Қалбимдаги меҳр парчаси
Муқаддас АБДУСАМАТОВА
Муаллиф ҳақида:
Муқаддас Абдусаматова — Тошкент шаҳрида туғилган. “Умр ипга терилган маржон”, “Ортда қолган излар”, “Бунча ширинсан, ҳаёт”, “Фазилатим — фозилалигим”, “Уйғоқ туйғулар”, “Шукрона”, “Оналик бахти”, “Оила муқаддас”, “Сайланма” сингари ўнлаб шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 1-даражали меҳнат фахрийси.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.
ОСМОН БИЛАН СУҲБАТ
Ҳайратланиб дедим осмонга:
Юлдузлар кўп эди бағрингда.
Энди тунлар тикиламан мен,
Нигоҳларим чўкиб қаърингга.
Лек тополмам биронта юлдуз,
Кўринмайди чанқоқ кўзимга.
Дил соғиниб кечаю кундуз,
Тасалли бераман ўзимга.
Қани ўша чарақлаган нур,
Гулзор мисол осмон безаги?
Юлдуз учса қалбларда шуур,
Бахтга йўяр йигит-қиз тайин.
Осмон деди: билсам ҳар юлдуз,
Инсон қалбин меҳри эди-я!
Мен бағримда тутардим сўзсиз,
Одамийлик сеҳри эди-я!
Лек йўқолди инсон қалбидан,
Ўша меҳр, ўша оқибат.
Шу туфайли сўниб битдилар,
Изтироб-ла йиғлабман фақат.
Ҳар бир инсон асли, билсангиз,
Табиатнинг эрур бўлаги.
Шу боисдан улар — юлдузлар
Шодлигимга беради сурур.
Кошки буни тушуниб одам,
Меҳр ришталарин боғласа.
Иззат-ҳурмат ўрнида бўлиб,
Кошки кўнгилларни чоғласа.
Юлдузлар ҳам уйғонар эди,
Чарақларди бутун коинот.
Танқис бўлмай меҳр ва иззат,
Кўнгиллар ҳам бўлар эди шод.
ОНА АЛЛАСИ
Ҳали қулоғимда, бешик ёнида,
Мушфиқ онажоним ёқимли саси.
Тезроқ катта бўлгин, болажоним, деб,
Кечалар уйқусиз айтган алласи.
Шу алладан ҳаё, меҳру садоқат
Нелигин тушунди зиғирдай жоним.
Ноҳақликни кўрсам қолмас ҳеч тоқат,
Ҳа, ўша алладан юрак туғёним.
Бўйим етмаса ҳам бешик бўйига,
Яшашга интилдим, аллангдан фақат.
Ўшанда меҳнату қўшиқ ва куйга,
Уйғонганди қалбда муҳаббат!
Ёшим билан улар улғайди бирга,
Куй, қўшиқ ишқида парвона қалбим.
Аллангиз ҳосили бахт, иқболимни —
Ўғил-қизим дилига сингдириш дардим.
ҚИЗИМГА
Тушмас эди ҳамон тилимдан,
Онам учун тўқилган қўшиқ.
Севинчларга макон дилимдан
Айтар эдим доимо жўшиб.
Меҳрим маёқ қилиб қўлимда,
Қоронғуни ёриб ўтолдим.
Унинг учун қўрқмай ҳар недан,
Ўзни ўтга ва чўғга солдим.
Боғ яратдим мен унга атаб,
Гулга тўлган Ватан қўйнида.
Умрин билиб ўзимга мактаб,
Шеърлар битдим унинг кўйида.
Сен туфайли, билсам, барчаси,
Хали учқун экан бурчимдан.
Қалбимдаги меҳр парчаси,
Қуёшдан ҳам тафтлироқ чиндан.
Шаҳнозгинам, такрор ўқитдинг,
Фарзандлигим чин достонини.
Сен туфайли меҳрим ёлқини
Ёритмоқда ҳар бир онимни.
КЕЛИНЧАК
Келин юрар кенг ҳовлида,
Бирам гўзал, кўп сулув.
Дилда туғён урар шу дам,
Яхши ният, кўп орзу.
Гоҳ уялиб, гоҳ қоқиниб,
Уринади куйинчак.
Ҳамма ишни ўзим қилиб,
Улгурсам дер келинчак.
Қараб тўймас қайнонаси,
Ўргилай дер бўйингдан.
Шунинг учун ўғлим роса,
Юрган экан кўйингда.
Кўпдан орзу қилган тўйга
Она бугун эришди.
Фарзандлари қаторига
Фарзанд — келин қўшилди.
Келин юрар кенг ҳовлида,
Бирам гўзал, кўп сулув.
Дилда туғён урар шу дам,
Яхши ният, кўп орзу.
ОҚ НИЯТ
Мен ишқдан бода тутдим,
Сиздан бўлди садоқат.
Кунларни интиқ кутдим,
Хўп алқади саодат.
Ҳаётда ҳамроз бўлиб,
Қалбимиз ишққа тўлди,
Шодлик, қайғуни кўриб,
Аҳиллик одат бўлди.
Шу зайл кунлар ўтар,
Дилда эзгу ниятлар,
Фарзандларимиз ўсар,
Тонгда ўқиб оятлар.
Камолини тилайман,
Бахти бекам бўлсин деб,
Аллоҳимдан сўрайман,
Ўша кунни кўрай деб.
КЎЗЛАРИНГНИ ЯШИРМА
Яна келдинг бироз кечикиб,
Сабабини сўрамам сендан.
Саломимга аликдан кечиб,
Кўзларингни яширма мендан.
Йўққа ўхшар кайфиятинг ҳам,
Пешвоз чиқиш азал одатим.
Дардинг бўлса кўрайлик баҳам,
Ҳамдард бўлиш яхши, одобдан.
Балки, йўлда тушгандир кўзинг,
Ажабтовур жонона қизга.
Чиройига маҳлиё ўзинг
Боққандирсан дил ёна қизга.
Балки, чунон камон қошлари
Қорароқдир менинг қошимдан.
Дил титрар ҳар боқишлари,
Ўткирроқдир боқишимдан ҳам.
Этак ўпган чилвир сочлари
Меникидан, балки, сунбулдир.
Анор мисол ол ёноқлари,
Юзлари ҳам мисоли гулдир.
Рад айламам йўлда учраган
Гўзалларга қарашни сендан.
Аммо тик боқ, дилга ўт солган
Кўзларингни яширма мендан.
СЕН КЕТГАНДА
Яна сафар анжомин олиб,
Кетар бўлдинг анча олисга.
Синамоқчи бўлиб бардошим,
Яна қўйдинг мени холисга.
Қўшиқ айтсам чиқмас жаранги,
Шодлигимни ола кетдинг, ёр.
Оромимни олиб дилимга,
Ҳижрон дардин сола кетдинг, ёр.
Суратингни оламан қўлга
Сўзлашмоқчи бўлиб гоҳида.
Кўз ёшланар мендан сўроқсиз,
Юрагимнинг чеккан оҳидан.
Яна бериб қалбга тасалли,
Қуёш билан бирга тураман.
Илк бор кулиб сочганида нур
Нигоҳингнинг аксин кўраман.
Шаббодадан сўрайман баъзан,
Хабар берса деб сендан зора,
Билсанг ушбу соғинчдан қалбда
Муҳаббатим ортар тобора.