ЛИБОС НИҚОБ БЕЛГИСИ ЭМАС!
Ёхуд имон-эътиқод инсоннинг қалбида, сийратида бўлади
Катта ресторан. Никоҳ тўйи. Мезбонлар хизматда, меҳмонлар иззатда. Кошонанинг тўр қисмидаги безатилган стол келин-куёв учун. Ноз-неъмату гул-безаклар муҳайё. Мусиқа жаранглади, таниқли хонанда шўх таронани бошлади. Ёш-яланг даврани тўлдирди. Улар куйга монанд рақсга тушардилар. Майли, бу ўз йўлига. Менинг диққат-эътиборимни ҳижобга ўранган икки жувон тортди. Улар келин-куёвнинг столига яқин майдончада шу қадар берилиб, шунчалик жазавага тушиб ўйнардики, бутун зал ҳар иккисига ҳайрат билан қараб турарди. Жувонлар бел, кўкрак, қўл, оёқ, хуллас, танасининг ҳар бир аъзосини куйга монанд муқомга солар, юз-кўзидан табассум йиғилмасди. Баъзи эркакларга уларнинг хатти-ҳаракатлари жуда ёққанидан ҳуштак чалар, қийқирар, пул қистирарди. Кўп қатори ўйинчи аёлларнинг хатти-ҳаракатларидан кўз узолмай ўтирсам-да, ичимни бошқа ўй кемирарди: “Буларнинг ўрангани нимаси? Либосига ҳаракати мосми? Наҳотки, эрлари бунга рухсат берса!”
Нима ҳам дейсиз, инсоннинг эрки, хоҳиш-иродаси ўз қўлида. Бировнинг ҳаётига, тақдирига, қилаётган ишига ҳеч ким аралашолмайди. Шовқин-сурон, бақир-чақир давом этаётган залда хаёлга толдим…
Либос ҳавасга айланяпти(ми?)
“Оммавий маданият”нинг турлича кўринишлари кенг тарқалган асрда яшаяпмиз. Нутқимизда кўп ишлатиладиган бу ибора замирида, аслида, оммавий маданиятсизлик ғоялари ётади. Маълумотларга кўра, “оммавий маданият” XIX аср охири ва XX аср бошларидан шаклланиш босқичига киргач, аҳолининг функционал билимларида кўтарилиш, маданияти ва маънавиятида “оммавий элемент”ларга қул бўлиш кайфияти вужудга келади.
Эътибор бераётгандирсиз, юртимизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида роса ўраниб чирманган хотин-қизларга ҳар қадамда дуч келамиз. Таъбир жоиз бўлса, ўранмаган аёллар камроқ қолиб, ўранганлари ҳаддан зиёд кўпайди. Тўғри, хотин-қизларнинг очиқ-сочиқ, тор, калта-култа кийимдан кўра кенг, узун, мўл-кўл қилиб тикилган либосда юриши халқимиз менталитетига хос ва мос. Аммо ўраниб олган опа-сингилларимизнинг иймон-эътиқодлари, диний ва дунёвий тушунчалари қай даражада? Ёпиқ кийим уларнинг иймони бутлигидан далолат берадими?
Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлидан кетмоқда. Ўз мустақиллигини 32 йил аввал қўлга киритган мамлакатда қанчадан-қанча маъмурий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ислоҳотлар ўтказилди. Хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, яшаш ва меҳнат қилиш шароитларини яхшилаш, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, уларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш, муайян имтиёз ва енгилликлар бериш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда. Хусусан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, масъул ходимлари томонидан опа-сингилларимизнинг кийиниш маданиятини тўғри белгилаши, маънавий дунёқарашини кенгайтириши бўйича муайян ишлар қилинмоқда.
— Кийиниш ҳар бир халқнинг қадим-қадимдан яшаб келаётган минтақаси, шарт-шароити, турмуш тарзи, удум, урф-одатлари, табиати билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг ички олами, миллий маданиятини белгилайди, — дея ҳикоя қилади мазкур қўмита бошқарма бошлиғи Мавлуда Низомова. — Ўзбек аёллари, қизлари шойи, атлас, адрас, беқасам, бўз, чит, сатин, штапель каби табиий матолардан турли либослар тиккан ва кийган. Ота-бобо, момоларимиз фарзандлари, набираларига ҳамиша тоза, озода, ярашиқли, чиройли кийим кийишни уқтирган. Бироқ бугунги кун кийимлари турфа ҳолатдалиги жуда ажабланарли ҳол. Баъзи хотин-қизларимиз хорижий либосларга ўч. Тиззадан тепада турувчи калта-култа кийимлар кўзимизга ғалати кўринади. Айрим аёл ва ёш қизлар бошдан-оёқ қорага бурканиб олишади. Ҳар бир либоснинг киядиган мавриди бор, наҳот улар шуни билишмаса! Айниқса, ҳижобга кириш оммавий тус олди. Хотин-қизларнинг ҳаё, ибога интилиши, юксак ахлоқ йўлини танлаши, ҳаётини иймон-эътиқод асосига қурмоқчи бўлгани яхши. Аммо либосни ҳавасга айлантириш, урф қилиш керакми? Бошдан-оёқ қора кийимда юриш миллатимизга мосми? Момоларимиз “Қора ранг қоронғулик чақиради”, дер эдилар. Ҳатто азада ҳам бу рангдаги кийимни эҳтиёт бўлиб, минг бир ўлчаб, ўйлаб кийдиришарди. Ислом тарихида ҳижоб ортиқча кўзга ташланмаслик воситаси бўлган. Бугун ҳижобга ўраниб олган қиз-жувонлар қайтага кўпроқ назарга тушмоқдалар. Демак, бу либос мақсад қилинганидек, ўз вазифасини адо этаяпти, деб ўйлаш тўғримикан?
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан мунтазам равишда “Нафосат”, “Хонатлас”, “Либосларда қадрият акси”, “Либос — инсон зийнати”, “Миллий либослар — миллатимиз кўзгуси”, “Миллий либос — миллат қиёфаси” шиорлари остида маънавий-маърифий тадбирлар – давра суҳбати, кўргазма, кўрик-танлов ўтказиб борилмоқда. Миллий либос — ғурур, оримиз. Республика миқёсида ўтказилган “Хонатлас” фестивалида 9 миллиондан зиёд хотин-қиз иштирок этиб, миллий матолар тарихи, сифати ҳақида тушунчага эга бўлдилар. Барча вилоятларда “Миллий либослар” маркази очилган. Марказга кирган киши миллий матолардан тикилган турлича дизайндаги либосларни кўриб, ҳайратланади.
Ўзбекистон — сайёҳлар юрти. Ҳар йили қанчадан-қанча хорижликлар ташриф буюради. Уларда адрас, атлас, беқасам каби матоларимизга қизиқиш жуда катта. Сюртук, тоника, кўйлак, халатлар сингари турли либосларни қизиқиб сотиб олишади. Попоп, зардўзлик, каштачилик маҳсулотлари ҳам харидоргир. Тўн, чопон, дўппини кийиб, шарфимизни ўраган чет элликларни кўрсак, қанчалик севинамиз, ғурурланамиз? “Барибир ўзимизнинг либосларга етадигани йўқ-да!” деб қўямиз беихтиёр. Хўш, ўзга давлат фуқароси кийганида фахрланган либосларимизни нега ўзимиз киймаймиз? Атлас, адрас, кимхоб, духоба, шойига нақшланган зардўзлик, попоп ва каштачилик санъати намуналари хорижликлардан кўра қош-кўзи мунчоқдек, буғдойранг юзида кулгичи бўлган ўзбек қиз-аёлларига кўпроқ ярашади-ку! Қолаверса, танага ҳаво ўтказувчи пахта мато либослари саломатликни асрашда фойдали эмасми?
Муқаддас ислом динининг кўрсатмаси қандай?
Ислом динида аёл зотига ҳурмат-эҳтиромнинг чеки-чегараси йўқ. Ҳадиси шарифда “Жаннат – оналар оёғи остидадир” деган фикр келтирилганки, бу барчамизга ёд бўлиб кетган. Муқаддас китоб – Қуръони каримнинг “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сураси, асосан, уларга бағишланган. Баъзи шаръий истисноларни ҳисобга олмаганда, аёл киши эркаклар билан баб-баравар динга амал қилади. У ҳам намоз ўқийди, рўза тутади, бой бўлса, закот беради, имконини топса, ҳаж ибодатига боради. Хўш, исломда аёлнинг кийиниши хусусида нима дейилган?
— Динимиздаги мўътадиллик ҳақида гап кетгудек бўлса, мўмин-мусулмонларнинг кийиниш маданияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим, — деди Тошкент шаҳридаги Кулол қўрғон жомъе масжиди имом-ноиби Баҳодир Муҳаммадиев. — Исломда эркак учун ҳам, аёл учун ҳам махсус диний либос жорий қилинмаган. Фақат ҳар икки жинс вакили ҳам шариатда аврат, яъни уят ва ножоиз ҳисобланган аъзоларини беркитиб юришлари буюрилган. Бундаги меъёр – авратни очиб юриш ҳам, барчанинг эътиборини тортадиган ноодатий шаклда кийиниш ҳам маъқул эмас. Баъзи уламолар аёл киши сатри авратда бўлиши учун юзини ёпиб юриши шарт, дейди. Юз ёпилмаса, сатри аврат ҳосил бўлмайди деб, доим ниқоб тақишга буюрадилар. Ваҳоланки, аёлнинг сатр қилиши лозим бўлган аъзолари ҳақида “Мухтасарул-Қудурий”нинг шарҳида “Озод аёлнинг юзи ва икки кафтлари ҳамда икки қадамидан ташқари барча бадани авратдир” (“Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”) дейилган.
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай буюради: “Мўминaлaргa ҳaм aйтинг, кўзлaрини (нoмaҳрaм эркaклaрдaн) қуйи тутсинлaр вa aврaтлaрини (зинoдaн) сaқлaсинлaр! Ҳaмдa кўриниб турaдигaнидaн бoшқa зийнaт (авратларини) кўрсaтмaсинлaр” (“Нур” сураси, 31-оят). Муфассирлар оятдаги “кўриниб турaдигaнидaн бoшқa” деган сўздан юз, кафт ва қадамлари назарда тутилган, деб тафсир қилганлар. Демак, аёл киши ўранганида икки қўли кафти ва юзини очиб юриши мумкиндир. Бунга қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (саҳобия аёллардан бири Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳога қарата): “Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва қўлларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳар бир инсон – жамиятнинг бир бўлаги
Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, кийиниш инсон ҳаётининг асосий омилларидан бири бўлиб келмоқда. Давр, замон, тузум, фасл, жамиятга қараб, кийим-кечакларнинг ҳам ўзига хос шакли-шамойили пайдо бўлган. Қайси давр, ҳудуд бўлмасин, аёл зоти табиатан кийим-кечак, зеб-зийнатга ўчлиги билан эркаклардан ажралиб туради.
— Ҳозирги даврда ким нимани хоҳласа, шуни киймоқда, — деди Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари номзоди Назира Тошпўлатова. — Аёлларнинг ўраниб олиши типик ҳодисага, қандайдир тенденцияга айланди. Университетимизда таҳсил олаётган кўпчилик талаба қизларнинг ўраниб олганини қўллаб-қувватлаш керакми ёки аксинча, ўйлаб қоламан. Нега? Сабаби, ҳижобга кирган талаба қизларнинг ҳаддан зиёд пардоз-андоз қилиши, лабини ботокс қилдириши, қошу кўзига бўёқни чаплаб олиши ён-атрофдагиларнинг диққат- эътиборини кўпроқ тортмоқда. Майли, динимиз талабларига кўра, улар тўғри либос танлабди, дейлик. Лекин уларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқи, сўзлашиш маданиятида, жилла қурса, солиҳаликнинг йигирма-ўттиз фоизи мужассамми, ислом аҳкомларидан улар қай даражада хабардор? Сурат муҳимми, сийрат? Афсуски, баъзи ўранган қизлар жамоатчилик орасида бақириб-чақириши, шаллақилик қилиши, туртиниб-суртиниб, катталарга йўл бермаслиги, ҳиринг-ҳиринг кулиши, телефонда ғийбат қилиши билан ён-атрофдагиларда салбий таассурот қолдирмоқда. Тўғри, уларнинг орасида ҳақиқий мўминалари ҳам йўқ эмас. Маъруза ўқиётган пайтимда, талаба қизнинг телефонда ўйнаб ўтирганини сезиб қолдим ва унга танбеҳ бердим. Аммо у кўзини лўқ қилиб, “Йўқ, домлажон, ман телефондан фойдаланмадим”, дея мени хижолатга қўйди. Кўряпсизми, ўранган қизнинг ўз қилган хатосини тан олмаслиги ўқитувчисини беҳурмат қилишгача бориб етди. Очиқда юрган вилоятлик қизлардан бири ҳижобда дарсга келди. “Муборак бўлсин, қизим. Энди либосингизга муносиб бўлинг, бу масалада онангиз билан маслаҳатлашдингизми?” деб сўрадим. “Йўқ, бунинг ҳожати борми?”, деди у ўсмоқчилаб. Ғалати бўлиб кетдим. Бу қандай ўзбошимчалик? Май ойларида ўранган бу қиз сентябрда яна очиқ-сочиқ ҳолда ўқишга келди. Таажжубланиб сўрадим: “Ие, нима бўлди, ўрангандингиз-ку?”. Қизнинг онаси бу ишга қарши бўлганини, ўраниш эмас, билим олиш муҳимроқ эканини айтиб, рўмолини ечдирибди. Кўряпсизми, ҳар хил ҳолат, ҳар хил муносабатлар… Баъзи оналар ўранмаган, қизлари ёпиқ либосда. Суҳбатлашиб қолсак, “Ҳозир ҳамма ўранди. Ман очиқда юраманми?” деб бунинг асл моҳиятини билиб-билмасдан иш қилмоқда”, дейди оналари. Ўйлаб қоласан киши, ҳижобга кириш шунчаки ҳавасми, “оммавий маданият”ми ёки ўзини сипо, ҳаёли, иболи кўрсатишнинг воситасими? Назаримда, бу тобора урфга кириб бораётган “маданият”нинг турига айланиб қолди. Энг ачинарлиси, ҳали она сути оғзидан кетмаган қизчаларга ҳам баъзи оилаларда ҳижоб кийдирилмоқда. Шунақа оилалардан бирига борсам, 40-45 даража иссиқда 4-5 ёшлардаги қизалоқ ўраб-чирмаб қўйилган, у ёққа ағанаб, бу ёққа ағанаб, ухлолмаяпти. Бола терлаб-пишиб кетган, шартта бўйнини сиқиб турган рўмолни ечиб ташладим. “Болангизни қийнаманг, ҳали у гўдак-ку”, дедим онасига.
Дарвоқе, иймон-эътиқодни, тафаккурни, дунёқарашни нима белгилайди? Аввало, билим, илм, маърифат, одоб-ахлоқ ва яна бир қанча омиллар инсонни комиллик чўққисига олиб чиқади. Онгли равишда кийиниш маданиятини тўғри эгаллаш, ярашганини танлаш ана шу омиллардан биридир. Юқоридаги фикр-мулоҳаза ва кузатишларга асосланган ҳолда, хотин-қизларимиз ўраниши шарт ёки ўранмасин, деган хулоса бермоқчи эмасмиз. Иймон-эътиқод – инсоннинг кўнглида, сийратида кўпроқ акс этади. Либосни ниқобга айлантириб, иймон-эътиқодли, тақводор бўламан, дейиш, юриш-туриш, хатти-ҳаракатда ислом дини талабларига мос келмайдиган ҳолатда кўриниш на диний, на дунёвий талабларга тўғри келади. Қисқаси, ўзбек аёли, ўзбек қизларининг эгнидаги либоси ўзига, жисмига, қалбига ярашиқли бўлсин.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.