Сеҳрли конверт
ёки акса уриш туфайли оилавий жанжал
Акса уриш жанжалга сабаб бўлганини эшитганмисиз? Йўқ, дейишга шошилманг. Чунки камина билан содир бўлган ушбу воқеа бунга асос бўлади.
Ишдан келсам хотиним айвонда телевизор кўрганча чой ичиб ўтирарди.
— Яхши келдингизми? – деди дарров ўрнидан туриб қўлимдаги нарсаларни оларкан.
— Биров мени ёмон келади, деганмиди? – дедим одатимча кулиб.
— Ўҳҳў, – деди у гапимга парво қилмай, олиб келган нарсаларимга қувонганча кўз югуртириб. – Бозорлик жуда катта-ку. Бахтимизга соғ бўлинг. Шунча нарса олиб келибсиз-а. Сизни сахий яратган Худойимдан айланай.
Хотинимнинг гапини тасдиқлагандек кетма-кет акса ура бошладим.
— Соғ бўлинг, дадаси. Соғ бўлинг.
— Раҳмат, хотин. Сен ҳам саломат бўл.
Шундай дея чўнтагимдан дастрўмолча олмоқчи бўлгандим, дастрўмолчага қўшилиб чиққан конверт “топ” этиб ерга тушди.
— Нима бу? – деди у ўшшайиб конвертга қараб.
— Кўриб турибсан-ку, конверт, – дедим оҳиста ва олмоқчи бўлгандим, хотинимнинг зардали товуши эшитилди.
— Тўхтанг, олманг. Ўзим оламан.
У шундай дея чаққонлик билан ерга тушган конвертни олди.
— Ичида нима бор? – деди у жаҳл билан конвертни ушлаганча.
— Бу сеҳрли конверт. Очиб кўр, биласан.
— Ҳаҳ, ҳа, – деди у қалин қошларини чимириб. — Ишхонадаги ойимчангиз ёзган хат бўлса керак. Жиғимга тегиш учун атайлаб “сеҳрли конверт, очиб кўр” деяпсиз. Бўлмаса ўзингиз очган бўлардингиз.
— Ҳеч қандай ойимча ҳам, хат ҳам йўқ. Ичида пул бор, холос.
Хотинимнинг бу гапдан ҳайронлиги ошди.
— Пул?! Қанақа пул?! Порами?
Хотинимнинг важоҳати ўзгара бошлади. Унинг бояги қувноқлигидан асар ҳам қолмаганди.
— Оддий пул. Ўзбек миллий валютаси — сўми, — дедим бамайлихотир хотинимга қараб. —Ҳеч қандай пора эмас. Қалам ҳақи. Қолаверса, катта мансабдор бўлмасам, менга ким ҳам пора бераман деб кўзи учиб турганди?
— Қалам ҳақи! Унда нега оппоқ конвертга солинган? Нега ички чўнтагингизда эмас?
Хотиним полиция комиссарига ўхшаб “сўроқ”ни кескин ошириб борарди.
— Ў… Барака топкур. Қалам ҳақи деяпман-ку. Газетадагилар маданият юзасидан конвертга солиб, устига фамилиямни ёзиб қўйишган. Чет элларда шунақа эмиш.
— Ростданми? Ростдан ҳам қалам ҳақими?
— Ҳа, рост, “Ҳуррият”да босилган нарсаларимга яна қалам ҳақи беришди. Олдинги сафар олганинг эсингдан чиқдими?
Хотиним бу гапга ишониб-ишонмай конвертга қаради. Қараса, конверт устида ростдан ҳам фамилиям турибди.
— Манг, ўзингиз очинг-чи. Ростдан ҳам пулмикан?
У шундай дея жаҳл билан конвертни қўлимга тутқазди.
— Айтсам ишонмайсан-а? Мана сенга пул.
Конверт ичидаги бир даста пулни кўриб энди хотинимнинг кўзлари қувончдан порлади. Порлади-ю бирдан юзи тундлашди.
— Буни қаранг-а, алдамабсиз, ростдан ҳам пул экан. “Ҳуррият”дагилар яна қалам ҳақи беришибди-да. Қандоқ яхши! Меҳнатларингиз зое кетмабди, – шу ерга келганда унинг ранги ўзгарди ва яна саволга тутди. – Унда нега бошқа газета ва журналдагилар қалам ҳақи беришмайди? Ёки уларни ойимтиллангизга бериб юрибсизми? Гапиринг!
— Гапимни такрорлайман. Ҳеч қандай ойимча йўқ. Сенинг ўзинг етиб ортасан.
— Нима?! Ҳали шунақами? – деди у катта-катта кўзларини ўйнатиб. – Бу гапингиз билан энди сен ортиқчасан демоқчимисиз?
— Мен шундай дедимми?
— Сиз нуқул коса тагида нимкоса гап айтасиз-ку!
— Бу гапимда коса ҳам, нимкосаям, пийлаям йўқ! – дедим жаҳл билан.
— Ростданми?
— Рост!
— Унда кўзларимга тик боқиб гапиринг-чи.
— Нима дей?
— Бошқалар пул бермади, ойимтилла йўқ денг!
— Бошқалар пул бермади, ойимтилла йўқ. Қутулдимми?
— Бу бошқа гап! – деди у кўзларимга синчковлик билан қараб. – Худога шукур. Майли, бошқа газета-журналлар ҳам қалам ҳақи бериб қолар. Бу пулга мен ўзим билан ўғлимга нарса оламан. Бошқалар ҳам “сеҳрли конверт” бериб қолса, сизга ҳам нарса оламиз. Кўрдингизми, биз доимо сизни ўйлаймиз. Буни яхшилаб қулоғингизга қуйиб олинг, хўпми!
— Апшуу!..
Баҳром АКБАРОВ.