Публицистик-таҳлилий мақолалар танлови ғолиблари аниқланди
“Бир макон — бир йўл” ташаббуси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис 2023 йилнинг октябрь ойида “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари таҳририяти томонидан “Бир макон — бир йўл”ни қуриш, инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамиятини барпо этиш: Ўзбекистондан назар” мавзусидаги публицистик-таҳлилий мақолалар танлови эълон қилинган эди. Жорий йилнинг 6 февраль куни ушбу танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, ОАВ вакиллари ҳамда Ўзбекистон — Хитой муносабатларига бефарқ бўлмаган ҳамюртларимиз иштирок этди.
Тадбирда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар қарийб 25 йилдан буён ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида самарали давом этиб келаётгани, айниқса, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб, иқтисодий соҳада юқори фаоллик кузатилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, Хитой Ўзбекистоннинг иккинчи йирик савдо шериги ва энг йирик сармоя манбаи ҳисобланиши, бу мамлакат “Бир макон — бир йўл” лойиҳасини ривожлантиришда Ўзбекистонни асосий ҳамкор деб билиши ва инфратузилма, транспорт ҳамда коммуникацияларга катта сармоя киритгани, ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар борасида ҳам сўз борди.
Шундан сўнг танлов ғолиблари эълон қилинди.
Унга кўра:
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Оқил Умрзақович Салимов бош мукофот соҳибига айланди.
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ҳамда “Менинг юртим” телеканали 1-ўринга муносиб деб топилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими, иқтисод фанлари доктори Одилжон Олимжонов, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, иқтисод фанлари доктори Нурислом Тўхлиев ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканали 2-ўринга лойиқ кўрилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Умид Жабборов, “Zamon.uz” интернет нашри бош муҳаррири Севара Алижонова ҳамда Қирғизистон Республикаси Ахборот агентлиги директори Азамат Касимов 3-ўрин эгалари бўлди.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори Назира Тошпўлатова, журналист Абдуазиз Хидиров, шунингдек, “Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Руслан Кенжаев, “Kun.uz” интернет сайти таҳлилчиси Камолиддин Раббимов рағбатлантирувчи дипломларни қўлга киритди.
Тадбирда танлов ғолибларига диплом ҳамда совғалар топширилди.
Дилафрўз ҒОФУРОВА.