Бир саводлиғ сўз керак

Назира МАТЯҚУБОВА

Муаллиф ҳақида: Назира Матяқубова  — Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган.

1991 йилда Тошкент давлат университетини, 2004 йилда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги  давлат ва жамият қурилиши академиясини (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) тугатган.

1995-2005 йилларда Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгашида Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари котибияти мутахассиси, котибият мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.

Муаллифнинг “Кўзлари шаҳлогинам”,“Ардоқли оқсоқол”, “Қалбим тўла саломдир”, “Ким ушундир керекпен”, “Тоғлар ишқи”, “Онажонгинам”, “Ёнимдаги яхшилар”, “Жанимдағи жақсылар” номли китоблари нашр қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикасида ва Қорақалпоғис­тон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Айни пайтда  “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири бўлиб фаолият юритади.

 

ДОЯМИЗ БИР

Онамиз бўлак балки,

Ва лекин доямиз бир.

Бўлак шох-куртагимиз,

Лек томир-поямиз бир.

Ойнинг шуъласидами,

Қуёш қиясидами,

Ернинг оясидами,

Тан бошқа, соямиз бир.

Ўтмишдан бугун қадар,

Кун-кунга юкин қадар,

Қай замон қандоқ атар,

Тил бошқа, ғоямиз бир.

Гоҳ бари муфассалдек,

Гоҳида бир ўсалдек,

Не азобда юксалдик,

Тош бўлак,  қоямиз бир.

Ибтидомиз ҳамоҳанг,

Интиҳомиз ҳамоҳанг,

Надир ғавғо, надир жанг,

Баски,  ниҳоямиз бир.

Жон бошқа, доямиз бир,

Тан бошқа, соямиз бир,

Биз шундай миллатларки,

Тил бошқа, ғоямиз бир.

 

БИР САВОДЛИҒ СЎЗ КЕРАК

Кимга ўтлиғ сўз керак,

Кимга тотлиғ сўз керак,

Барчасидан менгаким,

Бир саводлиғ сўз керак.

Сўзи ширин адо кўп,

Ширин сўзга гадо кўп,

Қавмимга кўргулик эп,

Бир саводлиғ сўз керак.

Ҳар мўмину машойих,

Бутун элу халойиқ,

Баланд айтишга лойиқ,

Бир саводлиғ сўз керак.

Пичирлаб айтиб бўлмас,

Ғичирлаб айтиб бўлмас,

Айтгачки, қайтиб бўлмас,

Бир саводлиғ сўз керак.

Ул “Қутадғу билиг”дай,

Ул “Маҳбуб ул-қулуб”дай,

Тўқ томирда иликдай,

Бир саводлиғ сўз керак.

Илмсиз тонг-кечим йўқ,

Бошқача бир ечим йўқ,

Усиз менинг кучим йўқ,

Бир саводлиғ сўз керак.

Кимга ўтлиғ сўз керак,

Кимга тотлиғ сўз керак,

Менгаким барчасидан,

Бир саводлиғ сўз керак.

Бир саводлиғ сўз керак!

САҲРОЛАР

Саҳроларнинг этагида эртагим,

Болаликда битта-битта битганман.

Этагида эркаланиб улғайиб,

Этагимни қоқиб олис кетганман.

Энди босар бир хавотир дилимни,

Қилмишимга гар қасд этса саҳролар.

Болалигим ёди кетар сочилиб,

Этагини қоқиб кетса саҳролар.

 

ЮР,  КУЗАКНИ  БИРГА КЕЗАМИЗ

У шодланар  неъмат илиниб,

Ҳар неъматда ҳикмат илиниб.

Юракда ишқ борар тўлиниб,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Дарахт баргдан кечса ҳамки воз,

Тўкилар  пойига  сарафроз.

Шундай садоқатга жўровоз,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Бир шохада бир баргак қолган,

Ё тасодиф ё кўмак, қолган.

Икки дўстга бир емак қолган,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Қоқ ёрилиб қирмизи анор,

Озор чекдим демайди зинҳор.

Унга таъзим этмоқ-чун бир бор,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Эгик шохда улғайди анжир,

Офтоб қўмсаб сарғайди анжир.

Бир йўқласак илғайди анжир,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Ким оларкан гулнинг сўнгини,

У тополмай турар тенгини,

Кўрсат энди тушим ўнгини,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Яқин сокин, йироқлар сокин,

Сойлар сокин, булоқлар сокин.

Улар бизни кутарлар лекин,

Юр, кузакни бирга кезамиз.

Бундай юрт-у, бундай куз қайда,

Тунлар аро ёруғ юз қайда.

Сену мендай қора кўз қайда,

Юр, кузакни бирга кезамиз!

ЯПРОҚЛАР

Баланд дарахт япроқлари узилди,

Турар эди банд-бандига туташиб.

Бироқ ҳатто қилмай хайр-маъзурни

Кетди улар бир-биридан адашиб.

 

Куртак очган эдилар бир фаслда,

Фасли келиб сарғайдилар, нолимай.

Фақат умрин яшаб ўтди шу барглар,

Бир шохада  бир-бирини танимай.

 

САКСОВУЛНИ КЎРГАНИ БОРДИМ

 

Ким ким томон йўл олади, мен,

Бугунимни  мозийга қордим.

Ва саҳролар, чўллар  оралаб,

Саксовулни кўргани бордим.

 

Бўлмас эди кўрмасам уни,

Неча йилки кўнгли  ғаш эдим.

Ахир ўша саксовул билан

Бир пайтлар овулдош эдим.

 

Соя бермас эди у гарчи,

Гарчи мева бермас эди у.

Лек суянсак елкасин тутар,

Таратарди  бир илиқ туйғу.

 

Йўқотдилар уни бир куни,

Ғамга ботдим… яшириб нетдим.

Саксовулсиз ўша овулни

Ташлаб мен ҳам шаҳарга кетдим.

 

Бугун кўриб шодландим беҳад,

Саксовул ҳам  Ватан этибди.

Мен шаҳарда йўлим топгунча,

У саҳрода яшнаб кетибди.

 

Таҳсин айтдим шу кенгликларга,

Шу саҳрога таҳсин айтдим мен.

Ҳамма  лола сайли завқида,

Саксовулни  кўриб қайтдим мен.

 

ИККИ ҚАДАМ…

 

Кўрганмисиз девор ёқалаб,

Қўлга олиб ёғоч хассани.

Икки қадам юрганидан  шод,

Йиғлаб юборган бир хастани.

 

Ким қадами ердан узилиб,

Ойга нарвон қўяётган он.

Оёғи ер босгани учун,

Шукроналар қилар шу инсон.

 

Балки дунё кезарлар  учқир,

Ўтаб орзу ҳавас ҳаққини.

Лек, у каби ҳис қилолмаслар,

Икки қадам  отмоқ завқини.

 

Бахтнинг катта-кичиги бўлмас,

ҳар кўнгилки тиланар имдод.

Ким оёғи ердан узилган,

Ким бир қадам босганидан шод…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − thirteen =