Яхши ният

Улар иккиси касалхонада танишдилар. Икковининг ҳам боласи қиз эди, иккови ҳам тўрт ёшда эди. Икковининг ҳам боласи бир хил касаллик билан оғрирди, яъни ўқтин-ўқтин судурги берар, тўсатдан ўзидан кетиб қоларди. Уларни даволаётган врач бор билимини, имкониятини ишга солар, болаларнинг соғайиб кетишлари учун тиним билмасди. Кунларнинг бирида бу икки аёлга дўхтирларнинг бири маслаҳат берди:

— Болаларинг тез-тез касалхонага тушиб турибди. Бу чакана чиқим эмас. Ҳар сафар фалон пулга даволатасизлар. Ундан кўра ногиронлик тоифасига ўтказдириб қўйсанглар, ўзларининг нафақалари ўзларига етиб туради.

Биринчи аёл дарҳол ишга киришди. Эри кўргани келиши билан тезда қизига ногиронлик нафақасини тўғрилаш учун дўхтирларга учраб қоғозларни тўлдиришни талаб қилди. Эр бу вазифани тўла адо этди. Иккинчи аёл эса ийманибгина эрига шу ҳақда айтганди, эри унга кулиб туриб деди:

— Нима деяпсан? Қанақа нафақа? Қизимни бу ерга нафақага чиқариш учун эмас, даволатишга олиб келганман. Ҳеч қанақа нафақа керак эмас, қизим тузалиб кетади. Мен уни оёғим етган жойга олиб бориб даволатаман: етса молим, етмаса жоним.

Эрининг гапи аёлга ҳам маъқул тушди.

Учқур йиллар ўтаверди. Икки аёл яна учрашдилар. Бу сафар бозорда. Иккинчи аёл сўради:

— Яхши юрибсизми? Қизингиз яхши бўлиб кетдими?

— Ҳа, бироз тузук. Оёқлари яхши ишламайди, аравачада ўтиради, лекин бизга оғири тушмайди. Ҳозир нафақаси ўзига етиб турибди. Шунинг нафақа ҳужжатларини янгилаймиз, деб олиб келгандик, — биринчи аёл нарироқда аравачада ўтирган йигирма ёшли қизига ишора қилди, — ўзингизники-чи, яхшими?

— Худога шукур, ҳозир университетда учинчи курсда ўқияпти. Шунга янги ўқув йилига уст-бош қилиб берайлик деб олиб келгандик, — аёл расталар бўйлаб туфлиларни танлаб юрган қизи томон ишора қилди.

Биринчи аёл бир у қизга, бир ўзининг қизига қаради-да, кўрсаткич бармоғини тишлаб ўйланиб қолди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + sixteen =