Тўнлар муборак!

Ўктам МИРЗАЁР

(Ҳикоя)

Қўшнилар билан яхшимиз. Борди-келди авжида, гап-гаштак, дегандай. Эркакларнинг йиғини алоҳида: кўчада. Аввал аёлу эркак бирга йиғилишардик. Солибойнинг таклифи билан “кўча”га чиқиб кетдик. Нима эмиш, гап қиладиганнинг хотини куйдир-пишир билан овора бўлиб, гапдан қолиб кетармиш. Туғилган кунимда уларни уйга чорладим. Совға-салом мўл бўлди: соат, чироғи бор ручка, кўйлаклар дейсизми, хуллас, хилма-хил совғалар.

Солибой чопон кўтариб чиққанди ўшанда. Шу Солибойнинг қилиғи ёмон экан. Буни билмасдим, эътибор қилмаганман, шекилли. Тошмурод қассоб айтиб қолди. Солибой қўшниларникига чиқса, писта-бодом­нинг шўрини қуритар экан. Қассобникида шундай бўлибди. Солибойнинг гали келганда, қассоб ҳам бир сиқим пистани чақиб бўлгач, иккинчисига ҳужумга ўтаман деб турганида, Солибой писта солинган биллур вазанинг устига тарелкани қўйиб: “Олдингиздаги пўчоқни шунга солинг”, дебди.

— Боплади занғар, — деди қассоб, — ҳуш­ёр экан.

— Йўғ-э, — дедим, — эътибор қилмаган эканман.

Хуллас, издиҳом тугагач, хотиним совға-саломларни бирма-бир қўлдан ўтказди. Менга шу чироғи бор ручка ёқиб қолди.

— Вой ўлай! — деди хотиним бир пайт. — Солибойнинг хотини Салтанат сатанг яхши хотин эмас экан.

— Нега?

— Мана қаранг, олиб чиққан чопонининг енглари чапараста.

Қизиққанимдан кийиб кўрмоқчи бўлдим. Енгининг оёғи осмондан қилиб тикилган, яъни тор томони қўлтиққа, қўлтиғи енг томонга қилиб қўндирилган. Тепаси ингичка, пасти лўли хотиннинг иштонидай шолпиллаб осилиб ётса, ғалати кўринар экан.

— Ўзи тикмагандир, бозорчилар қўлтиқлатиб юборгандир, ё бўлмаса, фаҳм-фаросати сенга ўхшаган тикувчи шундай тиккандир.

— Сизга мени чандиш бўлса бўлди, а, адаси. Қаранг, қайси калласи билан жондай қўшнисига шу тўнни раво кўради одам деган? Солибойингиз ҳам қўлтиғига тиқиб юборса, лаллайиб кўтариб чиқаверадими? Қайтариб юбораман.

— Йўғ-а, нима иш қилсанг қил-у, шу ишни қилма, хотин! Нима деган одам бўламан? Ўртага совуқлик тушади, — дедим.

— Буни бировга бериб бўлмаса, кийиб бўлмаса! Ётади жой эгаллаб.

— Менга қара, шунинг енгини жой-жойига қўйиб тиксанг, нима бўлади? Ҳадемай ўзининг туғилган кунида олиб чиқамиз, — дедим.

Бу гапим хотинимга жуда ёқиб тушди.

— Вой, тўғри айтасиз! Ўзим-ку буни эплай олмайман. Нариги кўчада Шоира деган тикувчи жувон бор, роса чаққон, шунга айтиб тўғрилатиб келаман.

Шундай қилди. Янги йилнинг эртасига унинг туғилган куни эди. Гапдагилар билан бостириб борадиган бўлдик. Унгача хотин ишни беш қилиб қўйди.

— Шошмай турсин, гали келганда, қўшниларнинг ўртасида бир боплайман, шундай қилибсиз, дейман, — деди хотиним.

Уришиб бердим:

— Қўшнилар орасига совуқлик туширма! Улар ҳам билишмаган, бирортаси олиб келгандир, хуллас, тўй чопонлардан биридир-да.

— Балони билмайди! Ҳамма нарсани билади, атай қилган. Фаҳми етмайди, деб ўйлаган, устимиздан кулмоқчи бўлган. Кўрсатаман мен ҳали у шўртумшуқ сатангга.

Қарасам, қайтмайдиган, бу нарса беихтиёр ўзимга ҳам алам қила бошлади. Ахир кўздай қўшнилармиз-а?!

— Бўлди, бас, — дедим жиддий, — хафа қиламан. Бу ёғини ўзимга қўйиб бер.

Хуллас, Солибойнинг туғилган куни келганда тўнни қўлтиқлаб чиқдик.

Чиқиш олдидан хотинимнинг оғзини маҳкамлаб қўйдим. “Бир гап бўлса, аямайман, билиб қўй!” дедим. Борсак, уй тўла меҳмон. Қассоб билан келишиб олувдик. Ҳали аламидан чиқмаган экан. Мен кира-сола тўнни Солибойнинг эгнига ёпиб, “муборак бўлсин!” қилдим. Хотини Салтанат ялт этиб менга қаради. Чамамда, тўнини таниди. Аммо сир бермадим.

— Енгини кийинг, енгини, — дедим белбоғини елкамга ташлаб, дўппини кийдираётиб.

Солибой тўнни кийди, хотини тўннинг ён-верига қаради, енгларини тортиб кўрди.

— Енгини айтмайсизми, енгини, — деди хотиним атай чўзиб.

Салтанат дув қизарди.

Меҳмонлар қарсак чалди, мен унинг говмишникидай қорнига белбоғни аранг етказиб, тортиб боғладим. Шу туришда у нафас ололмай қолди.

— Вой, ака, қорним ёрилиб кетади, ечинг-ечинг, — деди.

— Тўхтанг, расмга тушайлик, — дедим қассобга қараб. Қассоб имиллабгина телефонини ковлай бошлади.

— Тезроқ бўлинг, ака, ёрилиб кетаман, — деди Солибой аранг инграганнамо.

Ноилож ечдим. Кўрсатилган жойга бориб ўтирдик. Хотинлар чиқиб кетишди. Солибой ўзи билан ўзи бўлиб қолди, дам ўтиради, дам туриб у ёқ-бу ёққа юриб келади. Эндиги навбат қассобники эди. У тортилган таомларни апил-тапил тушириб бўлгач, пис­тахўрликка тушиб кетди. Бу гал бир ҳовучини олдига олиб, қисирлата бошлади. Мен ҳам вақт ўтказмай тарелкани олиб, баланд­роқ овозда:

— Қассобжон, олдингиздаги пистанинг пўчоқларини мана шу тарелкага солинг, — деб писта солинган биллур вазанинг устига қўйдим. Қўшнилар гур этиб кулиб юборишди.

Хуллас, энди туғилган кунлар ҳам кўчада ўтказилса, ажабмас…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 10 =