Қадринг баланд бўлсин, ОНА ТИЛИМ
Она тили – бу миллатнинг руҳидир. Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Инсон қалбига барча фазилатлар, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Шарқнинг улуғ алломаси Кайковуснинг “Қобуснома“ асарида “Сўзни бағоят улуғ билгил“ деб айтган ҳикмати учрайди. Сўз, тил бениҳоя буюк қудратдир. Ўзбек тилининг шону шавкати, туганмас куч-қудрати башариятнинг ақлий ва бадиий хазинасидан жой олган жуда кўплаб асарларда мужассамдир. Бу тил шаънини аждодларимиз ҳамма замонларда сарбаланд этиб келганлар. Амир Темур мағлубият нелигини билмас қўшинига шу тилда қўмондонлик қилган. Соҳибқирон тиғи етмаган жойларни Навоий шу тилда забт этган.
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси вакиллари, турли идора ва ташкилотлар, вазирликларнинг мутасаддилари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб сарой фойесида ташкил этилган она тилимизнинг нуфузи, ўзбек тилининг мавқеини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларни намойиш этувчи кўргазма билан танишдилар.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Табрикда таъкидланганидек, она тилимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидек нуфузли тузилма минбаридан янграши ўзбек тилининг дунё миқёсидаги обрўси ва нуфузининг тобора юксалишида, жонажон тилимизни ўрганишга бўлган қизиқишнинг тобора ортишида асосий омил бўлмоқда.
Дарҳақиқат, она тилимиз бизнинг борлигимиз, миллат, давлат, ягона халқ сифатидаги бирлигимизнинг ўзига хос кўзгусидир. Мамлакат ҳаётидаги янгиланиш жараёнлари она тилимиз ривожига қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Президентимиз ташаббуси билан она тилимиз ривожига доир миллий қонунчилигимиз янада такомиллашди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият олиб бормоқда.
Мазкур тузилмалар она тилимизни кенг тарғиб этиш, уни ўрганиш, ўзбек тили тараққиёти билан боғлиқ барча ишларни самарали йўлга қўйишга оид турли лойиҳалар, китоб ва луғатлар нашри, тил тарғиботи бўйича жонбозлик кўрсатаётган устозларни рағбатлантириш юзасидан тизимли ишларни олиб бормоқда. Барча вазирлик ва идоралар, ташкилотларда иш юритиш жараёни тўлиқ она тилимизда олиб борилмоқда.
Мамлакатимиздаги етакчи илмий муассасалар, марказларда, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек тилини наинки мамлакатимиз, балки дунё миқёсида тарғиб этиш борасида кенг қамровли ибратли ишлар олиб борилмоқда.
– Мана бир неча йилдирки, мамлакатимизда 21 октябрь жуда халқона тарзда, ҳақиқий байрам сифатида нишонланмоқда, – деди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Она тилимизни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини одамлар дилдан англамоқда. Давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига табригида бу борадаги масъулиятли вазифалар мужассамдир.
— Мамлакатимизда она тилимизга давлат тили мақомининг берилиши, унинг мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, ёшларнинг Ватанга бўлган меҳру муҳаббатларини кучайтиришга хизмат қилади, — деди педагог Мастура Болтабоева. — Бу сана она тилимизни асраш йўлида барчамиз бирдек масъул эканимизни англатади. Президентимизнинг байрам муносабати билан табригида бу борадаги вазифалар белгилаб берилган. Зеро, ҳар биримизнинг ўзимизга, ўзлигимизга бўлган ҳурматимиз тилга бўлган муносабатимиз билан белгиланади.
Маънавий ва маърифий кечада «Ўзбек тили жилолари» номли видеолавҳа орқали она тилимиз ривожи йўлида меҳнат қилган устоз ёзувчи ва шоирлар, санъат дарғаларининг ижодидан намуналар акс эттирилди. Шунингдек, мамлакатимизда истиқомат этаётган турли миллат вакиллари ўзбек тилининг ўз ҳаёти ва тақдирида, ютуқларга эришишдаги аҳамияти хусусида сўзладилар.
Улкан монитор орқали жаҳоннинг турли мамлакатларининг ўзбек тилини тадқиқ этаётган олимлари, тилшунос мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари, она тилимизга ҳурмат ва эҳтиромли муносабати он-лайн тарзда намойиш этилди.
Концертда она тилимизнинг жозибасини кўрсатиб берувчи шеърлар, дилбар куй-қўшиқлар ижро этилди. Чиндан ҳам бу байрам миллийлигимиз, ўзлигимиз, янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг маънавий қиёфаси сифатида ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган айёмдир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли,
“Hurriyat” мухбири.