Собир Ўнарни эсласам…

(Эссе)

1

Эсласам…

Юрагим увишади. Ичимда бир нарсалар танбур торлари сингари чирт-чирт узилиб  кетаётгандек бўлади. Давраларда қирдай бўлиб ўтирган одамнинг  тўсатдан  туман қоплаган чинор каби  кўринмай қолганига ишонмайман, ҳеч-ҳеч ишонгим келмайди.  У гўёки, ишхонамга бир кириб чиқай, ҳозир қайтаман, деб Ёзувчилар уюшмаси биносига кириб кетган-у, мен унинг қайтиб келишини кутиб турган одамдек теваракка   жовдирайман, қидираман, кўзларим толиб кетади. 

Аммо барибир ишонмайман. Ота-бобосидан амаки-тоғаси-ю, бўла-бўлаваччасига довур полвон ўтган, ўзи ҳам тоғни урса толқон қиладиган  йигитнинг  муштдайгина юрак хуружига  бардош беролмаганига ишонгим келмайди.

Ахир, айтинг, Эргаш Жуманбулбул, Раҳматилла Юсуф ўғли каби бахши-булбуллар юрти  бўлмиш  Қўшработ даштларида  эшак  миниб, от чоптириб, пода ортидан югуриб чиниққан, Нурота тоғлари бағридан сизиб чиқаётган зилол булоқлару муздек қудуқлар сувини, мусаффо ҳавосини симирган, юраги минг йиллик арчалар каби бақувват йигитнинг  бундай  қилиб кетиб қолишига  қандай  ишониш мумкин? Айрим ғийбатчи касларнинг “деди-деди”лари-ю, майда-чуйдаликларидан баланд турадиган, ҳамиша эзгуликка интилган ва эзгуликнинг тантанасига ишонган; ота-боболаридан чексиз сабр-тоқат, чидам, меҳнаткашлик деган сифатларни вужудига сингдирган; ўз табиатига тўғри келмайдиган ҳаракатларни қилмайдиган, авлод-аждоди паҳлавон ўтган одамнинг қандайдир юрак оғриғига бўйин эгиши…

…Катта бобоси  Тинибек  полвон бир куни  энасига мундай дейди: “Қарасам, манави катта қир Зулмонотанинг устига қулаб тушаётибди, шартта туриб бориб уни суяб, қўзғалган жойига ўтқазиб қўйдим”.

Қаранг, бутун бошли баҳайбат қирни  ағнаб тушаётган жойида  елкаси билан тутиб қолиб, жо­йига ўтқазиб  қўйган. (Тушида, албатта).  Филдек қорувли бўлган Отақул тоғаси турникда бир қўли билан ўн марталаб тортинган. Кафтининг бир четига  бир дона данакни қўйиб иккинчи қўли билан уриб бемалол чақиб еб  ўтирган. “Ўйлаб  кўринг, — деб эътироф этади  Собирнинг ўзи эсдаликларида. — Кафтга  ёнғоқни олиб чақолмаймиз. Энди  ёлғиз данакни қўлни қўлга уриб чақишни  тасаввур қилиб кўраверинг!” Аҳмаджон Мелибоев бир  мақоласида ярим ҳазил-ярим чин қилиб ёзганидек, “Ёшларни адабиёт бўстонига олиб кираётган устозларга қуруқ раҳмат деймизми, уларни ҳеч бўлмаса бир кўтариб  қўяйлик” деб таниқли шоираларни, улар қаторида талантли қиз-жувонларнинг устозларини ҳам даст кўтариб айлантириб-айлантириб жойига қўядиган бир шоҳона куч бор эди Собир Ўнарда ҳам.

Унча-мунча  тўсиқни — тўсиқ, азобни — азоб демайдиган, писанд қилмайдиган  йигитнинг юрак хуружига кучи етмагани шунинг учун ҳам куйдиради-да жону жаҳонингни.

Тўғри, ҳар бир тирик жон — бир сайёра: ичида, оиласида, рўзғорида нималар борлиги  фақат ўзига аён. Илло, турмуш ташвишлари, тирикчилик ўпқони кимни  ўз домига тортмайди, дейсиз?  Лекин, оиланг фариштаси,  қанотинг, суянчинг — завжайи меҳрибонингдан ажралиш… Келинимиз  Лолахонимнинг  вафоти Собирни нақадар  қаттиқ қайғуга солгани кўз олдимда. Собир мудҳиш  йўқотишдан кейин бир қанотидан айрилган бургутдай  чўкди,  камгап, хомуш юрадиган бўлиб  қолди. “Она соғинчи” эссесида: “Танимнинг ҳарорати, тўрт фарзанд ўстириб, бирининг ҳам роҳатини кўрмай, дунёсига қўл силтаб кетган завжайи ҳалолим, ёстиқдошим, нафасдошим, сирдошим, дарддошим Лола қани? Қани? Қани? Қани?! Дунё ҳувиллаб қолди-ку!” — дея юрагини тирнаб-қонатиб фиғон чекканлари шундан. Шундан, дейман-у, яна ичим куяди, кўксим тутайди, жоним идрайди. “Эй, Парвардигори олам! Шундай беозор, шундай  танти, шундай жўмард, шундай содда-баёв укамнинг чивиндай жонига раҳм қилсанг, нима қиларди! Ер тўйдими? Дунё кенгайиб қолдими?! Қараши, кўриши, тилу лаҳжаси, муомаласи, ўзини тутишларигача бошқача эди-ку унинг! Беғубор қишлоқ одамларини қисқа, лўнда жумлаю сўзлар билан юракдан тасвирлаш, ўзи, фақат ўзи кўрган, билган, кузатган нарсаларни бежаб-безамай, баландпарвоз мадҳиябозлик қилмай холисона ёзишдан бошқа “ёмонлиги” йўқ эди-ку!”

Улуғ устозимиз Абдулла Ориповнинг: “Сен бешик эмассан, дорсан,  табиат, Сен она эмассан, жаллодсан, дунё!..” деган ҳайқириқлари осмонларга тегиб, акс-садо бераётгандек қалбни эзади.

Абдулла ака, акажоним-ей! Чин авлиё бўларкан чин  шоир деган!  Суюкли  инингиз, ардоқли шогирдингиз Собир Ўнар ҳозир қаватингиздадир?

Жаннат сўқмоқларида биринчи марта юзма-юз келганингизда: “Бу томонларга нега ошиқдинг, мулла Собир? Ҳали қиладиган ишларинг мўл эди-ку?” — дея укангизни сўроққа тутган бўлсангиз, ҳайрон қолмайман. Сиз Собирни  туғишган инингиздан кам  кўрмаслигингизни ҳам, ундан умидларингиз  мўллигини ҳам, ижодини юксак таҳсинларга  лойиқ кўришингизни ҳам,  қишлоқ  ҳаётини, одамларини — одамларининг жайдари  қиёфаларини тасвирлашда  унинг­дек маҳоратли адиблар камёб эканини  қанчалар ардоқлаб, қадрлашингизни ҳам яхши билардик.

Шошди, Собир укангиз шошди, Абдулла ака, жуда шошди.  Олмалар чамандай гуллаган маҳал  қор ёққандек бўлди, Абдулла ака. Сиёҳи қуримаган  сўзларни  дафтарларида қолдириб… кетганига ҳамон ишонгимиз келмайди.

Кетди.

Кетганига қанча бўлди? Бир йилми?  Бир ойми?  Бир кунми?

Билмайман. Билишдан қўрқаман.   Билай, десам, ичим тутдай тўкилади, тўкилиблар кетади. Китоб титкилаб, ёзувчи-шоирлар даврасида юриб, яхши-­ёмонни кўриб, сочида қораси қолмаганлар қаторида турган ва соч оқаришига сабаб бўлган бир ҳақиқатни айтай: турмуш ташвишлари — турмуш  ташвишлари деймиз-у, лекин одамзоднинг сочини — одам оқартиради; одамзодни одам қийнайди, азоблайди. Собир Ўнардек дилбар ёзувчини, софдил укани, садоқатли дўстни, камтарин, камсуқум, беозор одамни топиш осон эмас экан. Ғирромлар эса… бир пайтлар бефаросат-беор “укахонда”ларнинг бирига дуч келганда, аччиқ устида, албатта, саккиз қатор шеър билан ўз-ўзимга дакки  берган вақтлар бўлган:

Кўп ғариб итларни қилдим парвариш,

Бири кўппак бўлди, бирови този.

Лекин чиқиб қолса ногоҳ бир юмуш,

Бири  домангир-у, бири норози.

Юксак санъат экан итбоқарлик ҳам,

Райҳон унмас экан чақир тикандан.

Гоҳо изтиробдан бўламан  мулзам,

Афсус, ит боқишни билмас эканман.

Ҳа, энди, кимдандир  ранжиган пайтларда, одамман деганнинг жаҳли  чиқади-да. Мен, Худога шукур,  дўсту қадрдонлар даврасидаман. Дилкаш укаларимнинг беназири,   сарвари эди Собир Ўнар. Унинг орамиздан кетганига  қанча  бўлган-бўлмаганидан қатъи назар,  йўқлигига ишонгим келмайди. Боадаб кишилар ҳамиша қаватингда, нафасини  эшитиб, ҳис қилиб турасан. Собир Ўнар ҳам, ана, бақувват қаддини хиёл олдинга ташлаб, ийманиб, тортиниб, мийиғида илжайиб рўпарамда турибди. “Устоз-мус­тоз” дебмас, қишлоқчасига, соддагина қилиб, ака, дейди. Ака… дейди-да,  деган жойида тўхтаб қолади;  қўққис  қаршисидан  чиқиб  қолган  тубсиз жардан  ўтиш йўлини тополмай қийналаётган йўловчидек  изланади, азобланади. Бир нималар демоқчи бўлади. Нимадандир айбдор-у, айтарга қурби етмаётгандек; айтса — ранжитиб қўядигандек; бировни ғийбат қиладигандек, бировни бировга ёмонлаб қўйишдан тийилаётгандек; иродасизликми, оқибатсизликми, садоқатсизликми қилиб қўйиб, энди ўзини зўрма-зўраки оқлашга интилаётгандек…

— Ака Собир, қувкаллаликлар  чайналишни билмас эди-ку? – дейман “дарди”га тушунолмай. — Ке­йинги вақтларда сал бегонасираб  қолдингиз. Ҳар  учрашганда бир балолар демоқчи  бўласиз-у, демай, чап бериб кетасиз?

— Гуноҳ кўп-да, ака, кўп… —  кўзларини  опқочади  у. — Ука бўлиб ҳимоя қилолмадим…

— Кимни ҳимоя қилолмадингиз? Нимадан?   — дейман қизиқишим ошиб.

— “Бош муҳаррир” деган отим бор эди… —  бошини четга буриб, бурнини тортиб, чаккасини қашиганча индамай қолади.

— Сизга, Собирбой, раҳматли Очил Тоғаев домланинг бир гапини эслатмасам бўлмайди-ёв… — дейман энди  жиғига тегмасам,  “очил”маслигига кўзим етиб. —  “Мен сенинг қишлоғингга борганман, одамлари жуда шум, қув экан, қишлоғингни оти  шунинг учун  “Қувкалла” экан-да”. Домланинг сўзларими шу? Қўйинг,  қувкаллалик бўлсангиз ҳам,  қувликка ярамайсиз. Қувкалланинг айиқдай полвони, лекин қуёндай соддасиз.

Қистовларим кучини кўрсатади. Собиржон худди биров бўйнига арқон боғлаб судрагандай, зўрға “дарди”ни ёради.  Укамни хижолат лойига  ботирган “ташвиш”ни  эшитиб, Азим Суюнчасига: “Ё, фалаксан!, — дейман,  ич-ичимдан тошиб келаётган кулгини тўхтатишга кучим етмай, — одам деган ҳам шунчалар самимий бўладими, а?” Ҳозир менинг ўрнимда  раҳматли Саид Аҳмад ака бўлганларида “Одобинг жигаримни эзворди-ку, Собир болам!” деган бўлармиди? Қанчалар маза қилиб кулганимни сиз тасаввур қилолмайсиз. Нимамиш – “меҳрибон ака”ларимиздан бирининг қистови билан каминани  ўзи  бош муҳаррир бўлган журналнинг “Таҳрир ҳайъати”ними, “Жамоатчилик кенгаши”ними аъзолари  рўйхатида олиб қололмабди! Бор гап шу. Ҳай, Собир-а, Собиржон укам-а! Журналнинг  қайсидир кенгашига аъзо бўлиш шунчалар хижолат чекадиган иш  эканми? Шунчалар йирик обрў, мартаба эканми? Бунинг устига, воқеа содир бўлганига ҳам беш ойдан ошиб кетибди. Беш ойдан бери полвон укам нега мендан четлашиб юрибди, десам… Рос­тини айтаман, “Ёшлик”нинг  ҳар сонини қолдирмай ўқиб бораман, бироқ  ўша  кенгашлар рўйхатига эътибор  қилмабман.

— Раҳмати калон! — дейман  оқ кўнгил укамнинг катта-катта қўлларини маҳкам сиқиб. — “Бу қонли фожиа”ни аввалроқ айтганингизда эди, аллақачонлар учинчи жаҳон урушини бошлаб юборган бўларканман!

Собир яна бурнини тортиб, чаккасини қашиб, кўзининг ости билан  юзимга синчков назар ташлайди: гапларим чин ёки ёлғонлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлади, афтидан.

— Йўғ-е, — дейди кейин  елкасидаги оғир юкдан қутулгандек енгил тортиб. — Чиниминан бехабармидингиз? Мен бўлсам девонача хаёлларга бориб юрибман-а, юзма-юз келишга бетим чидамай. Раҳмат, ака-е…

— Хушомадниям майиб қиласиз-да, Собир ака, — дейман укамнинг “очилгани”дан дилим ёришиб. — Бўпти. Ора очиқ. Гина-кудурат, тавба-тазарруга ўрин йўқ. Энди, марҳамат қилиб қишлоғингиз номини тушунтириб беринг менга? — деб гап оқимини бошга ўзанга бураман. — Хўш, нима учун “Қувкалла?” Ёки марҳум Очил Тоғаев домла айтганидай, шумтакаларнинг пирлари истиқомат қиладими қиш­лоғингизда?

— Э-э, қанақа шумтака? Жайдари, феъли кенг даштликлармиз. Тарихига келсак, тарихи  узун-да, — гап бошлайди енгил тортиб  укам. — Мактабда ўқиб юрган пайтларда нега қишлоғимизнинг номи “Қувкалла” деб катталарга кўп саволлар берганмиз. Саволимизга хилма-хил жавоблар  олганмиз қариялардан. Афсона-ривоятларнинг аксарияти  қишлоғимиздаги “Нонбер ота” деган масжид-мақбарага бориб тақалган. Айтишларича, чинакам авлиё мақомига эга бўлган Нонбер ота. У киши  бундан 400-500 йиллар илгари яшаб ўтган. Нонбер ота Худодан ризқ ўрнига фақат ушоқ сўрар экан. Доимо тўкилган-сочилган ушоқлар билан  кун ўтказар, Парвардигор эгамга шукрона айтиб, тоат-ибодат қилар экан. Қаҳатчилик йиллари ушоқ топиш ҳам машаққатга айланибди. Шундай  оғир кунларнинг бирида бир қуш келиб  уч қир наридаги булоқ этагидаги балчиқда  ушоқ борлигидан хабар берибди. Нонбер ота  қушларнинг тилига тушунар экан — ўша жойга жўнабди. Етиб борса, қарға, олашақшақ балчиқни  чўқиб ушоқ талашиб ётибди. Ниҳоятда  очиққан отамиз паррандаларга шерик бўлиб балчиқ аралаш ушоқ теришга тушибди. Хўрлиги келиб юм-юм йиғлабди. Шунда ғо­йибдан: “Сенга валийлик ато этдик. Нон кароматини бердик сенга”, — деган нидо келади. — “Эй, ўғлон. Биз сизга нон кароматини бердик! — ҳайқиради  ғо­йибдаги овоз. — Ўрнингиздан туринг, элни тўйғизинг!”

Бобомиз  мундоқ қараса тўнининг қўлтиғида иссиқ, билқиллаган ширмойи нонлар тўлиб турибди.

Ҳайратга тушган бобомиз  қишлоққа қайтиб, очларга, муҳтожларга нон улашади, улашаверади. Нони камаймайди. Умрбод шундай ўтади. Очқаганни, ночорни  кўрса нон бераверади. Нони тугамайдиям, камаймайдиям ва шу тариқа у киши “Нонбер ота” бўлиб эл-улусда ном — иззат-икром қозонади.

Бир замон қишлоқни ёв босади. Душман элда машҳур бўлган Нонбер отамизни ўлдирмоқчи бўлади. Отамиз қирга қараб қочади. Азлартепа деган жойда душман қувиб етади. Босқинчи қиличи бўйнига тушади. Отамиз шу ерда шаҳид бўладилар. Тана жойида қолади-ю, бош юмалаб ҳозирги масжид ёнидаги катта тутга қараб “қочаверади”. “Қув каллани, қув, калла кетди, каллани қув!” дея бўкиришиб қувади кофирлар. Етти-саккиз қир ошиб охири тутга етади ва бирдан ер калла ҳажмида  ёрилиб бош ўша ўйиқдан ер қаърига тушиб  кетади. Ғанимлар не қиларини билмай қолади. Ахир улар  ўз  пошшоларига  отамизнинг бошини олиб боришлари керак эди-да. Энди нима қилишади, нимани кўрсатишади пошшои оламга? Ҳеч бўлмаса, танани олиб борайлик деган хаёлда дарров орқага бурилиб, тана қолган қир томонга от қўядилар. Бориб қарашса,  у ерда на  жасад, на бир дона суяк, на бир томчи қон бор эмиш. Худди шу  пайт тепаликда даҳшатли аждар  пайдо бўлиб, душманларнинг ҳаммасини домига тортиб, ютиб юборади. Шу тариқа қишлоқ номи “Қувкалла” бўлиб кетган экан. Она томонидан бобом Тинибек Жонибек ўғлидан ҳам бир  қанча ривоятлар эшитганман. Арвоҳлари шод бўлсин,  Тинибек бобом жуда қумқулоқ, доно  одам эди. Кўп дос­тонларни ёддан айтарди. “Нонбер ота” тахаллусли авлиё  ҳақида ҳам  ривоятлар  айтиб берган эди Тинибек бобом.

Собир ҳикоя қилади. Мен миқ этмай  қулоқ соламан, ҳавасим келади унинг  билгичлигига. Ахир кўпимизда шундай  фазилат  йўқ-да. Билавермаймиз-да, ўзимиз яшаб турган қишлоқ ёки шаҳримиз  тарихини. Собир нафақат қишлоғи, балки тумани, шу воҳада яшаб ўтган кўплаб авлиёлар ва ўзининг шажарасини ҳам  мукаммал биладиган йигит эди. Ўзбек уруғларини, жумладан, келиб чиқиши салкам 700 йиллик тарихга эга бўлган ўзининг “Бўгажинли” қавми тарихини ҳам чуқур ўрганган эди у.  Собирдан бир-икки қир наридаги Накурт қишлоғида туғилиб ўсган атоқли шоиримиз Азим Суюнга ўхшаб кетарди унинг шу фазилати. Азим Суюн ҳам   етти пуштига доир бобою бобокалонларини ёддан биларди, номма-ном санаб ташларди.

— Бу гаплар  оғиздан-оғизга  ўтиб, бугунга етиб келган, афсонага ўхшаб кетади. Лекин  беҳуда эмас, — ўша хотиржам оҳангда давом этади Собиржон. — Чунки Нонбер ота деган авлиё тўғрисида тарихий  манбаларда баъзи маълумотлар бор, аммо жуда оз. Нуроталик тарих билимдони  Жўрақул бобо  Калоновнинг шаҳодат беришича, ул зотнинг асли исми   шарифи Жиянбек Баҳодир бўлиб, елкаси ер искамаган полвон одам бўлган, Жиянбек полвон деган ном қозонган, юқорида тилга олинган воқеалар туфайли  Нонбер отага айланиб кетади.

Асли Нурота томонлардан бўлган Жиянбек Баҳодир биз томонларга келиб, равот қуриб яшай бошлаганидан кейин, у кишидан  тарқалган авлод,  секин-­аста шу яқин теваракдаги  Пичот, Оқтепа, Кўрсафар, Эшбўлди, Норвон, Чорвоқсой, Илонли, Яссикечув қишлоқларига жойлашиб қолади.

Нонбер ота номи билан боғлиқ макон узоқ йиллар мобайнида эътибордан четда, қаровсиз қолди. Шўро замонидаги динга таъқиб туфайли  одамлар чўчидилар бу муборак масканни обод қилишдан.  Кейинги ўн йилликда чинакам  зиёратгоҳга айлантирилди.

“Йўқ, қувкаллаликлар  қув ҳам, шум ҳам эмас, —Собирнинг ҳикояси ниҳоясига етгач такрорлайман ичимда мен. — Эҳтимол, элчилик, битта-яримта шунақаси бўлса-бордир. Аммо қаерда йўқ шумлар, қувлар, айёрлар, алдамчилар, иккиюзламачи-ю тулкифеъллар? Дунёда қора терга ботиб ишлаётганлар ёки чала-чулпа қоғоз қоралаб бир амаллаб кунни кеч қилаётганлар йўқми? Айниқса, бугун — ҳозир, шу ердадир, четлардадир оғиз кўпиртириб вайсаётган ҳар турли тоифалар, таҳлилчилар, ёзайми, ёзмайми дея иккиланиб бир қарорга келолмай юрган иродаси бўшлар, томошабинлар, бировлар қўлида қўғирчоқ бўлаётганлар, бировларнинг кўзига тик қараб ёлғон гапираётган ва ёлғон ёзаётганлар — ҳамма-ҳаммаси бор. Лекин, Собир… Алп қомат Собир боладай оқ кўнгил, самимий, беғубор, содда эди. Содда бўлмаса, самимий бўлмаса, хижолат азобида ўзини шунча қийнайдими  каминага алоқали  ҳалиги арзимаган воқеа учун. Кўкайи тоза, ичида гидири йўқ, дўсту қадрдонларга садоқатли кишиларгагина раво кўради  Худойим бундай  зариф инсоний неъматларни.

2

Эсласам…

Собир билан биринчи  марта учрашганимизга роппа-роса 38 йил бўлса ҳам ҳозиргидек кўз олдимда турибди:  қош-кўзлари, кенг пешонасига тушиб турган сочлари зулукдек қоп-қора, бодомқовоқ, қисиқ    ёқимли боқиб тургувчи бу қорувли йигитнинг содда-самимийлиги,  шошмай, паст овозда, салмоқлаб, ўйлаб-ўйлаб  гапиришлари ўшандаёқ  ҳавасимни  келтирган.

Шу ерда яна бир сирни очай: кўплар  Собир жудаям оғир, вазмин, ҳазил-ҳузулни билмайдиган одам деб ҳисоблашади. Бир қарашда (аслида ҳам шундай),  ҳазил-ҳузулга бегонадек  туюлади. Лекин жойи кепқолганда бирам зўр ҳангомаларни топардики, ҳам кулиб, ҳам ўйга толиб, маза қиларди эшитганлар. Тўғри, уни, масалан, устоз адиблар Саид Аҳмад ёки Ўткир Ҳошимов сингари кулги устаси деб бўлмасди, албатта. Лекин жуда беғубор, ёқимли, дилга ором берадиган латифаларни  чертиб-чертиб айтарди-ки, мен ҳам унинг ана шу фазилатидан кўп марта баҳраманд бўлганман. Яна бир ибратли жиҳати – у кимгадир ёқиш-ёқмаслик, кимдадир яхши-ёмон таассуротлар қолдириш ёки ҳазил баҳона кимнидир калака қилиш, устидан кулиш  ёхуд энсасини қотириш учун эмас, ўз кўнглини яйратиш, бир дамгина бўлса ҳам  қушдай эмин-эркин,  чақчақлашиб ўтириш учун қиларди латифахонликни. Ташвишлари эсдан чиқарди, роҳатланарди, ҳузурланарди шундай лаҳзаларда. Унга бундан ортиғи керак эмасди. Аслидаям шу-да, ахир одам болалари бир-бировини масхара қилсин, бир-бировидан ўч олсин деб яратилмаган-ку ҳазил-ҳузул деганлари. Тўғрими? Аммо ҳамма нарсада бўлгани каби чегараси бор бунинг ҳам. Чегарани бузсанг, ҳазилинг зилга, кулгинг азобга айланиши мумкин. Саид Аҳмад билан Ўткир Ҳошимовнинг ҳазиллари бегидир, кишига енгил кайфият бағишларди. Бундай  хушчақчақ ҳангомалар кейин-кейин озайиб-озайиб, бугун анча ноёб ҳодисалар қаторига кириб қолмоқда. Ишқилиб, бора-бора “Қизил китоб”ни “безаб” турмаса бўлди… Чегара доирасидан чиқмай, эсда қоладиган латифаларни топишда Собирнинг  дўсти, курсдоши  Ҳошимжон Мирзааҳмедов бало эди-да. Хурсандчилик деганлари дарёдай оқиб кирарди  Ҳошимжон  қадам босган давраларга. Ҳошимжон асли  Наманганнинг  Чустидан, янаям аниқроғи, Чустнинг Қирғизистонга туташ Ғовва деган  қишлоғидан эди. У билан дастлаб “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетида, кейин радио ва телевидениеда  ёнма-ён ишладик. Ҳошимжон телевидениеда болалар таҳририятининг раҳбари, ўттизга яқин ижодий-техник ходимларга  бош эди.  Ҳеч кимга қаттиқ гапирмай, дилини оғритмай, ҳаммани ишга жалб қилган  бундай раҳбарни  топиш қийин.  Яхши дўст,  меҳрли  ташкилотчи, очиқ юзли бошлиқ эди  Ҳошимжон. Ижодкор  ходимларининг ҳаммаси, яна такрорлайман, ҳаммаси бирдай, чин юракдан ҳурмат қиларди, яхши кўрарди. Лекин умри қисқа экан, “оқ қон” деган бир касаллик маҳкам ёпишиб олиб, то мақсадига етмагунча сира қўйвормади. Собир бошчилигида бир гала  ёзувчи-шоирлар  Ғоввага бориб, Ҳошимжоннинг уйланиш тўйида ҳам иштирок этган эдик. Жисми кетгани билан, исми кетмайди ижодкорнинг, деган гап чин ҳақиқат  экан. Ҳошимжондан болаларга аталган эртаклар, болалар характеридаги айрим нуқсонлар беғараз ҳажв қилинган шўх-шўх шеърлар қолди. Ёш кетди. Собир таништирган  эди Ҳошимжонни ҳам.  Дўст учун жони куядиган дўст эди  Собир. Муҳаммад Исмоил, Вафо Файзулло, Комил Жумаев каби бир қанча тенг-тўшлари сўзимга гувоҳлик берадилар.

Шундай. Ўзининг эзгу феъл-рафтори билан бош­қаларнинг  қалбига меҳру зиё сочиб жило бера олиш бахтини берган эди Худойим Собирга, Собир Ўнар деган талантли ёзувчига.

Ҳали  таъкидлаганимдек, у билан 35 йилдан  зиёд­роқ ака-ука бўлдик. Аммо бирор марта бўлса ҳамки ўзгарганини, талтайиш ёки кимгадир оқибатсизлик қилганини кўрмадим, эшитмадим.

Ваҳоланки, талтайса талтайгулик  асарлар ёзди.  “Орзуга тўла қишлоқ”, “Овлоқ адирлар бағрида”, “Чашма”, “ Инқилоб кечаси”, “Дунё шундоқ турурму?”, “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Бибисора”,  “Одамлар орасида”, “Олдинда ёнган маёқ” каби ҳикоя, қисса ва эсселардан иборат китоблари нашр этилди. Ёзганлари жаҳон тилларига таржима қилинди. Ўзи ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгирди. Тенгдошлари орасида эса энг биринчи бўлиб Алишер Навоий номидаги давлат мукофотига  сазовор бўлди. Ижод қилиш баробарида узоқ йиллар  “Ёшлик” журнали бош муҳаррири  вазифасида ишлади.  Бош қанча катта бўлса, шунча катта телпак кияди.  Вазифанг  каттарган сайин, ташвишинг  кўпаяверади, турли-турли қийинчиликларга дуч келасан, меҳнат ва машаққат ортади. Айни чоғда, хушомадгўй ва кўролмовчи кўзлар ҳам  болалайди. Собир қийинчиликларниям, хушомадгўйларниям,  мукофоту иззатниям кўрди. Лекин талтайганини  ҳеч ким кўрмади.

3

Эсласам…

Лисонимиздаги “Оқибат” деган муборак сўз ёдимга тушади ва бу сўзни ҳуда-беҳуда ишлатавериб оҳорини тўкиб, япроқдай юпқалаштириб қўйганимиздан  ўкинаман. Оқибат кўчасига яқинлашмаганларни ҳам, ёлғончи-қитмирларни ҳам  ўйлаб-нетиб ўтирмай, “оқибатли” дея улуғлаб юбораверамиз кўпинча. Ваҳоланки, оқибатли бўлиш, дўстгадир, устоз-шогирдгадир, қавму қариндошгадир оқибат кўрсатиш ҳар кимнинг қўлидан келаверадиган ҳодиса эмас. Хиёл эслаб кўрсангиз, ўзингиз ҳам, ўз ҳаётингиздан ўнлаб мисоллар топасиз ва дарров ишонч ҳосил қиласиз “оқибат”га бўлган беэътиборлигингизга.

Бутун туриш-турмуши билан оқибатли йигит эди Собир. Бирорта жўраси ёки  қадрлайдиган кишисига ноўрин  тош отилса, биринчи  бўлиб, чапаничасига  айтганда, кекирдагидан оларди ўша кимсанинг. Оёққа турғизарди бошқа биродарларини ҳам. Кўксини қалқон қилиб, имкони борича ҳимояга талпинарди.

Ўрними-йўқми, шу ерда ўзим билан боғлиқ битта воқеани мисол тариқасида  айтмоқчиман. Буни ким қандай тушунади, ўзига ҳавола.

“…1989 йилнинг сентябрm ойи эди.  Биласиз, бош газета, ўша давр ибораси билан айтганда, “Отахон газета” — “Правда”да “Ленин учқуни” газетаси  “урилди”. Аниқроғи, газета бош муҳаррири А.Кўчимовга ҳужум уюштирилди. Партқўмита юқори бюросида кўрилиши керак бу “жиддий” масала. Нима эмиш, газета бош муҳаррири тарихчи олим М.Ҳасанов билан Ўрта Осиё Россияга ихтиёрий қўшилган эмас, босиб, мажбурлаб қўшиб олинган, деб ёш болалар онгини бузувчи, провакацион суҳбат уюштирди.

Абдусаид  Кўчимов — яхши адиб, миллион нусхада чиқадиган газетанинг муҳаррири, бизга ўхшаган полапонларнинг унда-мунда ҳикоя, шеърларини чоп этиб бир кунда миллион болага таништираётган,  қолаверса, кўнглида Ватан деган оғриқ туйғуси бор эдики, шу мавзуда рост суҳбат қурган  эди. Бундай вазиятда инсонни ҳимоя қилиш керакми ё айтган гапи учун ҳар ким ўз боши билан жавоб бераверсинми?

Биз, бир гуруҳ ёш шоир-ёзувчилар “Правда” газетаси бош муҳарририга, СССР ёзувчилар уюшмаси раисига, СССР саркотиби М.С.Горбачев номига мухтасар хат  матни тайёрлаб, унда  “Ленин учқуни” газетасида холис фикрлар баён этилгани, бундай гап­лар “сиз инъом этган” ошкоралик замонасига мос келиши, аксинча, “Правда” мухбири “Ленин учқуни” муҳарририга бўҳтон ёғдираётганини уқтирдик.

Ўнлаб имзолар қўйилди. Қарасак, барча имзолар ёшларники. Ўйладикки, бу имзолар қаторида унвонлилар, масалан, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси” деган ном эгалариям турса, хатнинг салмоғи ортади. Биров ўқиса, бундоқ эътибор беради, деб. Аммо… биз хомтама  бўлибмиз…

Ҳозир энди ўшалар мустақилликнинг кифтини келтириб мақташади, баъзилари пенсия ёшида, ёнига яқинлашгудай бўлсанг, қизил империя “изтироб­лари”дан бўзлай кетишади, ҳолбуки, ўшанда: “Бизларни қўйинглар, тепадан сўрашса яхши фикр айтамиз”, — дейишган салобат ила. Худди бу хатни Михаил Горбачев қўлига олиб роса синчиклаб ўқийди-да, унинг уйига қўнғироқ қилиб қолади. “Шу арзимаган хатларга қўлингни қўйиб юрибсанми?” деб ёзғиради, ўпкалайди ёхуд… Ҳар қалай, раҳбар-да: бир тепиб учириб юборадики, Атлантика уммонининг нариги соҳилига, Америкага — “душманлар” қўлига бориб тушасан, қузғундай ғажийди кейин улар…”

Бу гаплар Собир Ўнарнинг “Ижод олами” журналининг  2018 йил, 1-сонида  эълон қилинган “Авлодлар алмашинуви” сарлавҳали  мақоласида битилган. Мақола унинг “Олдинда ёнган маёқ” китобида ҳам бор. Мен адиб укам қандай ёзган бўлса, шундайлигича олдим. Изоҳламайман. Ҳар ҳолда, Собирнинг мардлиги, тантилиги ва меҳр-оқибатига доир ҳисобсиз изоҳларни дўстлари айтгани ўринли бўлар.

4

Эсласам…

Дилим хуфтон бўлади. “Уюшма нега  иккига бўлинди?”, “Адиблар иттифоқи” нега ташкил этилди-ю, нега тугатилди?” деган саволлар говзомбирдек беаёв чақаверади.

1991 йил ёзувчилар уюшмасида, уюшма раисининг ўринбосари вазифасини бажарар эдим. 17 окябрь куни Алишер Навоий номидаги катта театр биносида Ўзбекистон ёзувчиларининг навбатдаги ва, айтиш керакки, энг охирги съезди бошланди. “Бош­ланди”, деганимнинг сабаби — съезд бошланди, аммо тугамади, тугамай туриб, уюшма иккига бўлиниб кетди. Одил Ёқубовдек улуғ адибга қарши бўлган гуруҳ аъзоларининг ташаббуси билан съезд  бузилди, адиблар иттифоқи деган “иттифоқ” пайдо бўлди. Аммо аллақандай режалар билан ташкил этилган  “иттифоқ”нинг умри, афсуски, қисқа экан. Ҳадемай, “иттифоқ” қумга сингган томчидай йўқ бўлиб кетди…

Одил Ёқубовнинг “қарғиши” урди уларни, деган гап-сўзлар  чиқди кейин-кейин. Мен бунисига қўшилмайман. Одил ака қарғишни билмасди. Бировнинг орқасидан гапиришни ёмон кўрарди. Бетига айтиб қўя қоларди ичидагисини. Жа-а қониқмаса, “ананг­­ни…” деб қозоқчасига “тузлаб” қўяқоларди. Оллоҳ сийлаган беқиёс иқтидор, жасур ва қўрқмас шахс, чин ватанпарвар инсон, тенгсиз адиб эди Одил  Ёқубов. Ҳали шўро қиличи қонсираб турган таҳликали кунларда, яна қаерда денг? — Московда! — советларнинг юраги бўлмиш Кремль минбарида туриб, совет ҳукуматига қарши Одил Ёқубов айтган гапларни олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч ким айтолган эмас!! Ўзбек пахтакорларининг ҳаёти баъзи мамлакатлардаги қулларникидан ҳам оғирлигини, қўллари  ғўзапоядай озиб кетган кўплаб ўзбек аёлларининг, ҳатто кўкраги йўқлигини ғазаб ва нафрат билан дунёга ошкор қилган ҳақиқий жадид эди Одил Ёқубов. Биз ўзимизга хос бўлган “гўзал худбинликларимиз” туфайли  улуғ адибни кўкларга кўтариш ўрнига хўрладик. Умрининг сўнгги кунларида кўп изтироб­лар чекди оқсоқол адибимиз.  Бугун, ўша бўлиниш­лардан сўнг, орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин, янаям яққолроқ, янаям ёрқинроқ кўринмоқда Одил  Ёқубовнинг нақадар катта  ёзувчи ва жасоратли инсон эканлиги. Буюк Абдулла Орипов 2014 йили “Одил Ёқубов” деган шеър ёзди. Ҳозир бу шеърни келтирсам баъзи қавмдошларимизнинг юзига ойна тутгандек бўламан. Аммо бош эгиб таъкидлайманки, Одил аканинг вафодор дўстлари, шогирдлари мўл эди. Жуда кўп эди. Абдулла ака, Абдулла Ориповдай аллома шоир ҳам бекорга ёзган эмас ҳозир номи тилга олинган шеърни. Ҳали сиёҳи қуримай ўқиб бергандилар. Аччиқ изтироб билан ўқиганига, шоир Муҳаммад Исмоил, таниқли фотосанъаткор Абдуғани Жума гувоҳмиз. Энг сўнгги нафасига қадар Одил аканинг ҳол-аҳволидан бохабар бўлиб турган садоқатли шогирдларнинг биттаси — Собир Ўнар  эди. Собир Ўнарнинг ҳикояларида, қиссаларида ўзиникига  қондош қандайдир ички яқинлик борлигини  қадрлагани учундир балки, Одил ака ҳам Собир Ўнарни суюкли фарзанди Искандардан кам  кўрмасди.

Эсласам…

Этим увишади, ичим тўкилади, ҳаётнинг ўткинчи ва бешафқатлигини  чуқурроқ  англагандек бўламан. Гоҳида папирос чекиб сўзингга қулоқ солишлари, суҳбатингни тинглаётиб юз ифодаларининг ўзгариб боришлари, раъйингга қараб нималар биландир кўнг­лингни кўтаришга интилишлари тез-тез кўз олдимдан ўтади.  Худо берган  зеҳн ва теран  идрок билан ҳамма  жойда  чинакам  суянчиқ бўладиган, ўзгаларнинг ютуғидан севинадиган, ғирромликдан ҳазар қиладиган буқаламун кимсалар каби шароитга қараб тусланиб-турланмайдиган, сўзида собит турадиган бутун шахс эди Собир  Ўнар. Ўлими дўстлари, мухлислари қалбини ларзага солди. Ишонмайман ҳалигача. Ахир ҳали  ёш эди, кўп эди қиладиган ишлари.  “Одам ўзини бағишлаб, кучи, илҳомини аямай ёзиши, юзакиликка берилмаслиги лозим, — деган эди таниқли танқидчи Жовли Хушбоқ билан бўлган суҳбатларининг бирида у. — Ҳикояларга сиғмаганларини йиғиб юраман, қани, куни келиб чоғроқ бир-икки романга жой бўлар”. Орзулар орзулигича қолди. Юрак хуружи… Собир дунёга келиб нима кўрди? У хориж давлатларига саёҳатларга бормади,  санаторийларда даволанмади, курортларда дам олиб ётмади. Ёзди, чизди, ишлади, болам, оилам деб шамолдек тиним билмай елди, югурди.

Эсласам… суҳбатларини  қўмсайман,  ўкинаман, афсусланаман,   паҳлавон укам алп қоматини  хиёл эгиб, мийиғида беозор жилмайиб ёнимда тургандай бўлаверади…

Абдусаид  КЎЧИМОВ

12.02.2024 йил.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − thirteen =