Чўққилар мажнуни
У ҳуши келганда телефон қилиб қолар, менга юксакликларнинг ҳавосини юқтирмоқчи бўларди, чамаси, салом-аликдан кейин бўғзидан тирналиб чиқаётган овоз билан шодон “Сизни тоққа олиб чиқаман!” деб ваъдани қуюқ қиларди. Мен улғайган ҳудудларда бўлган, у жойларнинг ўзимга номаълум икир-чикирларигача билар, ҳатто бир йил ёш альпинистларни эргаштириб, Тошқўрғонгача борган, энди айнан Амир Темур ғори ҳудудларида альпинизмга бағишланган қўшиқлар фестивалининг республика босқичини ўтказишни режалаштираётган, ғолибларни ғор остонасидаги табаррук супада тақдирлашни мўлжаллаб қўйганди. Унга марҳум Иттифоқ давридан бу соҳанинг томир уриши таниш, миллат, давлат нуфузини халқаро миқёсда намойиш этишда альпинизмнинг ўрни нечоғли эканини яхши билар, шунинг учун спортнинг бу мураккаб турини ривожлантириш тарафдори эди.
“Империя даврида барпо этилган бутуниттифоқ альпинизм маркази Дуғобада эди. У Қирғизистонда қолиб кетди. Салоҳиятли ва нуфузли юртимизда ана шундай марказ бўлиши шарт. Энг қулай жой эса Тошқўрғон қишлоғи”, деб тез-тез такрорларди ва фикрини исботлаш учун далиллар келтирарди: “Қишлоқ денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда. Ғарбида 2905 метр, шимолида 3447 метр, шарқида 2873 метр баландликдаги чўққилар қуршаб турибди. Уларнинг умумий манзараси худди амфитеатрни эслатади…”. Бу борада далиллари кўп, шу ўринда қадриятларга ҳам мурожаат қилиб қўяди: “Соҳибқирон Амир Темурга тааллуқли жойлар эканини ҳам унутмаслик лозим!”. Ана шундай сафсаталар билан менинг киндик қоним тўкилган тупроққа ҳавасимни чўғлантирар ва “тоғларни кўрсатиб”, мени қойил қолдирмоқчи бўларди.
Навбатдаги қўнғироқларининг бирида эса чучварани эслатарди. Айтишича, альпинистларнинг энг тансиқ таоми чучвара бўлар экан.
Осмонўпар чўққилар сари бир неча кунлик сафарда одамнинг баданидаги териси ҳам оғирлик қилиб қолади. Аммо шундай шароитда ҳам ошқозоннинг эҳтиёжини қоплаш шарт, билъакс, ҳаммаси бир чақа! (Ошқозон ана шундай муқаддас ашё, яъни “жонли халта”, шунинг учун кўпчилик азбаройи “ошқозон учун” яшаб ўтади). Ҳамма озуқалар махсус тайёрланган бўлади, фақатгина чучварани қор эритиб қайнатиш ва роҳатланиб истеъмол қилиш имкони бор. Унинг шўрваси экстремал шароитда толиққан вужудга ҳаёт шарбатидек наф қилади (порийди). Фақат махсус ясалган примус бўлса, бас. Кислород жуда сийрак муҳитда олов ёқиш ҳам осон эмас. Бундай ғайритабиий муҳитда махсус тайёрланган, спиртда ишлайдиган нодир примусларгина асқатади. У бир мусобақада ғолиб чиққанди. Мукофотга машина қўйилган, у эса машинадан воз кечиб, махсус примус беришларини сўраганди. Энди бўғувчи ҳаво босими, кислород сийрак шароитда оғир фаолият остида ичакдек ингичка тортиб қолган танага чучваранинг илиқ шўрваси етиб боришини тасаввур қилинг. Шунда одам балки тирик эканлигини чинакамига тасаввур қилар.
У мени ана шундай ҳаётбахш зиёфатга текисликда, қайноқ шаҳар бағрида таклиф қилар ва хотираларда жонланган маишат йиллар давомида кечикиб келарди. Балки қорни очганда ёки гавжум ҳаёт жонига текканида ўша музлик ва қор бўрони қуршовидаги чодирда чучвара шўрваси ичиб яйраганини эслаганида, ўз базмига шерикликка мени таклиф қилар ва бу гапни… айтган заҳоти унутарди. 2-3 йил нуқул шу гапни такрорларди, лекин бирор марта шундоқ қўл етгудек жойдаги хонадонга ёки умумий емакхонага қадам ранжида қилиб, биргаликда чучвара емасди. Шу йўриқда тоққа чиқишни ҳам эслатиб қўяр, тамшаниб: “Кўрасиз…” деб қўярди.
Ҳадеб бир гапни эшитавериш, бунинг устига, ишнинг амалиётга ўтмаётгани ниҳоят жиғимга тегди ва шу қаландар одам қачон “тоққа кетдик” деса, иссиқ кўрпанинг ичидан бўлса ҳам отилиб чиқиб, йўлга тушаман, деб аҳд қилдим. Бир сафар қачон йўлга тушишни келишиб ҳам олдик, аммо фурсат яқинлашгач, бирдан йўқ бўлиб қолди: на ерда, на кўкда бор. Яна йиллар ўтди. Қайтадан пайдо бўлиб, ўша гапларни такрорлаб турди, лекин чучварани эсламай қўйди. Турмуш тарзи ўзгараётгандай туюлди. Шундай ҳам бўлибди. Кунларнинг бирида кутилмаганда ишхонам эшигини очиб, кириб келди. Жуда машқи паст. Мен ҳам ғамгузор термулдим, “Нима рўй берди?” дедим. “Кеннайингиз ўтиб қолди…” деб, йиғлаб юборди. Ёлғиз дунёда ягона ҳамроҳини топган, шу орқали кўпчиликка – жамиятга қўшилган одам тиргагидан, балки издиҳомга етаклаб кирган кўзидан ажралганидан кейин бутунлай абгор бўлибди. Изтироб шунчалик теранки, марҳум аёли – ўзбек қизига атаб тилни билмайдиган одам шеър ёзибди: “Кўз ёшларим шириллаб оқвотти, “Вой-дод “ деб қичқиргим кевотти…”
Ўшанда бу одамнинг буюк қалбини биринчи марта ҳис этганман, ботинида улуғ маънавият борлигини, юзаки гаплар эса шунчаки йўлида айтилган эрмаклар эканини сезганман. Мутаассир бўлиб, унинг ҳаётидан “Йилларни қаритган садоқат” сарлавҳали эссе ҳам битдим. У ўқиганларни бепарво қолдирмади, ҳатто энг совуққон адабиёт газетаси эълон ҳам қилди.
* * *
…Бу гал энди таклифни рад этиш мумкин эмасди, қатъий аҳд билан ўша кунни кута бошладим. Орада бир-икки ҳушёрлигимни синаб ҳам турди ва соат 10 даги учрашувга шошилиб бордим. Анча олдин бориб қолган эканман, чироққа пул тўлайман, деб, яна китоб магазинини айланиб, 2 дақиқача кечикиб борибман. Шундоқ зинада елкасида катта қоп, кўзи ола-кула бўлиб кутиб олди, “Мен ярим соат олдин келганман”, деди таънаомуз.
Дастлаб Ғазалкентга, кейин яна тоғ томонга кетилди. Йўллар дазмоллангандек теп-текис, омади бор жойлар-да. Пойтахтга яқин, манзара чиройли, пурвиқор тоғлар бутун салобати, кўрку жамоли билан кўриниб туради, бекиниб олмаган. Ҳам энтикиш, ҳам ҳавас билан йўлда давом этамиз. Ҳамма машҳур манзиллар – тоғ чанғиси училадиган қирлар, сим дорлар қуйида қолди. Ростдан, мени чинакам тоғлар ўлкасига олиб бормоқчи, шекилли. Тянь-Шан тизмаси, Чимён тоғлари бағрига олди. Мен Помир тоғи тизмаларини биламан. Тоғлар бир-бирига ўхшар экан. Мағрур, сокин, пурвиқор ва гўзал. Бу гўзалликни бирданига ҳис этиш қийин. Фақат вужудга кислородга тўйинган ҳаво муаттар гиёҳлар ҳиди билан омухта бўлиб оқиб киргач, бир ҳис уйғонади ва зеҳн очилиб, борлиқ ўзгача, бетакрор кўриниб кетади. Кейин айнан илк лаҳзадаги шу кайфиятни қўмсаб юрасиз ва у тутқич беравермайди. Ҳатто яна қайта-қайта келаверганингизда ҳам бу масрурлик такрорланмайди. Шунда тоғлар ботиний сеҳрини, зоҳирий нафосатининг бокиралигини инкишоф этасиз. Ўша ҳис яна йўлга, чўққилар сари бошлайверади. Чол, менинг тасаввуримда, ана шу қопқонга тушиб қолган ва ундан чиқиб кетолмасди.
Йўл шлагбаум билан тўсилган, ундан ичкарида шундоқ тоққа қапишиб, шиферли бинолар кўринар, атроф ораста ва тоза эди. Унга алоҳида хона ажратишибди, бундан жуда мамнун. Темир панжарали зина орқали иккинчи қаватга кўтариламиз. Долонлик икки хона, тўғридагиси унга тегишли экан. Хурпайган юк халтасидан осонлик билан калитни топиб, тантанавор эшикни очади ва мени ичкарига таклиф қилади. Аёвсиз шамоллар таъсирида қотиб кетган юзида бирор ҳис ифодаси сезилмайди, аммо ичдан ғўддаяётгани аниқ. Ахир ана шундай хилват жойда унинг ўз бошпанаси бор. Хона ораста, лекин гилам тўшалмаган, бироқ у пойафзалини ечиб кирди, мен ҳам оёқяланг бўлиб олдим. Аслида, бунга ҳожат йўқ эди, балки у ўз даргоҳига айрича эҳтиромини шундай ифодалагандир, лекин тезда катта пошнали этигини ечмай кириб-чиқа бошлади. Нима бўлганда ҳам у менга сирли туюлишга ҳаракат қилаётгандек сезилмади, унинг туйғулари музлаб бўлган, бировда илиқ таассурот қолдириш кайфиятидан маҳрум эди.
Менинг жойимни ҳамда нималарга амал қилишимни қатъий тайинлади ва одми кийиниб, ҳовлига тушдик. Машқ базаси тоғ қоясига тиралиб турар, шундоқ қўл етгудек жойдан чўққи бошланарди. Гўё тоғ бу масканни ўз бағрида ҳовучлаб турарди. Уни ҳамма танир, ё сокин, ё шовқин солиб саломлашар у эса ҳаммани “элакдан ўткариш”ни бошлаб юборганди. Қатъий тартибга ўрганган одам, бир лаҳза ҳам вазиятни назоратсиз қолдирмас, ҳар қадамда айтадиган, эслатадиган гапи топиларди. Баъзан, балки мавқеига қараб, кимларнидир тўхтатар, расмий тусга кириб, “Ёзувчи, журналист, яна алламбало…” деб мени таништирар ва бу “чуқур мамнуният ва ҳурмат-эҳтиром”и камлик қилгандек, ҳиринглаб қўярди.
Хуллас, мени ҳарбий қисм ҳовлисида айиқ тутган овчидек ғурур билан айлантирарди. Унинг чекланганлик ва ёлғизликда ўтган ҳаёти ана шундай одоб меъёрларини сингдирган, киройи одамгарчилик тартибларини писанд қилмасди. Унинг чиндан ҳам димоғи шишганди. Ҳайтовур, у Марказий Осиёдаги 7 минг метрли бешта чўққини ҳам забт этган, уларга ўн марта кўтарилган, бу баландликка, эҳтимол, тирноқлари билан тирмашиб чиққан ва силқиган қон юқи унинг кўзига мағлуб ботаётган қуёш бўлиб кўринар, шунинг учун ҳам рафтори бозордаги аравакашлардан ҳам абгор бўлса-да, ўз мезонлари билан қуйидаги ҳамма жинсдошларини қанотсиз махлуқ, ўзини эса 7 минг метрга кўтарилган лочин деб билар, азбаройи ўзини яхши кўрганидан ҳаммани пашшадек қабул қиларди, чамаси. Йиллар давомидаги ёлғиз ҳаёт уни етарлича худбин (эгоист) қилиб қўйганди. Шунингдек, учраган одамга дўқ уриб гапирар, унга бундан ҳафта ёки ўн беш кун олдин айтган топшириғи қандай бажарилганини эзмалик билан суриштирарди: “Сой бўйидаги шох-шаббани олдирмабсан”, “Қияликни нега дарахтнинг тагигача ўйиб бормадинг?”, “Менинг вагонимга ким тегинди?..” Иложсизликдан тасодифан чангалига тушиб қолган одам типирчилар, ундан тезроқ қутулишни истар, у эса баттар зуғумни оширарди: “Масъулият йўқ сенларда, масъулият…”. Чол ростдан ҳам ҳамманинг жонига теккан, аммо ундан қутулиб бўлмасди. У жуда нуфузли одам эди.
* * *
Университетнинг география факультетини тугатиб, мактабга ишга борди-ю, синфхонаси унга торлик қилишини бир лаҳзада сезди. Таҳсил давомида дунё жуғрофиясини мириқиб ўрганган, хаёллари ўргимчакнинг ипидек мавҳум нуқталарга боғланганди. Сершовқин шаҳарда болаларнинг шовқини баттар эзарди ва хилват бурчаклардан безовта хаёлларига таскин изларди. Шундай қилиб, альпинистларнинг ҳаваскорлик тўгарагини топди, ана шу жойда парчинлангандек боғланиб қолди. Билдики, унинг излагани тоғлар, тоғлар асрори экан. Уч-тўрт йил роса чийралди, тобланди, синовдан ўтди ва Федченко музлигида фаолият юритиши мўлжалланган метерологлар гуруҳига лойиқ кўрилди.
Ана шу жойда фақат қор ва музликлар ўлкасида икки йил узлуксиз яшади, “катта холаси”ни ҳам, “аммаси”ни ҳам кўрди. Лекин тирик ва бутун чиқиб, Тошкентга қайтганида ўша пайтда бешта “Победа” машинасига етадиган пули бор эди. Таассуфки, унга пулнинг ҳиди таъсир қилмади, у бошқачароқ эди, овсарроқми, хаёли паришонми, пулни халтаси билан ота-онасига топширди-ю, яна “Ўқийман”, деб туриб олди. Тақдир эса унга пулдан эмас, бошқа томондан сийлади: экспедиция материалларини таҳлил қиладиган, яна янги режалар тузадиган Ўз.ФА. математика илмий текшириш институтида лаборант бўлиб ишлаётган, кўрганнинг ҳавасини қўзғайдиган, ошиқлари кўпдан-кўп Норпошшани унга рўбарў қилди. Бу никоҳ уни бир сира тоғлар чўққисидан пастга олиб тушди. Улғайтирди ва яна қайта олдингидан ҳам баланд чўққига кўтарди. У қуйидаги, ердаги бахтини турмуш ўртоғидан топди, аммо назари тоғларга қадалганча қолаверди. Охири шу бўлдики, Ититифоқда таниқли альпинистлар сафига қўшилди, ўзбеклардан биринчи бўлиб, альпинизм бўйича спорт устаси меъёрини бажарди, юқорида эслатганимиздек, ўн марта етти минг метрлик чўққига кўтарилди.
— Нега Эверестга чиқмагансиз?
— Командага қўшишмаган. Тошкент гуруҳидан 5-6 киши қатнашди.
— Сизни нега қўшишмаган?
— Ўзбеклигим учун.
Нима дегани? Албатта, катта авлод учун вазият изоҳларсиз ҳам маълум, аммо бугунги ёшлар ҳайрон қолиши мумкин. Миллатчилик, гегемонлик, хўрлик шу соҳаларни ҳам исканжасига олган экан-да?! Таъсир акс таъсирни чақиради, деганларидек, қалбида Эверест (аслида — Жомолунгма) орзуси яшайверди. 1963 йил 15 март кунини жуда яхши эслайди, унутмайди. Шу куни Тошкентда Жомолунгмага биринчи бўлиб қадам қўйган инсон фарзанди Норгей Тенсинг билан учрашув бўлди. У ўн йил олдин инглиз экспедициясига киракашлик қилиб, Эдмунд Хиллари билан дунёнинг энг баланд нуқтасига кўтарилганди. Тенсинг шон-шарафларга кўмилган, у чинакам қаҳрамон ер фарзанди эди. Ҳамма унга ҳавас билан қарар, учрашувда шундай муҳит юзага келдики, иштирокчилар ўзларини худди ўша чўққига чиққандек ҳис этишганди.
Ҳақиқатан, Норгей Тенсинг 8848,86 метр юксакликнинг ҳавосини олиб юрган, ҳаммага улашаётгандек туюлганди. Кейинчалик мемуарларида шундай қайд этди: “У табиат қандай яратган бўлса, шундай фикрларди: тоза қалб, тоза вужуд ва тоғларга эътиқод билан. Цивилизациядан қанча узоқлашсанг, шунча қурумлардан, нопоклик ва сотқинликлардан, худбин ва манфур одамлардан шунча нари кетасан, табиатга қанча яқинлашсанг, у билан тил топишиш қийинлашса-да, у сенга таъсир қилади. У билан яшинмачоқ ўйнолмайсан, табиатни алдай олмайсан. Тенсинг Жомолунгмани табиатнинг олий мўъжизаси, деб билар, ҳатто уни илоҳ деб тан олган ва “сиз”лаб гапирарди…”
Учрашувдан дардлари янгиланиб чиқди, лекин у хўрланмади, аксинча, кимлигини амалда кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилди, юкламаларни яна ҳам кучайтирди ва ниятига эришди ҳам. Кейинги фаолияти жуда самарали бўлди. Ҳар ҳолда, унинг ўзи ҳаётидан рози.
— Лекин Антрактидага боришни орзу қиламан. Буни қарангки, тўқсон ёшли одамнинг хаёли чакки эмас!
* * *
…Мустақилликнинг илк йиллари. Бир кун “Халқ сўзи” газетасига қорачадан келган, дўппи кийган, қотма одам кириб келди ва менга рўбарў бўлиб, “Тоғлар ҳақида ҳам ёзасизларми?” деб қолди. Дастлаб уни юртдошларимдан бири бўлса керак, атайлаб ўсмоқчилаб гапираяпти, деб ўйладим ва суҳбат бошланди. Анча киришиб кетдик, таассуротлар жуда ёрқин бўлди ва тезда газетада “Тоғлар ҳаммага бош эгавермайди” сарлавҳали лавҳа эълон қилинди. Унда дўппили киши сурати ҳам илова қилинганди. Шундан кейин қадрдонлик бошланди. Ўзи ишлаётган ҳарбий билим юртида катта панно ишлатибди ва унга лавҳанинг сарлавҳасини узун қилиб ёздирибди.
“Зўр гап, — дерди у. — Тоғлар ҳаммани қабул қилавермайди”. Бу ҳолга, айниқса, альпинистлар кўп гувоҳ бўлишади. 1974 йилда саккиз нафар аёлдан иборат жаҳоннинг терма командаси 7127 метрли чўққига йўл олди. Марра муваффақиятли забт этилди. Фақат пастга тушаётганда кучли довул ва қор бўронига дуч келишди. Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, лагер қуришга улгуролмадилар. Ёрдамга борган қутқарувчилар бир неча метр қуйидан уларнинг сўнгги нафасларини радиосигналлар орқали билиб туришди. Қизларнинг ҳаммаси музгулга айланди. Бир сафар ҳамроҳларининг бирини тоғ кўчкиси олиб кетди. Жасадини топишнинг ҳам иложи бўлмади. Бир йилдан кейин уни келтириб дафн этишди. Ўзи ҳам от билан жарга қулаганди, фақат тасодифгина уни тирик сақлаб қолди…
Ана шу одам без бўлиб тураверади, хурсандлигини ҳам, хафалигини ҳам билдирмайди. Фақат одамлар дунёсига сингиб кета олмайди, ўзининг ёлғиз оламида, фақат ўзигагина маълум туйғулар оғушида яшайди. Одамовилиги табиатиданми, фаолиятиданми, ҳар ҳолда, шу ҳаёт тарзидан асло нолимас, ҳатто бундай ҳол баъзилар наздида эриш туюлишини мулоҳаза ҳам қилиб кўрмасди. Уни камёб мутахассис сифатида ҳарбий соҳага таклиф этишган, шўро давридаёқ тоғда ҳарбий тайёргарликлар юзасидан маърузалар ўқиган, курсантларни амалиётга бошлаб борган. Маърузалари асосида қўлланмалар яратган, дастурлар тузишда иштирок этган. Соҳага доир мақолалари ҳарбийларнинг нуфузли журналларида рус ва инглиз тилларида нашр этилган. Ҳатто бир мақоласи АҚШда босилиб, анча муҳокамаларга сабаб бўлган. Айни пайтда у яратган 4-5 китоб шу мавзуда асосий қўлланма ҳисобланади, уларга соҳанинг таниқли мутахассислари – фан докторлари, полковниклар ижобий тақриз ёзган.
Булар билан ҳам чегараланиб қолмай, учта мемуар китоб яратди. Уларнинг биринчиси “Дервиш в горах” (“Дарвиш тоғларда”, 298 саҳифа)ни 2011 йилда тайёрлаган ва саноқли нусхада чоп этган. Иккинчиси “Дервиш верен горам” (“Дарвиш тоғларга содиқ”, 404 саҳифа) 2015 йилда тайёрланиб, чоп этилган. Учинчиси эса босмахонада. Китоблар профессионал даражада жуда қизиқарли ёзилган. Ўз мавзуси жиҳатидан ҳам, жанр хусусияти жиҳатидан ҳам янгилик. Зоҳиран қоядек бу одамнинг гулдек қалби борлигини уларни ўқиганлар ҳис этади. Чиндан унда кўпларда учрайвермайдиган нодир хислатлар (албатта, қобилият) ва фанатлик (бирсеварлик) бор.
* * *
Қарама-қарши каравот қўйилган одми хонада сафар суҳбати давом этаяпти. Ўзига анча иссиқ кийим, ҳатто қуёшдан сақловчи кўзойнак олиб келган. Мен бу ашёларга қачон навбат етаркан, деган ўйда суҳбатдошимни тинглайман. У эса ҳаммасини унутган, нима бор-йўқлиги билан қизиқмайди ҳам, бирдан томдан тараша тушгандек:
— Ичишни ўргансамми? Уйда яшиклаб ичимлик ётибди, туғилган кунларимга олиб келишган, – деди. Гўё менинг жиғимга тегмоқчи бўлади (балки унинг тақир дунёсида аллақачон ортиқча туюлиб қолгандирман), мен эса пинагимни бузмайман. Яна авжига олади: — Шоирлар ичувчи бўлади-я? — Яна мен жим. Кўриб турибман, стол устида бутилкалар қатор тизилган, бири бўғзи баравар қизғиш суюқлик. Уни чанқовбосди деб ўйласам, чол қизилпойча (сариқгул, зверобой)ни спиртлаб қўйган экан. Лекин очай демайди. Баттар авжига олади: — Коньякларнинг энг зўри қайси? — деб тортмага ишора қилади. Унда ярми бўш шиша, биқинига “Тянь-Шан” деб ёзилган. Саволига эса ўзи жавоб беради: — Конъякларнинг энг зўри – греческий. Менда 74-йилда очилгани бор. Баъзан одамнинг ичгиси келиб қолади. Ярим пиёла уриб оламан. Қизитиб, яхши ҳузур беради. Гоҳ-гоҳ ичиб ҳам туриш керак.
Бу ўринда у қанчалик совуққон бўлса, мен шунча бепарвоман. Аммо сийқаси чиққан, “Оқидан урайлик”, “Жуфт бўлсин” сингари қийқириқлар янграб турувчи давралардан бу даврада кўпроқ файз бордек, бир кап-катта одамнинг болалардек мурғак, ғуборсиз дунёсини кузатиш мароқлидек туюлади. Сохта хушомад, умуман, ҳар қандай илтифотдан йироқ, ҳаммаси игнанинг учидек ҳисобли дунёда яшаган ва умрини ҳам игнанинг учида тургандек омонат ўтказган бу зот ҳатто меҳмонга оддий мулозиматни билмасди ёки билса ҳам атайлаб қўлламасди. Мен эса аллақачон уни зериктирганимни, тонг отиши билан сафарим қаришини сезиб турардим. Бу одамнинг “ичи” бўлиш, унга ҳамроҳлик қилиш жуда қийин эди. Ким ўзига “улфат” бўла олишини ўзи ҳам ҳис қилмас, умуман, ўзига яқин одам керак-керак эмаслигини билмас эди, чамаси.
Бироқ унда одамлик, аниқроғи, эркаклик инстинкти ўлмаган, тинимсиз уйланиш ҳақида гап очарди. Илгари ҳам бу ҳақда гапирган, мен “Ўзи парвозга шаймисиз?” деб кулги қилгандим. Икки-уч хотин билан гаплашибди, ҳатто бирини эслаб эзилиб юрди. Ҳаммаси пул сўрар, кейин этагини тутдирмас экан. Келини эса “Бир ошхонада икки аёл сиғмайди”, дебди. Энди бирданига уйли-жойли хотинни истаяпти. Эҳ, хаёлнинг чеки бўлмас экан-да. Ҳозирги аёллар оғритмай терисини шилиб, сомон тиқишини ва кўчага тирик тулупни қўйиб, ўтган-кетгандан пул ишлашини билмайди… Аммо кўп одамлар ана шунақа хом хаёлнинг қурбони бўлади, бир умр шамолни қопга қамамоқчи бўлгандек, таги бўш гап билан ўтиб кетади. Чолни қаранг. Қулоқ том битган, эти кетиб, суяги қолган, “хотин” дейди. Одам табиатининг қизиқлиги – ўн йиллар олдин йиғлаб юрган, қайғусини шеър қилган одам бугун Норпошша янгани эсламайди ҳам. Эҳтимол, хотинининг исмини ҳам унутгандир. Энг таниқли ҳайкалтарошга бюстини ясатганди. Бу нима, альпинистларга хос чўққидан чўққига йўлмикан ёки инсон табиатининг бўлгани шуми?
Қизиқ, иссиқ-совуғида бирга бўлган, ҳатто кексайган пайтида “Мен кетай, сизга товон бўлмай, сиз яшанг” деб илтифот қилган умр йўлдошини унутганга ўхшайди. Аммо…аммо тоғлар ишқи уни ҳамон тарк этгани йўқ. У тоғларга вафодор, уларни унута олмайди. Демак, ягона юрагини тоғларга берган бирсевар экан-да! Ҳозиргача чўққиларни бўйсундириб яшади, юзлаб экспедицияларда қатнашиб, ҳаммасида мақсадга эришиб қайтди. Чўққиларни забт этиш ҳавоси уни самоларга учирди. Ана шундай қанотли ҳислар оғушида ўзини ҳам, ердаги ташвишларини ҳам унутди, шекилли, нуқул тоғлар пайида бўлди. Энди тоғлар ундан йироқлаша бошлагач (аслида, имкониятлари чекланиб боравергач), атрофига қараяпти, замондошлари ҳаётини ҳисоб-китоб қилаяпти, ўз умрини, ўтган йилларини тарозига қўйяпти, шекилли. Яқинда асарлари библиографиясини тузибди: тўрт юзга яқин мақола, 6 ўқув қўлланма-дарслик, 3 мемуар… Аммо уларни “бозорга солиб, тарозига қўйиб” нархлатмаган экан: на илмий унвон, ҳатто ҳарбий даража ҳам йўқ. Ҳолбуки, у фан доктори ёки профессор бажарадиган ишни қилиб қўйган, генерал бўлмаса ҳам полковникка лойиқ одам. “Эҳ, — дейди қўлини бепарво силкиб, – на всё виновато моё благодушие…”.
Шу лаҳзада у менга худди қор одамдек туюлди…
У энди (қариб, имкониятлари чекланиб қолганда) чўққиларини саҳрода излар, шу туфайли ёлғиз ва нотавон эди.
…Эрталаб, ҳар қанча қаршилик қилмай, бир чақиримдан ҳам кўпроқ жойга – катта йўлгача илашиб келди. Мени кузатиб чиқдими ёки кетганимга ишонч ҳосил қилиш учун ёнимда бўлдими, билмадим, ҳар ҳолда, феъли мулойим (самимий деб бўлмасди), кайфияти хушчақчақ, қадам олиши бардам, руҳи тетик эди. Унинг бу қилиғини меҳмоннинг иззатини жойига қўйиб, ҳурмат билан кузатиб қўйиш деб бўлмасди. Унинг учун бу ҳаракат шунчаки бадантарбия, кунбошидаги сайр эди…
* * *
Ушбу ёзганларимни 90 ёшини нишонлаб юрган (у шу ёшга тўлганини муттасил такрорлайди ва бу уқтиришлар нишонлашдек туюлади), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Икром Назаровга кўрсатдим. У бир сидра танишиб чиқиб, “Менга ўхшаркан ёзган одамингиз”, деди дастлаб. Кейин кўзини қисиб, қувлик билан “Бу мен, менинг ярмим”, деди. Шу эътирофига ҳам рози бўлдим…
Ҳаким САТТОРИЙ.