Қайси партия ютиб чиқади

Азиз НЕСИН

(Ҳикоя)

— Мурод оға ҳар нарсани билади, – дейишди.

Қишлоққа келганимда, бир неча маротаба Мурод оғанинг уйида меҳмон бўлгандим. Мурод оғани бу сафар уйидан эмас, қаҳвахонадан топдим.

— Мурод оға, сиз билар экансиз, ҳар ҳолда, шундай дейишди. Қани айтинг-чи, бўлиб ўтаётган бу баҳсларда қайси партия ютиб чиқади? – дея сўрадим.

— Валлоҳи аълам, маълуммас ҳали, – деди.

— Ахир қайси партия кучли бўлса, ўша ютмайдими?

— Йўқ, бир нарса дейиш қийин олдиндан. Оқ қўй оқми, қора қўй қорами, баҳс сўнгида маълум бўлади. Бу қишлоқдагиларнинг қўй билан иши йўқ, қанча сўрама, бефойда. Нега, биласанми? Унда, эшит.

У ўнг оёғини ўзига тортди, ўзига хос қилиб чордана қурди. Яхшилаб ўрнашиб олгач, сигарасини оловлатиб сўз бошлади:

— Аввало, билиб қўй, жиян, бизнинг мамлакатда партия-мартия деган нарса йўқ. Тўғри, бор, фақат номи бор, ҳеч ким партия ҳақида ҳеч нарса билмайди. Биз у замонлар партияни ҳукумат деб билардик. Улкан бино — ҳукумат биноси, унда партия жойлашган дейиларди. Вақт ўтиб, партия иши иш бўлмай қолди, тўғри келган одам аралашадиган бўлди. Тикувчи Комил бир кун ёнимга келиб: “Мурод оға, келинг, сиз билан шу янги партиянинг бўлимини очайлик шу ерда”, деб қолди. “Қани, бу ердан сур, Комилбой, бу сен айтган партия деганинг майда-чуйда сотиладиган дўкон эмас, ишингни қил…” дедим. Унинг изидан адвокат Ризо бей келди. У ҳам бирга партия очайлик, деди. Айтишича, у янги партиянинг каттаси билан гаплашибди, масала ҳалмиш. Мактуб ёзишганмиш. Улар: “Бу мамлакат сўзингизни тинг­лайди, партиянинг бўлимини очинг”, дейишибди. “Қўйинг, ўғлим, ақлингиз етмаса керагов, — дедим. — Бир пайтлар ўлкамизда “Эркин жамият” номли ташкилот ишга тушганди. Уни қурганларни тошбўрон қилишди. Бирортаси юртимизда қололмади, муҳожирлик тўрвасини елкага осиб, ватандан чиқиб кетишди”. Адвокат Ризо бей: “Ё Худо­йим-ей, Мурод оға, ҳозир бошқа замон… У даврлар ўтди. Ҳозир Америкада қандай бўлса, бизда ҳам шу. Ҳар бир инсон бирор партия аъзоси бўлишга мажбур”, деди. Унинг гапига кирдик, чўзиб ўтирмай, партия туздик. Биз партия тузгач, бошқа партияда қанча одам бўлса, бари бизга оқиб келаверди. Партиянинг котиби рўйхатга олиб чарчаб кетди. Ўлай агар, бунча одамни нима қиламиз? Мени қўрқув босди, жиян, сўрама… Адвокат Ризо бей бизнинг йўлбошчимиз. Унга хавотирланиб: “Ризо бей, шу рўйхат тўлди дейлик, бошимизга кулфат тушмасин тағин”, дедим. “Ҳеч нарса бўлмайди, – дея далда берди у. — Партиянинг одами қанча кўп бўлса, шунча яхши. Қанчалик тарафдорларимиз кўп бўлса, ҳукумат бизники бўлади”. Бошқа партиядан бизга қўшилаётганлар етмагандек, умрида партия деган сўзни эшитмаганлар ҳам кела бошлади, жиян. Бунинг охири нима бўлади? Ё Худойим… Омонни, замонни англаган борми бирорта? Келган одам партиямизга кирарди. Мамлакат тарафдорларимиз билан тўлди, жиян. Тепадан кимдир билиб қолса, ковушимизни тўғрилаши аниқ. Ҳеч бўлмаса, мен шу партиядан чиқиб, бошқасига кирай, дедим. Бизга партия марказидан табриклар кела бош­лади. Бизнинг адвокат Ризо бей шундай нутқ сўзлардики, оҳ-оҳ, гўё олқишдан бозор йиқилиб кетай дерди. Шундай пайтда, жиян, бир хабар келди, партиямизнинг катта бошлиғи келади, деган… Етти ёшдан етмиш ёшга қадар баримиз юрт йўлларига тўкилдик. Кимдир буни кўриб қолса, бизни эгасиз қўйлардай мамлакатнинг тўрт томонига тарқалиб кетибди, дерди. Биз адвокат Ризо бейни яхши нутқ сўзлайди деб юрган эканмиз. Сен нутқни бизнинг катта бошлиғимиздан эшитмабсан. У шундай тўлқинланиб, чайқалиб, ролга кириб гапирардики, миллат ҳўнгир-ҳўнгир йиғларди. Сўнг яна шундай гапирардики, миллатнинг кулавериб ичаги узиларди. Бир йиғлатади, бир кулдиради. Гўё тугмамиз унинг қўлида. Тугмани бу тарафга бураса, тинмай кўзёш тўкамиз, бошқа тарафга бураса, тинмай қаҳқаҳа отамиз.

Нутқ тугагач, партиямиз биносига ташриф буюрди. Адвокат Ризодан:

— Қишлоқнинг аҳолиси қанча? – деб сўради.

Ризо бей:

— Йигирма тўрт минг, – деди.

Катта бошлиғимиз:

— Овоз беришга кирмайдиганларни аҳолига қўшма, – деди.

— Улардан ташқари тахминан ўн икки минг…

— Бизнинг партияга қанчаси аъзо?

— Тўққиз минг…

Катта бошлиқ:

— Ундай бўлса, бу қишлоқда етарлича овоз тўп­лабмиз, – дея бақириб юборди.

Кейин, жиян, катта бошлиғимиз кетди. Нариги партияни қўрқув босганди. Дарҳол унинг раҳбари қишлоғимизга келди. У келишидан аввал мен партиямиздан чиқиб, бошқасига кирмоқчийдим, улгуролмай қолдим. Бу сафар у ҳам бир нутқ сўзлади. Ўлай агар, жиян, нутқ бўлса, шунчалик бўлади. Масжидда мавлуд ўқилса, бунчалик йиғлашмайди. Нутқи якунида:

— Юртдошлар, — деди, — биз ҳокимият тепасига чиқсак, ҳар бир одамга минг лирадан кредит ажратамиз.

Вой жиян, вой, пул берилишини эшитиб, нариги партияга шундай кўчиш бўлди. Эртаси кун адвокатимиз Ризо бей бошини ушлаб, тиззасини қучоқлаб йиғлай бошлади.

— Нима бўлди, Ризо бей, тишингиз оғрияптими? – дея сўрадим.

— Тишларим протез, минг шукрки, оғримайди. Ундан ёмон хабар бор, барча тарафкашларимиз нариги партияга ўтиб кетишди.

— Бизда ҳеч ким қолмадими?

— Қурувчилар ва кредит берилишини эшитмаганларгина қолди.

Мен ҳам ичбуруғ бўлган одамдай бурала бош­ладим. Додлаб сочимни юламан, Ризо бей ҳам мендан қолишмайди.

— Ўлай агар, Ризо бей, – дедим, – бундай соч юлиш билан иш битмайди. Тур, биз ҳам нариги партияга кирайлик тезроқ. Кеч қолсак, рўйхат тўлди, деб олишмайди.

— Шошилмай тур, марказга қўнғироқ қилдим, кўрайлик-чи, нима жавоб келар экан?

Жиян, қишлоқда шундай савдолашиш бош­ланди, шундай савдо қайнади, кўрмадинг, кўрмадинг-да. Миллат пулсевар, болам.

— Бу нима шармандалик, пулни кўчадан супуриб оляпсизларми? – дейман.

— Бу партия фалон пул беряпти экан, – дея оғзимга уришади. Дарёни кўрмай этик ечиладими ҳеч, жиян? Бизда ечилади!

Адвокат Ризо оҳлаганча бошини ушлаб:

— Эвоҳ, овозларни йўқотдик, – дея бақиради. Бақирганидан тоғу тош титрайди.

Шу десанг, партиямиз бошлиғи яна тўрт марта шошилинч келиб кетди. Худо ҳаққи, бир сафар машинадан тушиб ўтирмади, оёғининг чанги билан тўғри устига чиқиб, шундай нутқ сўзладики!.. Аллоҳ-Аллоҳ! Лоф деганинг нима? Бир оғзини очади, миллат кулади, бир оғзини очади, миллат йиғлайди.

Энг охирида:

— Юртдошлар, – деди, — бу ерга мендан аввал биттаси келибди, сизларга сайлов якунлангач, кредит бераман дебди. Биз, худо хоҳласа, ҳокимият тепасига чиқсак, икки минг лирадан кредит ажратамиз.

Оҳ, жиян, йўқ эдинг, кўрмадинг-да. Партиямизнинг тўққиз минг аъзоси бор эди. Саккиз минг етти юзи бошқасига ўтганди. Икки минг лирани эшитганлар яна партиямизга қайтиб келди, авваллари тўққиз минг аъзомиз бўлса, эндиликда ўн бир мингга етиб қолгандик.

Адвокат Ризо:

— Бу сафар аниқ ютиб чиқамиз, —– дерди.

Фақат Ризо бей эмас, ҳамма шундай дерди. Шаҳарчада шундай савдо-сотиқ бошланди, олдингиси ҳеч нарса эмас.

— Ие, бу нимаси энди? – дейман.

— Нариги партия берган пул тугади, энди сизнинг партия ваъда қилган икки минг лирани кемирмоқчимиз, – дейишарди. Жиян, бизнинг ҳамқишлоқлар доно одамлар! Қўлига тушган пулни ейди, уни еб тугатгач, бошқасига ўтади. Бу сафар нариги пар­тиядагилар ишга киришди. Уларнинг раҳбари келди.

— Икки минг лира берамиз деб сизни алдашибди, – деди.

Партиямиз аъзоларидан бири:

— Алдашгани йўқ, – деди, — қандай алдашади? Биз улар айтган пулни еб тугатдик аллақачон…

Раҳбар:

— Майли, алдашмаган бўлса-ку, майли, – деди, — у партия оила бошига икки минг лира берса, биз киши бошига икки минг лирадан беришга қарор қилдик. Борми бирор гапингиз?

Қишлоқдагилар нутқнинг қолганини эшитиб ўтиришмади. Ҳамма шошилиб у партияга ўта бош­лади. Бизнинг партия яна бўшаб қолди. Ризо бей:

— Эвоҳ, сайловда ютқазамиз-ку, – дея тинмай оҳ уради.

Мен бу сафар, яхшиси, у партияга ўтиб қолай дедим. Нариги партиянинг киши бошига икки минг лирадан кредит беришини эшитган ота оиласини кўпайтиришга шошилади. Мулла никоҳ қийиб чарчаб қолди. Ё тавба, бу кетишда мамлакатга сиғмай қоламизов.

— Ие, ўғлим, бу нима қилганингиз тағин? – дея ҳайратланаман.

— Жонажон ватанимиз келажагини яратяпмиз, – дейди.

Ё Худойим, ё товба, Ватан келажаги шундай яратиладими? Шу десанг, жиян, партиямизнинг катта бошлиғи яна ташриф буюрди. Ўлай агар, айни вақтида келди. Агар бир кун кеч қолса, аниқ партиямизда бирорта аъзо қолмасди, нафақат бизда, бошқасида ҳам. Келиши билан шундай нутқ сўзладики…

— Ватандошлар, – дея сўз бошлади, — анави партия сизга киши бошига икки минг лирадан кредит бераман деб алдаган. Билиб қўйинглар, бизнинг партия одам бошига икки минг лира беради, ҳатто фоизини ҳам олмайди.

Эшитганлар партиямизга гур этиб қайтиб келди. Адвокат Ризо сайловда аниқ ютамиз деб дўпписини осмонга отарди.

— Ризо бей, тезроқ шу сайлов бўлса яхши бўларди, – дедим. — Мабодо нариги партиядан келишиб, нархни оширишса, яна ўша ёққа қараб жўнайди бу баччағарлар.

Айтганимдай бўлди. Нариги партия раҳбари келди.

— Ҳамюртлар, – деди, — кредит фоизини олмаслик нима гап? Биз фоиз ҳам олмаймиз, шунингдек, аввалги қарзларингизни ҳам унутамиз. Кредитдан бирорта қарздор одам қолмайди юртимизда, иншооллоҳ!

Майдонни бир кўрмадинг-да, жиян, тўй бўлаётган жойга айланди. Кимдир сурнай чалади, кимдир қўшиқ айтади… Қиёматнинг ўзи!

— Нима қиламиз, Ризо бей? – дея сўрадим.

— Ёндик, Мурод оға, адойи тамом бўлдик, – деди. — Партиямизда бирорта одам қолмади, ҳаммаси наригига ўтиб кетди.

— Юр, биз ҳам вақт борида ўтайлик.

— Шошилма, катта бошлиғимизга хат юбордим. Кўрайлик-чи, кредит қарзларини ўчиргач, устига нима беришар экан?

Сайловда адолат қолмади, болам. Бугун-эрта сайловлар бўладиган, яқин қолгани учун пропаганда тақиқланди, пул берамиз, десаккина келишармиш аъзолар. Афсус, кеч қолдик… Партиямизда нари-бери юз киши бор, нариги партияда эса ўн саккиз минг одамга етибди.

— Ё тавба, Ризо бей, қишлоғимизда бунчалик одам йўқ, булар қаердан келди? – дея савол бердим.

— Кредит қарздорлиги ўчирилишини эшитишди, бир одам партияга иккита деб ёзилди, – деди.

— Биздаги ҳақиқий сайловчилар қанча?

— Ўн икки минг…

— Менга энди рухсат, Ризо бей. Бу иш партия иши. Бу ишда сиқилиш ярамайди. Мен, яхшиси, нариги партияга ўтақоламан. Майлими?

Хуллас, жиян, нариги партияга ўтдим.

Мурод оға қаҳвахоначига учинчи маротаба қаҳва буюрди. Бошқатдан чордана қурди, оёқларини ўзгартирди, ўнг оёғини ияги остига қўйди. Мендан сўради:

— Хўш, жиян, ўзинг айт… Партиянинг бирида ўн саккиз минг аъзо бор, бошқасида эса мингта ҳам чиқмайди. Қани айт-чи, сайловда қайси партия ютиб чиқди?

— Мурод оға, бунинг нимасини сўрайсиз? Албатта, ўн саккиз минг аъзоси бор бўлганида!

— Билмадинг, жиян, билмадинг. Сайловда бизнинг партиямиз, мен тарк этган партия ютиб чиқди. Мен ўшанга овоз бердим, тушундингми? Янги кирган партиямга бермадим. Бизнинг иш шундай, болам. Биттаси келади, икки минг бераман дейди, гур этиб ўшанга ўтишади, бири келади, уч минг бераман дейди, яна гур этиб шунга ўтишади. Бироқ қулоқ солма, сайлов вақти келдими, ҳар ким ўз билганини қилади.

— Майли-ку-я, нега бундай бўлади ахир?

— Жоним жиян, биров келади, икки минг лира кредит бераман дейди, унинг пули бекорга кетсинми? Пули беҳудага кетмасин деб, унинг пар­тиясига ўтилади. Пул қўлга ўтмасдан енгиб чиқилса, бу бошқа гап, худди ўшандагидек… Пулни эшитган яна бошқа томонга ўтади. Аммо сайловлар бош­лангач, кўнглига қайси партия ёқса, ўшанга овоз беради. Жиян, шунинг учун бу иш олдиндан маълум бўлмайди. Бирортамизнинг ёқамиздан тутиб сўрасанг, сенга овоз берамиз, деймиз. Ишонма! Этиклар кийилганида маълум бўлади ҳаммаси. Хўш, жиян, қаҳва ичасанми яна?

Турк тилидан Раҳмат Бобожон

таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − five =