Ҳаёт мактабидан сабоқлар

Бир шоиранинг юбилейи давом этарди. Даврада ижод аҳлининг турли вакиллари ўтирибди. Муқаддас опа   икки қатор нарида ўтирган йигитни эслай олмади. Ёнидаги ҳамкасбидан сўради. “Бу йигит таниқли ёзувчи-ку, танимадингизми?” деганда эслади ва беихтиёр:

– Ҳа, бу бахт ўғриси-ку, – деб юборди.

Кўплаб ижодкорларнинг устози, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Абдусаматова ишқ, вафо, садоқат ҳақида ёзиб, гапига амал қилмаган ижодкорларни аяб ўтирмайди. Ахир биз ижод аҳли оила қуришда намуна бўлишимиз керак, — дейди.

Яқинда “Зарварақ” нашриётида чоп этилган “Оила – муқаддас” деб номланган китобларини мазза қилиб ўқиб чиқдим. Муаллиф оилани бир муқаддас иморатга ўхшатиб, ирода, садоқат, сабр-тоқат, поклик, ширинсуханлик, одамохунлик, матонат каби фазилатларнинг бу бино қурилишидаги ўрнини кўрсатиб беради. “Айтайлик, янги оила бунёд бўлди, — деб ёзади муаллиф. — Келин янги уйга, шароитга кўникма ҳосил қилиши учун вақт керак. Хонадонда қаерда нима туриши, қачон қайси ишни бажариши кераклигини секин-аста ўрганади. Баъзида айрим қайноналар сабри чидамасдан келинни койишга, уқувсизликда айблашга тушишади. Бундай пайтда келинда ўрганишга интилиш сусаяди, қиладиган ишини ҳам бажармай қўяди”. Ушбу сатрлар китобнинг “Сабр – оила устуни” бобидан олинди. Албатта, ҳамма нарсага бир лаҳзада эришиб бўлмайди. Бунинг учун келин ҳам, қайнона ҳам сабр қилиши керак. Жуда кўп инсонлар ана шу сабр туфайли бахтли ҳаётга эришганликларини муаллиф яхши билади.

Кутилмаган меҳмонни қандай қарши олиш керак? Албатта, дастурхонга қўйиладиган ноз-неъматлар ўз йўлига. Энг аввало, очиқ чеҳра билан гаплашиш талаб қилинади. Юзни тунд қилсангиз, ҳар қанча уринманг, меҳмон сиздан хурсанд бўлмайди. Китобда одамохунлик ва ширинсуханлик ҳақида яхши мисоллар келтирилган. Шуниси борки, муаллиф ўзи гувоҳ бўлган ибратли воқеаларни ҳикоя қилиш орқали фалсафий умумлашмалар ясайди. Бу усулдаги фикр китобхоннинг қалбига яхши етиб боради.

Кейинги боб “Сўз сеҳри” деб аталиб, унда боланинг уйига келган пайти гўдакни илк бор эркалашдан то биринчи “ая” деган сўзни айтиш дамигача ҳикоя қилинади. “Биринчи қадам” бобида эса ривожланишнинг кейинги босқичи ҳақида сўз кетади. Шу ўринга келиб болакайнинг илк юриши, боғчага бориши, мактаб сари қадам қўйиши, камолга етиши баён этилади. Юрагимиз завқ-шавқдан жумбушга келса, беихтиёр бу сўзлар шеърда ифодаланади. Муқаддас опа ҳам ҳақиқий шоира сифатида боблар орасида шеърий сатрлар битади. Китобнинг сўнгида набираларга бағишлаб ёзган шеърларини жойлаштирган.

Оилани муқаддас деб билсак, жамият ҳам гўзал бўлади. Намунали оилалар янги Ўзбекистонимизга безак бўлаётгани жонли мисоллар орқали ҳикоя қилинади. Қачонки, инсон ватаннинг асосий бўғини бўлмиш муқаддас қўрғонининг мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиб яшаса, ҳаёти мазмунга тўлади. Буларни янада теранроқ ҳис қилиш учун эса ушбу китобни албатта ўқиш керак.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − two =