Икки соатлик мақтов
Олий ўқув юртида дарс берадиган олим дўстим қўнғироқ қилиб, докторлик ишининг “маслаҳатлашадиган жиҳатлари” борлигини айтиб, тушликка таклиф қилди. Метро поездига ўтириб, келишилган жойга ўн беш дақиқа олдин бориб, бир четда ёнимдаги китобимни мутолаа қила бошладим. Ҳар замон-ҳар замон дўстим чиқиб келадиган дарвоза томон кўз ташлаб, соатга қараб қўяман. Ўн беш дақиқа ўтгач, дарвоза олдига бордим. Аммо ҳадеганда дўстимдан дарак бўлавермади. Бирон ерда ушланиб қолгандир деган ўй билан яна китоб варақладим.
Вақтнинг ихтиёри ўзида бўлгани учун менинг безовта бўлаётганим билан иши йўқ. Чунки у кутиш нималигини билмайди. Билмагани учун ҳам у ёқ-бу ёққа қарамайди. Фақат олдинга юради. Биз эса унинг қадами ва тезлигини ўлчагандек, тез-тез соатимизга нигоҳ ташлаб турамиз. Айниқса, худди менингдек кимнидир кутаётганда, қабулхонада ўтирганда, бирон-бир тадбирга бораётганда ёки чўзилган мажлисда бетоқат ўтирганда. Бундай пайтда “вақтинг кетди, нақдинг кетди” ёдга тушиб, ўзингдан ўтганини ўзинг биласан киши. Асаб таранглашиб, нимадир ич-этингни тирнаётгандек бўлади. Шунгача бормаслиги учун дўстимга сим қоқдим. “Телефон ўчирилган ёки хизмат доирасидан ташқарида” деган овоз келди. Тўрт-беш дақиқа ўтказиб, дўстимнинг қўл телефони рақамини яна тердим. Яна ўша жавоб. Бу ҳол уч-тўрт бор такрорланди. Жавоб эса ўзгармади. Ҳеч қачон бундай бўлмагани ва дўстим ҳовлиққанча ҳозир келиб қоладигандай туюлавергани учун ўзимни вазмин тутиб, сабр қилдим. Бироқ хаёлимда яхши-ёмон фикрлар чарх уриб, энди дўстимдан хавотир ола бошладим. Ноилож, сўраб-суриштириб, кафедрасига боришдан бошқа иложим йўқ эди. Фурсатни бой бермай, эшикбон олдига бордим. Саломлашиб, ўзимни таништирдим. Яхши йигит экан. Ҳужжатимни кўриб, мен сўраган кафедра қайси бинонинг қайси қаватида жойлашганини тушунтириб, йўл кўрсатди. Адашмай бордим. Эшикни оҳистагина чертиб, қия очишим билан ичкаридан кимдир ёпиб қўйди. Эшикка қулоқ тутдим. Эркак кишининг гапираётгани эшитилди. Хаёлимдан мажлис бўлаётган экан-да деган фикр ўтиб, тўртинчи қаватдан пастга олиб тушадиган зиналар йўлагига қайтдим. Демак, дўстим шу ерда. Менинг ташқарида қай аҳволда эканимни тасаввур қилиб, у ҳам дам-бадам соатига қараганча, жиғибийрон ўтиргандир. Кафедрада бўлмаса-чи? Овора бўлиб келганиму вақтимни беҳуда ўтказиб, хуноб бўлганим қоладими? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Бошқа иши чиқиб қолганда, қўнғироқ қилиб узр сўрарди. Нима бўлганда ҳам, аниқ жавобни кафедрадан олишим мумкин. Йўл битта – кутиш! Ана шундай қарор билан институт ҳовлисига чиқдим. Соатга қарадим. Келганимга бир соат бўлибди. Йўлак четида қўйилган ўриндиққа ўтириб, атрофга боқдим. Саришта-саранжом.
Дарахтлар гирдидаги чаман-чаман райҳонлар иси оламни тутгудек. Ҳидлаб тўймайсан. Дилга ўзгача ҳузур бахш этади. Бир неча лаҳза олдинги асабий кайфиятимдан асар ҳам қолмади. Дўстим билан шу ерда учрашишимиз керакдек, беихтиёр тўртинчи қават деразаларига қарайман. Ҳаммаси ёпиқ. Дўстим дераза олдида ўтирган бўлса, бу ёққа қарайди, албатта, қарайди. Мени кўриб, мажлисда хотиржам ўтиради. Шундай дейман-у, яна соатга қарайман. Келганимга бир ярим соат бўлибди. Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидаши керак-да, дейман ўзимга-ўзим тасалли бериб. Кейин… кейин яна китоб варақлайман. У ҳам менинг қадрдон дўстим. Доимий ҳамроҳим. Дилкаш суҳбатдошим. Керак бўлганда ўйлатади, керак бўлганда сўйлатади. Гоҳо кулдирса, гоҳо йиғлатади. Энг муҳими, сира-сира зериктирмайди. Ҳозир у ёнимда бўлмаганда, юрагим тарс ёрилгудек ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. Яшасин китоб!.. У мени асаб бузишдан, кайфиятим бир пул бўлишидан асради. Ундан ҳикоя тинглаб, вақтнинг икки соати қандай ўтганини сезмай қолдим.
Куз қуёшининг ёқимли нафаси вужудимни яйратиб, кўзларимни аллалаб турганда илиқ нурлар юзини соя тутди. Бошимни кўтариб, рўпарамда дўстим Адҳамбекни кўрдим. У менинг мудраб турганимни нарироқдан кўриб, оёқ учида юриб келганми, миқ этмай жилмайиб турарди.
— Кўринишингиздан маслаҳатлашилмаган диссертациянгизни ҳимоя қилиб чиққанга ўхшайсиз, – дедим ўрнимдан туриб саломга қўл узатар эканман. – Буёғи ресторанми энди?
— Ресторан бўлса ресторан-да, азизим, — жавоб берди Адҳамбек. — Сизни шунча куттириб қўйганим учун бир эмас, истаган ресторанингизга ўн марта олиб борсам ҳам кам. Фақат… Фақат мени тўғри тушунишингизни ва кечиришингизни илтимос қиламан.
— Шу холосми?
— Қолганини бир пиёла чой устида эшитасиз.
— Шунчалик қизиқми?
— Қизиқ ҳам гапми, даҳшат!
Метро бекатининг рўпарасида очилган янги лағмонхонага кириб, тамадди қилиб бўлганимиздан сўнг, қани энди эшитайлик маъносида дўстимга юзландим.
— Бу биркам дунёда ғалати одамлар кўп экан, — дея ҳикоя қила бошлади у менга чой узата туриб, — ўшалардан бири бизнинг кафедрамизга келиб қолган. Саводи ҳаминқадар бўлган бу кимса қандай қилиб фан доктори ва профессор бўлганига ҳамма ҳайрон. Ёши саксондан ошган бўлса-да, битта ҳам шогирд чиқармаган. Талабалар: “Сизнинг нима деяётганингизни умуман тушуниб бўлмайди”, дея аудиторияни неча бор тарк этганларини институт раҳбарияти ҳам билади. Ҳар мажлисда биров варақлаб кўрмайдиган битта ўқув қўлланмаси билан бир-иккита рисоласини пеш қилиб, ўзини мақтагани-мақтаган. Гўёки оламда ундан зўр файласуф йўқдек. Яхшиямки, бирон-бир илмий журналда бир-иккита мақоласи чиқмаган экан. Бўлмаса ўҳ-ҳў-ў… Мен академик бўлишим керак, деб дунёни бузарди. Аммо Хайём бобомизнинг майхўрликка бағишланган уч-тўрт рубоийсини ёд билиши рост. Чунки ўзлари ҳам ғирт шинаванда-да. Хуллас, имон, инсоф, виждон, уят ва андиша кўчасидан ўтмаган ана шу “аллома”нинг ташаббуси билан шошилинч чақирилган бугунги мажлисда икки соат қон ютиб ўтирдик. Нима эмиш, бу кишини мамлакат журналистлари тан олиб, ўзларининг уюшмасига қабул қилибди. Тантанали равишда гувоҳнома топширибди. “Менинг кимлигимни билиб қўйинглар!” деган мақсадда иккита проректорни таклиф қилиб, ўзини достон қилса бўладими? Афсуски, агар сиз тан олинган журналист бўлсангиз, республика нашрларидан биронтасида чоп этилган, ҳеч бўлмаса, битта мақолангизни кўрсатинг, дейдиган одам топилмади. Ҳамма оғзига толқон солиб олгандек, ҳақиқатни айтмади. Ҳаттоки проректорлар ҳам лом-мим демади, деёлмади. Ахир бу даҳшат-ку, тўғрими?
— Тўғри, — дедим мен битта сафсатабозни ўрнига ўтқизиб қўйишни ўзига эп кўрмаган бутун бошли бир кафедра жамоасига ачиниб.
— Қизиқ, – деди Адҳамбек ажабланиб. – Бу одам баъзи бир олимларга ўхшаб долзарб мавзулардаги мақолалари билан матбуотда тез-тез кўриниб турмаган бўлса, биров газеталарнинг кейинги беш-ўн йиллик тахламини варақлаб, бу одамнинг биронбир хабарини тополмаса, уни шундай нуфузли уюшмага нимага асосланиб қабул қилишган? Умуман, ўзини на моҳир педагог, на устоз ва на олим сифатида кўрсата олмаган бу “касбдош”имизга (касбдош дейишга уяласан киши) журналист гувоҳномаси нимага керак бўлиб қолди экан?
— Нимагалигини мен айтай, сиз эшитинг! Бир пайтлар обрў-эътиборли давлат ташкилотлари ва маъмурий идораларнинг сохта гувоҳномалари билан иш битирадиган текинтомоқ “фирибгар”лар пайдо бўлган эди. Улар ёғлиқ жойнинг зиғирдай камчилигини топиб, ундай қиламан, бундай қиламан билан бири даромадли дўкон мудирини, бири колхоз раисини, яна бири пахта заводи директорини қақшатар, бундай қаллобларни қопқонга тушириш анча мушкул эди. Чунки, бирида ОБХСС (ички ишлар вазирлигининг шўролар давридаги социалистик мулкни талон-торож қилишга қарши кураш бўлими), бирида Халқ контроли комитети (Халқ назорати қўмитаси), яна бирида СЭС (Санитария-эпидемиология станцияси) гувоҳномаси бўлар, бу ваҳимали ташкилотлар номини эшитган одам борки, тили калимага келмай, қалт-қалт титрар, “текширувчи”нинг кўнглини олиш учун қўлларини кўксига қўйганча атрофида гир айланарди. Текширувчи эса нархини ошириш учун ўзини янаям тажангроқ тутар, оладиганини олгач, хўмрайганча ғойиб бўларди. Шу боис, бу уч назорат органи шабадасини сезган казо-казо борки, сичқоннинг инини излаб қоларди.
Мустақиллик йилларида ОБХСС билан Халқ контроли комитети барҳам топиб, СЭС олдинги ҳақ-ҳуқуқларидан мосуво бўлиб, тарвузи қўлтиғидан тушганча, четга чиқиб қолди. Шу билан таъмагирлигу порахўрликнинг илдизлари қуридими? Йўқ! Бу иллатлар янгича шакл-шамойилда намоён бўлиб, яна аввалгидай илдиз ота бошлади. Кимдир ўзи ишлаётган фалон идоранинг номини сотиб, мақсадига эришса, кимдир орқа-олдини ўйламай, шундай нуфузли ташкилотнинг гувоҳномаси билан қинғир ишга қўл урди. Бундай кимсалар қаторига билибми-билмай баъзан газета, телевидение ва радио мухбирлари ҳам қўшилиб қолар, бироқ бузоқнинг югургани сомонхонагача бўларди. Шунга қарамай, йўл ҳаракати қоидасига риоя қилмайдиган ёки киракашлик билан шуғулланадиган учар ҳайдовчилар давлат автомобиль инспекторининг қўлига тушганда милиция ходими деган сохта гувоҳнома билан қутулишга ҳаракат қилганликлари, шундай кимсалар одамларни лақиллатиб, текин пул топиш илинжида ҳокимият, вазирлик, солиқ, газ, электр ва иссиқлик қуввати сингари идоралар ходимларига бериладиган гувоҳномаларни сохталаштириб, ётиб қолгунча, отиб қол йўлига ўтиб, чўнтак тўлдиришни касб қилиб олганликлари ҳам сир эмас. Хўш, кўрилган чора-тадбирлар жамиятнинг кушандаси бўлган бундай нопоклар пайини таг-туби билан қурита олдими? Афсуски, йўқ! Нафс деган бало туппа-тузук одамни ҳам ўз йўлига солиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, югуртирди. Миниб юрган машинаси ўзимизники бўлса, тезроқ хорижникига алмаштир, деб қистади. Бунинг устига қурилиши анчадан буён чўзилиб келаётган дала ҳовли ҳам кўзларини лўқ қилиб турди. Ҳаммасидан ҳам рўзғор билан бола-чақанинг ташвиши чатоқ. У ёққа ўтсанг ҳам белингга тепади, бу ёққа ўтсанг ҳам. Ёғини олиб келсанг гўшти, пиёзини олиб келсанг картошкаси йўқ. Ғор деганча бор экан. Ютгани-ютган. На тўлади, на тўяди. Болаларни айтмайсизми, болаларни? Бири фалон русумли телефон олиб беринг деса, бири оғзини тўлдириб, машина сўрайди. Хотинбой-чи, хотинбой. У кишининг чакагини фақат муллажиринг билан ўчириш мумкин. Бошқа бирон-бир нарса кор қилмайди. Хўш, ўлиб-тирилиб ишлаб, киссани аранг қаппайтирадиган маош оладиган эр шўрлик нима қилсин? Шу топгани билан оила тебратсинми ёки орзу-ҳавас қилсинми? Қўшимча даромад излашга мажбур бўлади-да, ахир. Ана шунда кимдир тер тўкиб пул топса, кимдир олди-сотди билан қаддини ростлайди. Ҳалол меҳнат билан кун кўришни истамаган бошқа биров эса фалон ташкилотнинг кўрса-кўргулик асл ёки сохта гувоҳномаси билан юрт кезади. Бундай шармандалик қармоғига ҳатто катта идоралардан бўшатилган айрим масъул ходимлар ҳам илинганини ва қонуний жазо олиб, эл-юрт олдида бош кўтаролмай қолганларини ҳам эшитганмиз.
Илм-фанда обрў-эътибор топмаган сизнинг профессорингизга ўхшаганларга келсак, улар журналистиканинг нонини ейман деб, беҳуда уринмаганлари маъқул. Акс ҳолда, тишларини синдириб қўйишлари мумкин. Чунки бу соҳанинг нони қаттиқ, жуда қаттиқ бўлади! Қизиқ, сиз исми шарифини айтишга истиҳола қилган домлага тавсифнома берганлар у кишининг журналистик фаолияти қуп-қуруқ эканлигини билмасмидилар? Нима бўлганда ҳам бундай йўл билан уюшманинг нуфузи ошиб, кучига-куч қўшилиб қолмайди.
Тўғри, ҳар қандай ижодий уюшмага унинг Низоми талабларига тўла жавоб берадиган ҳар бир муносиб киши аъзо бўлишга ҳақли. Лекин барибир, шахсий манфаатдан давлат ва жамият манфаатини устун қўйиб, етти ўлчаб, бир кесиш керак! Тарих ёки фалсафа, биология ёки кимё фанларига оид бир неча ўқув қўлланмаси-ю, рисолалар ёзган профессорларни уюшма аъзолигига қабул қилиш қарғадан булбул овозини кутиш билан баробар эканлигини унутмаслик керак! Ростини айтганда, илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш баробарида долзарб мавзулардаги қатор-қатор мақолалари билан нуфузли нашрларда бонг ураётган профессорларимиз камми?! Кўп, жуда кўп! Шундай экан, ижодий уюшмаларга муносибларнинг муносиблари қабул қилинса, нур устига аъло нур бўлур!
Нуриддин ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультети ўқитувчиси.