Тарихнавислик таровати

Яқинда Ўзбекистон Фанлар академиясида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Oлган Бекар, Отатурк маданият, тил ва тарих олий кенгаши директори Дерия Орз, Турк тарих жамияти раиси Юксал Ўзген ва Тарих институти директори Азамат Зиё иштирокида икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди. Мазкур икки томонлама ҳамкорлик келишувининг имзоланишидан бош мақсад:

— икки илмий ташкилот ўртасидаги илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда илм-фан равнақи (хусусан, тарих илми) йўлида биргаликдаги режаларни муҳокама қилиш;

— Туркий халқлар тарихини ўрганиш ва бутун дунёга ёйиш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш;

— 18-30 сентябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркия Республикасининг Халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг Тарих институти билан ҳамкорликдаги “Турк дунёси ёш тарихчиларининг 2-ёзги ўқишлари” масаласи ва мазкур лойиҳанинг кейинги йилларда давом этишини таъминлашдир.

Тарих институтининг Туркия Республикаси Халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Турк дунёси ёш тарихчиларининг ёзги ўқишлари” ўтган йилнинг 15-25 июнь кунлари илк бор ташкил этилган бўлиб, унда Нажмиддин Эрбақон университети ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRСICА) ҳам мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаб, таклиф билан чиқишган эди.

Бу йилги “Турк дунёси ёш тарихчиларининг 2-ёзги ўқишлари”нинг очилиш маросими 18-сент­ябрь куни Туркиянинг Денизли шаҳрида жойлашган Памуккала университетида бўлиб ўтди. Мазкур университетда туркиялик тарихчи олимларнинг Тарих институти билан ҳамкорликдаги “Мовароуннаҳрдан Онадўлига: тарихнинг чуқур илдизлари ва тарихчилик” мавзусидаги халқаро илмий йиғини ҳам ўтказилиб, унда Тарих институтининг 15 нафар ёш тарихчи олими ўз илмий маърузалари ва фикр-муносабатлари билан қатнашди.

Халқаро илмий семинарнинг очилиш маросими Памуккала университети Тарих факультети декани профессор Ясемин Баязид сўзга чиқиб, бу каби лойиҳаларнинг давомли бўлиши ва унда барча турк дунёси олимлари жамланиши кераклиги истагини билдирди. Профессор Ясемин Баязид Чўлпон ижодини севиб мутолаа қилишини алоҳида таъкидлаб, жадидларнинг миллатпарвар бўлганлигини эътироф этди. Шундан сўнг, Памуккала университети ректори профессор Ахмет Кутлухан ва Турк тарихи Куруми бошлиғи Юксал Ўзген ҳам сўзга чиқиб, Тарих институти билан ҳамкорликда иккинчи марта амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар, ундан кўзланган мақсадлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у тарихан бир халқ бўлган туркий халқлар дунёси тарихи ва жадид намояндалари ҳақида фикр билдирди, уларнинг ижодларидан намуналар ҳам келтирди. Асосий лойиҳа ташкилотчиларидан ҳисобланган Тарих институти директори Азамат Зиё ҳам сўзга чиқиб, 150 йил давомида тарқоқлашган туркий дунё халқлари ва олимларини бирлаштиришда бу тадбир муҳим роль ўйнаётганлигини айтди, балки кейинги йилларда амалга оширилиши керак бўлган лойиҳалар ҳақида сўз юритди. Туркий халқларнинг бирлашувида, кенг кўламли ҳамкорликларга Туркия ва Ўзбекистон давлатлари ташаббускор бўлишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, туркияликларнинг тарихан ота юрти ҳисобланадиган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги давргача бўлган муносабатлари ва кейинги истиқболли режалар ҳақида фикр билдирди. Шундан сўнг “Мовароуннаҳрдан Онадўлига: тарихнинг чуқур илдизлари ва тарихчилик” мавзусидаги халқаро илмий семинарнинг маърузалар қисми бошланди.

Уч кун давом этган “Мовароуннаҳрдан Онадўлига: тарихнинг чуқур илдизлари ва тарихчилик” мавзусидаги халқаро илмий семинарда Турк дунёси, умуман Тарих илмида дунё тан олган халқаро олимлар билан бир қаторда Ўзбекистондан ташриф буюрган Тарих институти олимлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди. Хусусан, дастлаб, Тарих институти “Ўрта асрлар тарихи” бўлими бошлиғи Шерзодхон Маҳмудов “Қўқон хонлигининг Усмонли турклар билан алоқалари” мавзусидаги маърузаси билан, Тарих институти “Янги давр тарихи” бўлими бошлиғи Тўлқин Аҳмедов “Ўзбекистон архив манбаларида Туркия билан алоқалар” мавзусида ва “Энг янги давр тарихи” бўлими бошлиғи Машҳура Дармонова эса “Турк манбаларида қатағон сиёсатининг ёритилиши” мавзуларидаги илмий маърузалари билан қатнашдилар. Бундан ташқари мазкур илмий семинарлар давомида Ўзбекистондан борган 15 нафар ёш тарихчи олим ҳам мавзулар доирасида ўз фикрлари ва саволлари билан қатнашиб, Турк дунёси олимлари томонидан алоҳида эътироф этилдилар.

“Мовароуннаҳрдан Онадўлига: тарихнинг чуқур илдизлари ва тарихчилик” мавзусидаги халқаро илмий семинарнинг ёпилиш маросимида халқаро олимлар, Туркиянинг турли университетларидан ташриф буюрган профессор олимлар ўз фикрлари ва тавсияларини билдирдилар. Ёпилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон вакили Шерзодхон Маҳмудов нафақат Туркия — Ўзбекистон, балки умуман, Туркий халқлар тарих илми олимларининг бирлашиши, туркий халқлар тарихини ўрганиш ва уни дунёга ёйишда қилиниши лозим бўлган фикр ва тавсияларини таклиф сифатида билдириб ўтди.

Уч кун давом этган Памуккала университетидаги Халқаро илмий йиғин якунлангач, икки кун давомида халқаро илмий йиғинга ташриф буюрган барча меҳмонлар иштирокида Денизли шаҳрида жойлашган тарихий археологик обидалар ва унда амалга оширилган ва ҳозирда ҳам давом этаётган илмий тадқиқотлар билан яқиндан танишиш мақсадида саёҳат уюштирилди.

Дастлаб Лаодикия шаҳрига ташриф буюрилди. Қадимги Лаодикия шаҳри ҳозирги Туркиянинг Денизли ҳудудида жойлашган бўлиб, шаҳар жуда қулай географик нуқтада (Ликоз дарёсининг жанубида) қурилган. Шаҳар номи қадимги манбаларда “Ликоз соҳилидаги Лаодикия” деб тилга олинган. Милодий 60-йилда содир бўлган жуда катта зилзила шаҳарни вайрон қилди.

Лаодикия шаҳридан сўнг ташриф буюрилган, Ҳиераполис шаҳри Туркиянинг Памуккала шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, қадимги фригиялик­ларнинг диний марказларидан биридир. Бу ерда қадимги театр, некрополлар, ҳовузлар (хусусан, Клеопатра ҳовузи), Аполлон ибодатхонаси каби кўп­лаб қадимги юнон ва Рим услубидаги шаҳар бинолари жойлашган. Шаҳар ҳудудида 2016 йилда кенг миқёсдаги археологик тадқиқотлар олиб борилиб, қадимги шаҳарнинг бинолари очиб ўрганилган. Ҳозирги кунда ҳам ушбу қадимги шаҳарда қазишма ишларини давом эттираётган олимлар билан яқиндан илмий тажрибалар алмашдик.

Денизли шаҳридаги энг охирги ташрифимиз Табе шаҳри бўлди. 2014 йилдан буён Памуккала университети томонидан ўрганилаётган Денизли шаҳрининг Кале туманидаги тепаликда жойлашган Табе шаҳридаги тарихий обидалардан 1950 йилларгача фойдаланишган. Табе сўзи “тош” деган маънони англатган бўлиб, мазкур ҳудуд 395 йилда Рим империяси иккига бўлингандан сўнг, Византия томонидан бошқарилган. XII-XIII асрларда турклар қўлида бўлган мазкур шаҳарга Taбе номи ўрнига Кале Деваз номи берилган. 1950 йилдан сўнг Kaле деб номланган. Ҳудуд 1330 йилгача Menteshe ҳукмронлиги остида бўлган. Кейинчалик Усмонли Мурод II томонидан империя таркибига киритилган. XIII асрга тегишли Жавҳар подшо (Cevher Pasa) жоме масжиди, мадраса, омборхона ва ҳаммомлар ўша давр архитектурасини кўрсатибгина қолмасдан, ҳозиргача яхши сақланиб қолган. Айнан Кала ёдгорлиги билан танишаётган вақтимизда Ўзбекистондан 15 нафар ёш тарихчи олим келгани ҳақида хабар топган ҳудуд ҳокими биз билан яқиндан танишиш ва кўришиш мақсадида ташриф буюрди. Шу билан Денизли шаҳридаги илмий сафаримиз ўз ниҳоясига етиб, Истанбул орқали Бурса шаҳрида жойлашган, дунёнинг машҳур Бурса Улудағ университетида бўлиб ўтиши режалаштирилган илмий йиғинга йўл олдик.

Бурса Улудағ университетидаги илмий йиғинлар бошланишида университет ректори, профессор Феридун Йилмаз Тарих институтидан ташриф буюрган 15 нафар ёш тарихчи олим билан яқиндан танишиш ва ўзбекистонлик ёш тадқиқотчиларнинг келажакдаги илмий тадқиқотларини университет билан боғлаш мақсадида яқиндан суҳбат ўтказди. Учрашув сўнгида ректор Феридун Йилмазга ўзбек миллий ҳунармандлари томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди (Маълумот учун, Бурса Улудағ университети Туркиядаги олий таълим муассасалари миллий рейтингида 4-ўринда туради). Бурса Улудағ университетидаги илмий йиғинлар икки кун давом этиб, унда нафақат мазкур университетнинг, балки тарих илмида дунёга машҳур ҳисобланган олимлар, профессор, доктор Кафер Чифтчи “Тарихий назариялар ва тадқиқот усуллари” мавзусида, профессор, доктор Меҳмет Тезкан “Исломдан олдинги турк тарихи” мавзусида, профессор доктор Ҳасан Басри Ўжалан “Ислом тарихида тадқиқот ва манба усуллари” мавзусида ва доктор Сезай Севим “Усмонли давлатининг ташкил топиши ва Бурса” мавзуларида маҳорат дарслари ўтишди, фикрлар алмашилди. Университетда тарих илми билан шуғулланаётган барча олимлар, Ўзбекистондан ташриф буюрган ҳар бир олимнинг илмий тадқиқот мавзулари билан яқиндан танишиб, маслаҳатлар беришди ва ўзларида мавжуд бўлган адабиёт ёки уларнинг электрон нусхаларини улашишди. Бурса шаҳрида икки кун давом этган илмий йиғинлар доирасида куннинг иккинчи қисмида шаҳарда жойлашган тарихий бинолар, музейлар билан ҳам яқиндан танишдик. Унда доктор Сезай Севим Бурсадаги ҳар бир тарихий обиданинг ким томонидан ва қачон қурилганлиги билан боғлиқ барча маълумотларни айтиб ўтди.

Бурса шаҳридаги уч кунлик сафаримиздан сўнг Истанбул шаҳрига йўл олдик. Истанбул шаҳридаги дастлабки илмий сафаримиз Истанбул университетида бўлиб, икки кун давом этиши режалаштирилган халқаро “ИВ турк – мўғул тарихи” илмий йиғиннинг очилиш маросимида қатнашиб, чет эллик олимларнинг илмий маърузаларидаги илмий янгиликлар билан танишдик. Шундан сўнг, университетнинг тарих факультети олимлари билан илмий давра суҳбати уюштирилиб, ўзбекистонлик ёш олимлар билан фикр алмашилди ва ҳар иккала томон учун ҳам манфаатли бўлган тарих илмига оид янги адабиётлар ҳадя қилинди.

Истанбул шаҳридаги илмий сафаримизнинг иккинчи кунида халқаро ташкилот – “IRСICА” (Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази) билан ҳамкорлигимиз доирасида мазкур ташкилотга ташриф буюрдик. Дастлаб, “IRСICА” бош директорининг илмий ишлар бў­йича директор ўринбосари, профессор Женгиж Томат ва “IRСICА” бош директорининг Марказий Осиё масалалари бўйича маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор (ўзбекистонлик) Аширбек Мўминов ёш тарихчилар билан яқиндан танишиш ва уларнинг илмий фаолиятига ёрдам бериш мақсадида суҳбат ўтказди. Шундан сўнг, “IRСICА” ташкилотининг бош директори, профессор Mахмуд Эрол Килич Тарих институтидан ташриф буюрган ёш тарихчилар билан яқиндан танишиб, мазкур лойиҳанинг ҳар йили давом этиши учун қўллаб-қувватлашини билдирди. Айниқса, ушбу лойиҳа фақатгина Туркия билан чекланибгина қолмасдан, барча туркий давлатлар, Оксфорд, Кембирдж сингари университетларда, илмий тадқиқот институтларида дунё тан олган олимлар фаолият юритадиган даргоҳларда ҳам ташкил этилиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Хуллас, анжуманлар самарали кечди.

Завқибeк МАҲМУДОВ,

Тарих институти кичик илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − seventeen =