Икки бедор қалб

Пойтахт вилоятининг Пскент туманидаги Мингтепа қишлоғига бориб келганимдан буён руҳимда ғалати кечинма зоҳир: оёқларим юриб, кўзларим кўриб турганига шукрлар қилмоқдан тинмадим. Қаҳрамоним, фахрий журналист Сайёра опа Йўлдошева билан танишгач, унинг сиймосида бу чархи кажрафторнинг синовлари олдида эсанкирамаган, йиллар оша вужудини енгмоқчи бўлаётган дардга тик туриб, атрофидагиларга зиё улашаётган, ҳам Оналик, ҳам Аёллик масъулиятини айрим соғлом жуссалардан-да соғлиқли давом эттираётган бир Инсонни кўрдим. Мен кўрган манзарада матонат, жасорат, шукроналик туйғулари шунчалар қоришиб кетган эдики, бобо ва буви атрофида гирдикапалак бўлаётган набираларгача ҳаётга теран кўз билан боқаётган, ҳар бири бир соҳанинг этагидан тутган маънавияти тоза ва катта оила ғоят ҳавасимни келтирди. Суҳбатимиз пскентлик­лар ҳавас қиладиган оила фарзандларининг бугунгача эришган ва эришаётган ютуқлари ҳақида борди. Ўғиллар ва қизлар айни пайтда эл хизматига камарбаста, неваралар ҳам ота-она изидан бориб, илму урфон йўлида изланишда давом этишмоқда.

Бир оиланинг соғлом муҳити ана шундай адабли инсонларни жамиятга тортиқ қилиши, шубҳасиз. Пискентлик таниқли ёзувчи ва журналист, кўплаб шогирдларнинг жонкуяр устози Собиржон Иномов ва рафиқаси журналист Сайёра Йўлдошевалар яратган ушбу оиладаги келинлар ҳам қиздан аъло бўлиб кетишган. Сайёра опага ҳамиша ҳамроҳу ҳамнафас келинлари Дилоромнинг кулиб турган кўзларига боқиб, келини шундай бўлишини орзу қилмаган она бўлмаса керак. Шахсан каминанинг ичидан кечди бу ният…

Узоқ йиллардан буён хасталик бир жойга михласа-да, дард жонини сирқиратса-да, Сайёра опа руҳан тетик, у яратган соғлом оилавий муҳит, ўзаро меҳру муҳаббат ҳар қандай кишини ҳаяжонга солади. Опа ҳам ижод бўстонидан гул терар, ҳам келганларни нафис суҳбати билан баҳраманд этар, ҳам шукроналик туйғулари асносида оила отлиғ улкан кемани закий сарбондай сокин ва вазмин нигоҳлари ила мардона бошқариб турарди гўё.

Кимгадир менинг таассуротларим муболаға бўлиб туюлар, аммо сўзимда собитман: чунки, тўрт мучаси соғ бўлатуриб меҳнатдан қочадиган, болаларини бошқара олмай, афсусу надомат ва дийдиё гирдобига ғарқ бўлганлар атрофимизда урчиб ётганда, мен Сайёра опанинг ғайратига ва жасоратига қойил қолдим. Унга зимдан тикилар эканман, хаста ҳолида сўзларидаги маъно ва фикрларидаги чақноқлик, муҳими, умидбахшлик кўзим билан кўрмасам мени бунчалик ўзига ром этармиди?

Опанинг бугунги ёш ижодкорлар, зеҳнли ёшлар ва сўнгги йилларда нашрдан чиқаётган китобларнинг савияси тўғрисидаги ўткир мулоҳазаларини кундалигимга қайд этдим. Керакли ва ўринли мушоҳадалар… Оиланинг тўнғич қизи Гулмира онасининг пойига ўтирганча меҳр тўғрисида чиройли қўшиқ куйлаб берди. Унинг ширали овозидан чеҳрасига табассум балққан онаизор “омон бўлишсин, тушкунликка тушишимга асло йўл қўйишмайди”, деди жилмайиб. Бироздан сўнгра ота-она зиё­ратига келган шифокор қизлари Гулнора ҳам суҳбатимизга файз бағишлади. Бу қизлар кичик ёшидан оналари ёнида тик туриб, оталарига қанот бўлиб, ҳали ўчоқ, ҳали тандир бошида гирён бўлишса-да, қўлларидан китоб тушмагани боис бугун ҳам оиласини, ҳам касбини гул қилганлар. Гулнора ҳатто ўн олтига кирмасдан тиббиёт институтининг талабаси бўлган. Гулмира эса туманда маданият соҳасининг тажрибали мутахассисларидан бири, тадбирларда ўзбек мумтоз қўшиқчилигини, миллий қадриятларимизни тарғиб қилишда бош-қош.

Собиржон аканинг кенг ва яшилликка бурканган ҳовлиси, тартибли ишкомлари, мевазор боғлари ва гулу гулзорлари ҳар қандай ижодкорнинг илҳомини келтиради. Пискентдаги адабий муҳитга бош бўлишдан ташқари, боғу роғлар билан ўралашиш, энг муҳими, Сайёра опага йиллардир елкадош бўлиш Собиржон аканинг чекига тушган. Аммо, Собиржон акани таҳририятимизга ташрифларида доим хушчақчақ ва тетик ҳолда кўрардим. Бу инсоннинг ичида шунча дардни мардонавор кўтариб юрганини билмас эканман.

Собиржон Иномов қаламига мансуб “Соқов хотин” романида ҳам сабр мавзуси етакчи ўрин тутади. Соқовлик кўчма маънода хотин-қизларимизнинг қаноатига ишора қилади. Асл ўзбекона қадриятларни акс эттирган ушбу роман тилининг бойлиги, матал ва мақоллар орқали ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди ва беихтиёр унинг дил мулкига айланади.

Мингтепадан қайтгач, бу икки забардаст ижодкор ҳаётини узоқ таҳлил қилиб кўрдим. Аёли хасталанса, бошқа бировга уйланиш тадоригига тушиб қоладиганлар ёки ташлаб кетадиганлар йўқми? Бор. Ҳатто, ёши улуғлари ҳам топилади. Аммо Собиржон ака тоғ бўлди, жуфти ҳалолини ташлаб кетмади, аксинча уни қўллаб-қувватлади, суяди, илк ижодини Сайёра опа билан баҳам кўрди. Ҳамон ҳамнафас, ҳамфикр, ҳаммаслакдирлар.

Сайёра Йўлдошева Пскент туманининг Муротали қишлоғида 1953 йилда туғилган. 1972-1977 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. 1971 йилдан 1981 йилларда “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Пскент ҳаёти”) газетасида фаолият олиб борган. 2007 йилда унинг “Умидли дунё” деб номланган ҳикоялардан иборат тўплами Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилган. 2019 йилда чоп этилган “Бедор қалб туҳфалари” номли китобида турмуш ўртоғи Собиржон Иномов ижодига кенг урғу беради ва унинг йиллар давомида матбуот саҳифаларида чоп этилган энг сара мақолаларини китобхонларга ибрат тарзида келтириб ўтади.

Китобнинг дебочасидаги Сайёра опанинг сўзлари диққатимни тортди: “Дарёдил шоиримиз Маҳмуд Тоир “Бедорларга беринг дунёни” деб ёзганидек, ўша дунёларга мушарраф бўлган аёлман. Мен шу онда, қаранг, бемор бўлдим, тунларию кундузлари бедор бўлдим, не бахтки, бирор сония хасталик билан кечган ҳаётимдан нолимадим. Аллоҳ берган синовга саловат айтдим. Пажмурда вужудимни очкўз зулукдай сўраётган дард мени енга олмади. У билан олишаётиб атрофимга очиқ кўз, ёруғ юз билан боқишга ўргандим. Менга беқиёс даражада умид бера олган волидаи муҳтарамам Лутфинисо Фозилжон қизига, онамдек меҳрибоним қайнонам Иноят Исабой қизига (уларнинг охирати обод бўлсин) покиза руҳлари ҳурмати икки қўлим кўксимда таъзимдаман. Улар менга сабрдан, қаноатдан сабоқ бердилар. Хаста ҳолатда ҳам истиқболимга келган яхши инсонларга беморлигимни унутиб меҳр билан боқишга ўргатдилар. Кейинчалик умрдошимдан, жонимнинг чироқлари бўлган фарзандларимдан маънавий қувват ола бошладим, бирин-кетин келину куёвлар кўрдим… Мундоқ ортга назар солсам, бир аёл эришиши мумкин бўлган бекаму кўст бахтга эга бўлган эканман…”

Ҳа, бу бир аёлнинг қалбининг тубидан чиққан эътироф, гарчи соғлик синовлари бўлса-да, бахтиёр, чунки унинг ёнида ҳамиша тош қалъадек мустаҳкам иродали, сабрли ҳаётдоши борлиги учун ҳам умрига мазмун кирди. Салкам ўттиз йилдирки, Сайёра опага парвона оила соҳиби бир-биридан намунали ўғил-қизлар вояга етказди. Эндиликда набиралар уларнинг чинакам ифтихорига айланишган. Собиржон ака пискентлик ижодкорларнинг устози, ажойиб қалам соҳиби, фахрли журналист, ҳамиша унинг ўгитларини олиб турадиган ижодкор ёшлар ардоғида. Бир зум бўлсин, ижоддан тўхтамайди. Унинг шогирдлари орасида бугун етук журналистлар, навоийшунослар, адабиётчи олимлар бор. Бекорга бир ҳаммаслагимиз Собиржон аканинг исмига ишора қилиб, инсоннинг исми ҳам тақдирига йўлдош бўлишини ва Собир исмининг сабр деган маънони англатишига алоҳида урғу бермаган экан.

…Тонгда ишга отланар эканман, Сайёра опанинг ўйчан кўзларидаги ҳаётга ташналик, умид ва ишончни кўз олдимга келтирдим. Унинг ёзган асарлари умрнинг ҳар лаҳзасини қадрлашга, уйғоқликка, яқинларимизга меҳрли бўлишга, бизни қуршаб турган шу кўҳна, сир-синоатли оламга ўта теран нигоҳ билан қарашга чорловга ўхшайди. Мен буни ўз кечинмаларимда ҳис этдим.

Нигора ШОФАЙЗИЕВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =