Беғубор қалб эгалари

Беғубор болалик. Инсон умрининг энг бебаҳо даври. Қисқа, аммо умр давомида соғинч билан ёдга олинадиган онлар. Афсуски, дунёнинг бир қатор мамлакатларида гўдаклар очлик, турли касалликлар ва урушлар қурбони бўлмоқда. Илоҳим, ҳеч бир бола азият чекмасин. Яратганга шукур! Юртимиз тинч, келажагимиз ворислари доимо эътиборда.

Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалардан бири ҳам айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенциядир. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами ҳеч бир кишига бегона эмас. Зеро, бу беғубор оламнинг митти йўлакчаларида ҳаммамизнинг қадрдон изларимиз қолган. Биз ўз болалик чоғларимизни ортимиздан униб-ўсиб келаётган азиз фарзандлару набираларнинг мусаффо нигоҳларидан топамиз.

Сана муносабати билан Яккасарой туманида жойлашган 249-сонли “Мажнунтол” номли давлат мактабгача таълим ташкилотида байрам тадбири ўтказилди. Унда болажонлар томонидан бахтли болалик, она Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар куйланди. Эртак қаҳрамонлари иштирокида образли ўйинлар ҳамда турли хил арғимчоқлар, қизиқарли томошалар ташкил этилди. Шунинг­дек, турли спорт мусобақалари, расмлар кўргазмаси, ташкилот педагоглари ва тарбияланувчиларнинг мусиқий чиқишлари, анимацион саҳна кўринишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Байрам тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у 1925 йилга бориб тақалади. Ўша йилда турли давлатлар иштирокида Женевада илк марта болалар фаровонлигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилади. Конференцияда иштирокчи мамлакатлар болалар куни сифатида алоҳида санани танлашга келишиб олади. Бироқ алоҳида сана таклиф қилинмайди, ҳамма ўз маданиятига мос санани танлаши тавсия қилинади. 1949 йилда эса совет мамлакатларида 1950 йилдан бошлаб 1 июнни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бу сана байрам қилина бошланади. Бундан ташқари, БМТ томонидан белгиланган 20 ноябрь санаси ҳам Халқаро болалар куни ҳисобланади. Айрим давлатларда болалар куни эмас, болалар ҳафталиги тарзида ҳам нишонланади.

– Бола тарбияси – нозик масала. Бу соҳада ишлайдиганлар учун эса энг муҳими соғлом муҳитдир. Ҳозирда боғчамизда 315 нафар тарбияланувчи 6 та ўзбек гуруҳи, 6 та рус гуруҳида тарбияланмоқда. Уларни юртга фойдаси тегадиган, порлоқ келажакка эриша оладиган қилиб тарбиялашда эса барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, хизмат қил­япмиз. Бу болалар келажакда халқимиз фахрланадиган инсонларга айланса, элимиз корига ярайдиган бўлиб улғайишса, бу, албатта, барчамизнинг катта ютуғимиз бўлади, – дейди боғча мудираси Севара Аҳмеджанова.

Ҳа, болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Уларни асраб-авайлаш, баркамол қилиб вояга етказиш давлат, оила, қолаверса, ҳар бир ота-онанинг бурчи.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 9 =