Эртамизни матбуотсиз тасаввур қилиб бўлмайди

Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўпгина ишларни, улкан ислоҳотларни эътироф этмаслик мумкин эмас. Кўпчилик “имкони бўлмаса керак” деб юрган қанча масалаларга ечим топилди. Айтайлик, узоқ йиллар давомида мактаб ўқувчилари, олий таълим ўчоқларининг талабалари мажбурий ҳашарга чиқмаса ҳам деҳқон йил давомида етиштирган пахта қор-ёмғир тагида қолиб кетмаслиги мумкин экан. Қишлоқ хўжалиги тўғри бошқарилса, ер ўз эгаларига берилса, ҳаммасини эплашнинг иложи бор экан.

Умуман, мажбурий меҳнат масаласи ўз ижобий ечимини сўнгги 6-7 йил давомида топди. Буни бутун дунё афкор-оммаси бежиз эътироф этаётгани йўқ.

Ёки банклардаги ур-сурлар, валюта айирбошлаш шахобчаларидаги ғирромликларга ҳам чек қўйилгани-чи. Марҳамат, кимга қанча хорижий валюта керак бўлса, сотиб олаверсин.

Бўлар экан-ку. Буларнинг бари, албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси, Юртбоши сифатидаги кескин талаби туфайли амалга ошди деб ўйлайман.

Бундан ташқари, олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишдаги минг хил “ўйин”лар ёки халққа кўрсатиладиган ижтимоий-иқтисодий юзлаб хизматларнинг шаффофлигига эришилгани ҳам катта қадамлар бўлди десак янглишмаймиз.

Энди бугунги кунда узоқ йиллардан буён чоп қилиниб келинаётган қатор газета ва журналларнинг аҳволини янада яхшилаш, матбуотни, аниқроқ айтганда, босма нашрларни қўллаб-қувватлаш муҳим масалага, оғир муаммога айланиб қолгани ҳақида айт­моқчиман. Нега деганда, бир пайтлар қарийб бир миллион нусхада чоп этилган нуфузли газеталарнинг ҳозир минг нусха нари-берисида чиқаётгани барибир ўта уятлидир. Ёки болалар нашрларини олайлик. Мамлакатда ўн мингдан зиёд мактаблар бор экан-у, уларда миллионлаб фарзандларимиз таҳсил олишар экан-да, келажагимиз эгаларининг нашрлари атиги 2-3 минг ададда чиқиб турса?

Ҳамма билади, бугун “мажбурий обуна” мумкин эмаслигини. Шу боис, обуна қилиш — ўлимдан қийин. Аммо давлат раҳнамолик қилса, ҳомийлик қилса, газета ва журналлар, ҳеч бўлмаса мамлакатдаги асосий нашрлар, яъни ҳаммага керак, давлат сиёсатини, маънавиятини, маърифатини кўтарадиган нашрларнинг қаддини тиклаш мумкин бўлади.

Ахир нима учун дунёда Америка, Япония, Хитой, Туркия, Англия ва бошқа тараққиёти юксак ривож топган давлатларда бир миллион ва ундан юқори ададда чиқаётган нашрлар бор. Уларда одамларнинг уйига газеталар келади. Мисол учун Нидерландия мисолида кўп гапириш мумкин. Бу юртда хонадонларга эрта тонгда энг сара нашрлар келар экан. Афсуски, бизда минг-минглаб маҳаллалар, қиш­лоқларга деярли газета ва журналлар бормай қолди. Ачинарли ҳол бу.

Тўғри, бугун замон ўзгарди. Бир пайтлардагидек одамлар газета дўконларига навбатда турмайди. Тезкор хабарларни ҳам, янгиликларни ҳам ҳамма қўлидаги шапалоқдек телефондан билиб олади. Бироқ интернетни деб матбуотдан воз кечилса, тўғри бўладими? Албатта, хато бўлади. Чунки интернет ва ижтимоий тармоқлар қанчалик муҳим бўлмасин, ундан хотира сифатида фойдаланиб бўлмайди.

Менинг фикримча, “бозор газеталари”ни ўзига қўйиб бериш керак. Улар тижорат, реклама билан яшаса, яшаб кетаверади. Аммо… “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Жамият”, “Қишлоқ ҳаёти”, “XXI аср”, “Миллий тикланиш”, “Адолат”, “Ишонч”, “Ёшлар овози”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Жаҳон адабиёти”, “Саодат”, “Фан ва турмуш” сингари нашрларни йўқотиб бўладими? Агар йўқотадиган бўлсак, уларнинг ўрнига нима бера оламиз? Ахир бу нашрлар илдизи чуқур, ҳамиша ва ҳаммага керак нашрлар. Зеро, фикри ожизимча, Учинчи Ренессанс ғоясини матбуотсиз элу-юртга тўлақонли сингдириб бўлмайди. Қолаверса, шунча оғир юмушларни, улуғ бунёдкорликларни бажараётган Ўзбекистонимиз учун юқорида мен санаган ва санамаган, айтайлик, жами бўлиб 20та нуфузли нашрни хонадонларга, ўқишга чанқоқ аҳолига етказиб бериш ҳам чўт эканми?

Камина узоқ йиллар турли матбуот нашрларида меҳнат қилганим, бутун умр ҳаётимни адабиётга, маънавиятга бағиш­лаган бир зиёли сифатида муҳтарам Президентимиз томонидан сўнгги йилларда китобхонлик ва умуман маънавий-маърифий соҳаларга эътибор, ғамхўрлик қилиб келаётганларини доимо олқишлайман. Ишончим комил, ўзбек матбуоти яқин вақтлар ичида қаддини ғоз кўтаради, ўзини ҳурмат қилган катта-кичик барибир матбуотга албатта қайтади.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

адабиётшунос олим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 3 =