Қалбларга муҳрланган адиб

Талабаман… Ўқишдан бўш вақтларимни, асосан, тил ўрганиш ҳамда мутолаага қаратганман. Ростиям шу-да, ҳозир ўқимасам, қачон ўқийман? Яқинда улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг икки асарини: “Жамила” ва “Бўтакўз” китобларини ўқиб тугатдим. Айтматовни танимаган, билмаган одам бўлмаса керак. Унинг асарлари ўқувчини ўзига ром қилиб, ипсиз боғлайди. Ундаги воқеалар шунчалар бетакрорки, беихтиёр асар қаҳрамонлари билан бирга яшайсан киши: кулса, қўшилиб куласан, йиғласа, дардкашдек йиғлайсан. Ёзувчи услубининг яна бир ўзга хос томони шундаки, кўпгина асарларида беғубор ва асл севги куйланади. Буни “Жамила” қиссаси мисолида кўриш мумкин.

“Жамила” қиссасида Иккинчи Жаҳон уруши даврида қирғиз халқининг оғир аҳволи оддий бир колхоз ҳаёти мисолида ёритилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларида қирғиз халқининг урф-одатлари, анъаналари, одамлар тилидаги афсоналар ҳозирги замонавий ҳаёт билан уйғунлашади. Хусусан, “Жамила” қиссасида ҳам уларнинг етти авлоди ким ва қандай инсон бўлишганини, қариндошлик ришталарини узмаслик кераклиги бош қаҳрамонлардан бири Сеит образи тилидан айтилади.

Жамила ва Дониёр севишиб, бирга у ерлардан бош олиб кетишганини кўпгина мухлислар қоралашса-да, уларни оқловчилар ҳам топилади. Айниқса, мен улар томонидаман. Жамила ва Дониёр қочиб кетиб тўғри қилишди, деб ўйлайман. Севишганлар, агар уларнинг севгиси чин бўлса, ҳар доим курашишлари керак, йигит ҳам, қиз ҳам ўзида журъат топиши керак, назаримда…

Ёзувчининг “Бўтакўз” қиссаси ҳам бошқаларидан қолишмайди. Асарда ҳаёт қийинчилиги, ҳамкасблар билан бўлган зиддиятлар ишга, касбга бўлган меҳрдан устун келолмайди. Бош қаҳрамон Камол катта орзулар билан Анорхой даштига “Тракторчи бўламан” деб келади. Аммо ҳаммаси ҳам у ўйлагандек бўлмайди. Камол қисқа вақт ичида кўп қийинчиликларни бошидан кечиради. Абубакирнинг қўпол хатти-ҳаракатларига чидайди, чунки Камолда касбига бўлган муҳаббат устун эди. Айтматов Камол образи мисолида қирғиз йигитларининг сабрини, матонатини кўрсатиб ўтади. Камолга бир жиҳат етишмайди, менимча: бу — қатъият. Абубакирга қарши қатъий бир қарор қабул қилолмайди, ҳатто севгиси учун курашмагани ҳам эътиборимни тортди.

Менимча, Камол севгиси учун курашиб, Абубакирга қарши туриши керак эди. Аммо у диққат-эътиборини бошқа томонга қаратди: Анорхой даштини кўкаламзорга айлантириш. Эҳтимол, қизга бўлган севгисидан кўра, Ватанга, касбига бўлган севги устунлик қилган бўлса не ажаб…

Ҳа, Чингиз Айтматов қирғиз халқининг улуғ ёзувчиси эди. Ҳамон шундай. Унинг номи XX асрда халқаро миқёсда тан олинган жаҳон адабиётининг буюк вакиллари билан бир сафда туриши ҳам бежиз эмас. Айни вақтда кўпдан-кўп таниқли адабиётшунос олимлар уни Л.Толстой, Ф.Достоевский, Фолкнер каби адиблар қаторига қўядилар. Шу маънода у ҳаётлик чоғидаёқ мумтоз адиб деган ёзувчи учун ниҳоятда шарафли эътирофга муносиб бўлган сўз устасидир. Унинг бетакрор асарлари, маънавий озуқа улашувчи китоблари узоқ йиллар, даврлар ўтса-да, китобхонлар томонидан севиб ўқилаверади.

Асилбек ЖАЛОЛОВ,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =