УЙ-МУЗЕЙЛАРНИНГ “БЕГОНА”СИ ЙЎҚ!

Давлатимиз раҳбари маънавият ва маърифат соҳасига қанчалар эътибор қаратаётган, ғамхўрлик кўрсатаётган бир паллада, очиғи, айрим соҳа мутассаддилари ўзларидан билиб ҳеч ташаббус, жонкуярлик қилмаслиги куйдиради, ўйга солади.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ўзбекнинг улуғ адиби Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил қилинди. Бундан қанча ғурурлансак арзийди. Аммо бугун уй-музейлар борасида йиғилиб қолган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Аслида нафақат юртдошларимиз, ёшларимиз учун, балки хориждан келадиган минг-минглаб сайёҳлар, меҳмонлар учун ҳам улуғ зотлар яшаб ижод қилган қадамжоларга эътибор янада кучайтирилса, бу фақат эзгуликка хизмат қилади.

Қуйидаги мулоҳазаларимиз айнан шу ҳақда.

Аввало, пойтахтимиз Тошкентда нечта уй-музей бор? Республикамизда-чи? Улар кимларнинг уй-музейлари? Давлат тасарруфига олинган бу уй-музейларнинг зиммасига қандай вазифалар юклатилган? Уларнинг маънавий-маърифий, адабий-илмий, борингки, ижтимоий ҳаётимизда тутган ўрни қандай? Аждодларимиз меросини ўрганишда, халқимизни ва айниқса, ёшларимизни тарихимизга, адабиёт ва санъатимизга ҳурмат ва муҳаббат, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизга садоқат руҳида элпарвару юртпарвар инсонлар қилиб тарбиялашда уй-музейлар қандай аҳамият касб этмоқда? Нега оммавий ахборот воситалари уй-музейлар фаолияти ҳақида деярли оғиз очмайдилар? Нега бу музейларга гўёки “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” қабилида қараб келяпмиз?

Хизмат юзасидан ҳар гал Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор уй-музейига йўл олганимда, хаёлимда ана шундай саволлар чарх ура бошлар, мен эса мутахассислар жавоби билан чекланиб қолмаслигим керак деган фикрда тўхтаб, бу қутлуғ даргоҳ иши билан чуқурроқ танишишга, саволларимга тўла жавоб олишга ҳаракат қилардим.

Аввалдан айтиб қўяй, камина музейшунос мутахассис эмасман, журналистман. Аммо икки йил давомида бир неча уй-музейларда бўлиб, уларнинг иши, шарт-шароити билан танишиб, раҳбар ва ходимлари билан мулоқотда бўлиб, битган ушбу мақоламда баён этилган муаммолар, таклиф ва истакларни “Hurriyat” газетаси орқали мутасаддиларга етказишни лозим топдим. Шу боис ўзбек ва тожик адабиётининг йирик намояндаси, академик ёзувчи Садриддин Айний уй-музейига ўхшаб, “номи бор-у, ўзи йўқ” бўлмаслиги учун, аччиқ бўлса-да, очиқ гапиришга тўғри келади.

Маълум бўлишича, уй-музейлар яқин-яқинга қадар Маданият вазирлигига қараган экан. Вазирликдагилар керак бўлганда топшириқ бериб, керак бўлганда ҳисобот сўрашдан нари ўтмаган. Шу сабабли уй-музейларнинг қандай муаммолари борлиги ва нима ёрдам кераклиги хусусида лом-мим дейилмаган. Вазирлик лавозимларини эгаллаб ўтирган раҳбарларнинг ҳаммаси ҳам эса бир-икки соат вақт ажратиб, уй-музейларни ўз кўзлари билан кўриб, ташвиш ва қувончлари билан қизиқиб кўришган деб айтиш қийин. Аксинча, катта-кичик йиғинларда ҳам бу масала четлаб ўтилган. Бу эса уй-музейларнинг ўз ёғига ўзи қовурилиб ўтиришига олиб келган. Музей муаммоси-ю кам-кўстини ҳал этиш, зарур нарсаларни сотиб олиш ёки ниманидир таъмирлашга бюджетдан маблағ ажратиш кўзда тутилмагани учун директор ўз ёнидан сарфлашга мажбур бўларкан. Бошқа бир уй-музейнинг экспозиция залларида биттадан кичкина лампочка қизариб турганлиги, иккинчисида илмий ходим ўрнида талаба ишлаётгани, учинчисида кузатувчи етишмаслиги, яна бирида барча иш мутахассис бўлмаган ёш ходим зиммасига юклатилганлиги фикримнинг далилидир.

Тақдир тақозоси билан уй-музейлар Туризм ва маданий мерос вазирлиги тасарруфига ўтказилганида, кўпчилик энди ўзгариш бўлса керак, деб ўйлаган экан. Афсуски, вазирлик мақоми ўзгариб, уй-музейлар яна кимнинг этагини ушлашни билмай, куннинг кулиб боқишини кутишибди. Ниҳоят, ғўрадан ҳалво пишиб, уй-музейларга эга топилибди. Янги ташкил этилган Маданий мерос агентлигини “отам ҳам сиз, онам ҳам сиз” дейдиган бўлишибди. Қолган гап агентликда. Бегоналик қилмай, уй-музейларни бағрига олса, олам гулистон. Буни вақт кўрсатади, албатта.

Абдулла Қаҳҳор уй-музейида ҳам бир қарашда ҳамма нарса рисоладагидек. Икки қаватли уйдан иборат мўъжазгина ҳовли шинам, тоза-озода. Баҳордан кеч кузгача атиргул ва райҳонлар кўзингизни яшнатади. Қулочларини тўрт томонга ёзган катта хурмо дарахти қийғос гуллаб, ҳовлига ўзгача бир чирой бахш этганлигидан дилингиз яйрайди. Мени илиқ кутиб олган музей директори Санобархон Матлубова мақсадимни билгач, аввал ходимлари билан таништирди, сўнг музейни томоша қилдириб, мени адиб ҳаёти ва ижодига янаям қизиқтириб қўйди. Шу-шу бир оёғим ишда бўлса, бир оёғим музейда бўлди. Ойлар ўтиши билан мен меҳмондан – мезбонга айландим. Директор ва ходимларнинг самимий, хушмуомала, камтар ва ишчанлигини кўриб, ёшлардан иборат бу аҳил жамоага ҳавасим келар, мулоқотларимиздан хурсанд бўлар эдим. Лекин икки йил давомида на директордан, на ходимлардан бирон-бир шикоят ёки нолиш эшитмадим. Назаримда, улар етар-етмаслик ҳақида сўз очишдан уялар, бундай фикр хаёлларига ҳам келмас эди чоғи. Аммо музей биноси бунёд этилгандан буён меҳр билан таъмирланмаганлигини деворларининг дарз кетиб, қорайиб қолганлиги, пол ва жиҳозларининг ранги ўчиб, айрим жойлари лопиллаб турганлигидан билиш қийин эмас эди. Бунинг устига, хизмат кўрсатиш воситалари ҳам аллақачон бурчини ўтаб бўлганди. Яна шуни ҳам билдимки, кўзда тутилмаган харажатларнинг бари директорнинг бўйнида экан. Илтимос, маоши катта бўлса керак-да, деб ўйламанг! Илмий ходимнинг ойлиги салкам икки миллион сўм бўлганда, ундан бир поғона баланд турадиган директорнинг оладиган маоши от билан туя бўлармиди? Назоратчи қанча маош олишини айт­масам ҳам бўлади. Арзимаган маош­­га ноиложликдан ишлаётган ходим маоши кўпроқ иш топилиб қолган куниёқ бўшаб кетаркан. Наҳотки уй-музейларнинг бундай муаммоларини қулоғининг пахтасини олиб қўйиб эшитадиган бирон-бир олийжаноб одам топилмаётган бўлса, деган хаёлга бориб, ўйланиб қолдим.

Вазирлик раҳбарлари ўзларига қарашли бўлган уй-музейлардан бир йилда бир марта хабар олмаса, “ҳали уни қил, ҳали буни қил”дан нарига ўтмаган бўлса, ҳокимият катталари ўз ҳудудидаги музейга қадам босмаса (ҳоким ва унинг муовинлари ўз туманида уй-музейлар борлигини билармикан?), музей директори бошини қайси деворга урсин?! Кимдан умид қилсин? Ён қўшни бўлган маҳалладанми?! Муаммосини ҳал этиш учун қайси бойваччага ялиниб-ёлворсин? Эшитишимга қараганда, музейни таъмирлаш ва бир донагина компьютерга эга бўлиш учун казо-казолар номига илтимос хати ёзилиб, тақиллатилмаган эшик қолмабди. Менинг ўзим адиб уй-музейини таъмирлатиш учун икки йил югуриб, ниҳоят ниятимга етганимда, директорга осон эмаслигини аниқ-тиниқ тасаввур қилдим. Арзимаган ўн дона қалам-у ўн дона оддий ручкани ҳам биржа орқали (уларни кўриб, танлаб олиш имкони йўқ, буёғи берганнинг бетига қарама экан) харид қилиб олиш шарт бўлгандан кейин бош­қасини гапирмоққа на ҳожат?

Яхшиямки, пойтахтда йигирма-ўттизта эмас, бор-йўғи ўн битта уй-музей бор экан. Шу ўн бир уй-музейни кўрса кўргулик қилиб, ички туризм йўл харитасига киритилса, зарар бўладими? Наҳотки уй-музейлар худди ўгайга ўхшаб қолганлиги на тегишли вазирликдаги, на туман ҳокимиятидаги раҳбарларнинг хаёлига келмаётган бўлса? Ахир уй-музейлар ҳам илм, маънавият ва маърифат масканлари-ку! Нега уларни кўриб кўрмаганликка, билиб билмаганликка оламиз? Бундан кимга фойда-ю, кимга зарар? Ёки улар “маданий мерос”нинг қолипига сиғмайдими? Балки уй-музейларни маданий мерос рўйхатига киритиш учун ҳукумат қарори керакдир? Балки “оғримаган бошимни оғритиб нима қиламан?” деган жанобларга уй-музей тарихнинг бир парчаси, қадрият, маънавият ва маърифат ўчоғи, илмий маскан эканлигини, ёшларимизни ўз халқининг машҳур кишилари ҳаёти ва эл-юрт равнақи йўлидаги ибратли ишлари билан яқиндан таништиришда тарихимиз ва қадриятларимизнинг маълум бир қирраларини ёдга солиб тургувчи қутлуғ бир даргоҳ эканлигини ётиғи билан тушунтирмоқ керакдир?!

Ўзбек миллий мусиқа санъати алломаси, академик Юнус Ражабий билан буюк адиб Абдулла Қаҳҳор уй-музейлари шаҳарнинг қоқ белида (Яккасарой туманига қарашли) ёнма-ён жойлашган. Бу икки қадрдон дўстнинг бири миллий мусиқамиз санъати, бири миллий ҳикоячилигимиз довруғини дунё­­га достон қилган улуғ инсонлар эди. Уларнинг музейларидаги кишини ҳайратга солувчи ашёлар воситасида босиб ўтган ҳаёт йўллари, яратган бетак­рор асарлари ҳақида мароқли ҳикоялар тинглаш ёшларимизнинг миллий мусиқамиз ва адабиётимизга бўлган қизиқиш ва меҳрини оширишга, кенг дунёқарашли бўлиш­ларига хизмат қилмайдими?! Ўзининг ўтмишига, адабиёт ва санъатига ҳурмат ва муҳаббат билан қарашга ундамайдими?! Олдига қўйган мақсадига етиш учун изланишга, янгиликка интилишга, яратишга даъват этмайдими?! Менимча, масалага шу нуқтаи назардан қаралса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ҳақида гап кетганда, энг аввало, шуни айтиш керакки, адибнинг рафиқаси — таниқли таржимон Кибриё Қаҳҳорова (адиб вафотидан кейин) аёл боши билан елиб-югуриб, бошини юз бир эшикка уриб, не-не машаққатлар билан ўттиз беш йил муқаддам уйини музейга айлантирган экан. Яхшиямки, бу музейнинг Санобархондек тиниб-тинчимас, фидойи ва жонкуяр директори бор эканки, у ва фидойи инсонларнинг ташаббуслари-ю саъй-­ҳаракатлари билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах давлат педагогика университети, Тошкент шаҳридаги Турон кутубхонаси билан Абдулла Қаҳҳор номли маҳаллада, шунингдек, унинг ўзи яшаган қутлуғ хонадонда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлару жамоатчилик вакиллари иштирокида адиб таваллудининг 115 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий, адабий-илмий тадбирлар ўтказилиб, Абдулла Қаҳҳор умри боқий асарлари билан миллионлаб китобхонларнинг қалбида яшаб келаётгани, ҳикоялари, қисса ва романлари, саҳна асарлари-ю, бугун ҳам долзарб ҳисобланган мақолалари ижод аҳли учун бундан кейин ҳам намуна мактаби бўлиб қолиши, ёшларни меҳнатсевар, ҳақгўй, адолатпарвар, адабиётга меҳр-муҳаб­батли қилиб камол топтиришда алоҳида ўрин тутиши фахру ифтихор ила бот-бот эътироф этилди. Бу адолатпарвар ёзувчи — Абдулла Қаҳҳор ҳамиша биз билан эканлигини, замон нафаси уфуриб турган қатор-қатор асарлари севиб ўқилаётганлигини анг­латмайдими?!

Кўпчилик уй-музейларда илмий ходимлар борлигини билмаса керак. Тўғри, улар бекорчи эмас. Ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётганлигини ҳам кўрдим. Бироқ “бола йиғламаса…” деганларидек, мен кейинги йилларда республика газеталарида уй-музейлар илмий ходимларининг (тақдир тақозоси билан кўрмай қолган бўлсам, узр) у ёки бу мавзуга бағишланган мақоласини ўқиганим йўқ (балки, илмий ходим номи бор-у, ўзи йўқдир). Ваҳоланки, уй-музей ва унинг архивидаги хазинани илмий ходимдан яхши биладиган киши бўлмаслиги керак. Илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларидан келганлар “ишим битгунча, эшагим сувдан ўтгунча” қабилида иш битириб кетаверадилар. Аммо кўзга кўриниб турган янгилик ёки муаммо ҳақида уй-музей илмий ходими билан ҳамкорликда мақола ёзиб, матбуотда эълон қилишни эп кўрмайдилар, шекилли (эҳтимол, бунинг улар учун қизиғи йўқдир). Яна бир гап. Уй-музей архиви материалларидан самарали фойдаланган тадқиқотчиларнинг хориждаги қайси бир илмий журналда (диссертация шарти учун) чиққан мақоласидан бизга нечоғли фойда? Хабарга ўхшаган ўша илмий мақоланинг фанимиз равнақига ёки бирон-бир соҳанинг ўсишига аҳамияти бормикан? Бўлса, нега унинг илм-фандаги ёки ишлаб чиқаришдаги самараси хусусида гапирмаймиз? Тадқиқотчи ўша илмий мақоласига сарфлайдиган пулини ўзида қолдириб, илмий ижод маҳсулини ўзимиздаги соҳа журналларида эълон қилгани маъқул эмасми?! Умуман, диссертация ҳимояси учун хорижий илмий нашрларда мақола эълон қилишда бугунги кун нуқтаи назаридан ёндашадиган вақт келмадими?! Ахир иқтисодиёт, техника, тиббиёт, тарих, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича ёқланган неча юзлаб диссертациялар хориж учун эмас, бизнинг ўзимизга, давлатимиз равнақига керак-ку! Демак, уй-музейлар илмий ходимлари (уларнинг илмий тадқиқот билан шуғулланиши музейга келганларга теша тегмаган фикрларни тақдим этишда, шунингдек, мавжуд материалларни бойитиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга) фаолиятини аниқ мақсадга йўналтириш, бунинг учун уларнинг шарт-шароитларини яхшилаш ва моддий манфаатдорлигини илмий муассасалар тадқиқотчилари даражасига тенглаштириш масаласи ҳам борки, унинг ҳал этилиши илм-фан, адабиёт ва санъат, маънавият ва маърифат ривожи учун жуда-жуда зарур. Иккинчидан, уй-музей атрофида мактаб, олий ўқув юрти ва қатор-қатор ташкилотлар бўлса-да, уларнинг раҳбарлари ёнларидаги ана шу бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлиб, маънавий озуқа олишни унутиб қўйганга ўхшайдилар. Бу борада туман ҳокимлиги ва унинг маънавият ва маърифат бўлими бош-қош бўлса, хайрли бўлур эди. Яна бир муҳим масала. Уй-музейлар (айниқса, экскурсия ўтувчилар. Аслида, улар мутахассис бўлгани маъқул) ходимларининг малакасини (билимдонлигини) мунтазам ошириб бориш лозим. Агар экскурсовод “ўтлаб” кетса (шунақаси ҳам бўлиб туради), билингки, у бугун бўлмаса, эртага уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Энг муҳими, уй-музейлардаги иш ўринлари сони ҳам нари-бериси билан ўттиз йилдан буён ўзгармаганга ўхшайди. Айрим уй-музейларда олий ўқув юртини битирган музейшунос мутахассисни учратмайсиз. Улар етарли бўлса-да, маоши камлиги учун уй-музейларга қайрилиб ҳам боқмас эканлар. Иш кўлами тобора ортиб бораётган бир пайтда ходимлар сони ҳам талабга мувофиқ бўлса, ишнинг сифат ва самарадорлиги ортмай қолмайди. Шуни ҳам айтиш керакки, уй-музейларга саёҳат бепул қилиб қўйилган. Демак, бу уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашни тақозо этади. Буларнинг бари уй-музейларнинг бундан буён ҳам маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол иштирок этиш­лари, изланишларни изчил олиб бориб, музейни янада бойитишларида янги-янги имкониятлар эшикларини очиб бериши шубҳасиз. Бу эса уй-музейларнинг ташқи дунё билан илмий-ижодий ҳамкорлик ришталарини боғлашларида ҳам асқатади деган умиддамиз. Хуллас, маънавият ва маърифат ҳар биримиз учун сув ва ҳаводек зарурлигини, ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс эканлигини теран англаган инсон борки, уй-музейга қучоқ очишдан, унинг серқирра фаолиятини янада юксалтириш йўлидаги савоб ишдан ўзини четга тортмаслигига астойдил ишонгимиз келади.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Миллий университети

журналистика факультети

ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =