Дардларинг гардини элагим келди

Юсуф ЗИЁД

Муаллиф ҳақида:

Юсуф ЗИЁД — 1965 йили Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. 1990 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетини битирган. Айни пайтда “Насаф” нашриёти муҳаррири сифатида меҳнат қилмоқда.

Шоирнинг “Меҳрингга ташнаман” (2012), “Руҳият манзаралари” (2014) шеърий китоблари, “Кун ва тун” (2018) номли шеърлар, ҳикоялар ва мақолалар, “Қаноатнинг қаноти” (2022) бадиалар тўпламлари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

ОТА

Замона ўзгарди, замон ўзгарди,

Ғарбу Шарқ турфа хил томон ўзгарди,

Яхшилар ўзгарди, ёмон ўзгарди,

Кимнингдир наздида ўзгаман, ота,

Ўғил бўлиб қолай сизга ман, ота.

 

Мен ҳамон боламан, гўдак ёшдаман,

Бағримда турфа гул, бошим тошдаман,

Отажон, мен энди бошқа-бошқаман,

Ўзимдан ўзимни топмайин, ота,

Келинг, бир қучоқлаб ётайин, ота.

 

Бошнинг тошдан қаттиқ эканин билдим,

Гул тутди, санчилган тиканин билдим.

Дард не-не қадларни букканин билдим,

Айтинг, қадрингизни билдимми, ота?

Фарзанддай сизни шод қилдимми, ота?

 

Чинорман дедим мен, хассан дедилар,

Ғариблар ичра бир кассан дедилар.

Отанг йўқ, сен энди пастсан дедилар,

Чинорлар ичида хасманми, ота?

Наҳот сиз йўқсиз, мен пастманми, ота?

 

Ҳақсизликка чидаш ор деб яшадим,

Бу олам кўксимга тор деб яшадим,

Отам вужудимда бор деб яшадим,

Виждоним, номусим, оримсиз — ота,

Қалбимда барҳаёт боримсиз — ота.

 

Ҳамон қулоғимда ҳар бир сўзингиз,

То маҳшар… оқлайин нону тузингиз,

Лойсувоқ уйимда бармоқ изингиз,

Уйимнинг тўрида турибсиз, ота,

Мен борман, мен билан юрибсиз, ота.

 

ЭРТАК

Қадим юртда шундай замон бўлган эмиш,

Одамлари завқу шавққа тўлган эмиш.

 

Сўзлар ширин, тилларидан томармиш бол,

Осмонидан ёғар эмиш бахту иқбол.

Ҳикмат эмиш дониш аҳлин айтганлари,

Сулув эмиш ёсуману жодугари.

 

Ошиқлари ой сатҳида кезар эмиш,

Ҳусни билан у оламни безар эмиш.

 

Адолату инсоф эмиш тарозиси,

Виждон эмиш, имон эмиш юрт қозиси.

 

Нафрат нима, ғазаб нима, билмас эмиш,

Бир-бирига сира ҳасад қилмас эмиш.

 

Ногаҳонда кўк юзидан қора қуюн

Тушган эмиш ўшал юртга қилиб ўйин.

 

Юракларга кириб унинг қора доғи,

Фатҳ этибди барча дилни ўшал чоғи.

 

Бирдан юртда бошланибди жабр, зулм,

Ҳар бурчакда разолату уруш, ўлим.

 

Ҳузур топмиш одамлари хиёнатдан,

Дарак бериб гўё охир қиёматдан.

 

Қалбларини эгаллабди адоват, кин,

Яшабдилар эзгуликдан топмай таскин.

 

Унутганмиш бирдан улар кимлигини,

Олам аро кимлар билан тенглигини.

 

Билмам, қачон у замонлар бўлиб ўтган,

Фақатгина битикларда қолиб кетган.

Ўқиб билдим ботини-ю зоҳирини,

Айтолмайман бу эртакнинг охирини…

 

ХОЛИС НИЯТ

(Тиббиёт фанлари доктори, профессор, истеъдодли ижодкор

Жуманазар БЕКНАЗАРОВга)

Қайноқ меҳр, уйғоқ шуур, шижоат билан,

Қалб қўрини юракларга улашолган зот.

Тиб илмида заҳмат, сабот, матонат билан,

Дардли диллар иморатин айламиш обод.

Ёниқ нигоҳ билан боқмиш ёруғ оламга,

Доим эзгу бўлган унинг дилда нияти.

Ҳузурига борган борки, ҳар бир одамга,

Энг аввало шифо унинг самимияти.

 

Руҳиятни устун қўймиш вужуддан доим,

Зеро, вужуд бир жисмдир туйғудан холи.

Дилда меҳр бўлса, яна сўзлар мулойим,

Биладики, яхшилангай бемор аҳволи.

Атрофига боқмиш илму тафаккур ила,

Дунё отлиғ чўнг бир улкан, ҳадсиз бинодан.

Татбиқ этмиш беморларга ташаккур ила,

Ўрганганин Ар-Розий-у ибн Синодан.

Тибда унинг хизматларин мақоми юксак,

Тангри севган бандасини яратмиш бекам.

У кишини моҳир жарроҳ, шифокор десак,

Истеъдоди беқиёсдир сўз мулкида ҳам.

 

Ашъорида эзгуликнинг тимсоли тенгсиз,

Разолату жаҳолатнинг ранги қорадир.

Олим, шоир… балки уни бахтиёр дерсиз,

Ҳақсизликнинг қаршисида бағри порадир.

“Туйғуларнинг зиёси”да улкан дард кезиб,

Баъзан тортар ўз қаърига “Орзу уммони”1 .

“Донишмандлар айтолмагай сўзларни тизиб”2,

Жаҳолатнинг шарпалари кезса дунёни.

 

Оҳ, қанийди, бутун олам бўлса бокира,

Барҳам топса дилдан ғараз, хусумат буткул.

Хаста бўлса тана, унга топилгай чора,

Сўқир қалбга даво топмоқ чораси мушкул.

 

О, у “Йиллар силсиласи” залворли бирам,

Дунё мубҳам жавоб топмас саволи билан.

Бемор қалблар шифосига тополмай малҳам,

Ёлғиз суҳбат қурар баъзан хаёли билан.

 

Яшар доим Ҳақ тарафда нурга интилиб,

Таратмоқчи бўлар эзгу қалб зиёсини.

Сўз сеҳри-ла даволашни кашфиёт қилиб,

Лол қолдирмиш Оврўпо-ю Осиёсини.

 

Баъзан ғашлик уйғотганда бетизгин ўйлар,

Ўз бағрига чорлар яна назм бўстони.

Миттигина юлдуз бўлиб оламга бўйлар,

Қалб қўридан барпо бўлган “Қамай достони”.*

Бир тарафдан ҳурматли зот, олим камида,

Доим элнинг ардоғида ҳакиму табиб.

Бир тарафдан дард чекади элнинг ғамида,

Шоир дардин юкламишдир қалбига Ҳабиб…

Руҳда иллат бўлса магар, вужудни ейди,

Холис қилмоқ керак дейди дилда ниятни.

Вужуд соғлом, руҳият ҳам ҳур бўлсин дейди,

Бахтли кўрсам дейди доим инсониятни.

———————————-

1Жуманазар Бекназаров китобларининг номи.

2Жуманазар Бекназаров сатри.

 

* * *

Бугун,

Осмон тунд, гулларда ифор йўқ,

Қуёшнинг юзи ҳам қорайган.

Бугун

Оқшом бор, хуфтон бор, наҳор йўқ,

Дунё ҳам бирмунча торайган.

 

Бугун,

Судралган вақт ҳам ўтмайди,

Соатнинг миллари чўзилган.

Бугун,

Биламан бир иқбол кутмайди,

Фурсатнинг оёғи узилган.

 

Бугун,

Ҳаттоки додлашга нолам йўқ,

Аламлар ўтмоқда жонимдан.

Бугун,

Осмон йўқ, қуёш йўқ, олам йўқ,

Чунки сен йўқсан ёнимда.

ОВУНЧ

Унутмоқ ўлимдир, эсламоқ азоб,

Ширин хотиралар юки ҳам оғир.

Эсласам соғинчдан куяди офтоб,

Унутсам, о, даҳшат юрагим оғрир.

 

Сен мени эслама, ойдин йўлни кут,

Дардларинг гардини элагим келди.

Ширин хотиралар ваҳмини унут,

Мен сенга омонлик тилагим келди.

Бу дунё аслида алмисоқ кема,

Унда сузар минглаб парчаланган қалб.

Йўқ, асло қўлимдан келмайди дема,

Қалбингдан исмимни ташла парчалаб.

Ҳижрон азобида ўтмасин тунинг,

Қисматда борига ҳар ким кўнгайдир.

Биламан, сен мени унутган кунинг,

Қалбингда бир гўзал чечак унгайдир.

 

БОЛА ЭДИМ…

Бола эдим, шоир эдим, кўнгли осмон,

Ой, юлдузлар бошим узра кезар эди.

Бутун борлиқ чаман эди боғу бўстон,

Ул чаманни хушбўй гуллар безар эди.

 

Йиллар ўтди, тўфонларни кўрди кўзим,

Илҳомимни чанг-тўзонлар олиб кетди.

Юракларни титратолмас айтар сўзим,

Шоирлигим болаликда қолиб кетди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 6 =