“Яшил энергия” — иқтисодий тараққиёт таянчи

Дунё мамлакатларида саноатнинг ривожланиши, аҳолининг  кўпайиши, иқтисодиётнинг жадал ўсиши энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ва талабнинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, электр энергияси ишлаб чиқаришда иссиқлик ва гидроэлектр станциялар ҳанузгача салмоқли ўринни банд этади.

Яхши биламизки, иссиқлик электр станциялари кўмир, газ ёки мазутни ёқиш, табиатга ис гази чиқариш асносида ишлайди. 2022 йилда дунё бўйича глобал энергиянинг 35,4 фоизи кўмирни ёқиш орқали ишлаб чиқарилган. Бу борада иккинчи ўринда табиий газ бўлиб, “мовий ёқилғи” орқали бутун дунёдаги 22,7 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Гидроэлектростанциялар эса глобал электр энергиянинг 14,9 фоизини, атом электр станциялари — 9,2 фоизини,  шамол электр станциялари — 7,2 фоизини, қуёш электр станциялари — 4,5 фоизини ташкил этган. Суюқ ёқилғи орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси жами 2,5 фоизни ташкил қилган бўлса, яна бошқа турли усуллар билан электр олиш ҳиссаси 2,7 фоизга  тенг бўлган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2022 йилда шамол, қуёш ва геотермал каби қайта тикланадиган манбалар жами электр энергияси ишлаб чиқаришининг 14,4 фоизини ташкил этди.

Ушбу статистик маълумотлардан кўринадики, бугунги кунда инсоният олдида атроф-муҳитни асраш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, экологияни сақлаш ва келажак авлодга тоза табиий муҳитни етказиш каби муҳим глобал масалалар кўндаланг бўлиб турибди.

Мазкур глобал масалаларнинг ечими кўп жиҳатдан ноанъанавий, қайта тикланувчи, экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Ушбу соҳанинг имкониятлари кўп эканлигини ҳозирги замон фани ва ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатиб турибди.

Масалан, қуёшдан келаётган радиациянинг сайёрамизга тушадиган энергия миқдори ўртача 1.3-1.4 кВт/м2ни ташкил қилади. Атмосферадан космосга қайтиб кетадиган радиация миқдорини ҳисобга олмасак, ер юзасига ўртача 1 кВт/м2 энергия тўғри келади. Бу энергия сайёрамизнинг айни дамдаги энергия эҳтиёжидан 9000 маротаба кўпдир.

Бундан кўриниб турибдики, иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлиги электр энергетикаси барқарорлигига, шу жумладан, қайта тикланувчи энер­гиядан фойдаланишни кенгайтиришга боғлиқ. Шунинг учун, аксарият ривожланган ва ривожланаётган давлатлар бу масалага устувор аҳамият қаратмоқда.

Хитой, Германия, Япония, Испания, Италия, Авс­тралия, Ҳиндистон каби давлатларда қуёш ва шамолдан электр энергияси ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, катта сармоялар  ажратилмоқда.

Айни пайтда қуёш энергиясидан фойдаланувчи энг йирик давлатлар қаторида Хитой (340 ГВт), АҚШ (102,9 ГВт), Япония (78,5 ГВт), Германия (62 ГВт) ва Ҳиндистон (57 ГВт) каби давлатлар пешқадамлик қилмоқда. Эътиборли жиҳати, бу борадаги кучли бешта давлатнинг учтаси қитъамиз вакилларидир.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда АҚШдаги электр энергиясининг 3 фоизи қуёш электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, Японияда бу рақам 10 фоизни ташкил этади. Япония бугунги кунда  дунёдаги фотогальваник элементларнинг 45 фоизини ишлаб чиқариб, ушбу мамлакат фотогальваник элементлар бозорида дунёда етакчилик қилмоқда.

Демак, қуёшли кунлари бир йилда 300 кундан ортиқ бўлган Ўзбекистонда қуёш нурларидан электр энергияси олиш ва фотоэлектр станцияларни жорий этиш  муҳим аҳамият касб этиб, истиқболли соҳалардан бирига айланиши табиийдир.

Бу борада Президентимизнинг истиқболни кўзловчи ташаббуслари билан дастлабки қадамлар  2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.

Ушбу қарорга асосан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга мол-мулк солиғидан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғидан озод этилди;

— ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган, яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан, 3 йил муддатга ер солиғидан озод этилди;

— муқобил энергия манбаларини жорий қилган жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида;

— шунингдек, қуёш фотоэлектр станциялари учун — 3 миллион сўмдан;

— қуёш сув иситкичлари учун — 1,5 миллион сўмдан;

— газ-горелкали қурилмалар учун — 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар ва имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилди.

Натижада мамлакатимизнинг иқтисодий тармоқлари ва ижтимоий соҳаларида қайта тикланувчи энергия қурилмаларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйила бошланди. Жумладан, 2021 йилда илк бор Навоий вилоятининг Кармана  ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманларида қуввати 100 МВтга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди.

Ушбу қуёш фотоэлектр станциясидан йилига 252 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Натижада 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинмоқда ҳамда 80 минг хонадон электр энергияси билан таъминланди. Тежалган газ билан 35 минг хонадонни бир йил давомида газ билан таъминлаш имкони вужудга келди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегияси”да (24-мақсад) иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт. соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт. соатга етказиш вазифаси белгиланди. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга олиб чиқиш орқали йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш  режалаштирилди.

Бу борада амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги 57-сонли қарори билан ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари, тадбиркорлик субъектлари бино-иншоотларига, аҳоли хонадонларига, янги қурилаётган кўп қаватли уйларга 2023 йилда қайта тикланувчи энергия қурилмаларини жорий этиш белгиланди. Ушбу қарор ва бу борадаги топшириқлар асосида республика миқёсида қайта тикланувчи энергия қурилмаларини жорий этиш ишларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш божхона органлари зиммасига юкланди. Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ишчи гуруҳлар, Божхона қўмитасида ишчи штаби  ке­йинчалик республика миқёсида қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлими ташкил этилди.

Бу ишларни ташкил этиш ва назорат қилишга 1500 нафардан ортиқ  божхона ходимлари жалб этилди. Дастлаб турли идоралар томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларда аниқ ҳисоб-китобларнинг йўқлиги, қайта тикланувчи қурилмаларнинг ўрнатилиши борасидаги ишларда ўзибўларчилик, рақамлар кетидан қувиш, ҳаққоний ҳисоботлар мавжуд эмаслиги топшириқ ижросини таъминлашда анча қийинчиликлар туғдирди.

Мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан идоралараро штаб ва жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолияти ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишларни тизимлаштириш, ягона ахборот тизими орқали мувофиқлаштириш ва назорат қилиш топшириғи берилди.

Ушбу топшириқ асосида объектларга ўрнатилган қуёш панелларини назорат қилиш ва бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Божхона қўмитаси дастурчилари томонидан “Яшил энергия” ахборот тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Натижада, “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилган маълумотларга кўра, бугунги кунда (2023 йил 27 октябрь ҳолатига кўра) ижтимоий соҳа ва давлат идораларининг 8 960 та объектларига 176 МВт., тадбиркорларнинг 11 879 та  бино-иншоотларига 135 МВт., аҳолининг  35 669 та хонадонларига 70 МВт., 2023 йилда фойдаланишга топширилган 341 та кўп қаватли уйларнинг томларига  4,4 МВт. қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.

Хусусан, Навоий, Тахиатош, Тўрақўрғон, Толимаржон, Сирдарё, Тошкент иссиқлик электр станциялари ва Тошкент, Фарғона, Муборак иссиқлик электр марказларида умумий қуввати 9,6 МВт қуёш фотоэлектр станциялари қурилиб, ишга туширилган. Жорий йилнинг ўтган даврида қуёш фотоэлектр стан­циялари орқали 3 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, электр станцияларнинг ўз эҳтиёжлари ва хўжалик эҳтиёжлари истеъмоли учун узатилган, натижада 613 минг метр куб табиий газ иқтисодига эришилиб, 1,5 минг тонна ис гази тарқалишининг олди олинганлиги эътирофга молик.

Шунингдек,  божхона органларининг 54 та бино- иншоотларига жами 2,4 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилиб, жорий йилнинг ҳисобот даврида (2023 йилнинг 9 ойида) электр энергиясидан 860 млн. сўм иқтисод қилинди, ҳудудий электр тармоқларига эҳтиёжидан ортиқча 63,5 минг кВт. электр энергияси узатилди.

Агар қарор ижроси доирасида белгиланган (1764 МВт) кўрсаткичларга эришилса, йилига 2,6 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 1,4 миллиард куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 2,8 миллион тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинган бўлади.

Амалга оширилаётган ишлар тармоққа узатилаётган электр энергияси юкламасини камайтириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, табиий бойликларни асраш билан бирга ҳар бир хонадон, идора ва ташкилотлар узлуксиз электр энергияси билан таъминланиб, қўшимча даромад топиш имкониятини  яратмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда қуёш энергияси ишлаб чиқаришда янги қувватларни ўзлаштириш, қуёш панелларини ишлаб чиқаришда ускуналарни маҳаллийлаштириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида хорижий инвесторлар ёрдамида 2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро,  Қашқадарё Тошкент  вилоятлари туманларида жами қуввати 2000 МВтдан ортиқ қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, қуёш электр станциялари Ўзбекистонда жами 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу мамлакатнинг бугунги кундаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан саккиз баравар кўп деганидир.

Бутун дунёда электр энергияси танқислиги мавжуд ва талаб муттасил ошиб бораётган ша­роитда Ўзбекис­тонда мавжуд бўлган улкан табиий имконият ҳамда илмий потенциалдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш лозим бўлади.

Зеро, табиий захиралар камайиб, талаб эса геометрик прогресс бўйича ошиб бораётган бир даврда  “яшил  энергия” — иқтисодий тараққиётнинг асосий таянчига айланмоқда.

Феруз САФАРБОЕВ,

Божхона хизмати полковниги.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 7 =