Айиқ ва Зилола

Аввал хабар берганим, айни вақтда мажбурий даволанишда бўлган маҳкума З.Тўлаганованинг кўргазмасидан кеча оғир бўлиб уйга қайтдим. Кўпчилик кечадан бери “нега ёзмаяпсан?” деб сўради.

Кўрганларим, ҳис қилганларим, тушунган ва тушунмаганларим ҳарорати ёниб турганида шартта ўтириб ёзмоқчи эдим, лекин шошмай қўя қолай дедим. Кеча ўзим ишонган журналистлар гуруҳига билганларимни гапириб бердим ва шу орқали одамларнинг реакцияси тахминан қандай бўлишини синовдан ўтказиб олдим.

Кеча саҳнада Зилоланинг касби ва билими ортидан эришган ютуқлари осилганди, мактабдан магистратурагача аъло баҳоларга ўқигани, она бўлганида қизалоғини оппоқ пахтадек ўраб-чирмаб бағрига босиб турган суратлари, ўғил ва қизи, қариндошлари билан бахтли расмлари… Ўзи рассомлик қилган китоблар, картиналар. Картиналар бир-бирига ип билан аёлларга, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик хабарлари билан боғланган.

Миллий тикланиш партияси “Мени эшитинг” номли фильм тайёрлабди. Ёпиқ намойиш бўлгани учун этика жиҳатидан,  тасвирга олмасликни сўрашди. Фильмда Зилоланинг яқинлари, у билан бирга ўқиган, ишлаган, йиллар бўйи таниган кишилар, зиёлиларимиз, психологлар, воқеадан кейин аёл билан дастлабки суҳбатни олиб борганлар, юрист ва ҳуқуқ органлари вакиллари интервью берганлар. Ҳеч кимни айбламасдан (Зилолани ҳам), муаммо қаерда, қандай юзага келган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз қарашларини билдирганлар. Ҳамма аёлнинг қобилиятли ва болаларига меҳрибон эканини таъкидлаган ва ҳалигача бу содир бўлганига ишонолмаслигини айтган. Ўша фильмдаги бир гап ёдимда қолди. Буни иккита суҳбатдош таъкид­лаган:

“Зилола айтгандики, қизим ҳам менга ўхшаб бахтсиз бўладими…”

Нега у бахтсиз эди? Қариндош билан турмуш, тирикчилик манбаи — китоб графикасини қиладиган ноутбукигача сотиб юборган эрнинг қарзларини ёпишу тазйиқларига дош бериш, қизчасини янги туққанида “ур калтак-сур калтак” билан уйга қайтиш, доим яқинлардан эшитилган “чида ва яша, болаларингни етим қиласанми” каби гаплар, бир неча бор ажримдан қайтарган тизимлар, сўнг икки бола билан таҳқирланиб, арши аълони титратадиган сўзни эшитиб, уйига қайтиш. Болаларни боқаман деб кечани кундузга улаб ишлаш, институтда дарс бериш, нашриётлар буюртмаларини бажариш. Ижтимоий-моддий, номаълум келажак босими. Воқеадан кейин ҳам ота қорасини кўрсатмаган, болаларга алимент тўламайди, судга берилган, маъмурий жавобгарликка тортилган, лекин ҳеч қаерда изи йўқ. Болалар Зилоланинг кекса, қўли қисқа ота-онаси қарамоғида. Булар – эшитганларим, бу гапларни бош­­қа томондан тасдиқлашнинг иложи йўқ. “Боласини айиққа ташлаган бўлса ҳам эр айбдор дейсанми?” дей­диганлар бўлишини билиб, яна тушунтираман. Бу вазият эрни қоралаш ва онани оқлаш вазияти эмас. Бу ҳолатнинг борича кўриниши менга айтилган гап­лар. Ва бу огоҳлик қўнғироғи.

Кеча фильмдан тушунганим руҳияти синувчан одам бирор даҳшатли ишга қўл уришдан аввал ўзининг онги ва иродасидан ташқари сигналлар беради, масалан, суицид қилмоқчи бўлганлар ҳам 3 марта уриниб кўради, дейишади. Назаримда, Зилола мисолида ҳам деярли шундай бўлган, аммо ҳеч ким жиддий қарамаган. Масалан, дугонасига ярим тунда қўнғироқ қилган ва таниб бўлмас даражада тушунарсиз сўзлаган. Онасига болаларни ҳайвонот боғига олиб кетишдан аввал қўнғироқ қилган, ҳаяжонланган… Оналик инстинктидан-да кучлироқ, бизга номаълум дард иродасини бошқарган.

Суд уни одатий қамоққа эмас, мажбурий даволанишга юборган, демак, руҳиятда ҳамма гап. Бундай вазиятда на динимиз, на қонунларимиз жиноят содир этган шахсга ортиқча савол қўймайди. Даволанади ва муайян муддатга изоляция қилинади. Худди дейлик, саратонга чалинган беморга “касал бўлганинг учун ўзинг айбдорсан” дейилмагани каби руҳиятида бузилиш бўлган одамга ҳам бемор деб қаралади. Мен соппа-соғ одамлар ҳам психозларни бошдан ўтказиши, маълум даврда руҳий бузилишлари бўлиши мумкинлигини, ҳатто алаҳсирашини кўрганман. Бундай вақтда уйқу, ҳаловат, меҳр, даволаниш зарур. Ва шундагина бу ўпқондан чиқиб кетиши, бемалол яқинлари бағрига, ишига, ҳаётига қайтиши мумкин.

Кеча тадбирда эски жароҳатларим миямга қайтди. Зилолада-ку, бу даҳшатли ишига сабаб руҳиятидан топилди, шунинг учун 2 йилдан буён даволанишда. Аммо 2008 йилда бизнинг курсимиз гувоҳ бўлган даҳшатга ҳалигача жавоб тополмайман. Ўшанда бувим вафот этганларида фотиҳага келган икки курсдошимдан бири кечга томон изсиз йўқолган. Орадан 2 ҳафта ўтгач…

Бу ҳақда очиқ ёзаётганим сабаби,  бирор воқеани муҳокама қилганда “мен билан ҳеч қачон бундай иш содир бўлмайди” демаслик керак. Марҳум курсдошимизни қанчалик яхши кўрсак, ўша жиноятчи курсдошимизга ҳам шундай ишонардик. Ҳеч қачон бундай иш қила олишига ишонмаганмиз, ойлаб кўзларимга уйқу келмаган. Суд жиноятчини руҳияти соғлом деб топган ва узоқ йиллар қамоқ жазоси берган.

Кеча партия раиси ўринбосари Фируза Муҳаммаджонова мени саҳнага чақириб, кутилмаганда Зилоланинг ота-онаси, фарзандларига ёзган хатини ўқитдилар. Улкан, эзгин қайғу, болаларининг соғинчи, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлик, яхши кунларга умид ёғилиб турарди. Ҳолатим яхши, шифокорлар ёрдам беришди деган…Тинимсиз суратлар чизаётган экан.

Аслида партия ўтказган тадбир Зилола воқеасига қурилган бўлса-да, асосий қизил чизиқ – аёлларга ижтимоий-руҳий ёрдам кўрсатиш, зўравонлик ва носоғлом оила муҳитидан ҳимоя қилиш тизимидаги муаммолар ҳақида эди. Кеча реабилитация марказларига бир йил ичида 15 минг аёл мурожаат қилганини айтишди. 15 минг. Бу мурожаат қила олганлари, қаергадир боришни билганлари. Яна неча минглари эса ижтимоий, иқтисодий, руҳий, тиббий дардлари билан жимгина яшаяпти. Неча юзларининг ичида эса бу дардлар портлаш босқичида бўлиши мумкин.

Олдини олиш мумкинми? Ҳа, атрофимиздагиларга меҳрлироқ, бағрикенгроқ бўлиб. Ажрашган аёлларнинг шаънини топтамасдан, қўлдан келса ёрдам қўлини чўзиб, келмаса, халақит бермасдан.

Олдини олиш мумкинми? Ҳа, ҳеч бўлмаса, уни тинг­лаб.

Журналист Азиза Қурбонованинг

“Facebook” саҳифасидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =