Энг зўр байрам

ёхуд журналистика соҳасини танлаган ёшларга дилимдаги гаплар

 

Тақдир тақозоси билан салкам бир ой касалхонада ётишимга тўғри келди. Кундалик нашрларни мутолаа қилишга ўрганиб қолганим учунми, давлат ва нодав­лат телеканалларининг бўлар-бўлмас матоҳларини кўриб, асабимни бузгим келмас, обуна бўлган газеталаримни олиб келтиришга бир-икки соат вақт кетишини ўйлаб, ўғлимни безовта қилишни истамасдим. Гоҳ-гоҳида шерикларим ўқиётган “сариқ матбуот”ни кўздан кечирар, бироқ унга сарфлаган вақтимга ачинар эдим. Бундай пайтда давлат ва нодавлат нашрлари билан бир қаторда ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган “Hurriyat”, “Жамият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари нигоҳимдан кетмас, тезроқ соғайиб, улар билан дийдорлашишни, мириқиб гурунглашишни истардим.

Баъзан шифтга тикилиб ётганимда, хаёллар талабалик йилларимга чорлар, ўша пайтда респуб­ликамиз пойтахтида чиқадиган кундалик нашрлар кўз олдимда намоён бўлар, биз уларни газета-журнал киоскаларида навбатда туриб харид қилар ва қизиқиб мутолаа қилардик. Бу биз учун байрамдек эди. Ўша пайтдаги марказий нашрларда Мақсуд Қориев, Саъдулла Кароматов, Одил Ёқубов, Иброҳим Раҳим, Саид Аҳмад, Худойберди Тўхтабоев сингари моҳир ва тажрибали журналистлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар ишларди. Уларнинг долзарб муаммоларга бағишланган мақолаларини, репортаж, очерк ва фельетонларини ўқимай қолмасдик. Бу забардаст адибларнинг маҳорат сирларини профессор-ўқитувчиларимиздан эшитар, ўзимиз ҳам ўша устозларга ўхшаб ёзишга ҳаракат қилардик. Кичикроқ бўлса-да мақола ёки лавҳамиз бирорта нашрда чиқиб қолса, дўппимизни осмонга отар эдик.

Кейинроқ билдимки, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналис­тика факультетида бизга таҳсил берган Очил Тоғаев, Расул Муҳаммадиев, Бегали Қосимов, Лазиз Қаюмов, Мухтор Худойқулов, Тоҳир Пидаев каби қатор устозларимиз газета ўқишга, унинг материалларини таҳлил қилишга ва албатта, ўқиганларимиздан хулоса чиқариб олишга меҳр уйғотган эканлар. Бу меҳр кўпчилик курсдош­ларим қатори мени ҳам бугунга қадар газеталарни (бадиий адабиётлардан ташқари) мунтазам ўқиб боришга, ўрганишга, изланишга, ёзишдан тўхтамасликка ундаб келаётганлиги билан фахрланаман. Ана шундай меҳрни онгу шууримга сингдирган устозларимни ҳамиша ҳурмат билан ёдга оламан, асарларини ўқиганимда, жойлари жаннатда бўлсин, деб дуо қиламан.

Буни қарангки, ўтган асрнинг 80-90-йиллари нафақат газета ва журналларнинг, балки телевидение ва радионинг ҳам савияси жуда баланд эди. Халқимиз газета ва журналларни қанчалик меҳр билан ўқиса, телекўрсатувларни ҳам шунчалик қизиқиш билан томоша қилар, радиоэшиттиришларни ҳам берилиб тингларди. Бу қутлуғ даргоҳларда ишлайдиган ижодкорларни чин дилдан ҳурмат қилар ва қадр­лар эди. Ўша пайтларда Ўзбекистон телевидениесининг техник имкониятлари ерда бўлса, ижодий маҳсулотлари осмонда юлдузлар мисол чарақлаб, миллионлаб томошабинларни ўзига маҳлиё этиб турарди. Бугун бу катта даргоҳнинг техник имкониятлари осмонда, ижодий маҳсулотлари эса… Бугун унга ҳавас қиладиган миллион-миллион томошабин қаерда? Бундай фикрни ўз вақтида машҳур бўлган “Тошкент оқшоми” сингари бир қатор газеталаримиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Иқтисодий танглик туфайли аллақачон ўз фаолиятига нуқта қўйган кўпгина шаҳар ва туман газеталари ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Хўш, азал-азалдан тарғиботчи, ташкилотчи, илҳомлантирувчи, зиё улашувчи, тарбия қилувчи ва ҳимоячи вазифаларини шараф билан бажариб келган оммавий ахборот воситалари янада юксалиш ўрнига нега орқага кета бошлади? Нега кўпгина газеталаримизнинг адади ҳатто 1500 та ҳам эмас? Нега одамлар аввалгидек у ёки бу газетани изламай қолдилар? Умуман, бугун халқимизнинг неча фоизи газета ўқияпти? Қайси газеталар энг кўп ўқилаяпти деб айта оламиз? Қайси нашрларимиз давлат билан жамият ўртасида мустаҳкам кўп­рик сифатида мавжуд муаммо ва камчилик­ларни бартараф этишда жасорат кўрсатиб ишлаяпти? Нега “Hurriyat” ва “Жамият” каби ўктам газеталаримизда босилаётган долзарб мавзулардаги танқидий мақолаларга соҳа раҳбарлари ўз муносабатларини билдирмаяптилар? Бу нафақат уларнинг, улар раҳбарлик қилаётган ташкилот матбуот котиблари ҳам газета ўқимаслигининг исботи эмасми? Бир вақтлар пойтахт Тошкентнинг ҳар бир хонадонига кириб борган “Тошкент оқшоми” газетасининг 500 нусхада номигагина чиқаётганлигини шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари қандай изоҳлар эканлар? Оламаро машҳур бўлган шундай катта шаҳарга ярашадиган ишми бу? Менимча, улар “Постда” газетасини эллик мингдан зиёд нусхада чоп этаётган Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан ибрат олсалар, кони савоб бўлур эди.

Тўғри, бугун интернет замони, ижтимоий тармоқлар гуркираб ривожланган. Бир қараганда, ҳамма гап, бор ҳақиқатлар — шу ерда. Чунки дарди, муаммоси борларга ҳам, шунчаки ишининг тайини йўқ “зерикканлар” учун ҳам минбар таппа-тайёр! Қўлингдаги шапалоқдек телефонни ол-у, хаёлингга нима келса, ёзавер! Ҳатто видеомурожаатлар ҳам қилишинг чўт эмас. Аммо, лекин, бироқ… Булар ҳали ҳақиқий матбуот дегани ҳам эмас! Бежизга ўзини ҳурмат қилган, ўзини таниган одам матбуотга мурожаат қилмайди.

Лекин бугунги матбуот ана шундай ҳақиқийликка, эл-юрт ишонадиган, таянадиган минбарга айланиши бу энди бошқа масала. Очиқ айтганда, шундай масалаки, ОАВ вакиллари холис ва ҳаққонийликда, жасорат ва жўмардликда ўзларини кўрсатадиган вақт келди. Ахир сўз ва матбуот эркинлиги берилган бўлса, мамлакат раҳбари — Ўзбекистон Президенти журналистларни қўллаб-қувватлаётган, ғамхўрлик кўрсатаётган бўлса, яна ёниб ижод қилиш учун, одамлар орасига кириб, уларнинг дарду ташвишларига шерик бўлиш учун яна нима керак?!

Албатта, фидойилик, жасорат ва ўз касбига чуқур меҳр керак!

Хаёлимда ана шундай ўйлар чарх уриб турганда, фикр билдиришимни сўраб, талабамнинг телефонимга йўллаган икки-уч материали келиб қолди. Дарҳол ўқидим. Улар мақоладан кўра, кўпроқ митти адабий лавҳаларга ўхшарди. Талабамнинг ижодий ишига фикримни билдириб, таклифларимни юборгач, ҳадемай дипломли бўладиган бўлажак журналистларимизнинг матбуотдаги иштироки сустлигининг сабабларига жавоб излашга уринаман. Юқори босқич талабаларининг газета, телевидение ва радио таҳририятларида амалиёт жараёнида нималарни ўрганганликлари ҳақида сўраганимда, ҳеч қайси бирларидан ижобий жавоб эшитмадим. Бўлажак журналистлар қаламини кўпроқ нуфузли газета ва журналларимиз таҳририятларида қайраганлари дуруст деб ўйлайман. Чунки журналист чуқур фикрлашни, қаламни чархлашни айнан босма нашрларда кўпроқ олади. Бунга бутун дунё журналистика мактаби, тарихи мисол бўла олади. Йўқса,  акс ҳолда, журналистиканинг қаттиқ нони ҳар қандай ёш ижодкорнинг  тишларини “синдириб” қўйиши мумкин.

Ёдимдан чиқмайди. Бундан йигирма-йигирма беш йиллар муқаддам пахта билан ғалла масаласи шўролар давридагидек хўжалик раҳбарларигагина эмас, лавозим курсисида ўтирган борки, биронтасига тиним бермас эди. Айниқса, республика, вилоят ва туманларнинг кўпчилик раҳбарлари ҳамон тоталитар тузум сиёсати руҳи билан ғўдайиб юрар, унинг қамчисини улоқтириб юборгиси келмасди. Пахта ва ғалла етиштирувчиларга бош бўлганлар қандай бўлмасин, давлатга шартномада кўрсатилган ҳажмдаги маҳсулотни топшириши шарт эди. Шу боис ҳосилдорлиги паст бўлган хўжаликлар раҳбарлари азбаройи қамалиб кетмаслик учун қандай бўлмасин, пахта ёки ғалла сотиб олиб, режасини бажарарди. Бажармаганлари тегишли жазодан қочиб қутулолмасди.

Яхши эслайман, вилоят давлатга пахта сотиш йиллик режасини бажаришига бор-йўғи уч фоиз қолган. Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма пахта даласида. Афсуски, далалар аллақачон бўшаб бўлган, ғўзапояларда йилт этган тола кўринмайди. Талабалар эртадан-кечгача далама-дала юриб, уч-беш кило пахта терар, унинг ҳам ярмидан кўпи хашак бўларди. Ана шундай кунларнинг бирида тун ярмидан оққанда вилоят раҳбари мени ҳузурига чорлади. Кирдим. Қовоқларидан қор ёғиб турган каттакон сўради:

— Ректорларингиз қаерда?

— Пахтада!

— Нега терим суръати кундан-кунга тушиб кетаяпти?

— Чўл ҳудудида умуман пахта қолмаган, — дедим қатъий қилиб. — Йилт этган тола йўқ. Уларни пахтаси бор туманга кўчирган маъқул.

— Менга баҳона керак эмас, тушунаяпсизми, тонна керак, тонна! Қум торттирадими, тош торттирадими, тонна бўлсин!..

Бу гаплар менга сира-сира ботмас, журналист бўлганим учунми, нафратимни қўзғар, аммо аламимни ичга ютишдан ўзга иложим йўқ эди. Чунки ўша кезлардаги хизмат вазифам шуни тақозо этарди. Вилоят ва туманларнинг асосий вазифаси давлатга ғалла ва пахта сотиш режасини ошириб бажариш бўлгани учун раҳбарлар ҳеч нарсадан тап тортмас, хўжалик раҳбаридан тортиб, пахта заводи директоригача қўшиб ёзишга мажбур қиларди. Бундан бохабар бўлган тегишли идоралар лом-мим демас, чунки  пахта учун улар ҳам жавоб берарди. Ким яхши, ғалла билан пахта режасини бажарган туман раҳбари яхши эди. Кейинроқ бу қинғир ишлар бошқа соҳаларда ҳам қулоч ёзди. Натижада давлат мол-мулки ва ерини талон-торож қилиш, ҳатто ҳосилдор пахта майдонларини бўлиб-бўлиб сотиш пойгаси бошланди. Шу боис юзлаб корхоналар ерга кирдими, осмонга учиб кетдими, йўқ бўлди. Коррупция авж олди. Уялмай-нетмай, диёнатсизларча алдаш ва ёлғон гапириш оддий ҳол бўлиб қолди. Мен бу мисолларни нега келтирдим? Чунки буларнинг ҳаммаси қонунга, халқ ва давлат манфаатларига мутлақо зид бўлиб, бориб турган жиноят эди. Афсус­ки, ўша пайтда буларни фош қиладиган журналистлар вилоятда ҳам, пойтахтда ҳам кўп эмас эди. Борлари ҳам журъат этишолмасди. Не-не оғир кунларни, не-не жабру жафоларни кўрган, сабр-тоқатли бағри кенг халқимиз эса ҳаммасини кўриб-билиб турса-да, “Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога?” дея қора қозони қайнаб турганига шукур қилганча тилини тишлаб ўтираверди. Биз бугун дунё билан мулоқот қилаяпмиз, дунё билан ҳамкорлик ришталарини боғлаяпмиз. Халқимиз ва давлатимизнинг тинчлиги, фаровонлиги барқарор бўлиши учун янги ғоялар, эзгу мақсадлар билан яшаяпмиз. Демакки, жамиятимизда адолат ва ҳалоллик тамойиллари ҳар қадамда бўй кўрсатиб турмоғи лозим. Бу эса бизнинг ҳар биримиздан фидойиликни, ташаббускорлик ва тадбиркорликни, адолат учун курашишни талаб этади. Бўлажак журналистлар ўтмишдан хулоса чиқариб, ҳаётнинг ичига чуқурроқ кириб бориб, айтиб ўтилган муаммолар ҳақида ўткир таҳлилий мақолалар ёзсалар, нур устига нур бўлур эди. Бу ўзидан-ўзи бўлмайди. “Жон чекмасанг жонона қайда, тоққа чиқмасанг дўлона қайда?” деганларидек, ҳақиқий журналист бўлмоқчиман деган талаба мобил телефонини бир четга қўйиб, Абдулла Қодирийдан Фитратгача, Абдулла Қаҳҳордан Ўткир Ҳошимовгача бўлган таниқли журналист ва адибларимиз пуб­лицистикасини қайта-қайта ўқиши, мағзини чақиб, моҳиятини тушуниб олиши, ўзини таҳлил ва таҳрирга ўргатиши керак. Ҳақиқий журналист бўлишни мақсад қилган талаба кузатувчан, синчков, янгиликни ҳаммадан олдин илғайдиган, ўз фикрини ҳимоя қила оладиган, журъатли ва қатъиятли, замон билан ҳамнафас қадам ташламоғи шарт. Ҳақиқий журналист бўламан деган талаба тилга алоҳида эътибор бериши, ҳар бир сўзни ўрнида ишлатишни билиши, ҳар куни нимадир ёзиши, уни қайта-қайта ишлаши, сайқал бериши, ўз ишидан ғурурланиб кетмаслиги, билдирилган таклифлардан ранжимаслиги, аксинча, хурсанд бўлиши лозим. Айни пайтда тилга тушган газета ва журналларни танқидий кўз билан ўқишни одат қилиши, ўз йўлини топиши учун изланишдан тўхтамаслиги, танқид эшитганда кўнгли ҳам, қўли ҳам совимай, буюк адибимиз Саид Аҳмаддек қаламни тиндирмаслиги керак!

Давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаб, ёрдамини аямаётган бир пайтда бўлажак журналистларимиз “биз ҳали талабамиз” деб, қўл қовуштириб ўтирмай, ҳаёт қозонида биқирлаб қайнаш­лари, яратиш ва яшнатиш ишқи билан ёниб яшашлари давр талаби эканлигини унутмасликлари, ўзбек миллий журналистикасининг янги-янги саҳифаларини битиш учун яна бир бор айтаманки, ўқиш ва ўрганишни ўзлари учун байрам деб билишлари керак!

* * *

…Худога шукур, тунов куни касалхонадан чиқдим. Қадрдон уйимга киришим билан стол устида тахлаб қўйилган бир қучоқ газетага кўзим тушиб қувониб кетдим. Бу менинг почтада йиғилиб қолган бир ойлик газеталарим: “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Hurriyat”, “Жамият”,  “Аргументы и факты”, “Миллий тикланиш” ва “ХХI аср”, шунингдек, “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналлари эди. Нафасимни ростлаб олгач, ўғлимга раҳмат айтиб, ўзим ҳам мутолаа байрамини бошлаб юбордим. Чунки мутолаа мен учун — энг зўр байрам!

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика факультети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =