Абдулла Қодирийнинг юраги
Адиб юрагида аламлар қат-қат,
Лекин биттаси бор ўчмасдир доғи:
Жонни тик озодлик йўлида фақат,
Бу эса устознинг сўнгги сабоғи.
Абдулла Орипов
Абдулла Қодирийнинг муқаддас адабиётга уйғонган ҳаваси, аввало, унинг юрагида пайдо бўлди, мустаҳкам илдиз отди ва қийғос гуллади. Ирода ва жасорат билан танлаган йўлидан, улуғ ниятидан асло қайтмади. Юрак қони адабиёт билан қоришиб кетди. Адабиётни Каъба мисоли англади ва унга абадий муҳаббат қўйди, уни мудом ота-онасидай ардоқлади, оиласи ва фарзандларидек ҳамиша эъзозлади, севди…
Адабиёт батамом унинг юрагига айланди. Энди у адабиёт деб аталмиш муқаддас иморат жойлашган юрагига бўйсунди. Энди бу жасур юрак билан умрбод аҳдлашди, унга батамом меҳр қўйди. Ва у билан ҳар доим ҳамжиҳат, ҳамфикр ишлашга чоғланди. Юрак унинг донишманд йўлбошчиси, паҳлавон саркардасига айланди.
Қодирийнинг юраги ўзидан ҳам ботирмиди?
Қодирийнинг юраги сўзидан ҳам ўткирмиди?
Қодирийнинг юраги юзидан ҳам нурлимиди?
Назаримда, Абдулла Қодирийнинг юраги ўзидан ҳам катта бўлган. Сўзи ҳам жасоратга лиммо-лим. Жасоратда бу юрак — тоғдай юксак, дарёдай жўшқин, бўрондай шиддат билан яшаган. Лекин жангга кирган оловли вужуд асло сўнмаган. Чунки бу юрак туркийларнинг кўкбўрилари ботирлигидан андоза ва куч-қудрат олган эди.
Қодирийнинг юраги ҳушёр ва жуда сезгир бўлган. Қатағоннинг илк совуқ ва аёзли шамолларини дарҳол пайқаган ва қандай оғир оқибатларга олиб келишини олдиндан англаган. Шўро доҳийлари халқни алдаганини теран тушуниб етган. Ва бу қатағон балолари бир куни ўзининг ҳам бошига тош бўлиб тегишини ҳам сезганмиди? Иймон-эътиқоди бутун бўлган ёзувчи ўз танлаган ҳақиқат, тўғрилик йўлидан орқага қайтмаган. У ўткир қалами ва қўрқмас юраги ила курашга шиддат билан кирган. Ёлғон тузумнинг, сохта сиёсатчиларнинг кирдикорларини, алдовларини фош эта бошлаган. Ўзи иқрор бўлиб ёзганидек: “Шўроларни минг осмонга кўтарганинг билан косаси оқармайди”. “Ўқувчи ва ёзувчиларимизнинг диққатига” номли мақоласида эса ижодкорларни дадилликка чорлайди: “Қўрқоқлик — виждонсизликдир. Қўрққан киши сичқон инини ижарага олсин, унга матбуот саҳифасида кишнашга ҳавас қилиш ҳайфдир”.
Абдулла Қодирийнинг даҳо юраги ва истеъдодли қалами билан яратилган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари халқ ва китобхон имтиҳонидан юксак баҳолар билан ўтгани ҳақиқат. Бу ўлмас китоблар ҳамон завқ-шавқ билан ўқилаётир.
Бу икки буюк асар янги ўзбек адабиётининг тамал тошини қўйган, романчилик мактабини бошлаб берган ва адибнинг муборак номини Ўзбекистондан ташқарида ҳам аллақачон маълум ва машҳур қилган эди.
“Ўткан кунлар” ҳам, “Меҳробдан чаён” ҳам адибнинг юксак ҳайрат тўла юрагидан тўкилган бебаҳо ижод дурдоналаридир… Бу бебаҳо асарлар ўзбек халқини, ўзбек адабиётини асрлардан асрларга дадил ва мардона олиб ўтаётир. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” — афсонага айланган китоблар. Бу табаррук асарлар ҳақида гап кетганида ёки хотираларда, адабий давраларда сўз айтилганда, жуда кўпчилик бу китобларни йиғлаб ўқиганлигини алоҳида таъкидлайдилар. Баъзан ўйлаб қоламан, “Ўткан кунлар”ни ўқиб йиғламаган қалб ҳам бормикан? Изтироблар гирдобига ғарқ бўлмаган, қайғуга ботмаган вужуд топилармикин?
Абдулла Қодирийнинг ижод мактабини юксак ихлос билан ўрганган, буюк адиб Одил Ёқубов шундай хотирлаган эди: “Ўсиб-улғайиб, китобга ташналигим, ишқим, меҳр-муҳаббатим ўсиб борган сари “Абдулла Қодирий…”, “Ўткан кунлар…”, “Меҳробдан чаён…” деган гаплар қулоғимга тез-тез чалинадиган бўлди… 1943 йилнинг охирги ойлари, тўққизинчи синфда ўқиб юрган чоғларим… Кунлардан бирида ўқитувчининг укаси, синфдош дўстим мени четга тортиб: “Кеча акам “Ўткан кунлар”ни топиб келди”, деб қолди. Дарсдан кейин “Ўткан кунлар”ни бир кечага сўраб олиш умидида синфдош оғайним билан бирга уларникига бордим…
— Домлажон, бир кечага бериб туринг. Эрталаб олиб келиб бераман. Ҳеч кимга айтмайман…
— Хўп, майли, аммо ўзинг ҳам, дейман… бир ёпишсанг, қўймас экансан-да!
Ўша кеча мижжа қоқмадим. Тонг пайти охирги саҳифани ўқиб бўлдим. Китобни ёпиб боққа чиқдим.
Мен юзимни шабадага тутиб, боғда узоқ айланаман. Кўз ёшларимни артмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлайман… Ўша маҳалгача ҳеч бир китоб мени шу қадар ларзага солмаган эди…”
Одамни ларзага соладиган ва йиғлатадиган китоб ёзиш учун ёзувчига Абдулла Қодирийники каби заҳматкаш ва истеъдодли юрак керак. Бу қутлуғ китобларни ёзиш жараёнида, аввало, ёзувчининг юраги йиғлаган ва ўзи ҳам йиғлаган. Сўнгра бу китобни мутолаа қилган қалблар изтироб ва дард билан йиғлаганлар. Менинг назаримда китобхонда чин муҳаббат уйғотадиган ва уни йиғлатадиган китоб ёзиш бахтига ўзбек адабиётида фақат, ҳа фақатгина Абдулла Қодирий муяссар бўлган.
* * *
Қодирийнинг юраги — қуллуқ қилиб, бўйин эгиб турадиган муте эмас эди.
Қодирийнинг юраги — бўлар-бўлмасга чапак чаладиган офаринбоз ва маддоҳ юрак эмас эди!
Қодирийнинг юраги — атрофида бўлаётган турфа зуғум ва қатағонга лоқайд, бепарво, қалтираб турадиган ожиз бўлган эмас.
У шерюрак эди. Наъра тортганида қўрқоқ юраклар титроққа тушарди.
У бургутюрак эди. Қанотларини шиддат билан қоққанида ғамгин сукунат ларзага келар, қайғу қучоғида ётган сокин нафрат уйғониб, ғафлатда ётган бандаларнинг уйқулари тарқаб кетарди.
У бўриюрак эди. Қатағончилар тўдаси, сотқинлар, миллатфуруш гуруҳлар унинг даҳшатидан қўрқиб, қалтираб, қақшаб турарди.
Абдулла Қодирийнинг юраги қудратли ИСЁН билан зич тўла эди. Муросага заррача ўрин йўқ.
Ёзувчини “Йиғинди гаплар” мақоласи туфайли қўрқитмоқчи, юрагидаги исённи сўндирмоқчи бўлдилар. 1926 йил “Муштум” журналининг 27-сонида босилган “Йиғинди гаплар” сабаб ёзувчининг бошига кулфатлар ёғдиришди ва у қамоққа олинди. Уч ойлик азобли сўроқ-терговдан сўнг суд бўлди. Ёзувчи 1926 йил 16 июнда Самарқандда бўлиб ўтган судда ўзининг ҳақлигини исботлаб, нутқ сўзлади. У ўз нутқида: “Бу мақола фақат кулгу тариқасида ёзилғон, ҳеч бир ҳукуматга ёки сиёсатга тегадиган жойи йўқ”, деб мақолани сўзма-сўз таҳлил қилиб исботлайди. Ва нутқи сўнгида шундай дейди: “Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида, иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг — қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман.”
Бундай ўткир ва қиличдай кескир сўзларни фақат қўрқмас, ботир ижодкор айта олади. “Хўрликдан ўлим тансиқроқдир”, “Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир”, деган оташин гаплар ҳам мардона юракдан вулқондай отилиб чиққан. Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда: “Жасоратни юраксиз кишилар қилолмас”.
Яна изтироб билан ўйлайман: шунча азоб-уқубатлардан сўнг, яқин дўстлар ва ҳамкасбларнинг сотқинлиги сабаб, ёзганларидан аёвсиз хато ва камчилик қидиришлари туфайли унинг мард ва танти юраги қандай оғир аҳволга тушган? Қодирий шундай мушкул ҳолатларда ботирлиги, ҳақсўзлиги ва адолатпарварлигидан афсус-надомат чекмаганмикин? Танлаган ҳақиқат йўлдан қайтишни ўйламаганмикин? Ушбу саволларга “Йўқ!” деб жавоб бераман. Унда у ҳақиқатпарвар ва миллатпарвар Абдулла Қодирий бўлмас эди. Унда унинг шоҳ асарлари ёзилмас эди. Ҳатто қуёшга ҳам тик боқадиган, ўлимни ҳам писанд қилмайдиган, ўқдан ҳам қўрқмайдиган, туҳмат ва бўҳтонларни писанд этмайдиган тошдан ҳам мустаҳкам метин юраги ҳеч қачон афсусланмаган…
Қодирийнинг бениҳоя кучли, қудратли ва енгилмас юраги биз, ёзувчиларга боқий мерос бўлиб қолган — буюк неъмат! Бу сувда чўкмас, оловда ёнмас, ҳеч қачон толмас қақнус юракни тез-тез эслаб турмоқ керак! Унинг жасоратига тасаннолар айтиб, руҳларига дуолар қилайлик. Яратгандан: “Менинг ҳам юрагимга Қодирий юрагидаги чўғдан бир чимдим ҳадя эт”, деб илтижо қилиб ёлворайлик… Чумчуқ пир этса, юраги шир этадиган, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, муте ва нуқул қуллуқ қилувчи айрим эҳтиёткор юраклар билан қаерга ҳам борар эдик?.. Унда адабиётнинг тенгсиз қудрати қаерда қолади?..
* * *
Бир ижодий суҳбатда устоз ўзбекнинг атоқли шоири Эркин Воҳидов чуқур изтироб билан куюниб шундай деган эдилар:
— Бизда Абдулла Қодирийчалик жуда машҳур ва ниҳоятда кўп ўқилган ёзувчи бўлмаган. Ижодкорнинг яхши китоблари ҳамиша ёстиқ вазифасини бажарган. Афсуски, Қодирийни қамоққа олиб, отиб юборганларида халқ одатдагидай томошабин бўлиб, лоқайд бўлиб тураверган…
Кундалигимда 2006 йил 21 декабрь санасида ёзилган улуғ шоирнинг юқоридаги фикрини ҳар сафар қайта ўқиганимда оғир хаёлларга ботаман. Томошабинлик, лоқайдлик, аслида, қўрқитилган аждодларимиздан ўтиб келаётган жирканч иллат бўлиб, қон-қонимизга сингиб кетган. Яхшиси, жавобни “Ўткан кунлар”дан — Юсуфбек ҳожининг юраги қатларидан тўкилган аламли, айни пайтда ҳақиқат уфуриб турган сўзларидан англаб оламиз:
“Иттифоқ нима эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида, бир-бирини еб, ичган, мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди…”
Ҳануз бунга бизнинг ҳам ақлимиз етмайди. Шафқатсизларча қатағон фабрикасини юргизган шўродан қутулдик. Афсуски, ундан қолган айрим иллатлардан, қонимизга сингиб кетган камчиликлардан қутула олмаяпмиз. Айниқса, истеъдодкушликдай бедаво дарддан! Одатда, истеъдодсиз истеъдодлини кўролмайди. Бизда кўпроқ истеъдод истеъдодни ғажийди, бадном қилишдан уялмайди. Агар истеъдод эгаси ўлиб кетган бўлса ҳам, орқасидан мағзава тўкамиз, унинг муборак номини тупроққа қоришга уринамиз. Қачон қутуламиз бу офатдан? Биз улуғ зотлар, улар яратган муқаддас мерос билан қачон фахрланамиз? Буюкларнинг буюклигини қачон эътироф этамиз?..
Афсус-надоматлар бўлсинки, Абдулла Қодирийдай даҳо зотга ҳам ғараз тошларини отувчи нўноқ кимсаларнинг пайдо бўлаётгани жуда ачинарли. Машҳур қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоев айтганидек, туғилганда ҳамширанинг қўлидан тушиб кетган бўлса керак, бир чала мулла укамиз бироз олдин ижтимоий тармоқларда Абдулла Қодирийнинг ўлмас романлари ҳақида сафсата сотиб, бадбўй гаплар тарқатибди. Укамизга муҳтарам ёзувчимизнинг юксак маҳорат билан ёзган ушбу қайроқи сўзлари билан жавоб берамиз: “Ҳар ҳолда, оғизга қараб гапириш керак. Бунинг устига, бир чимдим андиша ҳам керак. Сўз узоқ эрди, мухтасар қилдик. Ёмон кўп эди, муттаҳам қилдик”.
Яна бир фикр: укамиз жазавага тушишдан олдин Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ҳам “Ўткан кунлар” танқиди устида баъзи изоҳлар” номли мақоласини ўқиб чиққанида эди, ёзувчининг мард ва жасур юрагига қойил қолиб, унинг буюклигига яна тан берган бўларди.
Абдулла Орипов ёзганидек:
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Шўрлик адибнинг тириклигида кўрган ҳадсиз азоб-уқубатлари, бошига аёвсиз ёққан бало-қазолари каммиди? Қатағоннинг туҳмат ўқига учрагани етмасмиди?.. Ҳой, биродарлар, ҳеч бўлмаганда ўтганларнинг руҳларини безовта қилмайлик!
Ёзувчининг ижодга бўлган жасорати асло сўнмади. Бу жасорат юрак ҳарорати билан озодлик учун гулханга айланди. Жасоратли қаламидан эса юракларни ҳайрат ва ҳаяжонга соладиган бебаҳо асарлар дунёга келди. “Жасорат айб эмас!” деб бор овозда ҳайқирди ёзувчи. Унинг ўктам ва бардам овози, алдоқчи комфирқанинг катта-кичик амалдорлари, тузумни қатағонга айлантирган суд-ҳуқуқ идораларининг шафқатсиз ва золим ходимлари, қўрқувга қурилган мафкура доҳийларининг қулоқ пардаларини жароҳатлади. Юракларига титроқ солди. Лекин босқинчиларнинг кучи катта, армияси ҳамиша қуролланган ҳолда шай турарди. Энг ёмони, ўзимиздан чиққан сотқинлар, айғоқчилар, қулоқлар ҳам уларга хизматда эди. Улар, асосан, миллат зиёлилари, ижодкорларига тузоқ қўяр эди. Абдулла Қодирийга ҳам яқин сафдошлари, ёнидаги дўстлари, ишонган одамлари пинҳона чил солдилар, уни номардларча сотдилар. Ўша оғир кунлар ҳақида ёзувчи алам ва куюниш билан ёзади: “Биз жасорат сўрар эдик. Лекин… жасоратимизнинг қолган-қутганини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни таг-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат битган эди, тил кесилган эди”.
Адибнинг қўрқмасдан ўз даврида шўро тузумига қарата жасоратли қалб билан ёзган бу сўзларига на изоҳ, на шарҳ даркор эмас!
Қодирийшуносликнинг тамал тошини қўйганлардан бири, адабиётимизнинг зукко билимдони, устоз адабиётшунос Иброҳим Ғафуров Абдулла Қодирий ижоди ва ҳаётини теран ўрганган, унинг асарларини жаҳон адабиётининг турли ўлчамларидан келиб чиқиб, юксак баҳолаган, ҳатто публицистик мақолаларини ҳам чуқур таҳлил қилган. Устоз шундай деб ёзади: “Мазмуни тўлиқ, бадиияти етук роман халқ учун мактаб, яъни маънавият ва фикрлаш мактаби. Ўзбек халқи “Ўткан кунлар”ни худди шундай қабул қилди. Тўнғич фарзанд жуда севимли бўлиб туғилди. Ҳозир “Ўткан кунлар” деса, ийиб кетмайдиган ўзбек йўқ. Роман миллий бадиий тафаккурнинг барча қирраларига ўз таъсирини ўтказгани бежиз эмас…
Бу жиҳатдан Қодирийни инглиз тарихий романнависи Вальтер Скоттга жуда яқин кўраман. Вольтер Скотт романларини юрагингизни ҳовучлаб ўқийсиз. Романга киргандан бошлаб, то тугатмагунча юрак юксак пардадаги тўлқинланишлардан ҳеч пастга тушмайди…”
Иброҳим Ғафуров бу таъриф ва таққослар билан чекланмайди. Романни бошқа қитъаларнинг машҳур адиблари асарлари билан қиёслайди. Шарқ одамлари ҳаёти, Шарқ дунёсини теран таҳлил қилиб, шундай хулоса ясайди: “Мен Қодирий ва унинг асарларини Шарқнинг ҳассос ва беҳад донишманд адиби, серхаёл Робиндранат Тагорга, унинг гўзал асарларига қиёслагим ва уларнинг ёнига қўйгим келади. Ўйлайманки, дунёнинг инсонлар ўртасида мавжуд даражавий хислатлари бу билан бузилиб-нетиб қолмагай. Тагор ва Қодирий — булар қанчалар яқин одамлар! Қанчалар ўхшаш сиймолар!..”
Ўзбек давлат драма театрида таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Абдулла Қодирий 1926 йилда биринчи марта қамоққа олиниши воқеаларига бағишланган “Ёлғиз” драмаси асосида режиссёр Олимжон Салимов саҳналаштирган спектакль муҳокамасида ҳам устоз Иброҳим ака шундай деган эди: “Абдулла Қодирий юраги нимани буюрса, шуни ёзган. Ва ёзганларида юрак даъвати яққол кўриниб, сезилиб туради. Унинг юраги қўрқмас, ботир эди. Тўғри сўзни айтганда ҳам, ёзганда ҳам қайтмас эди. Буларнинг ҳаммаси спектаклда ўзининг ёрқин ифодасини топган…”
Ҳа, Абдулла Қодирийнинг асарлари аллақачон боқий китоблар жавонидан ўрин олганига шубҳа йўқ. Сўнгги йилларда дунё халқлари тилларига пешма-пеш таржима қилинаётгани ҳам фикримизга далил бўлади. Абдулла Қодирий жаҳон адибига айлангани ҳам ҳақиқат. Бу бетакрор ёзувчи ҳамиша ўзбек адабиёти романчилигининг отаси бўлиб қолаверади. Чунки Қодирий ҳамма даврларнинг суюкли ва ардоқли ёзувчиси бўлиб қадрланаверади.
* * *
Адабиётнинг даргоҳи, аслида, биз ўйлагандан кўра кенг ва бепоён экан. Адабиётнинг адолат элаги ва тарозиси шафқатсиз, аяб ўтирмас экан.
У бир жойда: “Ҳақнинг ҳақсизликка ғолиб келганини оғизда эшитсам ҳам, шу чоққача амалда кўролмадим”, деб армон ва надомат билан ёзган эди…
Абдулла Қодирийнинг бу буюк армони 1991 йилда, адибнинг фожиали ўлимидан 53 йил ўтиб амалга ошди. У жонидан ортиқ севган, ҳаёти ва ижодини бағишлаган Ватанимиз мустақил бўлди. Бу буюк озодликни кўриш Абдулла Қодирий авлодларига, қариндошларига насиб этди.
Бу небахтки, орадан роппа-роса бир аср ўтиб, буюк маърифатпарвар адиб, марҳум Абдулла Қодирийга “Мустақиллик” ордени берилди.
Бу ҳақда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган, теран таҳлил қилган, ўзи ҳам ёзувчи мактаби анъаналарини маҳорат билан давом эттириб, Қодириёна асарлар яратаётган таниқли адиб Хайриддин Султон меҳр билан шундай ёзади:
“Абдулла Қодирий — ўзбек халқининг миллий мустақиллиги учун жонини фидо этган улуғ аждодимиздир. Эҳтимол, ўзбек зиёлилари ичида ҳеч бир зот истиқлол кунларини, истиқлол саодатини бу мумтоз сиймо сингари зориқиб кутмаган бўлса керак…
Мустамлакачи тўраларга, истиқлол душманларига, золим маҳаллий аъёнларга қарши Қодирий юрагида ҳамиша нафрат денгизи тўлқинлаб ётарди…”
Қодирийнинг юраги ўзидан ҳам ботирмиди?
Қодирийнинг юраги сўзидан ҳам ўткирмиди?
Ҳа! У шерюрак эди. Наъра тортганида қўрқоқ юраклар титроққа тушар, пажмурда кимсалар қунишиб қолар эди…
Ашурали ЖЎРАЕВ.