“Қорабоғда янги туғилган қуёш”

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан “Қорабоғда янги туғилган қуёш” номли фотолар кўргазмаси ташкил қилинди.

Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган кўргазмада Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев, Озарбайжон ва Туркия элчихоналарининг дипломатлари, Ўзбекистоннинг маданият, фан ва санъат ходимлари, олимлар, университетларнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этдилар.

Унинг очилишида сўз олган Маданият марказининг директори Самир Аббасов 2020 йилда 44 кунлик Ватан уруши натижасида 30 йилга яқин Арманис­тон назорати остида қолган ҳудудлар Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг муваффақиятли сиёсати ва мамлакат армиясининг жасорати билан озод қилинган тоғли Қорабоғ ўлкаси хусусида маълумот берди. Дипломат ҳар йили Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг ташкилотчилиги билан ўзбек журналистлари, операторлари учун Озарбайжонга, унинг мамлакатга қайтарилган минтақаларига медиа-турлар ташкил қилинганини қайд этди. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида Озарбайжонда бўлган журналистлар томонидан бу ўлка ҳақида ўнлаб телекўрсатувлар ва радио эшиттириш­лар, газета ва сайтлар учун мақолалар тайёрлангани ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг таниқли фотографи Ҳусниддин Ато Озарбайжонга қайтарилган ҳудудларни кезиб, бетакрор суратлар олгани, улар тас­вирга муҳрлагани ва ушбу суратлар кўргазмадан жой олганини қайд этди.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев ўлкаларимиз орасида бўлган тарихий дўстлик алоқалари ҳақида гапириб, сўнгги йилларда ҳамкорлик янада юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Кўргазмада намойиш этилган фотолар муаллифи Ҳусниддин Ато Озарбайжонга ташкил этилган медиа-тур ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Хусусан, Ағдам, Фузулий ва Шуша туманларида бўлгани, бу ерларда худдики вайронкор зилзила юз бергани каби Озарбайжон халқи минг йиллар давомида яратган шаҳар ва қишлоқларнинг вайрон этилганига гувоҳ бўлгани, тўғрироғи, ана шундай аянчли ҳолатларни тасвирга олганини ҳикоя қилди.

Тадбир давомида иштирокчилар 2020 йилда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан тайёрланган Қорабоғ бурчаги билан яқиндан танишдилар. Ушбу бурчакка 5 тилда нашр этилган “Шуша — турк дунёсининг маданият пойтахти” номли энциклопедик китоб ва Ўзбекистонда тайёрланган почта маркаси ҳадя қилинди.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + eleven =