Мақсадга эришиш осон эмас
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлди.
Ҳарбийлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ҳарбий округлар (бирлашмалар) ўртасида ўтказилаётган ушбу беллашувлар Ватан ҳимоячиларининг жанговар шайлиги, жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқот туйғуларини кучайтиришда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Амир Темур сиймоси гавдалантирилиб, турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ҳаваскор ҳарбийлар томонидан бахшичилик санъати намуналари ижро этилди.
Мудофаа вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи полковник Ҳасан Ҳалиловнинг айтишича, “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақаси миллий қадриятлар, миллий спорт турлари, ҳарбий интизом ҳолати, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик каби йўналишлар бўйича ўтказилмоқда. Беллашувлар ҳарбийлар ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди. Қўшинларда соғлом рақобат ва ўзаро мусобақа муҳитини яратиш, ҳарбий хизматчиларда Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини, ўз касбидан ва миллий армия сафида хизмат қилишдан ғурурланиш ҳиссини кучайтириш ва жамиятда ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, шахсий таркибнинг экстремал вазиятларда жисмоний ва руҳий юкламаларга бардошлилигини мустаҳкамлаш ҳамда командирларнинг мураккаб вазиятларда ностандарт қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш сингари мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мусобақа очилиш маросими якунида беллашувларда иштирок этидиган ҳарбийларни суҳбатга тортдик. Шарқий ҳарбий округининг “Соҳибқирон” жамоаси аъзоси, кичик сержант Шукрулло Юнусов уларнинг бири.
– Олти йилдан бери шартнома асосида хизмат қиламан, – дейди Ш. Юнусов. – Ушбу мусобақада иштирок этиш, бошқача айтганда, “Соҳибқирон” жамоаси аъзолари сафига қўшилиш имкониятига эга бўлиш учун муайян синовлардан ўтдик. Тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Мақсадимиз – мусобақа ғолиблигини қўлга киритиш.
Холмурод Салимов,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси раиси ўринбосари,
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик кенгаши котиби ва аъзоси