Юрак билан сирлашаман жим
Муаллиф ҳақида:
Зумрад МАШАРИПОВА — 1990 йил Янгибозор туманида таваллуд топган. Урганч давлат университетининг филология ва санъат факультетини битирган. 2022 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети магистратурасини тамомлаган.
Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЁР
Ичсам, маст қилар дебсиз,
Қимизга менгзабсиз, ёр.
Во ажаб, ғунча лабни
Қирмизга менгзабсиз, ёр.
Изҳорингиз бунча кўп,
Юракни тузлабсиз, ёр.
Ўзни енгмоқлик учун
Ўзгасин излабсиз, ёр.
Кўнмай юрак майлига,
Кирмай севги сайлига,
Бош эгмай биз Лайлига,
Осон йўл излабсиз, ёр.
* * *
Тун чекинар киприкларимдан,
Кўзларимдан таралади нур.
Бутун борлиқ ухлайди сокин,
Сен уйқудан оласан ҳузур.
Жон оламан хотиралардан,
Юрак билан сирлашаман жим.
Ҳатто рашким қўзғатар менинг,
Тушларингга кирган аллаким.
* * *
Жирингласин телефон тинмай,
Тез-тез йўқла, ҳолим сўраб тур!
Вужудимга кирган ҳарорат
Кўзим узра сочиб турсин нур.
Шу симларда таратгин майли
Овозингнинг жарангларини.
Мен қоғозга сочаман энди
Ҳаяжоннинг бор рангларини.
* * *
Сўз дема!
Сўзлама!
Сўзлатма!
Излама!
Изламам,
Излатма!
Мен фақат муҳаббат истайман,
Қалбимни тузлама!
Тузлатма!
Севолсанг ўзингдан тониб сев!
Чўғида қоврилай, ёниб сев!
Чанқасанг ишқ майин тутқазай,
Севгида мен сенга ютқазай.
Артиб қўй кўзларим намини!
Ўчирма ишончим шамини!
Бас энди сабрлар чарчади,
Тўлдиргин кўнглимнинг камини.
Билсайдинг сенсизлик ёмондир,
Биламан менсиз ҳам oмонсан.
Ёдинг ҳеч осойиш бермайди,
Эй, Яхши, не сабаб ёмонсан?
* * *
Тилимнинг учида учади бир сўз,
Сукунат ичида сақлайди сукут.
Қошингга бораман, пичирлайди кўз,
Тушларинг эшигин очиқ қўй-да, кут.
* * *
Менга етгунингча тўкиламан, ёр,
Битталаб терасан бўлакларимни.
Маъюс нигоҳимга тикилиб абгор,
Тушуна олмайсан тилакларимни.
Сенга интилувчан барг эдим, сен-чи,
Баҳор гулларига тикилдинг муштоқ.
Умринг хазон каби бўлганда зард тус,
Баҳорга дўнаман гул каби оппоқ.
* * *
Далаларнинг юзини елпиб,
Силкинади етилган бошоқ.
Буғдойларнинг ҳидидан сармаст
Куй чалади япроқлар машшоқ.
Юрагимни эзаман тинмай
Ўз ишқимнинг тегирмонида.
Ўтдан чиқиб қизарар кейин,
Нон ўзбекнинг дастурхонида.
УСТОЗ
Сочимда судралиб кезади соғинч,
Сочилиб кетади йўлларга йиллар.
Дарс тугар, дарсхонам нафас олар тинч,
Ҳар томон тарқалар нур тўла диллар.
Мен яна эртани кутаман муштоқ,
Ҳорғин нигоҳимни кулдирмоқ учун:
Қуёшдек нур сочиб, юраги оппоқ
Тоза варақларни тўлдирмоқ учун.
* * *
Бошимиздан ёғиб ўтган ёғишмиди?
Пар булутнинг дардларини соғишмиди?
Ивиб кетдим, англолмадим мақсадингиз,
Ағёрларнинг сўзларига оғишмиди?
Оқиб кетмай, изга қайтмиш армонларим,
Хазон янглиғ юзга қайтмиш армонларим.
Сиздан кечиб, яна сизга қайтдим такрор,
Ўздан кечиб, ўзга қайтмиш армонларим.
* * *
Кулишни унутдим, кулмай қўйдим, ёр,
Ҳар куни минг ўлиб, ўлмай қўйдим, ёр.
Бағрига чорлади хазонрез боғлар,
Сизсиз гўшаларга келмай қўйдим, ёр.
Армонлар аримай қолди юракдан,
Ҳижроннинг даштидан жилмай қўйдим, ёр.
Соғинчлар қуйилган қадаҳларимдан
Сиз ҳам ичиб кўринг, бир май қуйдим, ёр.
Гадога айландим меҳр тиланиб,
Дилни девонадай тилмай қўйдим, ёр.
Ўзимни унутдим тошга айланиб,
Меҳр нималигин билмай қўйдим, ёр.
Келишингиз кутдим узун кечалар,
Кўнглим дарвозасин илмай қўйдим, ёр.
Сизни сарсон қилди қайси кўчалар?
Мен ҳам илтифотлар қилмай қўйдим, ёр.
Бошимда бошим йўқ, қуёшсиз кўкман,
Тўлин ой мисоли тўлмай қўйдим, ёр.
Бемажол танамга кераксиз юкман,
Ҳар куни минг ўлиб, ўлмай қўйдим, ёр…