Сиз қачон театрга боргансиз?

Театр – ойна, муқаддас даргоҳ. Унинг тарбияга йўғрилган сабоқлари эса кишиларни одамийликка чорлайди. Аммо замон зайли деймизми ёки кино саноатининг ўзига хос қулайлигими, театр атамаси озгина эскиргандек туйилиши мумкин. Авваллари фақатгина зодагонлар кира олиши мумкин бўлган театр зали ҳозирги пайтда текинга спектакль қўйилса ҳам кўпинча тўлмай қолади. Бу эса одамни анчайин ўйга толдиради…

Дунёда театрнинг ўзига хос яратилиш тарихи мавжуд. Илк театр ўтмишига назар соладиган бўлсак, Юнонистон ва Ҳиндистонда “Маҳобҳарат” ва “Рамаяна” достонлари билан боғлиқ ҳолда ривожланган. Кейинчалик эса Яқин Шарқ ва Римга ёйилган. Театрдан кўзланган мақсад илк асрларда ҳам инсон қалбида қандайдир илиқ туйғу уйғотиш, фикрлаш ва хулосага чорлашдан иборат бўлган.

Шарқ мамлакатларида театр пайдо бўлган вақт жадидлар даври, яъни XIX-XX аср деб ўйлайди кўпчилик. Аммо баъзи манбаларда келтирилишича, театр Шарқда Темурийлар даврида ҳам гуллаб яшнаган. Ўша даврда пойтахт дея эътироф этилган нуфузли шаҳарларда театр­лашган томошалар уюштирилган.

Тўғри, жадидлар даврида театр қайсидир маънода ўз чўққисига чиққан.

Чунки Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний каби зиёлилар емирилаётган мамлакат ва ўзлигини йўқотаётган халқ онгини ўзгартиришнинг ягона ечими театр дея ўйлашган. Сабаб, у даврларда китоб ёки газета орқали маърифат улашиш анчайин мушкул бўлган. Уларга маънавий таъсир ўтказиш театрлар орқали амалга оширилган.

Ўша пайтда катта шов-шувлар билан театр саҳнасига кириб келган “Падаркуш” драмасини ҳар бир адабиёт ихлосманди билса керак. Маъно-мазмун жиҳатидан шу давр  ҳолатини яққол кўрсатиб берган ва халқ шу зайлда кетса, якун драмадаги каби аянчли бўлишига ишора қилган. Аммо бу спектаклнинг саҳна юзини кўриши ҳам осонликча бўлмади. Мамлакатдаги аллақачон мияси заҳарланиб улгурган баъзи “зиёлилар” бу спектаклни мамнуният билан кутиб олмади. Саидаҳмад Васлий исм-шарифли киши “Садойи Фарғона” газетасининг 1914 йил 83-сонида чоп этилган “Шариати исломия” сарлавҳали мақоласида “театр ҳаром”, деб эълон қилади. “Ойина” журнали эндигина туғилаётган театр санъатига нисбатан бундай хато ва зарарли муносабатни мутаассиблик намунаси сифатида баҳолаб, унга кескин зарба беради.

Беҳбудийнинг саъй-ҳаракатлари билан ўзбек маданиятида янги санъат — театр дунёга келди. Беҳбудий ҳамда унинг сафдошлари матбуот орқали бу янги санъатни кенг тарғиб қилишга киришдилар. Беҳбудий театрга бағишланган бир қанча мақолалар ёзиб, бу санъатнинг аҳамиятини қуйидагича изоҳлади:

“Теётр нимадур? Жанобиға теётр ибратнамодир, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб, кар қулоқликсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбеҳ этувчи ҳамда зарарли одат, урф-таомилни, қабиҳ ва зарарини аён кўрсатувчидир. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдиргувчидир” (Маҳмудхўжа Беҳбудий, “Танланган асарлар”.)

Бу таъриф Беҳбудийнинг театр санъатига жуда катта умид ва юксак тасаввур билан муносабатда бўлганидан далолат беради. Ушбу санъат орқали халқ ва жамият ҳаётидаги иллатларга барҳам беришга, улар ҳаётини яхшилаш мумкинлигига ишонч билан қарайди. Ўша даврларда “Падаркуш” таъсирида бир неча саҳна асарлари яратилди. Драматурглар сафи Насрулла Қудратилла, Абдулла Қодирий, Абдулла Бадрий, Ҳожи Муин, Абдулла Авлоний, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон сингари забардаст ижодкорларга кўпайди!

Ўзимнинг ҳам илк бор театрга тушганим кечагидек эсимда. “Ўткан кунлар…” Ҳа-ҳа, ўша машҳур — “Ўткан кунлар”. Гавжумгина Ўзбек миллий академик драма театри. Дугоналарим билан ёнма-ён ўриндиқларга жойлашдик. Пардалар очилди ва томоша бошланди. Бирпасда ўша муҳит мени тўлалигича қамраб олди. Аввал бошда Ўзбек ойимнинг ғалати-ғалати ўхшатишларига кулган бўлсам, Кумушнинг заҳарланиш жараёни мени қаттиқ қайғуга солди. Кумуш ва Отабекнинг севги мевасининг келажакдаги онасиз ҳаётига  ачиндим. Айбсиз-айбдор Зайнабгинанинг қисматига ҳам раҳмим келди. Ишоняпсизми, асар қаҳрамонлари худди менинг яқинимдек жоним ачишди. Аслида, бу шунчаки саҳналаштирилган асар эди. Лекин мен худди шу воқеалар менинг атрофимда рўй бераётгандек баъзан қайғурдим, баъзан эса хаёллар оғушига берилдим. Ўқишда ҳам бу асарни қаҳрамонларини ўйнаган актёр ва актрисаларнинг ютуқ ва камчилик­ларини анчайин муҳокама қилдик. Шундан таъсирланган ҳолда менинг “Зайнабга хат” номли кичик мақолам ёзилди. Биргина театр менга чин маънода олам-олам янгилик берди. Қалбимга нафис санъат шуъларини олиб келди…

Дарҳақиқат, кино ёки концерт томошаларини телевидение ёхуд интернет орқали томоша қилиш, зарур бўлса улардан нусха кўчириб олиш мумкин. Лекин театр шу қадар бетакрор ва ажойиб санъат турларидан саналадики, томошабин роль ижро этаётган актёрларнинг нигоҳи ва нафасини, ҳар бир сўзи-ю хатти-ҳаракатини жонли тарзда кўриб, ҳис қилиб туради. Кўз олдида саҳна ва шу ерда актёрлар билан бирга яшайди, йиғлайди, кулади…

Президентимиз юртимизда театр кўламини ошириш мақсадида, давлат идоралари ходимлари ва раҳбарларнинг театрларга ташриф буюриши учун ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилишни бежиз таклиф этмадилар.  Ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини айтдилар.

Фақат… ҳар бир театр жамоаси томошабин билан ишлаш тизимини яхши йўлга қўя олиши керак. Театрлардан кўзланган асосий мақсад, яратилаётган спектакль жамоавий бадиий ижод маҳсули орқали кишилик жамиятини эзгулик ва яхшиликка эргаштира олиши, инсонларнинг маънавий, маданий ва маърифий тафаккурини юксалтириши зарур.

Театрнинг ривожланиши ва спектаклларни кенг томошабинлар оммасига тақдим этишда муваффақиятли фаолият юритиши учун эса биринчи навбатда, томошабинни жалб эта оладиган янги спектакллар яратиш зарур. Бундан кейин ҳам халқимизнинг юрагига етиб борадиган, қалбини забт этадиган, эзгу мақсадларга чорлайдиган асарларнинг яратилишини кутиб қоламиз!

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two − two =