Китоб — маънавий таянч
Китоб ҳақида айтилмаган янги гап деярли қолмагандир. Аммо тараққиёт ўзининг паст-баланд эврилишларида бу мавзуни турли ўлчамларда кўндаланг қўйиб келган. Ҳеч нарса янгилик ҳисобланмайдиган бу кўҳна дунёда “инсоният яратган энг сўнгги мўъжиза”га тескари муносабатлар ҳам бўлгани рост. У улуғланишдан ташқари хўрланган, топталган, жумладан, ёқилган (вақтида Бухородаги бир ғишт заводи ойлаб китоб ёқиб ишлатилгани эсланади), бироқ қуёш барҳақлиги мисоли у маънавият хазинаси, тафаккур машъаласи сифатида, умуман, қоғозларга сиғмайдиган таърифлар асносида қайта тан олинаверган, шу йўсинда одам фарзандининг доимий ҳамроҳига айланиб қолган. Қолаверса, китоб Яратган томонидан мўъжизалар билан қувватлантирилган инсон қавмлари – Пайғамбарларнинг энг сўнггисига ато этилган энг сўнгги мўъжиза сифатида ҳам эътироф этилади. Бу жиҳатдан мусулмонлар китобга икки карра яқинлар.
Одамлар нега китоб ўқимайди?
Бу савол айни кунларда жуда долзарблик кашф этди (истисно тариқасида бутун ер юзи ҳамон китобга ошнолигини, фақат бизнинг диёрда, яъни бир пайтлар илми билан дунёни лол қолдирган ўлкада ташвишли ҳолат юзага келганини таъкидлаш ўринли). Ҳа, ўтмиш шуҳратлари ўз йўлига экан, улуғ аллома Беруний таъкидлаганидек, “Чириган суяк ифтихор бўла олмайди” экан! Бугун кутубхоналар қисқариб кетди, китоб дўконлари ёпилиб бормоқда, китоб савдоси деган тизим бутунлай барбод бўлди.
Кутубхоналар нурафшон гўшалараро зулматхонага айланди, ҳеч ким қадам қўймайдиган қўрқинчли жой бўлиб қолди. Кўчада китоб кўтариб юрган кишини кўрганлар, ажабсиниб: “Ақлдан озганми, ҳалиям китоб кўтариб юрибди-я! Биз телефонга ўтганимизга анча бўлди” тарзида мулоҳаза қиладиган бўлишди. Хуллас, “меҳмондўст ва меҳнаткаш” халқимиз китобдан Азроилдан қўрққандек, тирақайлаб қочадиган бўлиб қолди.
Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганимиз йўқ. Одамлар орасида пиёда юриб, улар билан ҳамнафас бўлиб, жойларда китобга муносабатни кўриб, вазиятни шундай ифодалаяпмиз. Ҳолбуки, бундан ортиқ кўргуликлар ҳам рўй бериши эҳтимоли бор. Масалан, икки-уч юз, ҳатто ундан ҳам кўп аҳоли яшайдиган туманда битта(!) китоб дўкони бўлмаслигини қандай тушуниш керак? Ҳолбуки, ҳар қадамда …дорихона ва емакхоналар (гўёки, аҳоли очиқиб ўрнидан туради-да, емакхонага ўзини уради, кейин аптекага киради ёки тескариси!). Мабодо шундай яшаш тарзи таркиб топган бўлса, бу ҳолда улкан мақсадлар ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Ҳолбуки, ҳақиқатан ҳам шундайга ўхшайди…
Сиртдан қараганда, бу ҳол жўн нарсадек туюлиши мумкин: нима қилибди, халқ билганини қилади-да ёки кўнгли тусаганига хумор бўлади-да?! Аммо ер юзи айвони жуда кенг эканини ва унда дорига муккасидан кетган ва еб-ичишдан бошқасига ярамайдиган қавмлар билан бақамти оламгирлик васвосига чалинган, кўринган нарсани ютаман, ер юзига танҳо ҳукмдор бўламан, деб юрган қавмлар ҳам борлигини, шу васвосини амалга ошириш учун ўзларини тинмай чиниқтириб, ҳар жиҳатдан (ақлан, жисмонан, ҳарбий) тайёрланиб юрганини ва бу азалий кураш бир зум тўхтамаслигини мушоҳада қилиб кўрсак, ғофил бандалар (айниқса, маърифатдан йироқ тўдалар) бундайларга тайёр нону ош эканлиги кундек равшан бўлиб қолади. Ахир инсон маърифати, яъни илми билан кучли, илмни эса биринчи навбатда китоблардан (ва кейин бошқа манбалардан) олади.
Ана шундай қалтис вазиятда ҳаммасини четга суриб қўйиб, эртанги тақдири юзасидан бир лаҳза ҳам ўйламай, ўзини маишатга уриш – жиддий парадокс ҳодиса ва унинг илдизлари анча чуқур бўлиши шубҳасиз. Бир истисно ҳолат: китобхонлик йўқ бўлиб кетаётганлиги ҳақида роса бонг урилди, кескин, муросасиз фикрлар билдирилди (ҳатто бир мақолага “Нур ичра зулмат” деб сарлавҳа қўйилди; ҳолбуки, тинимсиз мақтовлар ёғдирилаётган жамиятнинг эгалари, яъни ҳушёр кучлар бўлганда “Сен туҳмат қилаяпсан” деб айюҳаннос соларди (Шўро тутумларини эслаб кўринг!). Демак, шунчаликка борилган экан, бу ҳол ё тизимли режанинг оқибати бўлади, ё ҳамма келажак олдида лоқайд. Ана шундай мулоҳазаларни тарозининг бир палласига жойлаштирайлик-да, иккинчисига масалани жўн ифодалайдиган саволни қўяйлик: хўш, одамлар қандай ҳолатда китоб ўқишни хоҳлайди (хоҳламайди, эмас)?!
Саволга батафсил жавоб олиш учун масалани теранроқ муҳокама қилайлик. Демак, китобнинг фойдаси ҳақида етарлича ваъз ўқилган, ташвиқот қилинган, шундай бўлгач, унинг “фойда”си ҳақидаги ҳар қандай гап ортиқча. Фақат вазиятни атрофлича тасаввур қилиш учун бир ҳолатни кўз олдимизга келтирайлик: одам… ташна, неча кунки оғзига томчи нам тегмаган, лаблари қуруқшаб, ёрилиб кетган. Аммо бир қадам нарида ариқ тўлиб сув оқаяпти. Одам сув ташналикни қондириши ҳақида роса кўп эшитган, билади, аммо бу ҳузурни ўзида синаб кўрмаган. Шу туфайли ариққа интилмайди, десак, тўғри бўладими?! Ҳа, ташналикни қондирувчи сув ҳақида керагидан ортиқ маълумотга эга бўлиш бошқа экан, уни жисмида синаб, эшитганларини тасдиқлаш, ичиб, чанқоғини қондириш бошқа экан.
Энди истисно ҳолатлар: одам ташна бўлмаслиги мумкин ёки ташналигини ариқнинг сувидан эмас, бошқа манбалардан (олайлик, ҳар хил суюқликлардан) қондириши мумкин. “Ташна бўлмаслик”ни муҳокамадан чиқариб ташлайлик (маърифатли дунёда китобга эҳтиёж сезмаслик мумкин эмас, агар шундай бўлса, ул зот “икки оёқли онгсиз махлуқ” (Узр!) – ташналикни табиий ҳолат тарзида қабул қилайлик). “Бошқа суюқликлар”ни, ташналикни қондиришнинг ягона усули сифатида сув тавсия қилинганини (дейлик, илоҳий ҳолатда) инобатга олиб, бу ҳолни ҳам рад этайлик. Энди фақат “сувни ихтиёрий рад этиш” ҳолати қолаяпти. Ташна одам, гарчи қўл етадиган жойда сув бўлса-да, уни қабул қилмаяпти! Мана, ҳолатнинг аниқ манзараси!
Бинобарин, энди сувнинг фойдаси ҳақида етарлича тушунчага эга бўлган, фақат бу ҳақда яхши гап эшитган (чунки ҳали бирор киши китобнинг зарари ҳақида гапирганига гувоҳ бўлмадик) чанқаган одамнинг ўжарлик, гумроҳлик, ҳатто улардан ҳам баттар қайсарлик билан сув ичмаслиги нимага олиб боради!? Мана, моҳият! Биз бу мулоҳазаларни ибтидоий одам ёки уч-тўрт юз йил олдинги ҳолатни назарда тутиб эмас, айни тараққий этган ХХI аср кишисини назарда тутиб баён этаяпмиз, негаки, умуминсоният тажрибаси ҳамон китобхонлик авжида эканини, китоб дўконлари гавжумлигини, китоб тарғиботи, китоб савдоси энг даромадли соҳалардан эканини тасдиқламоқда (фақат бир “жаннатмонанд ўлка”да барчаси аксинча!). Бизда эса…”Интернет чиқди, газета-журнал керак эмас, телефон бор, китобга ҳожат йўқ” деган ажабтовур тутуриқсиз, антицивилизациявий қарашлар урчиб кетди. Мабодо уларни атайлаб тарқатишмаяптими?
Демак, китоб ўқимасликнинг биринчи бош сабаби – беихтиёр, шабкўрларча ўзини жарга томон бошлаш экан, яъни “Йўқ бўлишни истаган одам ўзини илонга чақтиради” деганларидек. Тарихий ва замонавий мезонлар билан тасдиқланган ҳақиқатлардан воз кечиш, масалан, китоб ўқимаслик худкушликка ўхшаб кетади. Фақат жисмоний эмас, маънавий, руҳий суицид! (Дунёга тўйган одам ким? Барча умидларидан мосуво бўлган, ҳатто дунёда адолат, ҳақиқат борлигига ишончини йўқотган бечора эмасми?)
Биринчи сабаб ва унинг нимага тенглигига тўхталдик, энди навбати билан кейинги сабабларни таҳлил қилайлик.
Китоб ўқиш учун маълум руҳий тайёргарлик керак. Китобни варақлаб, саҳифага қараб ўтирган билан мақсад ҳосил бўлмайди. Ёки чалкаш тушунчаларни, мураккаб воқеаларни, мавҳум тақдирларни сўзма-сўз ўқиб, уларни ҳазм қилиш учун катта ички куч талаб қилинади. Китоб ўқиб юрганлар билади, мутолаа ҳам худди жисмоний меҳнатга ўхшайди. Одамнинг ички аъзолари фаол ишлайдими ёки жисм қандайдир юкламани ҳис қиладими, китоб устида мук тушиб, қимирламай ўтирилса ҳам тезда очликни ҳис этасиз, мушаклар тортишиб, чарчоқ сезилади. Демак, мутолаа жараёни бутун тана орқали ўтади, ҳамма узвлар ишлайди ва қувват йўқотади. Шунингдек, ўқишдан ҳосил бўлган “фойда”лар (шунинг учун тиришаяпмиз-ку!) зоҳирда эмас (масалан, юз шишиб, бармоқлар каттариб… дегандек), балки ботинда акс этади.
Файласуфлар “онг ости сезгиси” деб атаган маскан (лаборатория)да ўқиганларимизнинг шираси синтез қилинади (психологлар онгни ҳам миянинг маҳсули, у суюқлик ҳолида бўлади, дейишади), онг ости эса “шафқатсиз қози” ҳисобланади, яъни унда бутун борлиғимиз кўзгудек акс этиб туради. Гарчи биз зоҳиран (ташқи томондан) ҳамма қилиқларимизни ошкор қилавермасак-да (ёлғон гапираётганимиз, бировга хиёнат қилганимиз, ўзимиз муттаҳам эканимиз…), мазкур, умуман, барча ҳолатлар онг остида акс этиб тураверади ва баъзан виждонга мурожаат қилганимизда, бизни аёвсиз қийнайди, безовта қилади…
Бу узун мулоҳазадан мурод шуки, китоб – янги соғилган сутдек тоза, шафақдек ҳарир, тонгдек мусаффо бойлик ва ўзига ҳам шу даражада туриб муносабат билдиришни истайди (шунга мажбур қилади). Демак, поклик пок муносабатни талаб қилади. Энди, тасаввур қилинг, ёлғонни ямламай ютадиган ёки қўли ҳам, дили ҳам булғаниб кетган одам ўшандай покликни даъво қила оладими ва мантиқдан келиб чиқсак, пок, ҳарир, мусаффо ашё – китобни қўлига ола биладими?! Мабодо, олганида қўли лахча чўғ тутгандек куйиб кетмасмиди?! Ҳайҳот, шундай қилганда эди, онг остидаги “қози” ғалаён қилиб, вужудни парчалаб ташларди. Бундай одам китобни қўлига олмайди, ҳатто ундан Азроилдан қўрққандек тирақайлаб қочади! Ахир ким ўзини билиб, кўриб туриб ўтга-чўққа уради? Мана, манзаранинг моддий ва жўн манзараси!
Китобни қўлга олиш – юксак маънавий ҳуқуқ, бу кўзга кўринмас ҳуқуқни унча-бунча одам қўлга кирита олмайди. Китоб қўлга олинмаётган экан, унинг муҳим сабабларидан бири – бу қўллар пок эмас! Ахир ҳар бир куни ёлғонсиз ўтмайдиган, бировни алдаб, ёлғонни сув ўрнида симириб, пулини шилиб оладиган ва… бошқа қинғирликларни қиладиган одам қўллари тоза эканига ўзи ҳам ишонмайди. Бундай қўлдан эса китоб қочади, мажбуран тушиб қолганда ҳам сеҳрини, сирини очмайди!
Овқатга иштаҳа — ошқозоннинг талаби. Маънавиятга эҳтиёж эса қалб истаги! Китоб ўқиган одамда онг ости сезгисининг ривожланиши орқали қалб доим уйғоқ, ҳушёр бўлади, у суҳбатдошининг кимлигини, даражасини тез ажрата билади, баъзи нарсаларни башорат қила олади. Масалан, ёмғир ёғиши-ёғмаслиги, ўтиннинг (ҳўл-қуруқлигига қараб) ёниш-ёнмаслиги… сингари жўн нарсаларни. Шунинг учун китоб ўқиш онг ости “озуқаси” саналади. Қолаверса, психоаналитиклар онг ости қўзғалишлари (“онгсиз қилиқлар”) хулқни, феъл-атворни белгилайди, деб ҳисоблашади. Демак, китобдан юз ўгириш ботиндаги жами манфий жараёнларнинг ҳосиласи сифатида феъл-атворда, яъни хулқда намоён бўлади. Бундай одам ҳеч қачон ўз ихтиёри билан китобхон бўла олмайди!
Истисно ҳолат, яъни бундай вазиятдан чиқишнинг йўли нимада? Маълумки, мусулмончиликнинг фарз амалларидан бири сифатида намоз буюрилган. Намоз ҳолати муслимнинг дунё (ташвишлари)дан узилиши, Яратган билан яккама-якка қолиши. Унинг қатъий одобларидан бири – жойнамозга ўтиришдан олдин таҳорат олиш. Таҳорат шунчаки баданнинг маълум қисмини поклаш учун олинмайди, таҳорат ҳам физиологик жиҳатдан майин муолажа, ҳам ўзини руҳан шу мулоқотга тайёрлаш жараёни бўлади. Агар бу амал бажарилмаса, намозхон ўз амалига қойим бўла олмайди, яъни намозини кутилган даражада адо эта олмайди. Энди бутун олам асроридан (намоз сингари ибодат амаллари-ю, ҳатто динларнинг ўзи, Худо, умуман, коинот ҳолати юзасидан) фикр юритувчи улкан ва теран маънони жамлаган Китоб билан юзма-юз бўлиш ҳам худди шундай покланишни, пок руҳий ҳолатни талаб қилиши сир бўлмаса керак… Кимки бу даражада эмас экан, унинг китоб қўлига тутиши амри маҳол.
Нуфузли манбаларда банданинг вужудида Оллоҳнинг маскани, дея таърифланадиган, ботиндаги жами синоатлар акс этиб борадиган, унинг эшигида “онг ости сезгилари” дидбонлик қилиб турадиган мўътабар даргоҳ – Қалб ташна бўлиб, маънавиятга, яъни китобга эҳтиёж сезганда, одам қўлига китоб олади. Аксинча бўлса, қалб чанқоғи қонмайди, у қуриб, қашшоқлашиб бораверади ва охирида “тақир саҳро”га айланади. Энди бундай одам ўзини моддий лаззатлар билан овунтиради ва гўё яшаётганини, тириклигини шу орқали намойиш этади. (Шу хилдаги зотларнинг нима исташи ва улар нимага “қодир”лиги бугунги жонли ҳаётимизда намоён бўлаяпти…)
Ҳаким САТТОРИЙ.