Меҳрибонлик
Баҳром АКБАРОВ
Фариштали эркак
— Сизни ҳамма нима учундир салобатли, фариштали эркак дейди, — деди хотиним бироз кулимсираб.
— Нима, шубҳанг борми? – дедим зарда билан.
— Йўқ, шубҳам йўқ. Шубҳа менда нима қилсин?! Фақат гоҳо одамларнинг исботсиз гапига ҳайрон қоламан-да, – деди у бироз асабимга тегиб.
— Нимасига ҳайрон қоласан? Уйим-жойим десам, ўқимишли бўлсам. Яхши жойда ишласам, ақл-ҳушим жойида бўлса… Айтган нарсангни…
Бирдан қармоққа илинганимни сезиб тўхтаб қолдим.
— Давом этинг. Яхши кетяпсиз, – деди хотиним қувонч билан. – Бўлмаса ўзим айтаман. Айтган нарсангни вақтида оберсам демоқчисиз. Шундайми?
— Ҳа, – дедим бўшашиб.
— Одамлар тўғри айтишган экан. Ҳақиқатан ҳам сиз фариштали эркак экансиз. Фақат буни исботлаш учун эртага мен билан “Ипподром”га бориб, айтган нарсамни оберсангиз, бўлди.
Қалам ҳақи эсдан чиқмасин
Ишдан келсам, хотиним ўшшайиб ўтирибди. Бирон нарсадан хафа бўлса шундай ўтиришини билганим учун:
— Ҳа, маликаларга ўхшаб ўтиришларинг бошқача, — дедим ҳазиломуз. Индамади.
— Жа, қаттиғидан теккан, шекилли, индамайсан?
Бу сафарги гапимдан кейин хотин иккита зулукдек қоп-қора қошларини чимирганча ёнидаги “Hurriyat” газетасини кўрсатди.
— Бу нима?!
— Газета! Нима бўпти? “Hurriyat”да бирон шов-шувли мақола чиқибдими?
— Чиқипти! — деди хотиним асабийлашиб, — чиққандаям жуда катта нарса чиқипти! Энди сизга бирон гап гапиролмайман, шекилли. Нима десам, шуни ёзадиган бўпқопсиз. Тағин маликаймишман.
— “Hurriyat”да шов-шувли мақола чиқиши яхши-ку! – дедим хотинимга жилмайиб.
— Яхши! Нимаси яхши! “Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим” деганлари шу экан. Барча олқишлар сизга-ю, меҳнат қилган бизга шимилдириқ! Тағин ҳикояларнинг бош қаҳрамони — мен-у ўғлим. Биз — салбий қаҳрамон. Сиз эса — ижобий. Шундайми?
Хотинимнинг дағдағаси кучая бораётганини сездим-да, дедим:
— Ўзингни бос, хотин. Салбий қаҳрамон бўлсанг ҳам, мана, сенга қалам ҳақи обкелдим.
— Қалам ҳақи?! Қанақа қалам ҳақи?! У нима дегани ўзи?!
— Мана, ол, — чўнтагимдан бир даста пулни чиқариб унга узатдим. Шуни қалам ҳақи дейишади.
Хотиним пулни кўрди-ю, бирданига ўзгарди. Юзига қизил югурди.
— Адажониси, балки, бу чўнтагингизда ручка ҳақи ҳам бордир, – деди жилмайиб. Унинг бояги дағдағасидан асар ҳам қолмаганди.
— Бўлганда қанийди, – дедим хотиним асл ҳолатига қайтганидан енгил тин олиб.
— Адаси, – деди у қувонганча гапида давом этаркан. — Биз салбий қаҳрамон бўлсак ҳам майли, барибир, отимиз ёзилмаган-ку! Нима кўп дунёда бизга ўхшаган хотин кўп. Тўғрими? Майли, бизни ёмонлаб ёзаверинг. Фақат қалам ҳақи эсдан чиқмасин-а!
Кумуш ва Зайнаб
Кечки пайт телевизорда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” тарихий романи асосида суратга олинган бадиий фильм намойиш этилаётган эди. Кино охирида бош қаҳрамон Кумуш кундоши аталага қўшиб берган заҳарни ичиб ўлади. Хотиним одатича ҳиқиллаб йиғлашни бошлади.
— Шуни ёзган ёзувчига ҳайронман. Кумушни ўлдириб нима қиларди? Гулдай аёл яшаса бўларди-ку!
— Эҳ, хотин, тушунмайсан-да! Ўша давр сиёсати ёзувчини шунга мажбур қилган. Эшитишимча, Кумушни ўлдириб қўйиб ёзувчининг ўзи ҳам йиғлаган экан.
— Ана, айтмадимми? Бекорга ўлдирган, деб. Сиз айтган ўша давр сиёсатини тушунмасам-да, Кумушнинг ўлимига кундоши Зайнаб айбдор! Бу қўшхотинликнинг балоси. Асар муаллифи шуни ёзиши керак эди.
— Бу ерда Зайнабнинг ҳеч қандай айби йўқ!
— Нима, нима?! Сизга қолса, ҳамма бало биринчи хотинда экан-да! Эркакларга теккан касал. Йиллар ўтиши билан кўнгиллари иккинчи хотинни тусаб қолади. Ё… сиз ҳам… – деди хотиним таҳдидли оҳангда.
— Нималар деяпсан, хотин? Гапингни ўйлаб гапир. У ишхонамизда ишлайди, холос! – дедим ҳазиллашиб.
— Ким у?! – деди хотиним бирдан ўғрини ушлагандек қизишиб. – Отини айтинг!
– Зайнаб! – дедим хотиржамлик билан. – Ахир сен ўзингни Кумуш деб ўйлайсан-ку!
— Йўқ! Мен Кумуш эмас, Зайнаб бўламан! Қани, у сизга яқинлашиб кўрсин-чи, – деди хотиним шахт билан.
— Бу қанақаси бўлди, хотин? – дедим ҳазилда давом этиб. – Ўтган куни сизни яхши кўрмайман, девдинг-ку!
— Ҳа, – деди у заррача гапидан қолмай. — Хурмача қилиқларингиз кўпайганда яхши кўрмайман, аммо билиб қўйинг, болаларимни тирик етим қилмайман! Сиз учун Кумуш, унга эса Зайнабман! Зайнаб!!! Тушундингизми?
Бахт
Дам олиш кунларининг бирида хотин билан ширингина суҳбатлашиб ўтиргандик. Худди бир муҳим гап эсига тушиб қолгандек сўраб қолди:
— Фақат тўғрисини айтинг, дадаси, мендан олдин ҳам бирорта аёлга кўнгил қўйганмисиз?
— Орадан шунча йил ўтиб сўрашингнинг боиси не? – дедим ўйчан оҳангда.
— Қизиқ-да. Билгим келди.
— Ҳа, – дедим чуқур уф тортиб. – Севганман. Бир эмас, уч-тўрттасини севганман.
— Нега унда улардан бирортасига ҳам уйланмагансиз?
— Мендек тўпори, хаёлпараст, бироз дарвеш одамга ким ҳам тегарди, хотин? Ўтган нарсаларни эслатиб ярамга туз сепма!
— Ҳа, – деди хотиним бошидаги рўмолини тўғрилаб. — Дунёда қандай бахтли аёллар бор-а…
Бошдан ўтган — табиб
— Ўғлинг учрашувга чиқиб келдими?
— Ҳа, чиқиб келди.
— Хўш…
— Ёқмабди…
— Нимаси ёқмабди?
— Бўйи баланд. Жуда қилтириқлиги етмагандай, танноз экан, деди.
— Совчиликка борганда кўзларинг қаёқда эди?
— Ким билади? Бизга бошқачароқ кўринганди.
—У ёқмаса, бу ёқмаса. Ўғлингга қанақа қиз ёқаркан ўзи?
Гап шу ерга келганда хотинимнинг чеҳраси очилиб кетди.
— Сизга ўхшаганидан оламан, дейди.
— Оҳҳо! Боланг жа осмонларда учиб юрибди-ку!
— Қўяверинг! Келин агар ўзимга ўхшаса, ўғлингизни икки-уч йилда ерга тушириб қўяди. Ана кейин дириллаётган ўғлингиз келиннинг атрофида парвонага ўхшаб айланиб юраверади. Тўғри чизилган чизиқдан ҳеч қаёққа чиқолмайди. Ахир бошингиздан ўтган-ку! Тўғрими, дадаси?
Айрон
— Ҳа, кўринишингиз жуда ғалати, — деди хотиним бўшашиб уйга кирганимни кўриб.
— Иссиққами, билмадим, лоҳас бўлиб, ҳаммаёғим қақшаб оғриб кетяпти, — дедим зўрға.
— Мана бу муздек айронни ичиб олинг, анча ўзингизга келиб қоласиз. Райҳонлар қўшиб, ўзим тайёрлаганман.
— Яхши бўпти. Айтганингдек, мазали экан, – дедим пиёладаги айронни ичиб бўлгач.
— Ана, айтмадимми, тузалиб қоласиз, деб. Мукофот беради, девдингиз, олдингизми?
— Ҳа, олдим. Икки “оклад” беришди.
— Зўр бўпти! Бояги аҳволингизни кўриб эсим чиқиб кетди. Мукофот беришмабдими, деб ўйлабман-а!
— Эс-ҳушинг пул! Топган гапингни қара, – дедим жаҳлим чиқиб. — Биров ўлай деса, биров кулай дейди.
— Олган мукофот пулингизга ўғлингизга костюм-шим олсак, учрашувга бемалол чиқиб келади. Ҳа, айтганча, биров билан нима ишим бор, қаёқдаги гапларни топасиз-а! Ундан кўра айрондан яна ичинг. Ўзингизга келиб қоласиз, – деди хотиним бепарволик билан айрондан пиёлага қуяркан.
Машқ
Залдан хотинимнинг қаттиқ-қаттиқ гапираётган овози келаётганини эшитиб, ўша томонга бурилдим. Эшик олдига етганда тўхтадим. Хотинимнинг товуши ғалатироқ эшитиларди.
— Мен сени шу ниятда катта қилмовдим. Ўқигин, яхши жойларда ишлагин, деб отангнинг ёнида ёрдамчи бўлиб пул топдим. Бозорга бешик нарсаларини тикиб, топширдим. Ҳалол едирдим, энди оғзим ошга етди, бемалол еб-ичарман деганда берган пулинг шуми? Ойлигингнинг қолганини нима қилдинг? Келинингиз билан “Райҳон”да овқатландик?! Оҳҳо, икки марта учрашувга чиқиб, дарров овқат олиб беришга нима бор?! Бир оғиз мендан сўрамайсанми? Нима, адамдан сўровдим?! Энди отанг билимдон бўлиб қолдими? Отанг нимани биларкан?
Гап шу ерга келганда чидаб туролмай ичкарига кирдим. Хотиним тошойнага қараб гапираётганди.
— Ҳа, нима гап, тинчликми? – дедим ҳайрон бўлганча.
— Ўзим, – дея шошиб қолди хотиним. — Ўғлингиз учрашувга чиқиб келгандан сўнг айтадиган гапларимни машқ қилаётувдим. Қалай, сизга ёқдими?
— Қойил! Офарин! Аммо мени ёмонлашингга бало борми?
— Бу машқ, дадаси. Ҳали жанг олдинда. Ўзингиз айтасиз-ку, машқда қийин бўлса, жангда осон бўлади, деб. Ўғлингиз пулни тежаб ишлатсин дейман-да!