Азиз одамлар

Санобар опага улуғ шоир яшаган маҳалла ҳаётини ёритмоқчи эканлигимизни айтганимизда, у: “Ҳудудда қайта таъмирланган мактаб фаолиятини кўрсатайлик, чунки айни пайтда энг диққатга сазовор нуқтамиз шу мактаб бўлади”, деган фикрни билдирди. Опанинг сўзларидан ўша мактабни бориб кўришга қизиқиш пайдо бўлса-да, ишни, аввало, маҳалла хотин-қизларининг қувончу ташвишлари билан бирга яшаётган “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари билан суҳбатдан бошладик.

— Маҳаллада ҳар хил одам бор. Ҳозир улар билан чиқишишнинг ўзи оғир масала. Айниқса, бугунги кун аёлининг кўнглини топиш жуда қийин. “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Санобар опанинг катта ҳаёт тажрибаси, салоҳияти хонадонлар тинчлигини сақлашда, маҳалланинг ободлигида асқатди. У, биз, ўн беш нафар фаолни ҳар доим ёнида олиб юради. Деярли ҳар куни биргамиз. Эрталабдан маҳаллани бир айланиб чиқамиз. Кўп қаватли уйларга бириктириб қўйган масъул аёлларимиз билан боғланиб, ўтган кеча-кундузда ҳеч қандай ташвишли ҳолат бўлмаганига амин бўлгачгина, бошқа ишларимизга уннаймиз, — дейди оқила аёллар ҳаракати фаолларидан бири, кимё фанлари номзоди, доцент Мунаввар Саидова.

Дарҳақиқат, маҳалладаги 30 та кўп қаватли уйнинг ҳар бирига уч нафардан ибратли оила аёллари бириктирилиб, ҳар кунги ҳолат бўйича қарийб икки ярим минг аёлни бошқараётган Санобар Шодиевани хабардор қилиб туришар экан. Саксонни қоралаётган онахон бўлишига қарамасдан, уйма-уй юриб, бир ярим мингга яқин оила дарди билан ҳамнафас фидойи аёлнинг бажараётган ишларига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ.

— Бундан бир-икки йил олдин бир оила ҳеч тинчимай қолди. Ўртада болалар бор. На эр кўнади гапга, на хотин. Ўша кунлари “Ибратли оила” танловини ўтказиш режамизда бор эди. Кечқурун уйда чой ича-ича, шу оилани иштирокчи қилсам-чи, деган фикр келди. Эртасигаёқ хонадонга бордим, сўзни “менга ёрдам қилмасанг­лар бўлмайди”дан бошладим. Шундай демасам, кўнишмасдиям гапимга. Эрига қараб, жуда ноқулай аҳволда қолганимни, танловда улар иштирок этмаса бўлмаслигини ташвишли қиёфага кириб айтдим. Икки ҳафта тайёргарлик жараёнларида эр-хотин ярашди-қўйди. Булар ярашишига монелик қилаётган нарса оиладаги жанжалнинг кўчага чиқиб кетгани экан-да. Ҳеч нима бўлмагандай ярашиб олишга ўзларича қўни-қўшнидан уялиб юрган эр-хотин, биров билиб, биров билмай, апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Оилалар билан ишлаш ҳам бир сиёсат, — дей­ди Санобар опа.

Маҳаллада хотин-қизларнинг кўп­роқ уйда қолиб, ўз қобиғига ўралиб олиши ва шу туфайли фаоллик даражаси пасайиб кетишининг олдини олиш учун арт-терапия ва нейрография бўйича семинар машғулотлари ўтказилган. “Маънавият давралари”, “Одобли қиз”, “Кийиниш маданияти”, “Ибратли қайнона”, “Маърифатли она”, “Оилада тиббий маданиятни шакллантириш” каби тадбирлар ташкил этилган. Бу каби ҳаракатлар эса оилаларда аёл деган мавқенинг мустаҳкамланишига сезиларли таъсир этмоқда. Ўтган асрнинг 70-йилларида бунёд этилган 168-сонли “Кўзмунчоқ” болалар боғчаси давлат томонидан қайта қурилгани, маҳалла ҳудудида нуфузли хорижий институт филиалининг биноси қад ростлагани, кўп қаватли савдо мажмуасининг фаолияти йўлга қўйилгани ҳам маҳалланинг кўркига кўрк қўшгани аниқ. Санобар опа бу ўзгаришларни замон билан бирга қадам ташлаш, дея таърифлади. Айниқса, 298-умумтаълим мактабининг ютуқлари ҳақида гапирар экан, юрагидаги ҳаяжонини яшириб ўтирмади. Мустақиллик билан тенгдош бу мактаб айтса айтгулик замонавий қиёфага эга бўлганини эса мактабга бориб билдик.

2022 йилда бу таълим даргоҳини капитал таъмирлаш учун давлат бюджетидан 11 миллиард 800 миллион сўм ажратилган. Мактаб мутлақо янгича услубда қайтадан таъмирланган. Биринчи қават Биринчи Ренессанс, иккинчи қават Иккинчи Ренессанс даврининг руҳини беради кишига. Деворларга катта қилиб ишланган алломалар суратлари илм ва абадиятдан сўзлайди гўё. Шу аснода учинчи қават “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори!” ғояси асосида шакллантирилибди.

— Бу йил ўқувчиларимнинг 57/3 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Битирувчиларимдан Наргиза Азаматова бир йўла ўнта хорижий институтнинг талабаси бўлгани мени жуда хурсанд қилди. Яна бир ўқувчи қиз Диёра Рустамова эса “IELTS”дан 8,5 баллни қўлга киритди. Тўрт нафар ўқувчи мактабни олтин медаль билан тугатди. Шу жойда бир нарсани алоҳида айтиб ўтиб кетмасам бўлмайди. Инновация вазирлиги, Турин политехника университети ва Олмазор туман ҳокимлиги ҳамкорликда нанотехнология бўйича янги “DremSat таълим дастури” лойиҳасини бизнинг мактабимиз ўқувчилари билан бошлади. Лойиҳа бўйича иншолар танлови ўтказилиб, барча мактаблардан 20 нафар ўқувчи саралаб олинди. Улар ўқитилди ва мактабимиздаги 3D моделлаштириш ва робототехника хоналарида ўз қўллари билан кичик нано-сунъий йўлдош­ларни ясашди ва жойлашуви бўйича мос келгани учун Навоий вилоятида очиқ стратосферага учиришди. Ҳаво шари, қуёш, умуман, ўзлари хоҳлаган нарсани ясаб, махсус кодлар ёрдамида дастурлашди. Учирилган кичик сунъий йўлдошчаларнинг қаергача етиб боргани ва учиш даражаси эса мактабга ўрнатилган катта экран орқали болаларнинг ота-оналарига онлайн тарзда кўрсатилди. Мени энг суюнтирган нарса — мана шу лойиҳа ортидан иштирокчи ўқувчиларимнинг тўрт нафари Американинг нуфузли олийгоҳларига 108 минг долларлик грант асосида ўқишга кирди. Бу эса болаларда физика-математика фанларига ва, айниқса, яратишга бўлган қизиқишни кучайтирди, — деди мактаб директори Наргиза Тошхўжаева биз билан суҳбатда.

Санобар опанинг: “Шу мактабни ёритайлик”, деганича бор экан. Мактабда иккинчи хорижий тил ва касбга йўналтириш ишлари намунали тарзда йўлга қўйилибди. Ўғил болалар учун юқорида айтилган ахборот технологиялари соҳасида 3D моделлаштириш ва қизлар учун тикувчиликка қизиқишни ривожлантиришга эътибор кучайтирилган. Туман ҳокимлиги томонидан 12 та замонавий тикув машиналарининг совға қилиниши ҳам тез орада юзлаб чевар қизларни, эҳтимолки, жаҳон мода майдонига чиқа оладиган модельерларни юзага чиқарса, ажабмас. Зеро йигирма йиллаб Республика болалар бадиий ижодиёти марказини бошқарган Санобар Шодиева айтганидай, ўқувчининг иқтидорини оча билиш юз фоиз ўқитувчига боғлиқ. Мактаб директорининг ўн беш йил “Машҳура” фирмасида орттирган тажрибаси, асли мутахассислигининг модельер дизайнерлиги шу жойда иш бериши шубҳасиз. Иккинчи хорижий тил сифатида эса корейс тили танлаб олинди. Болалар 7-синфдан бош­лаб қўшимча тарзда корейс тилини ҳам ўрганиш имкониятига эга бўлди. Кореядан ҳар бир чорак учун алоҳида дарсликлар келтирилди. Мактаб раҳбари “мутахассис кам” деб қўлини қовуштирмади. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетидан корейс тили йўналиши бўйича ўқиб, амалиётга келган тўрт нафар талаба қизни ишга қабул қилди. Дарс соатларини ҳам уларнинг келиб-кетиш имкониятларига қараб белгилади. Мактабнинг шоир Чустий боғи ўрнида барпо қилинганида ҳам бир ҳикмат бордай… Ҳар қалай, ўқув даргоҳининг имкониятлари ўзидан кўпаймоқда. Ҳинд муаллими Абдулла Падувазнинг устоз ва ўқувчиларнинг инглиз тилида мукаммал илм олиши учун шу мактаб­­га бириктирилиши нур устига аъло нур бўлди. Ўқитувчилик соҳасини кўпроқ хотин-қизлар ташкил этишини, шунинг­дек, болалар таълим-тарбияси мактаб шароитида юқори босқичга олиб чиқилиши, аввало, оналарнинг оғирини енгил қилишини ҳисобга олсак, маҳалла аёлининг бугунига ҳавас билан қарамасликнинг иложи йўқ.

Ҳа, 298-умумтаълим мактаби маҳалланинг кўкрагига қадалган нишон бўлибди, десак, хато бўлмайди. Мактаб биносининг ичини ҳайрат билан кузатар эканмиз, биз ҳам шундай мактабларда ўқиганимиздамиди, деган ўй ўтди хаёлимиздан. Мактаб директори Наргизахоннинг яшаб турган уйини сотиш эвазига ўғлига жигарини кўчиртирган она ҳақидаги ҳикоясини тинглаб эса кўзимиздан ёшимизни тия олмадик. Хаста аёли ва ночор шароитда қолган икки фарзандидан воз кечган ота ўрнида ота бўлиб, шаҳарнинг бошқа бурчагига кўчиб кетган ўқувчиларининг дарди билан яшаган ҳазрати инсонни учратдик биз. Уйсиз қолган она-болалар Яшнобод туманидаги бувисининг уйига кўчган. Болалар йўл узоқлигидан, табиийки, дарс қолдира бошлаган. Наргизахон ўқувчиларининг кетига тушиб, аҳволни ўргангач, болаларнинг ўқишини кўчириш учун улар яшайдиган маҳалладаги мактаб директорига шахсан бориб учрашади. Ўзи ҳам бир мактабнинг раҳбари бўла туриб, ўша директорни шу ўқувчисини қабул қилишга кўндира олмайди. Яшнободдан Олмазорга етиб келгунча болалар учта транспортда қатнаган. Наргиза Тошхўжаева уларнинг дарс қолдирмаслиги учун ойлик иш ҳақидан ўқув йили якунига қадар етти ой давомида йўлкира харажатларининг кунлигини кунлик берибди.

…Маҳалладан қайтар эканмиз, академик шоир Ғафур Ғуломнинг:

Азиз асримизнинг азиз онлари

Азиз одамлардан

                               сўрайди қадрин.

деган сатрлари бот-бот хаёлимизда такрорланди. Зеро, давлат раҳбарининг ташаббуси билан “инсон-жамият-давлат” тамойилининг амалдаги исботини ўз кўзларимиз билан кўрмоқдамиз, қулоқларимиз билан эшитмоқдамиз. Чус­тий номли маҳалласининг фаровон ҳаё­­ти, одамижон инсонлари эса буни яна бир карра тасдиқлади.

Муҳайё ПИРНАФАСОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 4 =