Қаро кечалардан излайсиз зиё

Дилдора АБДУНАЗАРОВА

Муаллиф ҳақида:
Дилдора Абдуназарова — 1979 йил Шаҳрисабз туманида туғилган. Тумандаги 77-умумтаълим мактабда таҳсил олган.
Шеърлари Республика матбуотида чоп этилган. “Аллоҳнинг омонати” номли илк шеърий тўплами нашр этилган.
Тошкент Фармацевтика инс­титутини тамомлаган.

 

* * *

Йўқ, улар эъзозга арзимас экан,

Юрак чинқирганин эшитмас — кардир.

Дунёнинг этагин маҳкам тутмишлар,

Сенинг куймоғингга хўп харидордир.

 

Йўқ, меҳринг ҳайф экан, муҳаббатинг хор,

Гина қилар бўлсам, ношукурликмас.

Ёлғиз бир таскин бор юрак қаърида,

Бу Ҳақнинг ризоси… бошқа нарсамас.

 

Одамдан одамлик кутмоқ — одамлик…

Мен ҳам бандачилик хатосидаман.

Лабда табассум-ла юрганим билан

Асли шу юракнинг нидосидаман.

 

Аслида…

 

Сизга ёрдам керак эмас, аслида,

Бездим нолийверган сўзларингиздан.

Кўрасиз-у, аммо боғлаб қўйилган

Боғични ечмайсиз кўзларингиздан.

 

Ўзингиз урасиз турли сўқмоққа,

Қаро кечалардан излайсиз зиё.

Умрингиз берасиз тошдек тўқмоққа,

Эшитганингизга бўлиб маҳлиё.

 

Сизга ёрдам керак эмас, аслида,

Бошингиз силаган қўлни кесасиз.

Суюшиб озодлик этишса ҳадя,

Қафасга қайтишни режа тузасиз.

 

“Эзилган, бечора, қурбон”сиз гўё,

Улоқтириб ташлаб масъулиятни.

Зулуксиз, истайсиз: кимдир сиз учун

Яшаб ўтсин олиб мажбуриятни.

 

Сизга ёрдам керак эмас, аслида…

 

Илтижо

 

Руҳимда курашиб толмас икки жон,

Бири фариштадир, бирови шайтон.

Гоҳи қувонаман, гоҳ чеккум андуҳ,

Бири-бирисига бермайди имкон.

 

Бу дунё ютмасин мени домига,

Жаннатдан узувчи йўллардан асра.

Аллоҳ ҳамдам бўлсин ҳар қадамимда,

Шайтонга қул бўлган қуллардан асра.

 

Мен ғолиб бўлмоқлик йўлига чиқдим,

Ёлғизим! Қўллагин, Ўзинг бер тўзим.

Нафсимни хор айлаб, иймоним ғолиб,

Енгишни истайман ўзимни ўзим.

 

Майл…

 

Мени алдаш мушкул, алдамоқ қийин,

Ҳар сўзинг маъносин англайман бир-бир.

Алдайсан, аврайсан, қилиб сўз ўйин,

Аммо ишонтирар мени нимадир…

 

Ақлим юз бурса ҳам сендан тескари,

Қалбим талабига ожиз тураман.

Биламан… сўзларинг ёлғондир, аммо

Сенга алданишни яхши кўраман.

 

Тафовут

 

Одамзоддан кўмак тиландим,

Бошим эгиб, мисоли ғариб.

Яратгандан ёрдам сўрадим,

Эгик бошим баланд кўтариб.

 

Одамзоддан қўрқдим-у,  қочдим,

Ўздан қочмоқ тобора қийин.

Ҳақдин қўрқиб, кўнглимни очдим,

Яқинлашдим қўрққаним сайин.

 

Жим суйдим…

 

Мен сени жим суйдим, жим ардоқладим,

Гоҳи қўлларингдан келарди тутгим.

Изҳори дил қилмай жим йироқладим,

Севгимни, сиримни келмади тўкким…

 

Ўзимдан  қизғондим туйғуларимни,

Авайлаб асрадим ғуборсиз, гардсиз.

Билдирмай термулдим, билдирмай  севдим,

Ҳеч қандай талабсиз, ҳеч қандай шартсиз.

 

Сенга бахт тиладим, қувонч тиладим,

О, ҳажр илони бунча чақмаса?

Бундай оғирлигин қайдан билардим,

Ёнсанг-у, чарсиллаб учқун чиқмаса…

 

Сен томон бормоққа босмадим қадам,

Дунё бехабардир — кўнглимда ким бор.

Сен эса билмасдан севилган одам,

Мен эса сезилмай бўлганман тор-мор…

 

Мен сени жим севдим, жим ардоқладим…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =