Ҳассаси гуллаган шоир

ёки биз билган ва билмаган Абдулла Шер

(Эссе)

Унинг болалиги Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Йўлтушган қишлоғида ўтган. Отасининг исми Шермуҳаммад бўлиб, мисгар уста эди. Аслида, мисгарлик ҳам санъатнинг бир турига ўхшайди. Мисгарлик билан моҳир ҳунармандлар шуғулланадилар. Унинг наздида отасининг узун-узун бармоқлари мис буюмлар билан суҳбат қураётганга ўхшарди. Шунинг учунмикин, отанинг ишларини кўрган одамлар: “Уста, мисни ҳам гапиртириб юборасиз-да”, дер эдилар. Аммо урушдан кейинги йиллар Шермуҳаммад отанинг ясаган санъат асарларини сотиб олишга одамларнинг унча қурби етмас, шунинг учун уста турли печлар ва уларга мос карнайлар ясаб тирикчилик қилар эди.

Ёз бўйи бу буюмлар сотилмас, ҳақиқий савдо, асосан, куз ва қиш фаслларида иситкич нарсаларга халқнинг эҳтиёжи ошганда бўлар эди. Устага ўғиллари ёрдам берар, олти яшар Абдулла тунука резгисидан мих ясар эди. Иситкичлар яхши сотилса, бир уюм пул бўларди. Шермуҳаммад ота пулларнинг асосий қисмини солиққа берар, қолган пул рўзғорга сарф бўларди. Очиғи, ўша пайтнинг солиғи халққа жабр бўлиб, ҳунарманднинг ҳам, тадбиркорнинг ҳам тўқ яшаб бой бўлишига йўл бермас эди.

Йўлтушган қишлоғида атиги иккита дўкон бўлиб, бири Шермуҳаммад аканики, бири мулойим табиатли Халил аканинг дўкони эди. Бу хусусий дўконлар шўро замонининг энг катта душмани эди. Ҳалол рўзғор тебратиш учун Шермуҳаммад аканинг оиласи ҳам чумолидек меҳнат қиларди. Олти яшар Абдулла ўша қаҳатчилик йиллари тунуканинг резгисидан мих ясайман деб неча марта бармоғини кесиб олгани, аммо акалари ва отасининг бармоқларида ўзиникидан катта жароҳатлар бўлса-да, чидам билан ишлаётганини кўриб, тишини тишига босганча мих ясаганлари ёдида. Бошқа илож йўқ эдиям-да. Лекин ўша пайтлар одамларда шукроналик кўп ва хўб бўлган экан. Бир-биридан нарса қизғанишмас, уруш тугаганига, уйларга қора хатлар келмаётганига хурсанд эдилар. Ҳали мамлакат электрлаштирилмаган, лекин тунчироқлар ёруғида китоблар ўқилар, дуторлар чалиниб, достонлар, доиралар чертилиб, лапарлар айтилар, момолар лабидан чанқовузлар ноласи кўнгил кенг­ликларининг энг сирли жойларига бориб акс-садо берарди. Дарвоқе, уста Шермуҳаммад ҳам жўжабирдай жон бўлишига қарамай, атайин бир дуторчини топиб шогирд тушади ва қисқа вақтда миллий куйларни маромига етказиб чала бошлайди. У чалган тароналар овозаси қўни-қўшни, маҳаллаю гузардан ошиб, Тошкент радиосигача етиб борибди.

1948 йилда уларнинг уйига радиодан келган мутахассислар: “Уста, бизга бир дутор чалиб берсангиз”, деган илтимос билан устанинг маҳоратини синаб кўришди. Куй оҳангига сел бўлган меҳмонлар мақсадга кўчиб: “Бизнинг мусиқий жамоамизга сиздек дуторчи жуда керак.

Рози бўлсангиз, сизни ишга таклиф этсак”, дея розилик сўрашди. Уста эса: “Йўғ-э, мен мисгарман, радиода жуда машҳур созандалар ишлайди, қолганлари эса яллачилар. Менда сиз ўйлаган маҳорат йўқ, оддий яллачи бўлиш эса менга ярашмайди!”, – дея радиодан келганларни қайтариб юборади. Абдулланинг онаси Санобар отин ҳам турмуш ўртоғидан дутор чалиш сирларини ўрганиб олган, уларнинг ҳар иккиси фақат ўз оиласи ва жигарлари даврасидагина маҳоратларини намойиш этардилар. Аммо баъзан онаси отасига: “Сиз ўшанда радиога ишга бормай, нотўғри қилгансиз, ҳозир эл таниган чолғучи бўлар эдингиз. Ахир дутор чалишда тенгингиз йўқ”, деб қўяр эди.

Абдулланинг онасини маҳалладагилар “Санобар отин” деб эъзозлар эди. Чунки араб имлосидан ҳам бохабар она маҳалладаги аёллар ва қизларга отинчилик ҳам қилар эди. Абдулла 5 ёшдаёқ Алишер Навоийнинг ғазалларини тинглай бош­лади. Онаси уни адабиётга, мумтоз шеъриятга ошно қилди. Мактаб­­га бора бошлагач эса Навоий, Бобур, Фузулий, Лутфийдан ташқари Увайсий, Нодирабегим, Машраб, Ҳувайдо, Завқий, Ғозий ғазалиёти билан танишди. Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома”си, Гулбаданбегимнинг тарихий асарларини ўқиди. Абдулланинг ҳаётида 8-синф даври кутилмаган бурилиш ясади. Ўзидан бир синф юқорида ўқийдиган болалар туман газетасида мақола ёзиб чиқаришади. Уларнинг кичкина мақоласи мактабнинг катта йиғилишида мақтовга сазовор бўлади. Буни кўрган Абдулла: “Шулар ёзганини мен ёзолмайманми?” дея қишлоқ ва колхоз ҳаётидан бир неча мақолани ёзиб, туман газетасига олиб боради. Унинг мақолачалари, асосан, дала меҳнаткашларига бағишланган бўлиб, “Болтавой — миришкор сувчи”, “Норхол пиллачи”, “Ғўза қатор ораларига маҳаллий ўғит ташлаш бошланди” каби мавзуларда эди. Унга 40 тийин ёки 50 тийин қалам ҳақи ҳам беришарди. 1968 йилга келиб, у шеър ёза бошлади. Ўша ёрқин лаҳзаларни шоир ҳаяжон билан эслайди:

— Мен шеър ёза бошладим. Вой-бў, кечаю кундуз дафтарларни тўлдираман. Бирдан “Навоийга шогирд бўламан!” деган қатъият ичимдан отилиб чиқди. Билмасдимки, Навоий қаерда-ю, мен қаердаман? Ёзу куз ҳашарга деб, биз ўқувчиларни пахта даласига юборардилар. “Далага бормайман, пахта термайман, мен шоир бўламан!” дедим. “Пахтага бормасанг, сени мактабдан ҳайдашади”, дедилар. “Мактабга ҳам бормайман!” деб, уйда шеър ёза бошладим. Бир куни мактаб директоримиз уйга келиб, роса “тушунтириш ишлари”ни олиб борди ва: “Абдулла, мактабга бор, мактаб — мажбурий”, деди. Мен яна мактабга бора бошладим. Навоийга юкиндим, адабиётга ва шеъриятга юкиндим. “Навоийга шогирд бўламан” деган фикрдан ҳали ҳам узоқлашганим йўқ. 70-йилларда жиддий шеърлар ёза бошладим. “Навоий соғинчи” деган туркум устида ишладим. Кейинги шеърларимдан бирини “Ичимдаги дард” деб номладим. Бу шеърда: “Навоийнинг ёнига қандай бораман?” деган сатр такрор-такрор келади.

“Мен кўрган катта шоир — Миртемир эди”

Абдулла Шер адабиётга кириб келишини шундай ҳикоя қилади:

— 10-синфда ўқиб юрганимда, бир дафтар шеърларимни олдим-у, илгариги Пушкин кўчаси 1- уйда жойлашган Ёзувчилар уюшмасига олиб бордим. У ерда Миртемир домла адабий маслаҳатчи экан. У киши менинг 4 та шеърим ва 3 та тўртлигимга “маъқул” деган белги қўйиб бердилар. Миртемир домланинг ёнида Темур Фаттоҳ ўтирар экан. Яна домланинг олдига Саида Зуннунова кириб келганини кўрдим. Миртемир домланинг олдидан қушдек енгил бўлиб чиқдим. Автобус бекатида Шотурсун Ғуломов билан танишдим. Шотурсун Ғуломов раҳматли яхши ёзувчи ва публицист эди. Биринчи учрашувдаёқ яқин танишдек гаплашган бу инсонлар мен учун сеҳрли одамлар бўлиб туюлган ва ҳамон шундай. Мен бу оламда Миртемир домладек шогирдсевар шоирни кўрмадим. У муҳтарам зот билан учрашган ёшлар шоир бўлмаса ҳам шоир бўлиб қолар эди. Домла билан учрашган биринчи кундаёқ хурсандлигимдан китоб дўконига кириб, Навоийнинг “Хазойин ул маоний” асарининг 1-жилдини сотиб олдим. Чиноздан Тошкентга автобусда келганман, қайтишда автобусга тўлаш учун пул йўқ. Навоийнинг китоби Чинозда ҳам сотилар эди, мен эса уни тезроқ қўлимга олиш учун бор пулимни тўлаб юбордим. Сўнгра Тошкентдан Чинозгача 8 км. пиёда юриб, қоронғи кечда кириб келганман.

Мактабни битириб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга кирдим.

1962 йил баҳор фаслида шеърлар ва “Севги қиссаси” номли достонимдан иборат китоб тайёрлаб, уюшмага бордим. Миртемир домлага топшириб келдим. Ёзнинг охирида мени ҳарбий хизматга юборишди. Хизмат Германияга бўлгани учун вақтлироқ олиб кетишиб, Термизда тайёргарликдан ўта бошладик. Ўша вақтда уйга “Сизнинг китобингиз чоп этилиши учун муҳокамага қўйилади. Тез етиб келинг” деган хат келган. Хат Термизга 4 кунда етиб борди. Рота командирининг олдига кириб вазиятни тушунтирдим. У: “Хат 4 кун ичида келди, боргунингча 2 кун ўтади. Муҳокама тугаб кетган. Бир сен учун қайтадан катта шоирлар йиғилмайди-ку”, деди.

Мен бормаганим учун китобим муҳокамага қўйилмаган. Ўша пайтда Миртемир домладек устоз тавсияси билан муҳокамага қўйилган китобларнинг бари чоп этилган. Ўшанда 19 ёшда эдим. Тақдир тақозоси билан 10 йилдан кейин — 1973 йилда биринчи китобим чиққан.

1962-1965 йилларда Шарқий Олмонияда ҳарбий хизматда бўлдим. Бу 3 йилда олмон тилини ўрганиш учун бор имконимни ишга солдим.

Нима бўлганда ҳам, ўзбек йигитларига паст назар билан қарайдиган совет армияси зобитларининг эътиборига тушдим. Рус ва немис тилларида бемалол сўзлашиб, бехато ёза олганимни кўрган ҳарбий бошлиқлар менга ҳарбий унвон ва иш таклиф қилишди. Мен рад жавобини берганман. Агар ҳозиргидек Миллий армиямиз ўшанда бўлганида, ҳарбий бўлишим аниқ эди.

* * *

Абдулла Шер яна шундай ҳикоя қилади:

Талабалик пайтимда мени Асқад Мухтор “Гулистон” журналига ишга қабул қилган. Асқад Мухтор фариштага ўхшаган тоза табиатли, ғоят ақлли одам эди. “Гулистон” мен учун муқаддас китобдек эди. Шеърларим чиқа бошлагач, Маҳмуд Саъдий мени 160 сўмлик маоши бор бўлимга — “Шарқ юлдузи” журналига ишга таклиф қилди. Бу “Гулистон” журналидаги маошимдан бир баробар кўп эди. Аммо мен бу азиз даргоҳдан кета олмадим. Бу ерда маошга топилмас бир муҳит бор эди. Ҳали-ҳамон “Гулистон” журналидан олган тажриба мактабим мен учун қадрдон бўлиб қолди.

Асқад Мухтордан сўнг яна бир буюк инсон — Сарвар Азимов билан учрашдим. Бу улуғ ёзувчи Москвага бориб, Суслов билан гаплашиб, “Ёшлик” журналини очишга мушарраф бўлди.

Ўша даврда Ўзбекистонда бундай журнал очиш жуда қийин иш эди. Сарвар Азимов Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиб келганида, ўзбек ёзувчиларини кўтаришга ҳаракат қилди. Жуда оғир бўлса-да, у кишининг дипломатлик қобилияти билан ўзбек ёзувчиларининг елкасига ҳам офтоб тегди. Сарвар ака “Ёшлик” журналига Эркин Воҳидовни бош муҳаррир қилиб ишга тайинлади. Мени масъул котибликка чақиришди. Ўша пайтда бошимда қандайдир оғриқ пайдо бўлиб, давосини тополмай юрган пайтларим эди, ишлай олмасам керак деб ўйладим.

1970-1981 йилларда Олий адабиёт курсида ўқиш учун Мос­квага кетдим. Оиламдан, болаларимдан узоқда яна икки йил талаба бўлдим. Энг катта омадим — менга ўзини фидо қила олган умр йўлдошим Ёқутхон билан тақдирим боғланганлиги. У ҳаётимиздаги барча иссиқ-совуқларга қуллуқ қилиб яшади. Тобим бўлмай, уйда хасталаниб қолган йилларимда ҳеч иккиланмай рўзғор юкини бўйнига олди. Бундай фидойилик гўзал аёлларда камдан-кам учрайди.

Болаларимнинг аъло хулқли ва олий маълумотли бўлиб камолга етганлари учун ҳам ундан умрбод миннатдорман.

Шундай вақтлар бўлдики, китобларим чиқишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилган “дўстлар”ни кўрдим. Афсуски, бошимнинг иккала чеккасида пайдо бўлган номаълум оғриқ туфайли улар билан курашишга ҳолим ҳам, истагим ҳам йўқ эди.

* * *

Дарҳақиқат, Абдулла Шер 1980–1981 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиди. Бу ерда ўқиш билан бирга у, асосан, таржима билан шуғулланди. Олмон тилини чуқур ўрганди. У энди Байронни ва Генрих Гейнейни тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қила олар эди.

Абдулла Шер дафтаридан:

Устоз Миртемирнинг ариғи

“Бир куни устоз Миртемир менга эшиги олдидан ўтган сувсиз ариқни кўрсатиб: “Менга келганда шу ариқ ҳам қуриб қолди, бўтам”, деб самимий кулган эди. Мен у зотнинг шогирди, ҳозир бошқа замонда, шаҳарнинг бошқа бир чеккасида яшайман. Лекин, таажжубки, ўша ариқ менинг эшигим олдидан ҳам ўтади”.

Таржимаи ҳолимдан:

“Онам раҳматли айтишларича, мен гўдаклигимдан эмакламай юриб кетган эканман: ўтирган кўйи ўнг қўлимга таяниб, бир зумда уйнинг у бошидан бу бошига бориб келар эканман. Ҳозир ҳам ўша-ўшаман: эмаклаш нималигини билмайман, қўлимга, фақат ўнг қўлимга таяниб яшайман”.

 

* * *

Табиатан оилапарвар Абдулла Шер болаларини ҳеч кимдан кам қилмаслик учун бор иқтидорини ишга солди.

У ўзини илмга урди. ТошДУнинг фалсафа факультетида катта ўқитувчи, кафедра мудири лавозимида ишлади. У Байроннинг “Дон Жуан”, Генрих Гейнейнинг “Қўшиқлар китоби”ни олмон тилидан, Пушкин, Блок, Антакольский, Некрасов ва Анна Ахматова, Чаренц, Твардовский каби машҳурларнинг асарларини рус тилидан таржима қилиб, бу борадаги қобилиятини намоён қилди. У қилган таржима асарлари қўлма-қўл бўлиб кетгани учун нашриётлардан кетма-кет буюртмалар тушар ва каттагина гонорар тўлашар эди. Даврнинг айрим замонасозликлари туфайли унинг асарлари йиллаб нашриётлар ғаладонларида қолиб кетган. Абдулла Шер ўзи кўрмаган бўлса-да, Ойбек ва Мақсуд Шайхзода домлаларни яхши кўрар, улар ҳақида қалб сўзларини қоғозга туширарди. 1968 йилда Шайхзода ҳақида “Руҳ” номли шеърини ёзди. Аммо шеърни ҳеч қайси газета чоп этмади. Гўёки шеър сиёсатга қарши эмиш. Аслида, шеърда умуман сиёсий ғоянинг ўзи йўқ эди. Аммо Абдулла Шер кутди. Нақ 12 йил кутди. Ниҳоят, Шайхзода ҳақидаги “Руҳ” шеърини 1980 йилда чоп эттиришга эришди. Кетма-кет Ойбек шеърияти ҳақидаги мақолалари нашр этилди.

Бир замонлар кечдики, унга “сен антисоветсан” дегувчи цензурачилар ҳам “дўстлари” эди. Улар Абдулла Шерни ниҳоятда “эҳтиётлагани” учун шеърларини чоп эттирмас эди. Аммо на илож, шоирнинг ижоддан бошқа томорқаси йўқ. У барибир цензурага маъқул нарсалар ҳам ёзганлиги рост.

“Ўғлим Анварга” деган шеърида бу ҳолатни шундай ифода этади:

 

Бир кун англаб етарсан, беш қўлдек бўлур аён

Отангни ҳар қадамда буровга солган армон.

Мен ёзардим бор гапни, ёзардим, ўғлим, инон,

Тортиб турмаса эди енгимдан бир бурда нон.

 

Иложсизлик шу эдики: ёзганингиз билан барибир чиқмас эди.

У кутди. Армон билан кутди.

Абдулла Шернинг таржима борасидаги ишларини маъқул кўрган профессор, машҳур адабиётшунос олим, устоз  Ғайбулла ас-Салом уни таржима кафедрасига ишга таклиф этди. Аммо у фалсафа факультетини ташлаб кетолмади.

“Ахлоқшунослик” ва “Этика” фанларидан ўқув қўлланмалар ёзди. Бу қўлланмалар юқори баҳоланиб, унга 2000 йил “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони берилди. Доцент унвонини олди. 2002 ва 2003 йилларда кетма-кет Ўзбекистон Миллий университетининг “Энг моҳир педагоги” дея эътироф этилди. Унинг “Ахлоқшунослик” ҳақидаги қўлланмаси қардош ва чет эл олий таълими дарсликларига киритилган ва киритилишда давом этмоқда. Унинг ўқув қўлланмалари ҳали-ҳамон олий таълим дастурларидан тушгани йўқ.

2016 йилда Президентимиз Абдулла Шерни узоқ йиллик самарали хизматлари учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлади. 2022 йилда “Меҳнат фахрийси” 1-даражали кўк­рак нишони билан тақдирланди.

Абдулла Шер учун қалам 6 яшарлигида ясаган михлар каби қаттиқ ва ҳар қандай деворларга ёриб кира оладиган мус­таҳкам қурол каби ҳамроҳ бўлди. У бир умр мих ясашни биладиган мисгарнинг жафокаш ўғли, шеър ёзишни биладиган Миртемирнинг камтарин шогирди бўлиб қолди.

Болалигида бир нотўғри ҳаракати унинг қўлига мих санчган бўлса, улғайгани сари бир нотўғри сўз унинг юрагига қаламининг учини қадаб қўйиши мумкинлигини сезиб яшади.

Унинг вужудида шеърга ва темирга монанд бир-биридан мутлақо йироқ нималардир қоришиқ яшайди. У ҳеч қачон ҳеч ким билан майдон талашмади.

 

Абдулла Шер дафтаридан:

“Умр деганлари бировлардан ранжийдиган даражада узун эмас”.

* * *

У ҳақиқат ва адолат йўлида ҳақ сўзни айтиб, кўп бора ютқазди, мунтазам ютқазди. Нима учундир у бу мағлубиятлар ортида музаффарлик борлигини билар эди.

Инчунин, у михдек тўғри бўлиш ва ахлоқсиз, чиркин феъл ва очкўзларни одиллик деворига михлаб ташлашнинг ҳадисини олди. Инсонларнинг руҳларини синдирадиган, ўз манфаати йўлида ўзгаларни қурбон қилаётган шарафсизларни кўрганда шердек ташланиш феълидан кечолмади. У табиатан шундай яралган. Абдулла Шер тупроқдек серҳосил ва тупроқдек хокисор авлод вакили бўлди. У ҳамиша ўз устозлари, сафдошлари, ҳамкорлари, ҳамнафасларини эҳтиром билан эслайди. Йиғлаб эслайди.

У ҳеч қачон ҳеч кимнинг йўлини тўсмаган авлод: Шукур Холмирзаев, Сафар Барноев, Маъруф Жалил, Тилак Жўра, Омон Мухтор, Отаёрлар билан бирга ишлади, дўст тутинди.

Муқаддас хотиралар эгаси

Абдулла Шер Ойбек ижоди, Шайхзода шеърияти ҳақида ёзди. Унинг Миртемир, Сарвар Азимов, Асқад Мухтор, Озод Шарафиддинов, Ғайбулла ас-Салом, Бегали Қосимовлар ҳақида хотиралари бор. Яқинда Эркин Воҳидов ҳақида хотиралар ёза бошлади.

Хотиралари унинг хазинасидир.

 

* * *

Мен шоирман, мен — Абдулла Шер.

Барлосларнинг саркаш фарзанди.

Айтгил, осмон, айтгил, она ер,

Ўз асримга менми асранди?!

Дедиларки: “Зўрдир ганж кучи

Эгилиб ол, унда шон, мулк бор!”

Эгилдим-у, қаламим учи

Юрагимга қадалди илк бор.

 

* * *

Изладим — топмадим: қайда ҳақиқат,

Лабдами ва ёки найда ҳақиқат?!

Қуръонни қўлимга олдим-у, билдим:

Каттакон замин ҳам — майда ҳақиқат.

 

* * *

Абдулла Шернинг биринчи тўплами “Кўклам табассуми” деб номланиб, 30 ёшида чоп этилди.

Шундан сўнг унинг “Алёр” (1979), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) каби шеърий тўпламлари ва “Асрларни асраганлар” насрий тўплами чоп этилди. Унинг шеърлари ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар, тожик ва қирғиз тилларига ўгирилган.

“Тоқат” шеърий тўплами чоп этилганида 54 ёшда эди. “Ёнаётган йўл” тўпламини чоп эттирганида 64 ёшда эди.

“Гул йиллар, булбул йиллар” сайланмасини чоп эттирганида 69 ёшда эди. 70, 75 ёшларида ҳам “барлосларнинг саркаш фарзанди” бир лаҳза қаламини қўлдан қўймади, кексаликни бўйнига олмади. У 80 ёшга қараб юра бошлади. Йўлида собит ва дадил.

Абдулла Шернинг қўлидан бардош номли ҳассаси асло тушмади. У ҳассасини ерга умид билан, армон билан, гоҳ аччиқ алам билан қаттиқ урардики, ҳасса ярмигача тупроққа кириб борарди. Абдулла Шер ҳассаси орқали ер билан гаплашиб, тупроқ билан ҳасратлашиб борарди. Ҳар қадамда ҳассаси унинг томирларини ерга улаб борарди.

У 80 ёшга тўлганда сентябрнинг фараҳбахш тонги эди. У дунёдаги энг гўзал шаҳар Тошкентнинг энг гўзал гўшасида атиргуллар чамандек очилиб ётган “Адиблар хиёбони”да оҳиста қадам ташлар экан, ҳассасини ушлаб турган бармоқлари орасида нур югурганини сезди ва ҳассасига эгилди. Ерга қадалиб турган ҳассаси новда чиқариб, гўё гуллаб борар эди.

Абдулла Шер ўзи билан 80 йилки, баҳорни эргаштириб юрган шоир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки у барибир ўша болаликдаги орзуси, мақсади — Навоийга қараб бораётир.

2023 йил Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида узоқ йиллик фидокорона меҳнатлари, бетакрор шеърияти, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдаги улкан ҳиссаси учун Президентимиз томонидан шоир, таржимон, олий таълим аълочиси Абдулла Шер “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланди.

Юртбошимизнинг бундай катта эътибори, меҳри эҳтимол яна кимларгадир ёқмагандир. Аммо шоирнинг, муҳлисларининг кўнгли тоғлардек кўтарилди, гарчи у мукофотлар учун қалам тебратмаса-да, юрт, Ватан, Юртбошининг эътирофи кимни руҳлантирмайди, дейсиз!

Шоир. Унинг учун ижод ҳамиша синов майдони. Ҳазрат Алишер Навоий сари талпиниб бораётган инсонни янада яхшироқ билмоқ учун, шубҳасиз, у ёзган шеърларни, китоб­ларни ўқимоқ, уқмоқ талаб қилинади, холос.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − one =