Муносиб жавоб амалда бўлсин

6196885 15.03.2020 Сотрудник коммунальной службы на улице Земляной Вал в Москве. Алексей Майшев / РИА Новости

Халқимиз жуда доно ва топиб гапиради, ҳамиша ақлга таяниб, мулоҳаза билан иш тутади. Шу вазминликни эса айримлар чуқур мулоҳаза қилмай, гоҳида  ҳадиксираш, бефарқлик ёхуд бир томонлама ўйлаб гапиришлари ҳам бор гап. Масалан, “агарда шунча юртдошларимиз чет элларга, жумладан, Россияга ишга боришмаганда бизга қийин бўларди”, “Мабодо ўзбекларни чиқариб юборишса, нима бўлади?” ва ҳоказо.

Ана шундай фикрларга энди муносиб ва тўғри жавоб беришни, керак бўлса, айрим чет эллардан туриб билиб-билмай сафсата сотаётганларга асосли муносабатимизни ҳам айтишнинг вақти аллақачон етди деган фикрдамиз.

Биринчидан, Россия ва бошқа юртларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, аввало, ҳалол меҳнат қилиб даромадга эга бўлишмоқда. Улар, асосан, қурилиш, савдо ёки ободонлаштириш соҳаларида оғир меҳнатларни бажаришаётгани сир эмас. Яъни бир сўз билан айтганда, нони ҳалоллаб топишмоқда. Эндиги вазифа эса четга фақатгина  қора ишчилар эмас, аксинча, кўпроқ бошқарувчи бўла оладиган билимли фуқароларимизни жўнатишимиз даркор. Хўш, қандай қилиб? Бунинг учун мажбурий таълимни замонавий услуб асосида ташкил этиш, интенсивлаш, оптималлаштириш зарур, назаримизда.

Иккинчидан, хорижга норасмий эмас, фақат расмий тарзда меҳнат миграциясини амалга ошириш зарур. Мигрантларга юкланадиган оғир солиқ тўлови ёки ҳужжатлар тизимини шакллантириш сингари сунъий тўсиқларни йўқотиш лозим.

Учинчидан, республикамизда иш ҳақи етарли даражадаги доимий иш ўринларини яратиш устида астойдил бош қотирайлик. Гарчи жараён қийин кечса-да, орқага қайтмайлик.

Тўртинчидан, баландпарвоз сўзлар билан оммани вақтинча алдаб-чалғитиб турадиган, популист мухбир ва блогерлар фаолиятини қатъий назоратда ушлаш шарт. Чунки улар оммавий ахборот воситаларида ҳар куни бераётган “янги иш ўринлари” ҳақидаги маълумотлари рост бўлганида эди, биз Россияга эмас, россияликлар бизга келиб ишлаётган бўларди. Пишиқ-пухта қонунлар мавжудлигини инобатга олиб, мазкур ҳолатга дахлдор ташкилотлар жиддий эътибор қаратишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бешинчидан, “Хоҳлаган имконият қидиради” таомилига кўра, ҳар қайси фуқаро шахсий имконияти доирасида ишсизлик масаласини ижобий тарафлама ечишга киришсин.

“Туризм — иқтисодиётнинг стратегик секторидир”, деган эди Президентимиз. Бугун айни соҳада юзлаб мутасаддилар фаолият юритяпти, давлат бюджетидан яхшигина маош оляпти. Хўш, туризм намунали йўлга қўйилиб, бу соҳада нечта иш ўрни яратилди? Умуман, туристик объектлардан келаётган пул тушуми қанча ва улар қай даражада ўзини оқлаяпти?

Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси томонидан бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2018 йил 3-5 октябрь кунлари дирекциянинг халқаро сертификатга эга икки нафар туроператори Тошкент шаҳрида ўтказилган “Буюк ипак йўлида туризм: Тошкент — 24” халқаро туризм ярмаркасида қатнашиб, 75 нафар маҳаллий ҳамда 35 нафар хорижий туристик фирмалар билан шартномалар имзолаб қайтишганди. 2019 йили эса “Ахсикент” дирекцияси таркибида туризм бўлимини очиб, ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни камайтиришга бел боғладик. У ерда “Гид-экскурсоводлар курси” тузилиб, 2019 йил январь-февраль ойларида 35 нафар уюшмаган ёш йигит-қиз курс тингловчилигига жалб этилди, улардан 11 нафари март-апрель ойларида Ахсикент мажмуасида иш билан таъминланди.

Аҳамиятли жиҳати, 2019 йил март-ап­рель ойларида Ахсикентда халқаро ва ички туризм гуркираб ривожланди. Икки ой давомида ўнлаб хорижий туристлар мажмуага ташриф буюрди. Қисқа давр мобайнида туризмдан тушадиган кунлик тушум ўртача 825 минг сўмни ташкил этди. Бу ўша давр учун салмоқли маблағ ҳисоб­ланиб, ҳали туризм йўналишида вилоятда бирор ташкилот шунчалик самара кўрсатолмаган эди.

Яна бир гап. кўплаб нодавлат олий таълим даргоҳларининг очилаётгани қувонарли, албатта. Учинчи сектордаги тадбиркорлар биринчи галда тўлов-шартнома туфайли оқиб келадиган катта даромадни кўзлаган. Аммо болаларга ўрта таълим берувчи хусусий мактаблар очиш билан ҳам бемалол кўнгилдагидек фойда топиш мумкин. Агар бир талаба бир йилда 20 миллион сўм таълим учун тўлов қилаётган бўлса, бир ўқувчи ҳам ўн ойда ҳар ой учун 2 миллион сўмдан ажратса, режадаги сумма миқдори вазифасини бажаради. Чунки мактабларимизда битта синфда 30 нафардан зиёд бола ўқитилиши — оммавий саводсизлик дегани. Сабаби, ўқитувчи 40 дақиқалик вақт оралиғида бир ўқувчи билан ҳатто 1 дақиқа ҳам машғулот ўтишга жисмоний қуввати етмайди.

Дейлик, синф 15 ўқувчидан иборат бўлса, ҳозиргидан 5-10 баробар юқори натижага эришилади. Тадбиркорга кутган маблағи аниқ тушади. Муҳими, миллат ёшларига янада пухтароқ билим бериш имконияти яратилади. Шунда биз четга билимсиз, уқувсиз, билагидаги кучигагина таяниб, пул топадиган ёшларни эмас, ҳақиқий етакчи, раҳбарлик салоҳиятини эгаллаган фаол йигитларимизни чиқарамиз.

Мусохон ОППОҚОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + seven =