Дийдор ширин

Ҳумоюн

Муаллиф ҳақида: Ҳумоюн (Ҳумоюн Акбаров) — 1964 йил 31 январда Бўз туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ)нинг ўзбек филологияси факультетини битирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Муаллифнинг “Унутилган гул” (1998), “Дилхирож” (1999), “Кўнглим гули” (2005), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар” (2012), “Қуёш ҳузурига йўл олган карвон” (2016) сингари кўплаб китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

(“Ажойиб кишилар” туркумидан)

Ўшанда Новосибирскдан Тошкентга самолёт чиптаси топилмади, ноилож   Олмаотага учдик. Айтишларича, бу ердан Андижонга тўғри рейс бор экан. Самолётдан тушганимизда кечки соат тўртларга яқинлашиб қолган, устига устак ҳаво айниб турганди, шаҳар айланиш ҳам кўнгилга сиғмай, аэропортнинг чиптахонаси томон чопдик. Ёши олтмишларга борган, қалин қилиб упа-­элик сурганидан юзи супрадай оқариб кетган чипта сотувчи – асабий ўрис кампирни кўрдиму, сомон тиқиб жойлангандай катта қанордай гавдаси кўзимга бирдан хунук кўринди. Эрталаб келиб чўккан ўрнидан ҳалигача қўзғалмагандир, деб ўйладим. Хаёлимдан кечган ўйни сезгандай, мен ҳам унга ёқинқирамадим, дарров сездим.

Бели бақувватнинг овози дадил бўлади, бундай одам ҳар қандай тош­ёнғоқни пул билан чақишига ишонади. Айни дамда ўзимни бойваччалардай ҳис қилдимми, ҳарқалай кампирнинг кўзига боқмай, дарров ишим битишини ўйлаб, иккита паспортнинг орасига битта юзталикни қистирдим-да, пештахтага тапиллатиб қўйдим.

— Иккита чипта, Андижонгача, қайтими керакмас…

Қайтим оз эмас, салкам йигирма олти сўм! Иккита чипта – ўттиз етти сўмдан – етмиш тўрт сўм бўлади. Ҳа, “усти”ни бериб, ишни дангал ҳал қилиб қўя қолай, дедим-да. Пулимиз бўлса – бор!

Кампир “ялт” этиб юзимга қаради-да, мени пулдор сурбетлардан, деб ўйладими, билмадим, паспорт ва пулни отворгудек силтаб, мен томонга суриб ташлади. Кейин:

— Андижонга чипта йўқ, виждонсиз, – деб чийиллади жаҳл билан.

Ҳайронман. Нима, “қайтими керакмас” деганимга шунчаликми?! Ёқмаса, индамай қайтариб беравер, пул ўзимга ҳам керак. Бу ерларнинг тошу тарозисини билмасам. Ҳар ҳолда кам бермагандирман!?

Орани совутай деб бироз айланиб келгач, кампирнинг кўзидан панароқда турдим. Дўстим Нуриддин чиптахона туйнугига юзланиб, иккита паспорт билан иккита эллик сўмликни узатиб, Андижонга чипта беришини сўради. Қайтим ҳақида оғиз очмади. Аммо кампир бизни аллақачон таниб улгурган экан, яна тутоқиб кетди.

— Мен шу ерда ўтирар эканман, сенларга чипта йўқ,– дея бақирди.

— Тошкентга-чи?

— Ҳеч қаерга йўқ!

Нуриддин кампирнинг дўқидан чўчиб тушди, бироқ ортга чекингиси келмай, эртанги кунга чипта бор-йўқлигини суриштирди.

— Мен шу ерда ўтирар эканман, сенларга умуман чипта йўқ, – деди шанғиллаб.

Ҳафсаламиз пир бўлди. Кампир ўзини таҳқирлангандай ҳис қилгани аниқ, у энди бизни кечирмайди. Ёнимизда иккита машина сотиб олишга етгули пулимиз бор, ахир. Бунча пул билан поездда кетиб бўлмайди. Бир балога йўлиқиш мумкин…

Тез қизишиб кетадиган ошнам Нуриддин менга гина билан қаради.  “Бир-икки кун шаҳар айланайлик, борамизда, ўша қишлоққа”, деб ҳар қанча уринмасин, мен кўнмагандим. Ишимиз битди, бўлди-да, қайтамиз, саёҳатга келганимиз йўқ-ку, ахир. Ошнам  саргузаштга ишқибоз, унинг гапига кирсам топган пулимни совуриб, қуруққўл билан қоламан. Шуни ўйлаб, зудлик билан кетамиз, деб оёқ тираб туриб олгандим.

— Ошна, – деди Нуриддин шаҳар айланиб, кўнгил ёзиб кетиш умидида. —Таксида кетайлик, довондан ўтамиз. Шаҳар айланмадик, ҳеч бўлмаса тоғларни томоша қилайлик…

— Майли, янгироқ машина танлаймиз. Қиммат олсаям ўзимиз кетамиз, бошқа одам олдирмаймиз.

Гапни бир жойга қўйиб, аэропорт биносидан чиқдик. Шу яқин орадаги машиналар тўхташ жойининг бир четида мовий ранг “Жигули” турган экан. Киракаш бўлсаям керак. Нуриддин машинанинг олд эшигини очиб, уйқисираб,  радио тинглаб ўтирган ҳайдовчига гап  қотди.

Андижонга таксида кетмоқчи бўлаётганимизни эшитган ҳайдовчининг чеҳраси ёришди. Йўловчи кутавериб зерикиб ўтирган, шекилли, мижоз топилганидан хурсанд бўлди, шекилли. Кейин эса унинг эски машинасига қараб, бу Андижонгача етиб боролмаса керак, дея хавотирга тушдим. Ахир, довон ошилади…

— Андижонликмисизлар, – ҳайдовчининг юзида табассум пайдо бўлди. – Бу ёқларда нима қилиб юрибсизлар?

— Улан-Удэдан шу ергача учиб келдик, аммо бу ёғига чипта топилмади. Андижонга ҳам, Тошкентга ҳам жой йўқ дейишди.

— Йўғ-е, Тошкентга чипта олиш муаммо-ку, аммо Андижонга жойлар сероб-ку. Ўзим ҳам йилда бир бориб келаман, – ажабланди ҳайдовчи. – Танишиб қўяйлик, исмим Ҳабибулло, шу шаҳарда яшайман. Андижонда ўртоқларим кўп.

Қорачадан келган, бўйдор, озғин Ҳабибулло аканинг ёши элликдан ошган, одамохун киши экан. Муомаласидан ошна-оғайнигарчиликни ўрнига қўядиган улфат, оқибатли кўринади. У машинадан тушиб, бирма-бир қўл бериб саломлашди-да, бизга ҳавас билан тикилди. Бир дақиқа олдин машинасининг орқа ўриндиғида уйқусираб, мижоз кутиб ўтирган кишининг юзидаги тундликдан асар ҳам қолмади. Қаршимизда очиқчеҳра, юзи нурли киши турарди.

Унинг хушмуомалалиги, эски қадрдонлардай меҳр билан сўзлаши биздек аэропортдан қувиб солинган йигитларга таскин берди.

— Мен Андижонда ҳарбий хизматда бўлганман, ундан кейин қолиб, бир-икки йил Кампир Равот сув омбо­­ри қурилишида ишлаганман. Андижонлик биродарларим билан борди-келдимиз бор. Одам соғинади. Андижон – менинг ёшлигим, – деди у энтикиб. – Эҳ, қандай даврлар эди-я… Фозилжон, Нозимжон дўстларим – ажойиб йигитлар. Ишонсаларингиз, ҳозиргина уларни эслаб, самолётда учиб кетворсаммикин, деб ўйлаб ўтиргандим. Осмондан тушгандай сизлар келиб қолдингиз, худди уларни кўргандек бўлдим. Андижоннинг нафасини туйдим. Балки танирсиз, улар Хонободда яшайди?..

— Хонобод вилоятнинг нариги четида, бизнинг Бўз бу четида, – дедим ҳозиржавоблик билан. – Биз у ёқларга дам олишга, саёҳатга бориб турамиз. Баҳаво, жаннат жойлар.

Ҳабибулло ака гапимни эшитмади, шекилли, бизга эътибор бермай, ўзининг хотираларига кўмилиб, яна жўшиб сўзлай кетди. Унинг гапига маҳлиё бўлиб, йўл ташвишларини унутаёздик.

— Йигитлар, бугун бизникида қоласиз, андижонча ош дамлаймиз, эртага эрталаб ўзим самолётда учирвораман. Олмаотага бир келибсизлар, шундайича қўйиб юбормайман.

— Минг бор узр, катта раҳмат, Ҳабибулло ака. Анжанга борганингизда ўзимиз девзирадан ош қилиб берамиз, – дедим хушёр тортиб. Танимаган, билмаган жойда қолиб бўладими, устига устак, ёнимизда иккита машинанинг пули бўлса…

Ҳабибулло ака бироз ўйга толди, кейин машинасини ўт олдириб, ўтиринглар деган маънода орқа ўриндиққа ишора қилди.

— Майли, анчадан бери уйдан узоқда юргандайсиз. Ота-онангиз кўча эшигига термилиб ўтиргандир. Ҳозир сизларни таксидан кўра қулайроқ, бехавотир  уловга чиқариб юбораман!

Ҳабибулло аканинг машинаси эскироқ кўринса ҳам, бир маромда текис юраркан, рулни абжирлик билан бош­қариб, худди андижонлик ўртоқларини шаҳар айлантириб юргандай, кўча ёқасидаги мавзеларни, биноларни таништириб борарди. У биз сингари қув­ноқ, ўйлаб-ўйламай гапирадиган йигирма беш яшар йигитга айланиб қолганди. Қизиқ, ажойиб одамлар бор-да, ўзи етти ёт бегона бўлса! Бизга анжанликларга ўхшаб гапиради. Хаёлимдан: бошқа фикр айланарди: “Ишқилиб, чув туширмасмикин? Қаёққа олиб кетяпти бизни? Ёнимизда катта пул борлигини сезиб қолмадимикин?”

Серқатнов кўчалардан ўтиб, тўрт-беш чақирим юргач, Ҳабибулло ака рулни кескин ўнгга бурди-да, шаҳарлараро қатнайдиган автобус бекатининг четига келиб тўхтатди.

— Ярим соатдан кейин Тошкентга автобус жўнайди. “Мерс”. Яқинда келтиришди. Хорижники. Чипта бемалол, – деди Ҳабибулло ака ишонч билан. – Йўлларинг очиқ йигитлар экансиз, улгуриб келдик. Ҳозир кўрамиз.

Ҳабибулло ака бизни чиптахона тарафга бошлади-да, ўзи чипта сотувчи аёлга юзланди:

— Тошкентга иккита билет беринг, меҳмон кузатиш яхши-да. Чипта бўлмаса, яна бир кун қолишади, – ҳазиллашди у.

Чиптани олгач, Ҳабибулло ака қувониб кетди. Биз бўлса, Олмаотадан Тошкентга автобус юришини хаёлимизга ҳам келтирмагандик.

— Мана, ҳали ёшсиз, томоша қилиб кетасиз. Аввал Жамбулда, кейин Чимкентда автобуслар ўзгаради. Худди чарчаган отларни алмаштиргандай, беш-ўн дақиқа нафас ростлаб, чой ичиб, яна йўлга чиқасиз. Автобус чиптаси 24 сўм экан, самолётники 37 сўм, бу томондан ҳам сизларга фойда! Агар таксида кетаман десангиз, юз сўмдан камига бормайди. Чунки орқага қуруқ қайтади-да.

Гап пул масаласига кўчгани учун Нуриддиннинг кўнглига келдими, ёнидан битта қизил ўн сўмликни чиқариб, Ҳабибулло аканинг киссасига аста солиб қўйди.

— Ака, кам бўлсаям кўп ўрнида кўрасиз, рози бўласиз энди.

Ҳабибулло ака аввалига ўнғайсиз аҳволга тушди, кейин эса, ҳафсаласи пир бўлган кишидай қўярда-қўймай чўнтагидан пулни олиб, Нуриддиннинг қўлига тутқазди. Мен ҳам хижолат тортдим.

— Йигитлар, пул қўлнинг кири, келади-кетади. Одам топилмайди. Мен сизларни учратиб, гўёки ўртоқларимни кўргандай бўлдим.

Ҳабибулло ака автобус жойидан жилгунча кутиб турди. Кейин эски қадр­донлардай ортимиздан қўл силтаб қолди.

Автобус ярим соатча юргач, ўзимизга келдик шекилли, Нуриддин менга ажабланиб қаради-да, жилмайиб деди:

— Ғалати киши эканми!? Нима учун унинг уй манзилини ёки телефонини ёзиб олмадик ёки ўзимизникини бермадик?

— Кўриб турибсан-ку, гапиргани қўймади. Хонободлик ўртоқлари ҳурматидан бизга яхшилик қилди. Энди навбат бизники, қарз бўлиб қолдик, – дедим ўйланиб.

Янги, ўриндиқлари юмшоқ автобусда текис йўлдан кетаётиб, тасодифан бир ажойиб инсонни учратганимизни, аммо минг афсуски, уни дарров йўқотганимизни  ҳис этиб борардик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 8 =