МАЪНАВИЯТ — ОГОҲЛИК ДЕМАК!

Ҳаммамизга маълумки, ўтган йилнинг 22 декабрида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ‒ Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг раиси Шавкат Мирзиёев катта нутқ сўзлади. Унда мамлакатимиз ва халқимиз олдида турган энг муҳим маънавий-маърифий масалалар атрофлича таҳлил этилиб, муаммолар кўтарилди ва ечимлар айтилди.
Қуйида нутқдаги барча йўналишларга тўхталиш ниятида эмасман. Йиғилиш иштирокчиси сифатида каминага, айниқса, битта масала қаттиқ таъсир қилди. Бу ‒ Ўзбекистон мустақиллиги ва уни асраб-авайлаш масаласи!
Ие, дейишингиз мумкин, истиқлолга эришганимизга 32 йилдан ошганидан кейин ҳам бу масала долзарб бўлиб турибдими?
Нутқнинг моҳиятидан келиб чиқилса, дунё дунё бўлар, унда одамзод яшар экан, бу масала ҳар қандай давлат ва халқ учун долзарбдан долзарброқ масала бўлиб туравериши аёнлашади. Шундай бўлмаса эди, ўтган ХХ ҳамда ўтаётган ХХI асрда жаҳон харитасида мамлакатларнинг йўқолиб кетиши, янгиларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ қанчадан-қанча ўзгариш бўларми эди? Жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллигига эришиши ҳам айни ана шу жараёнлар асносида кечгани рост-ку.
Шундай экан, дунёни қайтадан бўлиб олишга бўлган ваҳшиёна интилиш олови асло сўнмас экан. Буни шу кеча-кундузда Шарқий Европа ҳамда Яқин Шарқда бўлиб турган қонли жараёнлар батамом исботлаб турибди.
Хўш, Ўзбекистонимиз бу можаролардан мутлақ халосми? Йўқ-да. Асло.
Айнан шу ҳолатдан қаттиқ безовталик ва огоҳликка даъват Юртбошимиз нутқининг энг мутаассир нуқтаси бўлди, десам, адашмасам керак. Мана бу сўзларга қулоқ тутайлик: “Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти. Биз дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз”.
Халқимизнинг асрий тийнатида оғир-босиқлик, шоша-пиша бир иш қилиб қўймаслик, унча-мунчага жиғибийрон бўлавермаслик, хуллас, етти ўлчаб, бир кесиш фазилати мавжуд. Чунки оқибатни ўйлаймиз, узоқ манзилларга кўз тикканмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бежиз халқни бирликка, миллат зиёлиларини уйғоқликка, она-Ватанни ҳимоя қилишга чорламаётир: “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслайлик”.
Дарҳақиқат, маърифатпарвар боболаримиз юртнинг қолоқлигини халқнинг ҳуқуқсизлиги, яъни мустамлакадан кўрди. Лекин, мана, биринчи масала бундан қарийб 33 йил бурун ҳал бўлди, яъни мамлакат мустамлакадан қутулиб, ўзининг мустақил миллий давлатини қурди. Жаҳон жадал ривожланиб кетди. Шунинг учун бугун она юртимиз илғор дунёнинг олдинги сафларида бўлиш учун жуда катта қадамлар ташламоқда.
Бунинг учун яна нима қилмоқ керак? Албатта, мамлакатни ривожлантириш лозим. Мамлакатни ким ривожлантиради? Одамлар. Давлат ва фуқаролар ўртасидаги бирликкина юксалишга чинакам омил бўла олади.Одамларнинг онгу тафаккурини янада ўстириш зарур. Бу йўлда шубҳасиз, маънавият керак. Шу боис Шавкат Мирзиёев: “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”, ‒ деди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, янги ташкил этилган “Жадид” газетаси, умид қиламизки, шу курашнинг бошида туриб, пешқадам зиёлиларимизнинг асл минбарига айланади. Биринчидан, у мамлакат мустақиллиги учун мол-жонини тикиб курашга бел боғлаган жадидларимиздан ўрнак олиш, улар меросини ўрганиб, моҳиятини халққа етказишга ҳаракат қилади. Иккинчидан, илғор зиёлиларимизни бугуннинг жадидлари бўлишга ундайди. Бугуннинг жадидлари эса халқнинг кўзини очиши, уни уйғотиши, фуқароларни Ватан тақдири учун масъул шахсларга айлантиришни мақсад қилиши, ХХI аср тараққиёти талаб қиладиган даражадаги кадрларни тайёрлаб, етиштиришга муносиб ҳисса қўшиши зарур. Бу эса янги ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш, рақамли иқтисодиётни йўлга қўйиш, саноатни, туризмни юксак даражаларга кўтариш, илм-фанни ўстириш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ҳам билимли, ҳам маънавиятли шахсни тарбиялаш ва ҳоказоларни ўз ичига олади.
Айниқса, Президент нутқида алоҳида таъкидланган қуйидаги сўзлар мағзини ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар чақа олиши шарт:
“Аввало, маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқишимиз лозим. Бу жараёнда янги таҳрирдаги Конституциямиз талаблари ҳисобга олиниши зарур. Мана, биз Асосий қонунимиздаги фундаментал принциплардан келиб чиқиб, Дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқяпмиз.
Нима учун бунга зарурат туғилмоқда?
Ўзингиз кўряпсиз, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали, асосан, четдан, баъзан ҳатто мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилмоқда…”
Халқни ўз давлатига қарши қайрашга қаратилган ёки баъзи бир мамлакатларда ўзларини “сиёсатдон” деб билгувчи айрим кимсалар томонидан очиқдан-очиқ дунёда мустақил ва ҳур мамлакат дахлсизлигига рахна солиш ниятида айтилаётган ҳар хил ўйлоқсиз валдирашларга, ёвуз ниятли бундай ҳаракатларга ўз вақтида жиддий муносабат, жавоб қайтармаслик сира мумкин эмас! Ўзи қарийб бир ярим асрлик истибдоддан қутулиб, не-не улуғ боболаримиз, аждодларимизнинг курашлари, азиз жонларини беришлари туфайли улуғ орзу, буюк мақсад — мустақилликка, яъни миллий давлатимизга эришдик. Ўзбекистонимиз фақат ва фақат халқнинг шу давлати билан бир тан, бир жон бўлиб бирлашиши орқалигина тараққий эта олади.
Башарият тажрибаси қайта-қайта исботлаган бу ҳақиқатни унутишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.