Муқаддасдир Ватан байроғи!
Мана 32 йилдирки, 18 ноябрь Мустақиллигимиз рамзларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун миллий ифтихоримиз сифатида катта тантана билан нишонланади.
Миллат байроғи – муқаддас. Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Шунингдек, халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.
Сана муносабати билан пойтахтимиздаги Яккасарой тумани 249-сонли “Мажнунтол” номли МТТда “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Байрам тадбири Давлатимиз мадҳияси билан бошланди.
— Давлат байроғи – давлат рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг турли сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. Ватанимиз байроғи бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, тинчликсеварликни, беғуборлик ва софликни, орзулар тозалиги ва ички гўзалликка интилувчанликни, навқиронлик ва умидлиликни, табиат билан уйғун янгиланиб боришни билдиради, — деди боғча мудираси Севара Аҳмеджанова.
Тадбирда болажонлар томонидан миллий рамзимизни улуғловчи, бахтли болалик, она Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар куйланди. Эртак қаҳрамонлари иштирокида образли ўйинлар ҳамда турли хил арғимчоқлар, қизиқарли томошалар ташкил этилди. Шунингдек, турли спорт мусобақалари, расмлар кўргазмаси, ташкилот педагоглари ва тарбияланувчиларнинг мусиқий чиқишлари, анимацион саҳна кўринишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Чиндан ҳам, мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.
– Бола тарбияси – нозик масала. Бу соҳада ишлайдиганлар учун эса энг муҳими соғлом муҳитдир. Ҳозирда боғчамизда 290 нафар тарбияланувчи 6 та ўзбек гуруҳи, 6 та рус гуруҳида тарбияланмоқда. Уларни юртга фойдаси тегадиган, порлоқ келажакка эриша оладиган қилиб тарбиялашда эса барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, хизмат қиляпмиз. Бу болалар келажакда халқимиз фахрланадиган инсонларга айланса, элимиз корига ярайдиган бўлиб улғайишса, бу, албатта, барчамизнинг катта ютуғимиз бўлади, – дейди мазкур боғчада 35 йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлаётган Умида Бурҳанова.
Куй ва қўшиқлар остида давом этган тадбир болажонларга кўтаринкилик бағишлади.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.