Мутолаа учун тоза ҳудуд

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нима учун ёшларимиз яхши ўқимай қўйди? Уларда билим олишга тўсқинлик қилувчи дангасалик туйғуси қаердан пайдо бўлиб қолди? Мовий осмон остида, ям-яшил дарахтлар-у ўт-ўланларга бурканган табиат қўйнида, қушларнинг чуғур-чуғури-ю қурт-қумурсқаларнинг ғимир-ғимирини кўриб, улардан руҳланиб китоб мутолаа қилган инсон кўпроқ уқадими ёки ташқаридаги қуриб кетган дарахтларни кўришга тоқати етмай, тўрт девор ичида диққинафас бўлиб, кўз учун зарари ниҳоятда катта бўлган ёрқин чироқ остида ўтириб, гоҳ ётиб, гоҳ қийшайиб ва ниҳоят, китобини юзига қўйиб пинакка кетганлар кўпроқ билим эгаси бўлишадими?

Атрофимиздаги барча нарсалар, айниқса, билим эгаллаш учун экология муҳим аҳамиятга эга эканини шу кичиккина мисол орқали ҳам билишимиз мумкин. Экологияни асраб-авайлаш учун эса барчамиз бирдек масъулмиз. Бу борада юртимиз бўйлаб барча ҳудудларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бугун “Обод ва файз­­ли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида ҳашарлар ташкил этилаётганини мисол тариқасида айтишимиз мумкин.

Ҳашар давомида барча жойлар саранжом-саришта ҳолатга келтирилиб, манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилмоқда. Дарахтларга оппоқ оҳакдан “либос”лар кийдирилиб, шакл берилмоқда. Ариқлар, автотураргоҳлар, умуман, барча жойлар чиқиндилардан тозаланмоқда.

Атроф-муҳит гуллаб-яшнаши учун бажарилаётган бу каби чора-тадбирларни кўриб, кишининг баҳри-дили очилади, ғайрати ошади, албатта. Бежизга “Ҳашар — элга ярашар” дейишмаган. Бундай ҳашарлар билан барча ҳудуд ва манзиллар тоза ва озода бўлади.

Натижада дарахтзор ва майсазорлар, сайилгоҳлар, боғлар ва бошқа манзиллар биз каби талабаларга китоб мутолааси учун қулай муҳит пайдо қилганлиги эътиборга молик. Хушманзара боғлар, очиқ ва тоза ҳаво нафақат талабаларнинг, балки ҳар бир инсоннинг маънавий савиясини юксалтиришга хизмат қилади.

Адиба ШАРИФОВА,

Гулистон давлат педагогика

институти талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − two =