боғлиқ ишончли маълумотлар “Авесто”дан муносиб жой олган. Шу маънода, Ҳазорасп қалъасини “Авесто” ақидаларига таянган ҳолда, яъни муқаддас ва сирли олов манзилгоҳи — Ҳазорасп — “Астуроспанд — азарасп — Ҳазорасп” зардуштийлик эътиқодига узвий боғлашади. Айниқса, бу борада тарихшунос олим Мирсодиқ Исҳоқовнинг изланишлари, тортиқ этган далиллари диққатга лойиқдир. У зардуштийлик эътиқоди тўла-тўкис шаклланмасдан бурун ҳам илоҳий маъво — Ҳавор шарафига муқаддас олов ёқилган манзил бўлгани эҳтимолини олға суради. Бу жараёнда олим табаррук қўлёзма “Авесто”да тилга олиб ўтилган атамалар, ақидалар, афсоналарга ҳамда 1996-2004 йилларда ўтказилган халқаро илмий археологик экспедиция хулосаларини ишончли, тиш-тирноқли далил сифатида кўрсатади. Хуллас, тиниб-тинчимас, ўтмиш сирларини очишга астойдил бел боғлаган олим “Ҳазорасп” атамасининг биринчи қисми фонетек тузилиши ҳазор эмас, балки ҳозар “Авесто” тилидаги атар — “ўт олов” маъносини, “аспа-асп” “муқаддас”, “илоҳий” деган маънони беради деган қатъий хулосага келади. Шундай қилиб, Ҳазорасп — Ибодат — оловхона манзили — “Оташгоҳ” деган маънони англатар экан.
Тағин бир ишончли далил. Зардуштий аждодларимиз ер остидан чиқиб турган олов қолдиқларини муқаддас билиб, Манғит тумани ҳудудида (ҳозирда бу жой Амударё туманига қарашли) Чилпиқ тепалигида баландлиги ўн саккиз, йигирма метр бўлган деворли, айланасимон қалъа барпо этганлар. Бу билан ўзларининг оловга нақадар меҳрли эканлигини кўрсатганлар. Ҳазорасп туманидаги (ҳозирги Уч ўчоқ) қалъага Саримой деб ном берилган. Бу манзил Чилпиқдан бор-йўғи икки юз чақирим олисдаги масофада жойлашган. Қизиғи, бу жойда (Уч ўчоқда) уззукун шарқдан осмонга олов пуркалган. Худди баджаҳл ўт пурковчи улкан аждарҳо сингари. Буюк аждодимиз Абу Райҳон Беруний ҳам ўз асарларида бу манзиллар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишни лозим топганлар. Хуллас, нима бўлганда ҳам, Ҳазорасп қалъаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз, маданий ёдгорлигимиз бўлиб қолаверади. Унга тикилган сайёҳлар, гўёки тарихга тушиб қолгандай сезади.
ТЕПАДАГИ СОҚЧИ
Ҳазорасп қалъаси тепасидан узоқ-узоқлардаги боғ-роғлар, яйловлар яққол кўзга ташланарди. Тепадан уззукун соқчи аримас, улар қалъани сергак туриб қўриқлар эдилар. Олисдан қораси кўринган ҳар қандай одамга ҳам то у яқинига йўламагунига қадар шубҳа-гумон билан қарашдан сира эринмасди. Қалъа бошлиғи ҳар бир соқчига “Мамлакат бошига келадиган фалокатни фақатгина сизга ўхшаган барваста, жасур, юрагида ўти бор йигитларгина олдиндан билишга қодир” деб соқчилар қулоғига қўрғошиндек қуйганди. Йигитларни вақти-вақти билан тақдирлаб турар эди. Сабаби, қўрғон ичида ғалла, сув ва бошқа озуқалар сероб бўларди. Ҳар эҳтимолга қарши қўй ва молларни сўйиб, тузлаб, ислаб олишганди. Борди-ю, душман бостириб келиб, қалъа қамалда қоладиган бўлса, тўпланган ўша заҳира жонга оро киради, деб ана шу ишга қўл урилганди. Ҳар ҳолда, ўзимизга пишиқ бўлсак, қийин ва мураккаб паллада ҳеч нарсага зориқмаймиз, деб ўйлар эди қалъа бошлиқлари.
Қалъанинг баланд қисмида турган соқчи ўрнига янгиси келиб жойни банд этди. Ҳимоячи беғамликни хуш кўрмасди. У душман келиш эҳтимоли бўлган жабҳани кузатиб чарчамасди. Қум ичкарисида бир гуруҳ ёғий аскарлари қўрғон томон жадаллаб келаверди. Соқчи дарров қалъа бошлиғини бундан огоҳ этди. Тезда барча оёққа қалқди. Ёғийларни худди шу жойдан туриб ўққа тутиш тадориги кўрилганди. Қўрғон тепасида турган соқчилар сафига тезда қўшимча кучлар жалб этилди. Ташқарида қор бўралаб ёғишга ҳозирлик кўриб турарди.
Тарих саҳнидан келтирилган мазкур ҳикояда тасвирланганидек, Ҳазорасп қалъаси ўтган икки, уч минг йиллар мобайнида воҳанинг жанубий шарқий ҳудудларини ҳимояловчи мустаҳкам истеҳком, қалқон бўлганлигини сираям унутмаслик керак. Масалан, 1220-1221 йилларда қалъага мўр-малахдай бостириб келган қонхўр Чингизхоннинг сон-саноқсиз аскарлари мазкур қалъада муносиб қаршиликка дуч келади. Аёвсиз ва шиддатли кечган жангларда минг-минглаб ёғий аскарлари қириб ташланади. Бунда қалъа тепасидан отилган ичига нефть солинган кувачалар ва ёниб турган ўқлар яхши иш беради. Шундан кейин бу усулдан доимий равишда фойдаланиладиган бўлинади. “Чингизтепа”, “Чингиз қир” деган топонимлар, яъни жой номлари айнан ўша замонлардан то ҳанузга қадар етиб келган. Тағин яна бир далил. Жаҳонгир Искандар Зулқарнайн Хоразм заминига кўз тикади. Унинг мақсади бир ҳамладаёқ Ҳазорасп қалъасини яксон этиб, аҳолисини бўйсундириб олиш эди. Аммо ҳадеганда унинг бу нияти амалга ошавермайди. Бунга ҳазорасплик чавандоз — суворийлар тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади. Улар киндик қонлари тўкилган замин учун жон олиб, жон беришади. Ёғийни бир неча чақирим узоқ масофага улоқтириб ташлашади. Кўзлари мошдек очилган ёғий аскарлари ярадор ва жангда ҳалок бўлганларни кўтариб, оёқларини қўлга олиб қоча бошлашади.
ХУМБУЗТЕПА ХАЗИНАСИ
Хуллас, мазкур қалъа Хоразм воҳасининг жануби-шарқий ҳудудларини ҳимояловчи, асровчи мустаҳкам қалъа, истеҳком сифатида ҳар биримизга қадрли. Обидани айланганимда ушбу туйғуни яна бир бор ҳис этдим. Қолаверса, VI-VII асрларда бунёд этилган Ҳазорасп қалъаси ўз бошидан не-не ситамларни, қора кунларни кечирмаган дейсиз! Нима бўлгандаям бу бизнинг кечаги кунимиз, яъни тарихимиздир.
Ҳазорасп қалъаси харобалари офтоб нурида ялтиллайди. Ундан сал наридаги айқириб, овоз чиқариб оқаётган Жайҳун дарёси суви бутун Хоразм воҳасини, Оролбўйи манзилларини суғориб, гуллатар эди. Буни қаранг, мазкур гўшаларда умргузаронлик қилувчи меҳнаткаш аҳоли дарёдан сув чиқариб, бийдек саҳрони боғу бўстонга, гулистонга айлантирган эдилар. Ҳозирда улар яратган жаннатдай воҳа бутун бўй-басти, таровати билан ястаниб ётибди. Ана шу катта сувликнинг ўнг қирғоғи бўйлаб эни уч, узунлиги саккиз чақирим масофада ястаниб ётган Хумбузтепа ёдгорлиги саккизинчи асрларда Хоразм элининг, қолаверса, Мовароуннаҳр жануби-шарқий ҳудудидаги энг йирик шаҳарларидан бири эди. Бу шаҳар бутун Хоразм давлатини идиш-товоқ буюмлари, дигир, ново (тарнов) сингари уй- рўзғорда асқотадиган буюмлар ҳамда турли диний маросимлар билан боғлиқ ҳайкалчалар, болалар ўйнайдиган қўғирчоқлар билан таъминлаб келган. Бу жойнинг тупроғи соз, суви чучук бўлган. Шунинг учун юқорида биз айтган буюмлар пишиқ ва сифатли этиб тайёрланарди. Археологлар узоқ вақт давомида Ҳазорасп Ичон қалъасида ҳамда Тупроққалъада тупроқ ковлаб, ноёб осори атиқаларни излаб топиш ишларини олиб боргандилар. Натижада, улар Хумбузтепада Теракатанинг нусхасига дуч келишди. Қарашсаки, мазкур буюм Месопотамиянинг Ур-урук шаҳрида топилган нусхага бир қошиқ сувдек ўхшаш экан. Айтганча, мазкур ёдгорликлар тўртинчи асрга тегишли бўлса, Тупроққалъадан ковлаб олинган мис ўқ-ёй, уй-рўзғор буюмлари қолдиқлари уч ярим минг йилликдан, яъни бронза давридан ҳикоя сўзлайди. Бу топилмалар каминани шу қадар қизиқтирган, хаёлимни шу қадар ўғирлаган эдики, дўстим Матниёзнинг гапларини ҳам пайқамай қолибман. Билмадим, гўёки ноёб осори атиқалар ичига бор-бўйича шўнғиб кетаётгандайсиз. Очиғини айтсам, сизга ҳавасим келяпти. Биз гоҳида турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб, бу ерларга ҳадеганда оёқ босавермаймиз. “Авесто”га тенгдош Ҳазорасп Хоразмнинг дарвозаси, қалқони экан. Дарё бўйида қадим аждодларимизнинг ақл-тафаккури ила барпо этилган қадимий қалъа қолдиқлари Рим, Истанбул, Макка, Қуддус, Шом, Марв, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари каби ўз бағрида қанчадан-қанча очилмаган сир-асрорларни яшириб ётибди.
Ўлкани ўрганиш, тадқиқ қилишга мўлжалланган саёҳатдан қайтар эканман, беихтиёр қулоғимга қўнғироқ осган туя карвонларининг жаранг-журунги, бўкириши, мисгар, темирчилик, чилангарлик расталарининг тарақа-туруғи, Хоразм ҳукмдори Султон Муҳаммад Алоуиддин Хоразмшоҳнинг буйруғини такрорлаётган жарчининг баланд овози эшитилар эди. Зеро, дунё тургунча туравер, эй, боқий, табаррук Ҳазорасп қалъаси, деган хитоб жаранглагандек бўлди. Мен бугунимдан беҳад хурсанд бўлдим. Ушбу сўзларни айтиб бўлгач, Матниёз елкамдан қучиб қўйди.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.