Деновнинг бугунги салобати

Сўзимиз — бугунги Денов ҳақида. Унинг бетимсол кечмиши ҳақида ҳам. Қадимда Чағониён номи билан аталган ва не-не улуғ зотларга бешик бўлган бу қадим ва навқирон макон ёруғ кунларни, кўксини кўтарган, қаддини тиклаган кунларга бугун етди.

Деновга кимлар келиб, кимлар кетмади. Денов халқини эъзозлаган, унга бутун меҳрини берганни бошига тутди. Аксинча, тор манфаатларни ўйлаб, адолатдан ўзини узоқ тутганларни асло хушламади.

Яратганга шукурки, Янги Ўзбекистон пойдеворини яратиш, ўзбек юртини жаҳонаро ҳеч кимдан кам бўлмаган мамлакатга айлантириш мақсадида фаолият олиб бораётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ислоҳотлари Деновда ҳам бўй кўрсатмоқда.

Бугунги Деновни — Янги Денов дейиш мумкин. Чунки деновликлар олиб борилаётган бугунги ўзгаришлардан, янгиликлардан баҳраманд. Мустақиллик йилларида ўзига хос ривожланиш, чирой очган туман кейинги йилларда ҳар қачонгидан-да юксалиш, тараққиёт босқичига кўтарилди десак муболаға бўлмайди. Албатта, бу ўзгаришлар деновликларнинг фидокорона меҳнати ва давлатимиз томонидан берилаётган эътибор, қўллаб-қувватловлар туфайлидир.

Биз одатда қилинган ишларни, уддаланган режалару, амалга оширилган бунёдкорликларни эътироф этиш учун рақамларга тая­ниб сўз айтишни хуш кўрамиз.

Агар биргина кейинги 2-3 йил давомида Денов туманини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан ажратилган маб­лағларни рақамларда айтадиган бўлсак, бу шубҳасиз, шундай рақамларки, бунча катта маблағлар охирги 25 йил давомида ҳам туманга йўналтирилмаган бўлса, ажаб эмас.

Шунинг учун ҳам бугун нафақат туман марказини, кўчаларини, балки маҳаллаларини ҳам таниб бўлмайди. Муболағага йўйиш керак эмас-куя, узоқ-яқиндан келадиган меҳмонлар тугул, ҳатто шу туманда доимий яшайдиганлар ҳам ҳозирги ўзгаришлардан ҳайратларини яширолмай сўз қотганларини тез-тез эшитиш мумкин: Деновда бир ҳафта бўлмаган одам, янгиликлардан лол қолиши турган гап.

Ҳозирги пайтда туманга Илҳом Аброров раҳбарлик қилмоқда. У ёш ва жуда маърифатли инсон. Энг муҳими, изланувчан. Одамлар билан, Денов халқи билан жуда самимий ва маданият билан мулоқот қилади. Янги ҳокимнинг туман фаоллари билан ўтказган бир қанча йиғинларида бўлиб, кўнглим ёришди. Ҳалоллик ва камтарлик — олий фазилат. Ана шу фазилатни ўзида жо қилган инсоннинг ишида албатта барака бўлиши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат.

Бугунги Денов ҳар қачонгидан ҳам тадбиркорлар юртига айланди. Бир пайтлар фақатгина машҳур бозори билан тилга тушган бу замин бугун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналари билан ҳам Сурхондарёда ўз ўрнига эга. Тунов куни набирамизга харид қилинган бежирим бир кўйлакни олиб “қаерда ишлаб чиқарилган экан” десам, ўзимизнинг Деновда тайёрланган экан. Очиғи, бундан янги кўйлак кийган набирамдан ҳам кўра ўзим кўпроқ хурсанд бўлдим десам ишонаверинг. Ёхуд чиройли қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари дейсизми, маиший маҳсулотларни ё турфа хил қурилиш маҳсулотларими, барисида — Деновда ишлаб чиқарилган деган ёрлиқни кўришингиз мумкин.

Бу нарсалар бир пайтлар — орзу эди холос.

Агарда деновлик қишлоқ хўжалиги билимдонлари, боғдорчилик ёки машҳур чорвадорлари ҳақида сўз юритмоқчи бўлсак, узоқ ва хўп гапиришимизга тўғри келади.

Ҳа, мустақиллик берган олий неъматлар, беқиёс имкониятлар туфайлидир булар.

Ҳар ким ҳар нарса дейиши мумкин, албатта. Биринчи навбатда мус­тақиллик халқимизга ўзлигимизни, миллий қадрятларимизни қайтариб бергани айни ҳақиқатдир. Зеро, эъти­қодсиз инсон елкансиз кемага ўхшайди: беқарор тўлқинлар, турли оқимлар уни беармон сарсон қилади – манзил, мўлжал ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шўро замонида бизнинг аҳволимиз ана шундай эди. Зотан тарих, маданият у ёқда турсин, ҳатто оддий инсоний фазилатларга ҳам қандайдир чизиқлар тортилган эди.

Биз саксон йил, у ёғи билан бир юз олтмиш йил тарихимизни, яъни миллий бойлигимиз бўлган қадриятларимизни топташ, оёқ ости қилиш, азиз китобларимизни ёқишларини кузатишга мажбур бўлдик. Бу амаллар атиргул тиконлари шаклидаги жароҳатлар қолдиргани ҳам рост. “Ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баробар ёнгани” билан барибир нималардир қолар экан. Шукур, Истиқлолимиз туфайли топталган қадрятлар шитоб билан дунё юзини кўрмоқда. Шу ўринда тарихимиз, маънавиятимизга нойил айрим мушоҳадаларни билдиришимиз ўринли бўлар эди.

Биргина “Шажарайи турк” асари учун Абулғозий Баҳодирхоннинг олдидаги қарзимизни то қиёматгача узолмасак керак. Надоматлар бўлсинки, бундай ноёб манбалар кам ва бунинг учун бошни тошга уришнинг фойдаси йўқ.

Ваҳоланки, худди ўша замонларда ҳам, масалан, айтайлик ҳозирги Сурхон ўлкаси ўз ёзувига, ўз пул бирлигига эга бўлган давлат барқарор эди.   Бу заминда аждодларимиз бетакрор ҳайкаллар, соф олтиндан заргарлик буюмлари, тақинчоқлар ясаганларки, бу ноёб намуналарнинг олдида ҳозирги пайтда ҳам ҳар қандай унвонли мусаввир ва ҳайкалтарош ўрнидан туриб қуллуқ қилса ажаб эмас.

Тўғрисини айтганда, машҳур француз ёзувчиси Монтескьёнинг “Шарқда буюк шаҳарлар қурадилар-у, аммо унинг тарихини ёзмайдилар” деган иддаосига иқрор бўлмоқдан ўзга чора йўқ. Бўлмаса, Соҳибқирон доим ёнида зукко тарихчиларни олиб юрган, уларни меҳнатларига яраша рағбатлантириб турган, аммо ёзма манбаларда аниқ тарихий тафсилотларнинг камёблиги ҳақиқий ўтмишимизни билишга соя солади, лекин “бобом бозордан келмаганда шуям йўқ эди”, деганларидек, борига қаноат қилиб қўя қоламиз, чунки ҳатто Амур Темурдай Соҳибқирон ҳам бўлиб ўтган иш учун азият чекмас экан, шундай улуғларнинг олдида биз ким бўлибмиз!

Ўқиганимиз, академик Г.А.Пугаченкованинг “Холчаён” деган китоби бор. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари Тошкентда рус тилида чоп этилган. Китоб милоддан аввалги дастлабки асрларда тараққий этган, ҳаттоки гуллаб-яшнаган гавжум истиқомат манзили, бугунги ибора билан айтганда, бир шаҳар ҳақида маълумотлар беради ва ХХ асрдаги халққа қўшилиб бу шаҳарнинг номини “Холчаён” деб атаган муаллиф тафсилотларини баён қиларкан, ўша замонда   ёки милоддан бироз аввал ёзилган биронта ёзма манбага суянмайди.

Муаллифнинг асосий манбаси – археологик қазишлар чоғи топилган тангалар, тақинчоқлар, уй-буюм жиҳозлари, хумдонлар, устунларнинг таг курсилари,   пойдеворлар, хуллас, йигирма уч асрдан бери тупроқ тагида ётган буюм-ашёлар ҳисобланади. Олима топилган ашёларга қараб, тарихни, ижтимоий-сиёсий ҳаётни, диний урф-одатлар, истиқоматчиларнинг касб-кори, умуман, турмуш тарзини ва ундан бошқа жуда кўп тафсилотларни хаёлан тиклайди ва жуда тўғри қилган. Қарангки, ёзув бор, зарб қилинган тангаларга қирра бурунли юрт оғасининг тасвири тушурилган, демак, маданият, санъат юксак даражада   бўлса-да, ёзма манбалар – китоблар йўқ.

Ана энди Холчаённинг қаердалигини сўраганларга айтайлик: у бугунги Денов шаҳрининг кун чиқиш тарафида, Сурхон дарёсининг қирғоғида жойлашган. Худди ҳозиргидек илгари ҳам сув-ҳаёт, истиқомат манбаи бўлган. Олимлар Холчаённинг қуйироғида Сурхон дарёсининг Қизилсув дарёсидан қўшилган жойидан Будрач деган қадимий истиқомат манзили – шаҳар қолдиқларини топишган. Мутахассислар Будрачни Буддага нисбат берадилар. Демак, милоддан илгари бу ўлкаларда буддавийлик алоҳида мавқеига эга бўлган. Бу манзилдан Қизилсув дарёси бўйлаб юқорига юрсангиз Денов тупроққўрғонининг пойидан чиқасиз. Дарё тошқинлари ювиб кетиши натижасида ўпирилишлар чоғи чиққан ашёларга қараб олимлар бу Тупроққўрғон милоднинг III-IV асрларида барпо этилганлигини тахмин қиладилар.

ХХ асрнинг 60-йилларида Холчаён фақат қисман тадқиқ қилинди, чунки милоддан илгариги тарихимизга оид обидаларнинг устига турар-жойлар қурилган.

Тарих эса билганидан қолмайди, ўтмишни ер бағрига жойлаган қадимги Чағониён милоднинг иккинчи минг йиллигида ҳам муаззам салтанат сифатида барқарор бўлди: ўлмас Нақшбандия тариқатининг толмас тарғиботчиси ва комил намояндаси Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг Бухороий шарифдан келиб, Деновни ихтиёр этишларида ва умрининг сўнгги кунларигача бу қутлуғ масканда истиқомат қилиб қолишларида ҳам Аллоҳнинг буюк хизматлари намоён бўлади. Бу табаррук зотнинг “Атрофимдаги 18 фарсахни асрашга кафилман” деган кароматлари доим қулоқларимизнинг тагида жаранглаб тургандай бўлади. Бундан одамнинг аъзойи бадани жимирлаб кетади.

Венгриялик тарихчи ва сайёҳ Херман Вамбери ўз хотираларида “Мўғулларнинг истилоси юртни ва унга қўшиб маданиятни ҳам хароб қилди, шунинг учун Марказий Осиёда тасаввуф ривожланиб кетди”, – деган бир талқинни баён қилади. Биз бу талқинга зид бориб, кейинги минг йилликни Саодат асри деб атаган бўлар эдик. Чунки бу юртлар мўьжизалар майдонига айланди, бошқа фанларни бир ёққа қўйиб турайлик, фақат тасаввуфнинг камоли ва ундан кўнгил туядиган ҳайрат ана шундай сифатлашга ёрқин кафолатдир.

Еттинчи асрнинг йирик намоёндаси Низомий Арузий “Мажмаьнун-наводир” деган бир ажойиб китобида мана буларни ёзади: “Фаррухий сейистонлик бўлиб, Ҳалиф ибн Бонуга қарашли Ғулом Жулугнинг ўғли эди. Истеъдоди юксак даражада бўлиб, шеърни яхши ёзарди. Чанг ҳам чаларди. У сейистонлик деҳқонлардан бирининг мулкида ишлар, деҳқон берган маблағи унинг сарф харажатларини қоплаб турар эди. Фаррухий Халаф яқинларидан бирига уйлангач, харжи ошади ва бўйнига олахўржин тушиб, фақирлашиб қолади. Сейис­тонда эса унинг амиридан ўзга амир йўқ эди. Шунда Фаррухий деҳқонга: менинг сарфу харажатларим кўпайди, деҳқон лутфу карам қилиб ғаллани уч юз қайлга, кумуш пулни бир юз дирҳамга оширса, шунда менинг харажатимни қоплайди” — деб илтимоснома ёзади. Деҳқон эса илтимосноманинг орқасига: “Хоҳласанг, аввалгича ҳақ беравераман, ундан оширишга имкониятим йўқ!” деб жавоб ёзиб юборади.

Фаррухий буни эшитиб ғамга ботади. У келиб-кетувчилардан бош­­қа жойларда бирорта мўътабар кишининг бор ёки йўқлиги ҳақида суриштира бошлайди. Агар бўлса ўша кишининг ҳузурига бормоқчи бўлади. Охири Чағониёнда амир Абдулмузаффар Чағоний борлиги, бундай тои­фадаги одамларни тарбият қилиши ва бу хилдаги кишиларга ҳадя ҳамда қимматбаҳо совғалар инъом этиши, ҳозирги пайтда аср подшолари ва замон амирлари ичида бу соҳада унга тенг келадигани йўқлиги ҳақида хабар топади. Фаррухий бир қасида ёзади-да, ўша томонга қараб равона бўлади:

Либос карвони билан жўнадим

                             Сейистондан,

Либосим ипи дилим,

                    матоси эса жондан…

Ҳақиқатан ҳам бу шундай қасида   эдики, ундан шеър васфи ниҳоятда чиройли адо этилган, мадҳиянинг ўзи эса гўзалликда тенгсиз эди. Шундай қилиб, у йўл ҳозирлигини кўргач, Чағониёнга қараб жўнайди. Чағонийлар саройига етиб келган вақтда баҳор фасли бўлиб, ҳар бир биянинг орқасида тойчоғи бор эди. Амир ҳар йили доггоҳга чиқар ва тойчоқларни тамғалар эди.

Амирнинг қадхудоси Амид Асад саройда қолган бўлиб, амирга олиб бориш учун зиёфат неъматларини ҳозирлар эди. Фаррухий унинг ҳузурига келиб қасидасини кўрсатади. Хожа Амид Асад фозил киши эди ва шоирларни ёқтирарди. Фаррухийнинг шеърлари латиф, ёқимли, чиройли ва устодона ёзилгани, аммо унинг ўзи беўхшоф, либосининг орқа-олди йиртилган, бошида катта сейистоний салла, ковуши эски, оёғи кир, шеъри юксакликда еттинчи осмонда эканини кўриб, мазкур шеърларни сейистонлик ёзганига ишонмайди. Уни синаб кўриш мақсадида: “Амир ҳозир доггоҳда, мен унинг ҳузурига бормоқчиман, сени ҳам ўзим билан билан дог­гоҳга олиб кетаман, доггоҳ шундай чиройли жойки, сен унда сабзавотлар оламидаги бошқа дунёни кўрасан, ҳамма ёқда чайлалар, юлдуз каби чироқлар.

Чодирларнинг ҳар биридан руд овозлари келади, дўстлар жам бўлиб шароб ичишади ва базму жамшид қилишади. Амирнинг доггоҳи олдида ҳар бири осмонга ўрлагудек гулҳан ёқилган бўлади. Бу ерда тойчоқларга тамға босишади. Подшонинг эса бир қўлида шароб, бир қўлида каманд. Шароб ичиб, одамларга от инъом қилади. Шу ҳолга мослаб қасида ёз, доггоҳни васф қил, сўнг сени ҳам ўзим билан бирга амирнинг ҳузурига олиб кетаман!” дейди. Фаррухий чиқиб кетади ва тунда ажойиб қасида ёзиб, тонг саҳарда   Хожа Амид Асад ҳузурига келади. Ўша қасидадаги бир байт ушбудир:

Кўк ҳарирдан юзига ёпгач

                           рўмолни сабзазор,

Етти хил ранг парнаёни

                  бошга солди кўҳзор…

Хожа амир Асад бу сатрларни эшитиб ҳайрон қолади. Негаки, бунга ўхшаган қасидани асло эшитмаган эди. У барча ишини йиғиштириб, Фаррухийни отга миндиради-да, амир сари равона бўлади. Кун ботиш олдида амирнинг ҳузурига етиб келиб, унга: “Эй олампаноҳ, сенга бир шоирни олиб келдим” дейди-да, бўлган воқеани айтиб беради.

Амир Фаррухийни ўз ҳузурига киришга рухсат этади. Фаррухий унинг ҳузурига кириб таъзим қилади, амир қўлини чўзиб, ўтириш учун жой кўрсатади, ҳол-аҳвол сўраб, эьзозлайди, илтифотлар кўрсатади. Фаррухийнинг кўнглида умид учқунларини ёндиради. Қадаҳ ўртада бир неча бор айлангач, Фаррухий ўрнидан туриб, ҳазин, аммо ёқимли овоз билан бу қасидани ўқийди:

Либос карвони билан жўнадим

                               Сейистондан…

У қасидани ўқиб бўлгач, шеърни яхши тушунадиган ва ўзи ҳам шеър ёзиб юрадиган амир бу қасидага лол қолганини айтади. Амид Асад: “Эй, олампаноҳ, сабр қил, ҳали бундан ҳам яхшироғини эшитасан!” — дей­ди. Шундан сўнг Фаррухий то амир маст бўлмагунча ҳеч нарса демай, жим ўтиради. Кейин ўрнидан туриб, доггоҳ ҳақидаги қасидасини ўқиб беради. Амир қаттиқ ҳайратга тушади ва шу ҳайрат ичида Фаррухийга қараб дей­ди: “Минг тойчоқ олиб келишган. Ҳаммасининг юзи оқ, Хатлон зотидан. Сенга ихтиёр бердим, сен Сейистонийсан, чапдаст кишисан, қанча тута олсанг тут, бари ўзингники бўлади!”.

Шароб Фаррухийга қаттиқ таъсир қилган ва уни тамоман элитган эди. У ташқарига чиқади, бошидан салласини олиб, ўзини от уюри ичига уради, бир гала тойчоқларни олдига солиб дашт томон қувиб кетади. У ўнгу сўлга югурар, тойчоқларни тинимсиз қувар, аммо бирортасини ҳам тута олмас эди. Охири ўрда ёнидаги вайрона работга дуч келади. Тойчоқлар ўзларини работ ичига уришади. Фаррухий қаттиқ чарчагани учун боши устига салласини қўйиб работнинг йўлагида қаттиқ уйқуга кетади. Тойчоқларни санашса, улар қирқ иккита экан. Буни амирга хабар қиладилар. Амир роҳат қилиб кулади, сўнг таажжубланиб дейди: “Толейи кулган киши экан! Уни ҳамда тойчоқларни эҳтиёт қилинглар! Уйғониши билан менга хабар беринглар!”

Подшоҳнинг амрини бажарадилар. Эртаси қуёш чиқиши билан Фаррухий уйқудан туради. Амир ундан олдинроқ уйғониб, бомдод намозини ўқиб бўлган эди. У Фаррухийни қабул қилиб, меҳрибонликлар кўрсатади. Тойчоқларни эса унинг одамларига топширади. Амир Фаррухийга ясатилган от, иккита чодир, учта хачир, бешта қул, кийиш учун либос ва тунаш учун гилам инъом қилади. Унинг хизматида Фаррухийнинг ишлари юришиб кетади ва аъло даражага етади.

Сўнгра у Яминуд Давла Маҳмуднинг хизматига боради. Султон Маҳмуд унинг шон-шавкатини кўргач, ҳурмат назари билан боқади. “Шон-шавкатни шу даражага етказадики, уни йигирмата кумуш камарли ғулом отда кузатиб юрадиган бўлади”. Бу тафсилотлар   талқинга муҳтож эмас, энг муҳими, Чингизхон босқинидан олдин чағониёнликларнинг қандай одамлар бўлишганини   ва улар қандай истиқомат қилишганини бир кўз олдингизга келтирсангиз бўлди! Ушбу узундан-­узоқ ҳикоятни шу мақсадда батафсил баён этдик.

Хуллас, бундан минг йиллар нари-берисидаги чағонийликлар ана шундай одамлар бўлишган ва уларнинг барини ҳам ХХI асрнинг бўсағасидан туриб эҳтиром билан тилга оламиз, зотан, ўтмишни таҳрир қилиб бўлмайди. Айтишларича, ҳар қандай азамат дарахтнинг ҳам бўйи унинг томирига баробар бўйлар экан, Деновнинг бугунги салобатини ҳам унинг 2300 йиллик муҳташам тарихи билан изоҳлагим келади. Ўзингиз биласиз, илдизлари чуқур кетмаган дарахтни салгина ҳамла билан йиқитиш мумкин. Денов деган дарахт ҳақида эса бундай деб бўлмайди.

Худди мамлакатимиз сингари, Сурхондарё заминида ҳам ёмон жойнинг ўзи йўқ. Чунки бир муборак ҳадисда айтилишича, Аллоҳ ҳар кимга ўзи таваллуд топган манзилни бошқа   жойлардан афзал кўрсатиб қўйган. Агар шундай бўлмаганида, масалан, термизликлар ўйлаб ўтирмасдан, хушҳаво ва хушманзара Деновга кўчиб ўтишарди. Ёки бўлмаса, олти ой қуёш кўринмагани билан, Шимолий Муз океани қирғоқларида истиқомат қиладиган нанайлар, дунганлар, чукчалар учун қорбўронлари тинмайдиган музликлар, барибир, уларнинг кўзига иссиқ кўринади. Бу ҳақда бежиз севимли шоиримиз Абдулла Орипов қиёмига етказиб “Ўзбекистон” шеърида ёзмаган эди.

Лекин, шундай бўлса-да, Деновни биладиган ёки бўлмаса, бу ерга келиб, бозорларини кўрган ва деновлик­лар билан ҳамкорлик қилган биронта одамга Денов ҳақида гап очсангиз, бунинг устига, ўзим ҳам Деновданман десангиз, “О-о, Денов, бу Денов!” деб севинчиини яшира олмайди. Шубҳасиз, бу ҳайратларни шарҳлаб, талқин қилиб бўлмайди. Биласизми, Деновнинг одамлари бошқа ерларнинг одамларига ўхшамайди, аммо бу сифат шарҳга, талқинга муҳтож. Минг афсуски, бунга қалам ҳамиша ожизлик қилади.

Тоғнинг устида турган одам унинг юксаклигини ҳис қилмагани сингари, Деновда истиқомат қилиб турган киши бу шаҳарнинг ноёблигини доим ҳам англаб етавермайди. Унга бошқаларнинг кўзи   билан ёки четдан туриб қараш керак, шунда у бутун салобати ва беандозалиги билан ҳузурингизда намоён бўлади. Камина бу ҳақда кўп ўйлаганман ва ҳозир бир гап айтаман: биласизми, Деновдан аллақандай… жозиба бор ва ижтимоий маъно-моҳиятга эга, кўп кузатувлардан сўнг бир ҳақиқатга иқрор бўлганман. Юқоридаги айтиб ўтган фикрни яна такрорлашни лозим топгандай бўламан: Деновда нопок ва номард, бунинг устига бирозгина ёлғон ҳам айтадиган одамнинг иши юришмайди, амал-тақал қилган тақдирда ҳам топ­ганида барака, турмушида ҳаловат бўлмайди, яхши, яни мунофиқ бўлмаган одамни эса Денов бошига кўтаради.

Деновда машҳур инсонлар, жамоат арбоблари оз эмас. Ўзбекис­тон қаҳрамонлари, машҳур шоир ва ёзувчилар, таниқли санъаткорлар, мамлакатимиз халқи биладиган йирик тадбиркорлар бор. Уларни номма-ном санамасак ҳам ҳамма яхши билади.

Сўзимизнинг бир жойида Чағониён (ХI аср) амири Абдулмузаффар Чағонийнинг назмни яхши тушуниши ва ўзи ҳам гўзал шеърлар ёзишини эслаган эдик. Буни қарангки, бу анъана давом этмоқда-бугун зиёлилар орасида “Денов адабий муҳити” деган ибора эҳтиром билан тилга олинади. Деновга элликдан ошиқ ижодкорнинг яшаб истиқомат қилаётганининг ўзида ҳам катта маъно бор.

Ўзбекистон ФА академиги, физика-математика фанлари доктори Назар Тўраев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артис­ти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ бахшиси Бобарахим Маматмуродовларнинг Деновнинг фарзанд­лари эканлигини айтмасак бўлмайди.

Адабиёт йўналиши бўйича Деновлик 4 та шоира қизлар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари. Булар-Феруза Қурбонова, Шахноза Турсунова, Фарида Тош­пўлатова, Дилрабо Норқуловалар. Шоира қизларимиз билан хақли равишда фахрлансак арзийди.

Сўзимизнинг кўп қисмида атай Денов тарихига, бой ва бетакрор ўтмишига урғу бердик. Негаки, ўтмишини улуғлаган, билган, эъзозлаган юртнинг эртаси ёруғ, нурафшон бўлади. Бугунги Деновнинг Деновлиги, салобати ана шундан.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

“Дўстлик” ордени соҳиби,

Денов туман Маънавият ва

маърифат бўлинмаси раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + fifteen =