“Беш бармоқ”

ёки бугунги мактаб таълимига оид айрим мушоҳадалар

Мавзу яна мактаб, халқ таълими! Бугун унинг долзарблиги ҳаммага аён, бу борада жиддий ислоҳотлар кетаяпти, катта-катта маблағлар йўналтирилган, хуллас, соҳада иш жадал. Албатта, қанчалик сафарбарлик кучли бўлмасин, ҳар ҳолда, жамоатчилик фикрига ҳам қулоқ тутиш анча мантиқлидир, чунки ҳаммаси шу “жамоатчилик”, яъни халқ учун қилинади. “Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан…” деган шоир. Айни пайтда таълим-тарбиянинг сифати юзасидан ташвишли фикрлар ҳам билдирилаяптики, уларда ҳам жон бор. Гарчи бирор акс-садодан умид бўлмаса-да, мактабдаги ислоҳотларда халқаро андазаларда тасдиқланган энг сўнгги ютуқлар амалиётга жорий қилинаётган бўлса-да, “Ётиб қолгандан кўра отиб қол” қабилида иш тутиб, яна қоғозга юзландик. Бугун янгиликлар жорий қилиниши баробарида нималардандир воз кечилаяпти, уларга “эскирган”лик тамғаси босилаяпти. Қуйида шулардан баъзилари юзасидан фикрлар изҳор қилинади. Бизнинг андишаларимиз анча жайдари, улар юзасидан муносабат билдириш учун махсус таҳсил олиш шарт эмас, азбаройи мактаб кўрган, ўқитувчининг сабоғидан савод чиқарган ҳар қандай киши улар юзасидан муносабат билдира олади. Демак, тартиб билан кетдик.

Раҳбарларнинг дарс ўтмаслиги

Оддий бир ҳақиқат бор: маълум соҳага ким раҳбар бўла олади? Жавоблар кўп бўлиши мумкин, лекин асосийси — ўша соҳанинг устаси раҳбар бўлиши шарт. Энди таълим-тарбиядек ҳар куни амалиёт билан юзма-юз келадиган, болалар дунёси денгиздек қайнаб, ҳар куни соҳилини янгилаб турадиган соҳада мактаб раҳбарлари: директор, илмий бўлим мудири ва бошқа муовинлар аксарият ҳолларда синфга кирмайди, дарс ўтмайди! Улар нима қилади ва бу ҳолда уларнинг мактабга қандай тааллуқли жойи бор, деган савол пайдо бўлиши табиий. Сиз нима деб жавоб берардингиз? Биз эса “Раҳбарлик қилса керак!” деган мавҳум жавобни берган бўлардик. Ҳа, мактабда ҳаммасидан устун жиҳат — раҳбарлик! У қандай услуб билан раҳбарлик қилади? Замонавий мактаб ҳаёти тасдиқлайдики, ҳозирги директор (унинг муовинлари) “юқорининг топшириқлари”ни жамоага етказади ва шу топшириқларнинг бекаму кўст бажарилишини таъминлайди. Бу қандай “педагогика” бўлди? Болалар “юқорининг топшириқлари” асосида бошқариладими? Унақада ўқитишнинг эркин, илмий-ижодий табиати қаерда қолди? Мактаб таълим-тарбия ўчоғи эмас, бюрократик муассасага айланиб қолмайдими бунақада? Айланиб қолади ва шундай бўлиб қолди. Ҳолбуки, ўқувчининг нафасини ҳис қилиб турмаган раҳбар бошқа ҳамкасбларига қандай йўл-йўриқ бера олади, улар билан таълим-тарбиянинг сифати ҳақида қай даражада мунозара қила олади? Охир-оқибат синфга кирмай, кўчадан раҳбарлик қилган директор ёки ўринбосарлар “раис бобо — раис момо”га айланиб қолмайдими? Гап кўп, давоми ўзингиздан!

Ўқитувчининг конспект ёзмаслиги

“Мактабда асосий сиймо — ўқитувчи” деган олтин қоида бор. Шунинг учун махсус тайёргарликка эга бўлган, жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган, болаларни севадиган кишиларгина ўқитувчи шарафига лойиқ кўрилади. “Ўқитувчи — бола қалбининг меъмори” дейдилар. Таълим-тарбиянинг сифати юз фоиз ўқитувчига боғлиқ. Бу гапга ортиқча исбот керак эмас, деб ўйлайман. Ўқитувчининг кимлиги унинг дарс ўтишида намоён бўлади. Умуман, мактаб ҳаётининг асосий белгиси — дарс. Шундай ўқитувчилар бор, ҳар бир дарси бир асар, боланинг жону дили, шундайлари бор, ўқувчилар кўрмасам, дейди. Дарснинг яхши-ёмон ўтилиши эса, шубҳасиз, унга тайёргарликка боғлиқ. Баъзан бир соатлик дарсга 2-3 соат тайёргарлик кўрилади.

Ўқитувчи ҳам биологик мавжудот, унда турли ҳолатлар бўлиши мумкин, демак, истисно тариқасида унинг шу кунги дарсга тайёргарлиги қандай назорат қилинади? Ҳозиргача бу “ўқитувчининг конспекти” (бу касбга хос атама, баъзилар тушунмаслиги мумкин) орқали амалга ошириларди ва таълим жараёнида ҳар кунги муҳим воқеа “конспект кўрсатиш” ҳисобланарди. Шундай ҳолат қарор топгандики, конспекти бор ўқитувчи — дарсга тайёр, синфга кириши мумкин; конспекти йўқ ўқитувчи дарсга тайёрланмай келган, бундай муаллимни илмий бўлим мудири дарс ўтишдан маҳрум қилиши, дарсга киритмаслиги мумкин эди. Нима дейсиз, бугунги кунда “ўқитувчини ортиқча қоғозбозликдан халос қилиш” учун конспект ёзиш бекор қилинган! Бу айни “Саллани олиб кел, деса, каллани олиб келиш”га ўхшайдиёв. Тўғри, қоғозбозлик кўп, ҳозир ундан ҳам кўпайибди. Лекин уни ўқитувчининг асосий фаолиятини йўлга қўйиш, назорат қилиш воситасидан воз кечиш билан камайтириш шартмиди? Инсоф билан айтганда, ҳеч керак бўлмайдиган юзлаб қоғозбозликлар бор-ку!

Аммо амалиёт кўрсатадики, педагогик жиҳатдан ҳам, маърифий, ҳатто молиявий жиҳатдан ҳам қараганда, дарсга тайёргарлик қандайдир тартибда қайд қилиниши шарт, яъни ўқитувчи маош олаётганини “ҳужжат билан (у конспект, дарс режаси ёки кўргазмали қурол бўладими) далиллаши”— мажбурий. Конспект ёзмаслик қандоқ бўлди, ё дарсда ҳамма нарса ҳақида гапиравериш, билганини қилиш мумкинми? Айтайлик, журналист сифатида сафарга бориб келсам, мақола ёзишим шарт эмасми? Ёки жарроҳ шундоқ кўчадан келиб, ишга киришиб кетмайди-ку!

Ўқувчи кундалиги

Мактаб — жамоавий ташкилот. У ўз фаолиятини оила ва жамоатчилик ҳамкорлигида олиб боради. Ўқувчининг маълум вақти мактабда ўтса, қолгани оилада, жамоатчилик орасида ўтади. Болани мактабга кузатдик, ярим кун у ерда бўлди. Хўп, ота-она учун бу қизиқми? Ана шу қизиқиш боланинг кундалигини варақлаш билан қондириларди ёки кўп саволларга жавоб олинарди. Энди… кундалик бекор бўлибди, у “электрон кўриниш”га ўтибди. Бу нимаси? Тўғри, замондан орқада қолмаслик, қоғозни тежаш керак, аммо электрон кундаликни “ноэлектрон” ота-она қандай тушунади? Дарсликлар дунёнинг энг қиммат ва замонавий босмахоналарида чоп этилаётган бир шароитда кундалик учун хомашё топиш қи­йинми? Қолаверса, уни сотиб олишади-ку. Кундалик ўқувчи билан ота-она ўртасида маънавий боғланиш воситаси эди, уни йўқ қилиш кимга керак бўлиб қолди? Ёки болаларимизни “онлайн” ҳаётга тайёрлаяп­мизми? Тушуниб бўлмайди!

Синфда бола сони

Ҳар соҳада имконият ва чегара деган тушунча бор. Оддий юк халтасига ҳам сиғдирганича лаш-луш жойланади. Одам ҳам кучи етганича юк кўтаради. Ўқитувчи ҳам кучи етганича дарс ўтади!

Ўқитувчида филнинг қуввати-ю шернинг шиддати йўқ, унинг ҳам имконияти чегараланган. Қолаверса, мактабда халқаро меъёрдаги иш шароитини талаб қилишга ўқитувчининг ҳуқуқи бор. Мактаб ҳаётида ҳам шу қоидаларга амал қилинади. Олимлар ўзаро фикрлашиб, маълум меъёрларни тавсия этган ва шу асосда мезонлар белгиланган. Масалан, дарс — 45 дақиқа, чунки бола шу муддатда бир дам билан узлуксиз фаолият олиб бора олади, унинг вужуди шунга қодир. Ва устоз дарс жараёнида ҳар бир болага 2 дақиқадан эътибор берса, самарали ишлаган ҳисобланади. Демак, 45 дақиқада ўқитувчининг меъёрида фаолият олиб бориши 22 болага етади. 45 дақиқанинг қолган 1 дақиқаси кириш ва чиқиш учун, дейлик. Шу оддий мантиқдан келиб чиқиб, бир синфда бола сони 22-25 нафаргача белгиланган. Энди мавжуд аҳволни кўз олдингизга келтиринг (изоҳ ортиқча). Мабодо стандартдаги меъёрга амал қилинса, биринчи навбатда таълим-тарбиянинг юқори сифатда бўлиши таъминланади, иккинчидан, қанчалаб янги иш ўринлари очилади, маданий-маърифий қатлам кенгаяди. Айни шу ўринда оғриқли бир гап: жамиятга мактаблар кўпроқ керакми, масжидлар? Ҳеч ким масжидларга қарши эмас, аммо ўша маблағларнинг маълум қисмини нега мактаблар қурилишига йўналтириш мумкин эмас? “Қайси давлат мактабни бой берса, келажагини бой беради” деган гап бор. Бу жуда ўйлаб кўриладиган масала.

Дарсликлар

Бу йил бир янгилик рўй берибди: дарсликлар ҳар чоракда босиладиган бўлибди. Майли, бу ҳолнинг ҳам илғор томонлари бордир, аммо мактаб­ларда хаёлга ҳам келмаган бир ҳолат юзага келибди: ўтган чоракларда фойдаланиб бўлинган “дарслик”ларни сақлашга жой етмаётган экан! Гап нимадалигини тушундингизми-йўқми, билмадим, мактабда ҳаммаси ҳисоб-китобли, бир қарич жой ҳам ўлчовли. Шундай шароитда болалардан йиғиб олинган китобларни асрашга жой етмаётган экан. Ахир дарсликларнинг махсус жойларда, эҳтиётлаб сақланиши талаб қилинади-ку!

Албатта, дарслик билан таъминлашнинг янги усулига ўтилаётганда масаланинг шу томонлари ҳисобга олинганми-йўқми, номаълум, лекин юртимизда ўттиз йилдан бери дарслик тайёрлашнинг изга тушмагани бор гап. Ва бунга нималар халақит бераётгани ҳам аниқ. Ахир катта бир мамлакатда ҳар жиҳатдан талабга жавоб берадиган дарслик тайёрлашга илмий салоҳият йўқми? Бор, ошиб-тошиб ётибди, лекин ҳамма гап масалага умуммиллий, умумхалқ манфаати асосида ёндашувда.

Шубҳасиз, юқорида баён этилган мавзуларда ҳар кимнинг ўз қарашлари бордир. Аммо бир мулоҳаза: мактаб ҳаётига Сингапур тажрибаси жорий этиладими, фин мактабларидан намуна олинадими, Кембриж ёки Сарбонна талаблари асосида иш кўриладими, ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳаллий шароит ва миллий менталитет билан ҳисоблашиш зарур. Бунинг энг аниқ кўриниши — амалиётда ўзини оқлаган услуб ва ёндашувларни сақлаб қолишдир. “Беш бармоқ” сифатида қайд этилган (бешта бармоқ бирлашса, мушт бўлади!) мумтоз (классик) ёндашувлар амалиётда ўзини оқлагани кўпчиликка маълум. Ахир нега мактаб раҳбари асосий жараёндан ташқарида бўлиб, яъни сувга тушмай, балиқчиларга кўрсатма бериши керак? Ўқитувчи ҳар бир дарсга махсус тайёргарлик кўрмаса ва тайёргарлигини қайд этмаса, бориб-бориб масъулиятини бутунлай унутиб юбормайдими? Кундалик масаласи, синфда бола сони ёки дарсликлар ҳам бугунги мактаб ҳаётининг асосий қирралари эмасми? Шундай экан, бу мулоҳазалар жамоатчиликни бепарво қолдирмайди, деб ўйлаймиз. Муаммонинг янги қирралари баҳслар, мунозаралар давомида маълум бўлади, албатта.

Ҳаким САТТОРИЙ,

публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =