“ЖАДИД”НИНГ ИЛК СОНИНИ ЎҚИДИНГИЗМИ?

Газета лотин ва кирилл алифболарида чоп этилди. Жами адади 17 156 нусха. Шундан, лотин ёзувидагиси 12 356, кирилл ёзувидагиси 4800 нусхада нашр этилди.

Ушбу газета Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси негизида ташкил этилди. Нашр муассислари — Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар акаде­мияси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳисобланади.

Газетанинг илк нишона сонида Давлатимиз раҳбарининг халқимизга Янги йил табриги, Президентимизнинг “Жадид” газетаси жамоаси ва муштарийларига йўллаган тилаги, шу йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги Президентимиз нутқидан иқтибослар, шунингдек, “Давр руҳи”, “Оина”, “Жамият”, “Фикр майдони”, “Тамаддун”, “Боқий мерос” сингари саҳифаларида халқимизнинг таниқли зиёлилари бўлган Иброҳим Ғафуров, Ҳамидулла Болтабоев, Баҳодир Каримов, Олимжон Давлатов, Хуршида Қўчқорова, Шаҳноза Назароваларнинг ранг-баранг мақолалари, мушоҳадалари ўрин олган. Шубҳасизки, нашрда жадид боболаримиздан Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон ва Қодирийлар ижодидан намуналар эълон қилинган. Бундан ташқари, ёш иқтидорларнинг ижод намуналарига ҳам ўрин берилган.

Ўйлаймизки, “Жадид” халқимиз зиёлиларининг севимли минбарига, ҳур фикрларга иштиёқи баланд юртдошларимизнинг энг ўқишли, қизиқарли нашрларидан бирига айланади.

М.ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =