Энг гўзал муҳаббат
Чол тўқсон тўрт ёшида қаттиқ ётиб қолди. Бугун-эрта умри поёнига етишини ҳатто ўзи ҳам сезиб турарди. Болаларининг зимдан ҳовлиларни супуриб-сидириб “тайёрланишаётгани”ни англаб ётарди. Эрталаб у анча безовта бўлиб қолди. Кўзлари жавдираб бировни қидиргандай бўлади. Гоҳо кампири томонга бошини буриб унга тикилиб қолади. Кирган-чиққанларга ялинчоқ нигоҳ билан тикилади. Қандайдир муҳим, жуда муҳим изтироб уни қийнаётгандай эди. Буни сезди, шекилли, катта қизи болалари ва невараларига шипшиди.
— Ташқари чиқиб турайлик-чи, отамнинг онамга айтадиган гапи бор, чамамда, бирор омонат гапи бўлса, айтиб олсин.
Ҳамма ташқари чиқиб кетгач, кампир сўради:
— Чол, бирор омонат гапингиз борми? Нимага бунча безовта бўляпсиз?
Чол хонани бир қур кўздан кечирди. Ҳеч ким йўқлигига ишонганидан кейин ҳорғин нигоҳини кампирига тикди.
— Кампир, сен билан жуда бахтли яшадик. Сендан розиман, мендан ҳам рози бўлгин.
— Розиман, чол, розиман. Шунга безовта бўляпсизми? Розиман.
— Унга эмас, йўқ. Мендан кейин болалар сенга яхши қарашармикин? Бирон нарсага муҳтож бўлмасмикинсан? Ҳа, айтганча.., кўк чойинг борми, бирор йилга етадими? Новвот-чи?
— Хавотир олманг, кўк чой ҳам, новвот ҳам бор. Мени болалар кўчага ташлаб қўйишармиди. Худога шукур, олти паҳлавон ўғлимиз бор, икки қизимиз, ўттиз етти неварамиз, тўрт чеварамиз бор. Болалар ҳаммаси топармон-тутармон.
— Ҳа, ҳа, тўғри айтасан. Лекин шу… сенга қарашармикин деб…
Кампир унинг гапидан кулди.
— Айтдим-ку, ўйламанг, мендан кўнглингиз тўқ бўлсин. Шундай фарзандлар ато қилганига шукур дейман. Уларга ишонинг, ўзингизга ишонгандай ишонинг.
— Энди кўнглим тинч. Гапинг тўғри. Ўзингга шукур, парвардигор.
Чол кўзларини секин юмди.
Кечга бориб узилди.