Шуълага доғ бегона
Ростини айтсам, мен Тошкент ҳайвонот боғи яқинидаги, катта сувликнинг шундоққина соҳилида жойлашган “Тошкент ГЭС каскади” унитар корхонасига бир қадар хавотир билан жўнаган эдим. У ерда ҳам мулоқотимиз чоғида турли рақамлар келтирилган узундан-узоқ сип-силлиқ рўйхат, қуруқ маълумотлар кўрсатишдек алпозда ўтса-я, деб чўчиган эдим. Хайриятки, бундай бўлмади. Аслида, мазкур жамоада барча юмушлар аниқ режа, аҳоли истаги, хоҳиши инобатга олинган тарзда амалга оширилаётган экан. Аввал бошданоқ, бош дастак шундан иборат эди: электр токи ишлаб чиқарадиган ГЭСлар барпо этишда кўп миллатли аҳоли ва жипс мутахассислар жамоаси вужудга келган, аллақачон анъаналар, тарқаб кетмаслик истаги туғилган эди.
Мен эса ўзимнинг журналистлик сафарларим вақтида Россия Федерациясининг йироқ-йироқ ерларида яна бир бошқача: “Тошкент сахий шаҳар. У ердаги ГЭСлар ишлаб чиқарган нур алоҳида нур таратади”, деган таърифни эшитганман. Чиндан ҳам, бу халқнинг уруш йилларида кўрсатган сахийлигини ёдга олиб шундай дейдилар. Ҳаммамиз учун жонажон бўлган жафокаш ерга берилган ажойиб таъриф. Негадир кўп ҳолларда бундан юз йил бурун ГЭСлар барпо этган мутахассисларга аҳоли меҳру муҳаббат ва миннатдорлик бурчларини изҳор этиб келадилар. “Бизлар барчамиз бир-бирларимизга бурчли ва миннатдор эканлигимизни ҳис этиб яшаймиз”, дейди кекса авлод вакиллари. Баъзида Тошкентдек шаҳри азим узра сирли милтираётган чироқлардан кўз узмай, узоқ туриб қолгинг келади. Қолаверса, шундай кезда одам табиатдаги ранг-барангликдан завқланади.
Дастлаб анжуман доирасида иштирокчилар учун “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонасининг модернизациядан сўнг янгиланган Бўзсув ГЭС-1 бўйлаб экскурсия ташкил қилинди. 1923 йилда ўрнатилган дастлабки ГЭСлар қатнашчиларда илиқ таассурот қолдирди. “Тошкент ГЭСлар каскади” тасарруфидаги жамоаларда тер тўкаётган юзга яқин ишчиларнинг деярли барчасида ёшликка хос ғайрат, ўз ёшига хос оқиллигу тажриба мужассам эди. Вақт-имконият борида уддалаш керак бунақа ишларни, дея оғзидан бол томиб айтадилар.
— Қизиқувчилар учун ГЭСнинг тарихини қисқагина сўзлаб берай. У айнан шу ҳудудда қурилиши керак бўлган, — деди “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси директори Дилшод Хайруллаев. — Маълумки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган.
Гидроэлектростанцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида янги техник сиёсатни амалга ошириш, гидротехник иншоотлардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, гидроэнергетика объектларини марказлаштирилган техник бошқариш, йирик, ўрта, кичик ва микро гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ва ҳар томонлама чуқур асосланган илмий-техник ечимлар асосида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизациялаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш сингари қатор вазифалар асосий маслаги ва фаолият йўналишини ташкил этади. Бугунги кунда республикамизда 54 та гидроэлектр станция ва 1 та шамол энергетик қурилмаси мавжуд бўлиб, шундан 20 таси ёки қирқ фоизи 70-90 йил бурун, яна 10 таси 40-60 йил аввал ишга туширилган. Кўрилган амалий чоралар натижасида сўнгги олти йил ичида 12 та гидроэлектр станциялари модернизация қилиниб, 167,4 МВт қувватлар тикланган ва 17 та янги ГЭСлар ишга туширилиб, 151 МВт янги қувватлар барпо этилган. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибида жами 26 та (4 та акциядорлик жамияти, 6 та масъулияти чекланган жамият, 15 унитар корхона ва 1 та нодавлат таълим муассасаси) тизим ташкилотлари фаолият олиб бораяпти. Улар орасида, айниқса, “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонасининг ҳам муносиб улуши бор. ГЭС-1, ГЭС-21, ГЭС-4, ГЭС-9 жамоаларида иш бир маромда кетмоқда.
— Жуда соз иш уддаланди! Яъни ўтган йиллар давомида гидроэлектр станцияларнинг модернизация қилинганлигини назарда тутаяпман, — деди навқирон йигит, “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси ишлаб чиқариш техника бўлими етакчи муҳандиси Шамсиддин Ҳасанов.
Шунда унинг чеҳрасини миннатдорлик шуури сийпалаб ўтгандек бўлди гўёки. Ҳозиргача 150 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич йил охиригача жами 170 миллион киловатт-соатга етказилади.
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди, десак янглишмаган бўламиз. Бунинг исботини сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг пайини қирқишга бўлган маъмурий ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу талабдан келиб чиқиб, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини виждонан ва ижтимоий йўналтирилган ҳамда доимий равишда юқори стандартларга риоя этган ҳолда олиб боришга интилмоқда. Бунда асосий эътибор коррупцияга қарши йўналтирилган сиёсат ва жараёнларни ишлаб чиқиш, татбиқ қилиш ва амалга оширишда доимий назоратни ўрнатишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Куни кеча пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг “Комплаенс-назорат” ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ҳам ташкиллаштирилди. Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ходимлари, Юнусобод тумани прокуратураси вакиллари, Жамият ижро аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар Каскади”, “Чирчиқ ГЭСлар каскади”, “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхоналари раҳбарияти ва масъул ходимлари, директорлари, харид бўйича масъул ходимлари ва кадрлар бўлими бошлиқлари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокидаги тадбир расмиятчиликдан холи, очиқ, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилди. Унда иштирокчилар кўплаб саволларга жўяли жавоб олдилар.
Аслида, электр энергияси иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Зеро, барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиши, меҳнат унумдорлиги ошиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ва ҳаёт даражаси юксалиши кўп жиҳатдан мазкур тармоқ истиқболи, келажаги билан узвий боғлиқдир. Ўзбекистоннинг бой энергия салоҳияти ҳамда самарали давлат бошқаруви мавжуд сув-энергетика ресурслари ва углеводород хомашёсидан оқилона фойдаланиш, электр қувватига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш имконини беради. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг кўп сонли жамоаси электр энергияси иқтисодиётни жадал тараққий топтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш гарови эканлигини қалбдан англайдилар.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.