Кўзларимга тикилар чироқ
Шуҳрат Ориф
Муаллиф ҳақида:
Шуҳрат Ориф — 1981 йили Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилган.
Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
“Мен асли одаммас, ёр эдим”, “Шом товуши” китоблари нашр этилган.
15-Халқаро туркий шеърият фестивали иштирокчиси (Туркия, 2022 йил).
“Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Сени олиб келган шамоллар таниш,
Улар мени ташлаб кетганди бадар.
Кўксимда қовжираб битган умидим,
Наҳот етиб келдинг қисматга қадар?!
Ҳаммаси чалкашди туғилганимда,
Билмам, келганимдан ким кўпроқ ютди?
Умрим шамол кутиб ўтиб кетгандай,
Наҳот бир шамолни мен қирқ йил кутдим?!
Ҳадисини олдим яшамоқликнинг,
Ўзим бошқадирман, бошқадир лойим.
Ўзгача бўлмоғи мумкин эди, лек
Шамоллар кечикди, менмас, Худойим!
* * *
Сендан гўзал эди дардларинг
(Мен уларни севдим аслида).
Менга туҳфа этдинг маъюслик,
Умримнинг энг маъюс фаслида.
Кўзларимдан изладинг бахтни,
“Бахтли бўлмоқ шартми, гул?” — дедим.
Одам каби яшагим келмас,
Одам каби севмоқчи эдим…
Биз лойиқмиз буюк қисматга,
Майда қисмат бахтли бўлмоқлик.
Кўзларингнинг ёшини кўрдим —
Энди ечим эмас ўлмоқлик!
Сендан гўзал эди дардларинг…
* * *
Орамизда йигирма куз бор,
Йигирма баҳор бор сарсари.
Орамизда ҳамма бахтиёр,
Иккимиз — энг бахтиёр ғариб!
Орамизда — исмсиз йиллар
Ва миллиард одам бор исмли.
Орамизда — соқов кўнгиллар,
Орамизда — сершовқин жимлик…
Орамизда — висол ҳадиги,
Орамизда — бахт тиклаган дор.
Орамизда кўпмас… атиги
Йигирма томчилик кўзёш бор…
Орамизда қисмат саргардон,
Орамизда — зериккан қафас.
Орамизда дунё сақлар жон,
Фақат бизга етмайди нафас…
Орамизда севги бор, гулим —
Биргалик йўқ, лек бир бўлиш бор.
Бизга ҳавас қилади ўлим —
Исмингни пичирлаб ўлиш бор…
КАЪБА ҚАРШИСИДА
Йўллар хаёлларимдек чалкаш,
Шу йўлларда шамолдек елдим.
Эшигингни очгин, Худойим,
Бир йигитни етаклаб келдим…
Ҳеч бир йўлга дохил қилмадим,
Бари вайрон бўлган менгача.
Англадимки, умримда мен йўқ,
Менинг умрим — Сендан – Сенгача!
Тириклик чиптамдир, ҳаётим —
Сенинг хабарингни кутмоқлик.
Оёғим заминга боғланган,
Юрак эса осмонга боғлиқ…
Йиғламоққа ғайратим етмас,
Қисмат эса кулгани-кулган.
Йўллар хаёлларимдек чалкаш,
Манзил термулгани-термулган…
ҚОР. МЕН. ЁР
Деразамда ҳансирайди қор
(Гўё кўкдан тушгандайин эрк).
Ҳасратимдан излар кимнидир —
Худди сени излаб келгандек…
Деразадан сочилди умрим,
Англасам-да — ҳамма йўллар берк.
Келарингни кутдим барибир —
Худди сени излаб келгандек…
Деразадан мўлтирайман мен,
Деразада ҳансирайди қор.
Исмингни оятдек пичирлаб,
Сенсизликда эрияпман, ёр…
* * *
Сени соғинчларимга кўмдим
Ва яшай бошладим яхшироқ.
Фақат… тунлар “Омонмисан?”, деб
Кўзларимга тикилар чироқ…
Сени қайғуларимга кўмдим,
Қайғулар-да бўлди чиройли!
Чиройли туғилди ҳаммаси
Сўнг барчаси ўлди чиройли…
Сени орзуларимга кўмдим,
Бирдан гуллай бошлади эртам.
Бу оламда бизларга кун йўқ,
Орзуларда биргамиз, эркам!
Сени сукутларимга кўмдим,
Дунё бўлди янада оғир.
Гапирсам юрагинг оғрийди,
Гапирмасам юрагим оғрир…
Сени хотираларга кўмдим.
Юрибман бахтиёр, хуррам, соғ.
Билдим — сени кўмгандан кўра,
Ўзимни кўмганим осонроқ…
* * *
Келишларинг кундек бетакрор
(Кўрганимда оламан нафас).
Дунё сал ўхшайди дунёга —
Ҳамма менга қилади ҳавас.
Кетишинг ҳам кундек бетакрор
(Ҳувиллайди кўнгил чамани).
Дунё сал ўхшайди дунёга —
Раҳми келар менга ҳамманинг…
* * *
Мен сизни шунчаки аядим,
Аямоқчи бўлиб ўзимни.
(Сизни кўрганида мабодо
Қандай юмар эдим кўзимни?!)
Мен сизни шунчаки аядим,
Атайин бормадим, атайин
(Сизга кўпроқ ёқаман дебман,
Одамликдан кетганим сайин).
Мен сизни шунчаки аядим,
Айтмадим ҳолингиз ёқишин
(Дарёсизларнинг дарёсида
Осонроқ бўлсин деб оқишим…)
Мен сизни шунчаки аядим,
Тангри мени аяганидек.
(Қучоғимни отгандим ўтга,
Қучоғини очди мовий Эрк!)
Мен сизни шунчаки аядим,
Ҳар тун исмим шивирлаган боғ!
(Сиздан узоқ юрдим, шунчаки
Дунё яшасин деб узоқроқ!)