Юрагимга айланади Ўзбекистон!

АХТАМҚУЛИ

Муаллиф ҳақида:

Ахтамқули (Ахтамқул Карим) — 1964  йили Сариосиё туманидаги Шотирўд қиш­лоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий Адабиёт  курсида  таҳсил олган.

“Бодомгинам”, “Қорачиқда асраганимсан”,  “Баҳоримдан кечиккан гул”, “Қирқ ғазал”, “Бошимда осмон айланар”, “Қароғимда гуллайди Ватан”, “Сўз чамани”, “Исмингни юракка яширдим” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

У жаҳон адабиётидан  Шайх Саъдий,  Лойиқ Шерали, Муҳаммад бин Рошид  Ол Мактум  каби шоирларнинг асарларидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган.

Ҳозирда “Тонг юлдузи” газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

* * *

Давру давронинг ўтар ҳайронлигинг келган куни,

Аҳли олам наздида нодонлигинг келган куни.

 

Кўзларинг осмонидан ўчгай қуёшнинг шуъласи,

Ғамларинг тўфонида гирёнлигинг келган куни.

 

Бойлигингда яшнаган кошоналар қолгай ғариб,

Хастадиллар базмида вайронлигинг келган куни.

 

Сарғайиб кўнглинг аро дил овласа пинҳона куз,

Ихтиёринг қолмагай сарсонлигинг келган куни.

 

Кечмаса кибру ҳаво, тупроқ муродинг ҳосили,

Сарҳисоб дунёсида инсонлигинг келган куни.

 

Титрагай дил кўприги ишқдан ўзиб кетган маҳал,

Хотирангда лафзи йўқ, шайтонлигинг келган куни.

 

Англамай Ахтамқули, сўлса агар қалбинг гули,

Қолмагин ғафлат аро найсонлигинг келган куни.

 

* * *

Машраби девонага дилдош бўлиб кетмоқдаман,

Кўзларимда қатра-қатра ёш бўлиб кетмоқдаман.

 

Этагимдан тутди ҳижрон, айрилиқнинг қотили,

Бағрихун ишқ аҳлига йўлдош бўлиб кетмоқдаман.

 

Қисматимни тоғу тошлар кўксига битган Худо,

Қанча Орифлар билан издош бўлиб кетмоқдаман.

 

Эй ҳаёт, бор бўлса чиқсин, марду майдонинг қани?!

Нокасу нодонни кўрсам, тош бўлиб кетмоқдаман.

 

Мен ғазал хирмонида хирмончи бўлдим охири,

Сўзни қалқон айламасдан, чош бўлиб кетмоқдаман.

 

Ёнмагай қўллаш билан ишқи адо бўлган улус,

Мойчиларнинг наздида фаррош бўлиб кетмоқдаман.

 

Воҳ, менинг қоним ичиб, тунлар тирилган байтларим,

Ёзиғимда бор экансиз, ёш бўлиб кетмоқдаман.

 

Қўйни қўй, Ахтамқули, шеър жангида шер топмасанг,

Изтиробнинг чўғида бебош бўлиб кетмоқдаман.

* * *

Дилимни тоғу тошларга адо қилган болангдирман,

Йиқилган майсага меҳримни жо қилган болангдирман.

 

Ҳаёт кўксимга от қўйган, ёниқ байту баёт қўйган,

Мислсиз куллиёт қўйган, наво қилган болангдирман.

 

Тополмай лолазоримни, йўқотсам ихтиёримни,

Олиб қўйсанг-да боримни, дуо қилган болангдирман.

 

Омон бўлгин, Омонтоғим, дилимда дарду қийноғим,

Соғинчдан сел бўлар чоғим нидо қилган болангдирман.

 

Куйиб кетмоқда бўстоним, раҳм қилгин, Нигоҳбоним,

У харсангзор аро жоним фидо қилган болангдирман.

 

Отам тош ўйнатиб кетди, кейин бош ўйнатиб кетди,

Кўзим ёш ўйнатиб кетди, вафо қилган болангдирман.

 

Онамдек йиғлагай дарё, юрибман бунда бепарво,

Мени уйғотмадинг, дунё, жафо қилган болангдирман.

 

Кезар Ахтамқули рангсиз, дили ўт ичра оҳангсиз,

Жаҳонни сўз билан жангсиз, даъво қилган болангдирман

 

* * *

Нечун одамни кўрганда талайсан, норизо одам?!

Бу оламга муҳаббатсиз қарайсан, норизо одам.

 

Амалнинг доғи бор сенда, илоннинг ёғи бор сенда,

Ҳасаднинг тоғи бор сенда, малайсан, норизо одам!

 

Юрибсан не юмуш бирлан, адашган вақти хуш бирлан,

Юракни қора туш бирлан силайсан, норизо одам?

 

Улус дил ёзди ҳикматга, умидвор бўлди ибратга,

Нуқул сўзингни ғийбатга улайсан, норизо одам.

 

Ёришмас юлдузинг тунсиз, бино бўлмайди устунсиз,

Кўзимнинг ёғини унсиз ялайсан, норизо одам.

 

Кўришгаймиз омонликка, йўлиқма нотавонликка,

Ахир бир кун ёмонликка ярайсан, норизо одам.

 

Ўтар ўткинчи карвоним, тутиб юрма гирибоним,

Менинг бузғунчи меҳмоним, қалайсан, норизо одам?!

Сариосиё

 

Сариосиё — юрагимнинг боғларидир,

Ёшлигимнинг яшнаган ҳур чоғларидир.

Далаларнинг қучоғида қолиб кетган,

Болаликнинг ювилмаган доғларидир.

 

Сариосиё — қувончимни қучган макон,

Уни билар ҳатто бугун рўйи жаҳон.

Баҳодирнинг Алпомишдек муштларидан,

Ҳушдан кетди дунёдаги кўп паҳлавон.

 

Сариосиё, тоғларингга жоним фидо,

Оҳуларинг кўзларимдан бўлмас жудо.

Чўққиларнинг ардоғида янграяпти,

“Куйдим” дея дилни ўртар бир илтижо.

 

Сариосиё — Сирожиддин Саййид юрти,

Юрагининг байроғини кўкка тутди.

Тупроғининг хору хасин кўзга суртиб,

Отасининг сўрисида меҳмон кутди.

 

Сариосиё, Носирхондек табаррук зот,

Лалми қирда бунёд этди янги ҳаёт.

Сув ўрнида меҳр берган боғларидан,

Кузда келиб, ҳосил йиғди ҳаддан зиёд.

 

Сариосиё, Сангардакда топдим қарор,

У тупроқни суйган азиз фарзанди бор.

Шаршаранинг кокилларин силаган қўл

Олқишлайди ўғлонларин беихтиёр…

 

Сариосиё, олими кўп, Олим Давлат,

Муҳсиндек зўр полвонларим тўкар савлат.

Тупроғимда яна қанча шерларим бор,

Мен уларнинг бир қисмини ёздим фақат.

 

“Сариосиё”, адолатли қози экан,

Юрагимнинг янграётган сози экан.

Элдошларин умр бўйи олқишлаган,

Абдурайим Раҳмоновдан рози экан.

 

Сариосиё, боболарим жону дили,

Соғинчларим баҳорининг сўнмас гули.

Бургутларнинг парвозига ҳавас қилиб,

Чўққиларга дил боғлаган Ахтамқули.

 

Сариосиё, бешигимдир она Сурхон,

У бешикда тебранади давру замон.

Тинчлигимнинг байроғини қўлга олсам,

Юрагимга айланади Ўзбекистон!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 8 =