Олтин куз тараннуми

Ҳар фаслнинг ўз таровати бор. Баҳорда Она замин яшил либосида солланса, куз ўзининг тилларанг жилосини кўз-кўз этади. Ҳа, кузнинг чиройи ўзгача. У руҳга ором бағишлайди. Биласизми, дарахтлар баҳорда кўз ёрадиган куртакларини аслида кузда дунёга келтирар экан. Демак, ҳаёт давомийлигидан даракдир бу фасл. Куз интиҳо эмас, аксинча ҳаётнинг бошланишидир. Япроқлар узра сайр этаётган қуёшнинг заррин нурларида қувноқ болажонларнинг беғубор нигоҳини уқади киши. Боғлардан болаларнинг шодон ҳайқириғи эшитилади…

Табиийки, мактабларда саховатли фасл билан боғлиқ тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Фан ойликлари педагогларнинг иш тажрибаларини оширса, ўқувчиларда билим самарадорлигини ривожлантиради. Шунинг учун ҳам Олмазор туманидаги 159-сонли умумий ўрта таълим мактабида фан ойликларига қизиқиш билан муносабатда бўлинади. Мазкур таълим даргоҳида октябрь ойи – бошланғич синфлар ойлиги сифатида бир-биридан қизиқ, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар тарзида ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси “Краски Осени” (Куз ранглари) номи остида ўтказилди.

Мактабнинг бошланғич синфлар метод бирлашма раҳбари Дилором Бўтабаева ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда 1-“В” синф ўқувчилари қатнашдилар. Йиғилганларга синф раҳбари Дилсора Усмандиярова томонидан тайёрланган тадбир дастури намойиш қилинди. Унда мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ва ота-­оналар иштирок этишди.

Мактабнинг фаоллар зали. Кузги тароват шукуҳи кезмоқда. Болажонлар томонидан қўл меҳнати билан ясалган бежирим ўйинчоқлар, мевалар, ўрмон ҳайвонлари эътиборингизни тортмасдан қолмайди. Дастлаб ўзимиз ҳам ота-оналар билан биргаликда кўргазмага нигоҳ ташладик. Бой таассуротларга эга бўлдик.

Шундан кейин тадбирнинг бадиий қисми бош­ланди. Ўқувчиларнинг кичик-кичик гуруҳлари томонидан тайёрланган олтин куз фаслини таърифловчи куй-қўшиқ, шеърлар ва ҳикматли сўзлари тингланди. “Олтин куз”, “Бободеҳқон” ва эртак қаҳрамонларидан бўри, тулки, ялмоғиз кампирларнинг ташрифи тадбирнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади. Саҳнада “Олтин куз” болаларга ҳар бир фаслнинг алоҳида аҳамияти бор эканлигини айтиб берган бўлса, “Бободеҳқон” далада чин дилдан меҳнат қилган инсоннинг етиштирган маҳсулоти баракали, ширин бўлиши асносида, йил давомида кайфияти доимо кўтаринки бўлишини ҳам тушунтириб берди. Болалар ҳам ҳар бир мева-сабзавотнинг бободеҳқонларимиз томонидан қандай етиштирилиши ва уларнинг фойдали хусусиятлари ҳақидаги беғубор тушунчаларини шеърлар, саҳна кўринишлари орқали ифода этиб бердилар.

– Ўқитувчининг  асосий  педагогик  эҳтиёжи  —  ўргатиш,  етказиб  бериш  –    айнан  дарс жараёнида  амалга  оширилади.  Шундай  экан,  дарс  жараёнини  ташкил  қилишга  инновацион ёндашув, янгича муносабат талаб қилинади. Дарс  ўтиш  жараёнида  фақат  суҳбат  билан  чегараланмай,  ўқувчи  хотирасини шакллантириш,  мантиқ,  тасаввур,  фикрлай  олишини  ривожлантириш  мақсадга  мувофиқ. Биласизми, бола тарбияси – нозик масала. Бу соҳада ишлайдиганлар учун эса энг муҳими, соғлом муҳитдир. Бугун эндигина мактаб остонасига кириб келган болалар келажакда халқимиз фахрланадиган инсонларга айланса, элимиз корига ярайдиган бўлиб улғайишса, бу, албатта, барчамизнинг катта ютуғимиз бўлади, – дейди синф раҳбари Дилсора Усмандиярова.

Ноанъанавий чиқишларга бой бўлган тадбирда ота-оналарнинг ўз фарзандларини қарсаклар билан қўллаб туриши, бирга рақсга тушиши уларга куч бағишлади. Тадбир сўнгида саҳнага чиройли саватдаги совғаларини кўз-кўзлаб ташриф буюрган “Куз фасли” ўқувчиларни ўзининг сархил мевалари билан сийлади.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + two =