Муштарак алифбо орзуси

Aa Bb Dd Ee Ff Gg Hh Ii Jj Kk Ll Mm Nn Oo Pp Qq Rr Ss Tt Uu Vv Xx Yy Zz Ww Cc

Таҳририятдан:

Маълумки, 2023 йил ноябрь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған туркий давлатлар учун ягона алифбо яратишни таклиф қилди.

Аслида, бу ғоя анча илгарироқ туғилган бўлиб, 2022 йил октябрь ойида Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган “Турк дунёси умумий алифбоси бўйича семинар”да ягона алифбо яратиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қарор Туркий давлатлар ташкилотига тақдим этилган эди.

Хўш, бу ғоя ҳақида ўзбек зиёлилари нима дейди? Қуйида она тили ўқитиш методикаси бўйича узоқ йиллар изланиш олиб борган самарқандлик олим Илаш АБДИЕВнинг имло муаммолари, лотин ёзувига ўтишдаги ноаниқликлар, муштарак алифбо орзуси ҳақидаги мулоҳазалари эълон қилинмоқда.

Ниҳоят, алифбомизнинг такомиллашган сўнгги нусхаси эълон қилинди — қозонда бори чўмичга чиқди. Энди бошқа жиддий ўзгаришлар бўлмайди, деб турганимизда, туркий давлатларнинг ягона алифбоси ҳақидаги таклиф ўртага ташланди. Бу бир йўла муштарак алифбога ўтиб қўя қолиш орзусини пайдо қилиши ва туркийларнигина эмас, дунёнинг ягона алифбоси мазмунида мулоҳаза юритишга ундаши табиий эди.

Гапни, одатдагидай, сал олдинроқдан бошлашимизга тўғри келади.

Маълумки, буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз даврида араб алифбосини таҳрир қилиб, “Хатти Бобурий”ни яратган. Хўш, кўп асрлар мобайнида фойдаланиб келинган араб ёзувини ислоҳ қилишдек катта жасоратга Мирзо Бобурни нима ундади экан? Бу борада бизнинг кейинги юз йил давомида қилаётган ҳаракатларимизни қандай тушунса бўлади? Илоҳий мўъжиза — тилни аллақандай алифболар билан мукаммал таъминлашнинг иложи борми? Умуман, алифболарга бугунги дунёнинг муносабати, ёзувнинг эртанги нуфузи ҳақида нималар дейиш мумкин? Шу ва шунга ўхшаш саволларга биргина ўзимизнинг алифбомиз талқинида жавоб берса бўлади.

Алифболар билан боғлиқ турли-туман вазиятларни бошдан ўтказдик: араб, лотин, рус ва яна лотин… Уларнинг ҳар бири билан озми-кўпми нохушликлар кириб келаверди: тузатишлар ва яна тузатишлар… Мустақиллик шарофати билан ёзувимиз тарихида илк бора ғоят инсонпарвар, она тилимиз табиатига мос алифбога ўтиш эрки билан ишга киришдик ва арзирли самараларга ҳам эришдик. Тилимиз унчалик хушламай келган белгиларнинг катта қисми истеъмолдан чиқарилди, ҳарфлар сони кескин камайди. Катта-кичик муваффақиятларимизга қарамай, лотин ёзувига асосланган бугунги алифбомиз ҳам тилимизнинг баъзи жиҳатларига унчалик мос эмаслиги ҳақида кўп гапирилди ва ўзгаришлар қилишни лозим топдик. Вазифа айримлар ўйлаганидек осон эмас эди. Тилшуносларимиз бир-бирига яқин ва фарқли хулосалар айтишди. Улардан қайсилари оғиримизни енгил қилиши ҳақида ўйлаб кўришимизга тўғри келди. Ўттиз йиллик меҳнат ва муҳокамалар ортда қолди. Аммо масалага кенг қамровли муносабат, шахсий ташаббус ўз вақтида керагича шаклланмади, маълум муддат бирёқламалик ва хотиржамлик эпкини сезилиб турди, озгина уқувсизлик, жараёнга халал берувчилар ҳам бордек туюлди. Соҳага иқтидорли олимларни жалб қилиш ва кўпнинг фикрини жиддий ўрганиш билан боғлиқ илҳомлантирувчи омиллардан, умуман, юксак даражадаги илмий-амалий имкониятларимиздан барча ўринларда ҳам етарлича фойдаландик дея олмаймиз. Алифбонинг амалдаги ҳаётида ҳам бироз ачинарли ҳолатлар содир бўлди. Мактаб дарсликларимизнинг айримларида Одил Ёқубовни O. Yo. тарзида, Ёқубжон Шукуровни Yo. Sh. кўринишда қисқартириш­ларга дуч келдик, “ye (е)” қатнашган айрим фамилияларни ҳануз хато ёзиб келяпмиз.

Айниқса, ҳозирги имломизда “е” (ye), “ё” (yo), “ю” (yu), “я” (ya), “ц” (ts) каби ҳарфлар мавжуд эмаслиги баъзи луғатларимизнинг қайта нашрларида эътиборга олинмаётгани ташвишланарли.

Наҳотки янги тизимга ўтганимиз, тимсолли қилиб айтганда, координаталар маркази бутунлай бошқа нуқтага кўчганини тушунмасак! Савиямиздаги шу ва шунга ўхшаш нохуш манзаралар салбий асоратлар қолдириши табиий.

Маълум бир ёзувга ўтишда тил алифбога эмас, алифбо тилга мослаштирилади. Энг асосийси, ўзга тил хусусиятларини оз ёки кўп даражада қабул қилишга эҳтиёж йўқ. Афсуски, шу пайтгача турли жиддий сабабларга кўра тилларни “она алифбо”ларга мослаштириш мажбурияти устунлик қилиб келди. Бу зўрликлар туфайли пайдо бўлган айрим нохушликлардан ҳануз узил-кесил қутула олмаяпмиз. Умумтуркий алифбо тўғри шакллантирилса, бундай камчиликларга барҳам берилади.

Алоҳида тиллардаги нутқ товушлари бир-бирига қанчалик ўхшамасин, кўпинча ўзига хос артикуляция ўрни ва усули билан фарқланиб туради. Худди ана шу фарқ туфайли фонемалар миллийлаштирилади. Лотин ёзувига ўтиш алифбомизнинг миллийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди, ғоят самарали қадам ташланди. Янги алифбомиздан норози бўлишга жиддий асослар ғоят кўп дея олмаймиз. Тўғри, дастлаб кутилмаган вазиятларга ҳам дуч келдик: “мўъжиза”, “мўътадил”, “мўътабар”, “асҳоб”, “исҳоқ” каби бирликларда алоҳида белгилардан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик мажбурияти пайдо бўлди, “О” шаклига мойил ҳарфлар сони кўпайди. Камчиликларни шошиб тузатиш оқибатида сал уялиб ҳам қолдик.

Алифбомиз билан боғлиқ ўзгаришларни унчалик ҳам хушламаётганлар сафида ёши улуғлар кўпчиликни ташкил қилиши табиий эди, чунки болаликда ўрганган ёзув — азиз. Аммо бу табаррук зотлар ҳар икки ёзувдан баравар фойдаланиш бағрикенглиги туфайли ортиқча азият чекмадилар. Ўтган вақт давомида алифбо ёшларимиз учун қадрдон бўлиб қолди. Йигит ва қизларимиз бугун дил изҳорларини худди ана шу ҳарфларда битишмоқда. Шундай экан, ёзувимизнинг мақбул ёки номақбул жиҳатларини кўпроқ улардан, шунингдек, алифбодан энг кўп фойдаланадиган қатлам — ўқитувчилардан сўраш тўғри бўлади. Бир гуруҳ ёшлар “у” ва “ў”, бошқа бир шева вакиллари “х” ва “ҳ” товушларини ёзувда ифодалаш қийинлигини айтишади. Бу товушларнинг лотин ёзувига асосланган алифбомизда бир-биридан кескин фарқланувчи шаклларда берилиши ҳам талаффуз ва имлода кутилганидек ижобий ўзгаришларга олиб келмади. Авваллари аксарият “шапкали ва шапкасиз “у”, “думли ва думсиз “х” каби анча одми изоҳлардан фойдаланган бўлса, ҳозирда муаммони бироз “маданийроқ” ва тез оммалашиб бораётган ягона тизимда “очиқ “у”, ёпиқ “у”, “юмшоқ “х”, қаттиқ “х” дейиш орқали, тўғри талаффузни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилишга интилмоқдалар. Оғзаки матбуотимизда “ҳ” товушининг кўринмай қолганига анча бўлди. Иншо, ҳозирги тил билан айтганда, эссе ва бошқа матн машқларида йўл қўйилаётган хатоларнинг катта қисми худди ана шу ҳарфлар билан алоқадор бўлиб, вазият мактаб таҳсилидан кейин ҳам деярли тўлиқ сақланиб қоляпти — шеваларимиз бу товушларнинг униси ёки бунисини хиралаштиришдан тўхтамаяпти: “ҳилол”нинг “хилол” (тиш ковлагич)дан фарқи қолмади. Ҳатто ўтмиш адабиётимизда ҳам “у” ва “ў” товушлари оз бўлса-да жиддий фарқланмаган ўринларга дуч келамиз. Фонемаларнинг ҳарфларга нисбатан кўплиги билан боғлиқ қийинчиликлардан бизни талаффуз тиниқликларигина қутқариши мумкин.

Алифбомиздаги “ж”, “в”, “ф” ҳарфларидаги “эгизак”ликларни фарқлаш ёзув эмас, талаффуз зиммасига юкланганидан мамнун бўлишимиз табиий, чунки икки фарқли товушни бир ҳарф билан ифодалаш жиддий муаммо ва қийинчиликларга олиб келмади. Айниқса, “ж” билан боғлиқ ортиқча уринишларнинг (“дж”) ортда қолгани яхши бўлди.

Тилимиз кошонасида ўзларини анча ноқулай ҳис қилиб келган “е”, “ё”, “ю”, “я”, “ц”, “ь” каби белгилардан жуда осон воз кечиб тўғри қилдик. Айниқса, “ц” қатнашган ўзлашма сўзларни аслиятга мувофиқ ёзиб, тилимиз табиатига кўра талаффуз қилишни қоидалаштиришга эҳтиёж йўқлигини, муаммони фонетик ёзув мазмунида ҳал қилиш етарли даражада тажрибадан ўтганини ҳисобга олиб тўғри қилдик. Аммо тилимиз бағрида кўп асрлар “исталмаган меҳмон” сифатида яшаб келаётган тутуқ белгисига муносабат мураккаброқ кечмоқда. Талаффузимиз уни йиллар давомида бегона қилаётганини (тил, одатда, сунъийликларга ёки ўзга тил хусусиятлари эҳтиёжлардан йироқ олиб кирилганда ана шундай саркашлик қилади) кўпам тан олгимиз келмаяпти. Белгининг амалдаги ҳаёти баъзан фарқсиз, мантиқдан сал оғишган “илмий-амалий келишувлар” қуршовида давом этмоқда. Тарихда бу белгини бўғизда қўллашга бўлган ғайритабиий зўриқишларга дуч келдик, фақат “айириш белгиси” — беўхшов тутуққа восита сифатида фойдаланган пайтларимиз ҳам бўлди. Шаклий ёзув мазмунида узоқ йиллар тилимиз этагига ёпишиб юрган юмшатиш белгисининг муайян бир йўналишда аҳамиятини заррача ҳис қилмаганимиздек, араб тили талаффузида муҳим ўрин тутган тутуқ белгиси ҳам амалда тилимиз эҳтиёжига айланмади. Кишиларимиз ҳануз талаффузга суянишдан кўра қайси сўзда қўйилади, қўйилмайди қабилида кўриш хотирасидан фойдаланишни афзал билмоқдалар. Икки белгининг бир жойда келиб қолиши билан алоқадор кейинги тасодиф туфайли тутуқ белгили сўзларнинг усиз ҳам бемалол яшай олиши кўпчиликка яна бир карра маълум бўлиб қолди. Ҳатто у 1956 йили тилимиздаги мулкининг катта қисмидан ажралди: “даръё”, “алвидоъ”, “мисраъ” каби талай сўзларда ундан фойдаланмайдиган бўлдик. Кутилмаган бир вазият туфайли уч-тўртта сўзда уни бутунлай бошқа хизматга жалб қилиш орқали янада обрўсизлантирдик. Буларнинг ҳаммаси тутуқ белгисига тилимизда жиддий эҳтиёж йўқлигини кўрсатади. Белгидан айрим шаклдош сўзларни фарқлаш учун фойдаланиш ҳам қисман ёки тўла шаклдошликлардан манфаатдор тажниспарвар тилимиз назокатига унчалик мос эмас.

Тилда талаффуз уфқлари ғоят чексиз, куй ва қўшиқлар оҳанги каби ранго-ранг. Инсоният минг ҳарф билан ҳам ифодалашнинг иложи бўлмаган бу чексизликларга гўзал самаралар завқи оғушида интилиб яшайди.

Юртдошларимиз ва мактаб ўқувчилари қўлига алифбомизни тутқазиб: “Ўзингизга қолса, қайси ҳарфларни ўчириб ташлардингиз?” дейилса, кўпчилик “ў”, “ҳ”, “нг” ва тутуқ белгисини кўрсатишади. Инглиз тилидан хабардорлари: “Улардаги элликка яқин нутқ товушларини ифодалашга хизмат қилаётган 26 ҳарф биз учун ҳам кифоя қилади; “ч”ни “c”, “ш”ни “w”, “ғ”ни “х” шаклида берсак, қўшимча ҳарф ва алоҳида белгиларсиз дунёнинг энг қулай ёзувига эга бўламиз, компьютер лингвистикаси билан алоқадор юмушларимиз осон кечади, ёзув ускуналарида ўзгаришлар қилишга ҳам ҳожат қолмайди”, дейишади тўлиб-тошиб. Бугунги тилшунос олим учун нақадар нохуш манзара! Аммо начора, адашиб қолганда эплашга кўзинг етмаса, отнинг ўзига қўй, манзилга бехато олиб боради, деган гап бор.

Дарҳақиқат, айрим пайтларда амалий йўналиш — халқ ижоди манзаралари муаммонинг табиий ечимини топишда ёрдам бериши мумкин. Олдинги алифбомизда “й”ли ҳарфлардан воз кечиш эҳтиёжини кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларимиз “ё”ни “йо”, “я”ни “йа”, “ю”ни “йу”, “е”ни “йе” шаклида ёзиш орқали тез-тез эслатиб туришарди. Шунга ўхшаш, бугунги бир гуруҳ кишилар, айниқса, ёшлар, бизни узоқ кутиб ўтирмай, деҳқончасига иш тутиб, инглиз графикасини ортиқча унсурларсиз тўлиқ қамраб олиш ҳисобига шахсий ёзувларида ўзларини қатор ташвишлардан фориғ қилишмоқда. Товуш ва ҳарф ўртасида моддий алоқа мавжуд эмаслигини ҳисобга олсак, уларга жиддий эътироз билдиришнинг иложи йўқ.

Бирмунча баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ҳарфий бирикмаларга келсак, жаҳон коммуникация тизимига киришдаги қулайлиги демаса, “ш” ва “ч”ни ҳарфий бирикмаларда ифодалаш эҳтиёжи йўқ эди, аммо “нг” товушининг йўриғи бошқа. Уни “манглай”, “тонг”, “мунгли” каби асосларда мустақил фонема сифатида бир ҳарф билан кўрсатса бўлади. Айни вақтда: “осмонга”, “нонга” каби “н” ва “г” ундошлари ёнма-ён келган кўплаб сўзлар талаффузида ўзига хос диффузланиш (ўзаро сингишиш) асосида бир “нг” товуши ҳосил бўлади ва бу ҳодиса “нг” товушини алоҳида бир ҳарфда ифодалашга тўсқинлик қилади. Тилимиздаги бундай эрксевар ноёб заррачани маълум ҳарф ёки ҳарфий бирикма билан жиловлашга эҳтиёж катта эмас. Кичик бир изоҳ орқали бутун масъулиятни тўғри талаффуз зиммасига кўчиришнинг ўзи кифоя. Уни қайси ўринда бир, қайси ўринда икки мустақил товушни билдиради мазмунида талқин қилиш ҳам баҳсли. Умуман, “нг” товуши анча жилвакор: “шунқор”, “қўнғироқ”, “ёнғоқ”, “инкор”, “тўнка” (от ва феъл) каби бир қатор сўзларда унинг алоҳида вариантларига ҳам дуч келамиз.

Ҳеч бир алифбо муайян тилдаги фонемаларга хос барча хусусиятларни тўлиқ қамраб ололмайди. Фонемаларни шартли белгиларда кўрсатиш улар мазмунига маълум даражада таъсир қилиб, артикуляция асоси филогенезида зўриқишлар юзага келтиради: айрим сўзларни “китобдагидай ўқиш” оқибатида ёзувнинг салбий эффекти пайдо бўлади, мукаммалликни таъминлаш мақсадида ҳарфлар сонини кўпайтириш эса алифбонинг инсонпарварлигига зиён етказиши мумкин. Бу ўринда ҳам бизга фақат адабий талаффуз меъёрларигина яқиндан ёрдам бера олади.

Аввалги лойиҳада берилган “ш” ва “ч”нинг “сирға”лари борасида тушунарсизроқ жиҳат бор эди: “ш” ни “с”дан фарқлаш учун белги керак, бироқ “c”нинг асл қиёфасини ўзгартиришга қандай илмий-амалий эҳтиёж борлигини билмагандик. “Сирға”ли ҳарфимиз ёлғизланиб қолса-да, кейинги тузатиш тўғри амалга оширилди.

Тарих тажрибасига амал қилиш яхши, аммо тараққиёт кеча ва бугуннинг айрим жиҳатларини ортда қолдиради: катта-кичик кашфиётлар дунёга келади. Одатда, улар асрий удумларни “бузиб қўйиш”дан қўрқмайдиган кишилар томонидан яратилади. Афсуски, масаланинг бу муҳим томонини ҳамма вақт ҳам етарли ҳисобга олмаяпмиз. Инсоният овозли ёзувлар даврига қадам қўйди. Эндиликда масъулиятнинг катта қисми талаффуз зиммасига тушади. Кундалик ҳаётда тўғри талаффуз қилишнинг ўрни ва аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлади. Кишилар орфоэпияни яхши эгаллашса, имлони ўрганишга ҳозиргидай кўп вақт ҳамда меҳнат сарфлашларига зарурат камаяди. Шунинг учун ҳам тўғри талаффузни мукаммал шакллантиришда айтарли ёрдам бермайдиган орфоэпик луғатлар фоноэтолонограмма шаклидаги электрон воситалар билан мукаммал алмашади. Бундай “овозли луғат”лар талаффуз меъёрларини кўрсатишда катта қулайликларга эга бўлиб, ҳарфлар сонининг камлиги билан боғлиқ қийинчиликларга барҳам беради, йиллар орзуси — инсонпарварлик таъминланади.

Бугунги кунга келиб ғоят қулай техникавий имкониятлар, айниқса, овозли ёзувнинг юксалиши туфайли бир алифбони барча тиллар мазмунида қўллаш осонлашди, дунё халқлари учун бир умумий алифбода ўз тилининг барча жозибасини бера олиш имкониятлари юзага келди. Шу ва шу каби омилларни ҳисобга олганда, туркий халқларнинг ягона алифбога ўтиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар амалга ошмайдиган орзу эмас. Ҳарфлар сони ва шакли бир хил, талаффуз ранг-барангликлари билан ишланса, сўнгсиз ва самарасиз баҳс-мунозараларга ўрин қолмайди, муаззам туркийлар, дунёнинг бошқа халқлари ҳам, ягона алифбога эга бўладилар.

Шубҳасиз, бу алифбодаги ҳар бир ҳарф ифодалаган нутқ товушларининг маълум қисми турли миллатлар талаффуз кенгликларида ўзига хосликлар билан яшайди. Ҳатто бундай алоҳидаликлар бир тилнинг ичида ҳам бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси алифболардаги миллийликларни таъминлайди.

Муштарак ёзувда инглиз алифбосидаги асос ҳарфлар шакл ва миқдор жиҳатидан тўлиқ, ўзгаришсиз ҳамда қўшимча белгиларсиз сақлаб қолингани маъқул. Натижада алифбо қуйидагича кўриниш олади: Aa Bb Dd Ee Ff Gg Hh Ii Jj Kk Ll Mm Nn Oo Pp Qq Rr Ss Tt Uu Vv Xx Yy Zz Ww Cc. Энг асосийси, тилларни бу 26 ҳарфга эмас, 26 ҳарф­­ни талаффуз жилолари орқали тилларга мослаштиришимиз керак бўлади.

Ҳар бир тилнинг фарқли фонетик хусусиятларини ифодалаш учун зарур бўлган тақдирда алифбодаги 2-3 ҳарф эркин теб­ранишларга эга бўлиши кўзда тутилади. Жараённи ўзбек тили мазмунида кузатадиган бўлсак, айтилиши яқин “у”, “ў”, “х”, “ҳ” жуфтликлар биттадан ҳарф (“у”, “ҳ”) билан ифодаланиб, “ч”-“c”, “ш”-“w”, “ғ”-“х” кўринишларда берилади ва тутуқ белгисидан воз кечилиб, “нг” товуши талаффуздагина сақланиб қолади. Шу тариқа муштарак алифбога ўтиш бошқа барча тилларда ҳам илмий-амалий кузатишлар самараси бўлган ана шундай бир жумлада ўз ифодасини топишига ишонамиз.

Узоқ йиллар қайсидир маънода тараққиёт алифболардан орқада қолиб келди, бугун эса алифболар тезкор дунё билан баравар одим ташлашга зўр бериб уринмоқда. Инсоният қаршисида бутун табиати билан мангуликка дахлдор алифбога эътибор масъулияти пайдо бўлди. Жасоратли иш тутилса, ҳозирги ва эртанги тамаддун­дан ётинқирамайдиган, ҳамма замонлар билан ҳамнафас, булоқ сувидай тиниқ, талаффуз етакчилигидаги бисот манзурликка эришади. Бу улуғ “нота” оҳанг нозикликларига ҳам, “чолғулар”даги турличаликларга ҳам заррача салбий таъсир қилмайди. Аксинча, одамларнинг эзгу мақсад йўлида бир-бирларига ҳар қачонгидан кўпроқ яқинлашишларига имкон яратади. Шундай экан, муштарак алифбони эҳтиёждан дунёга келган кўпнинг орзуси дейиш мумкин.

Илаш АБДИЕВ.

Самарқанд вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 6 =