Муҳим ва долзарб тадқиқот
Яқинда “Zamin nashr” нашриётида шарқшунос, тарих фанлари номзоди Хуршид Файзиевнинг “Шоҳрух Мирзо ташқи сиёсатида Дашти Қипчоқ ва Мўғулистон” номли қимматли тадқиқоти чоп этилди. Китоб сўз боши (3-4-бетлар), Шоҳрух Мирзо тўғрисидаги тарихий очерк (5-14-бетлар), кейинги икки қисмда (15-39- ва 40-70-бетларда) Дашти Қипчоқ ва Мўғулистон билан бўлган дипломатик муносабатлар ўрин олган. Асар ихчам (71-72-бетлар) хулоса билан якунланган. Унда Темурийлар салтанати ташқи сиёсати ва дипломатиясининг жуда муҳим жиҳати — XV асрдаги улкан салтанат ва яқин қўшни ҳудуд ўртасидаги сиёсий, дипломатик муносабатлар тадқиқ этилган. Тадқиқот мавзусининг муҳим ва долзарб жиҳатларидан бири шуки, бугунги Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари — аввалги Дашти Қипчоқ ҳудуди Қоғозистон, ўша даврдаги Мўғулистон эса Қирғизистон ҳудудларини қамраб олади.
Ўтмиш халқлар тарихини бирламчи ёзма манбаларга асосланган ҳолда, ҳар томонла тадқиқ этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу жумладан, юртимиз ўтмишининг ажралмас қисми бўлган Амир Темур ва Tемурийлар даври тарихини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб этиш ўзбек фанининг устувор вазифаларидан биридир.
Ўз даври учун улкан салтанат яратиб, қитъалараро халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар, маданий алоқаларни ривожлантирган, адолат тамойилларига таяниб давлат бошқарган буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда Амир Темур ва унинг авлодлари бўлган Tемурийлар даври тарихи нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон цивилизацияси тараққиётида умумэътироф этилган давр сифатида тадқиқотлар ўтказишни тақозо этади.
Хуршид Файзиевнинг “Шоҳрух Мирзо ташқи сиёсатида Дашти Қипчоқ ва Мўғулистон” номли китоби ана шундай тадқиқотлардан биридир.
Амир Темур вафоти (1405)дан кейин 1409 йилгача Темурийлар салтанатида Мироншоҳ Мирзо, Шоҳрух Мирзо, Халил Султон, Мирзо Пирмуҳаммад ва бошқалар ўртасида тахт учун кураш олиб борилган. Натижада улкан салтанат инқирозга учраш арафасида бўлган. Бундай қалтис вазиятда пойтахти Ҳирот бўлган Хуросон подшоҳи — Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо аста-секин салтанат ҳокимияти тепасига келган ва унинг асосий хатти-ҳаракати салтанат ҳудуди бирлиги ва асосий қудратини сақлаб қолиш, тиклаш бўлган. У кучли марказлашган салтанатнинг асосини сақлаб қолиш йўлида курашди, мамлакатни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган кучларни бир жойга тўплаб, улар билан биргаликда ўзбошимча амирликлар, марказлашишга зид ҳаракатларга, мамлакатни парчаланган ҳолатда сақлашга интилувчиларга, ўзаро урушларга ундовчиларга қарши муваффақиятли кураш олиб борди.
Ушбу китобда Шоҳрух Мирзонинг дунёга келиши, ёшлиги, 1397 йилда Хуросонга ноиб этиб тайинланиши, 1405 йилда Хуросон пойтахти Ҳирот шаҳрида тахтга ўтириши ва 1409 йилда Мовароуннаҳр учун олиб борган курашлари қатор ёзма манбалар, хусусан, Низомиддин Шомийнинг, ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи”, Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” ва Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Ғиёсиддин ибн Ҳумомуддин Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр фи ахбори афроди башар” асарлари ва замонавий тадқиқотлар асосида амалга оширилгани билан қимматлидир.
Қарийб беш йил мобайнида Темурийлар давлатининг марказида кечган сиёсий курашлар натижасида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган Шоҳрух Мирзонинг олдида салтанатнинг ички бошқарув тизимини тартибга солиш, чегараларни мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан сиёсий муносабатларни йўлга қўйиш каби ниҳоятда мураккаб вазифани амалга ошириш турар эди. Зеро, энг яқин қўшнилардан бири бўлган Чингизийлар ҳукмронлик қилаётган Мўғулистон ва Дашти Қипчоқ ҳудудидаги сиёсий кучлар билан муносабатларни тартибга солиш, мазкур жойларда салтанат манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш каби стратегик аҳамиятга эга вазифаларни ҳал қилиш ўта долзарб аҳамият касб этган эди.
Шоҳрух Мирзо Хуросондан ташқари Мовароуннаҳрда мустаҳкам мавқега ва қатор сиёсий муваффақиятларга эришгани, ташқи сиёсатда чегарадош давлатлар билан эҳтиёткор муносабатда бўлганлиги, Дашти Қипчоқ ҳукмдорига нисбатан юритган ўзига хос сиёсати ва Олтин Ўрда ҳукумати билан илиқ муносабатларни ўрнатишга интилишининг сабаблари тадқиқотда кенг ёритилган. Шоҳрух Мирзо даврида Дашти Қипчоққа нисбатан кенг қамровли ҳарбий юришлар амалга оширилмай, асосан, бу ердаги Чингизий сулолаларни дипломатик йўл билан жиловлаб туришга эришилгани ишонарли далиллар асосида очиб берилган.
Тадқиқотнинг иккинчи қисмида Шоҳрух Мирзонинг Мўғулистонга нисбатан тутган сиёсати таҳлил қилиниши билан бирга Амир Темурнинг мазкур ҳудудда олиб борган сиёсати тарихига ҳам тўхталиб ўтилган. Бу эса ўқувчига нафақат Шоҳрух Мирзо, балки Амир Темур сиёсати ҳақида кўплаб маълумотга эга бўлиш имконини беради. Рисолада манбалар асосида келтирилган маълумотларга кўра, Шоҳрух Мирзонинг ҳарбий стратегик мақсадларни кўзлаб Мўғулистон ҳукмдорларига нисбатан олиб борган сиёсати натижасида мўғуллар Мовароуннаҳрнинг шимоли-шарқий ҳудудларига талончилик босқинларини муваффақиятли амалга ошира олмагани, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлик қилган даврда Мовароуннаҳр минтақасининг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида ҳамда Хитой билан дипломатик муносабатларнинг юқори даражада амалга оширилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилганини кўришимиз мумкин.
Китобда Темурийлар даври дипломатияси тарихи билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун қимматли маълумотлар жамланган бўлиб, улар, асосан, ўша замондаги қимматли ёзма манбалардан олинган ва тадқиқ этилган. Шунинг учун ҳам ушбу муҳим ва қимматли тадқиқотни темуршуносликка қўшилган муҳим ҳисса деб баҳолаш мумкин.
Абдумажид МАДРАИМОВ,
ЎзФА Темурийлар тарихи
давлат музейи катта илмий ходими,
тарих фанлари доктори, профессор,
Шаҳноза МИРАЛИЕВА,
ЎзФА Темурийлар тарихи
давлат музейи бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.