Кубалик меҳмон ҳайрати

“Гулистон менга ёқиб қолди”, деди Оделис Мас

Кўп йиллар Гулистон шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабида дарс берган, айни пайтда Гулистон туманидаги “Олтин ўрда” маҳалласида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Майрамхон Иргашева яқинда “Янги Сирдарё” газетаси таҳририяти эшигидан кираркан: “Сизларга хорижлик меҳмонни бошлаб келдим”, деди. Унинг ёнидаги қорамағиздан келган, сочлари жингалак, кўзлари катта-катта қиз табассум қиларкан, қўлини кўксига қўйиб: “Ассалому алайкум!” деди. Хорижлик қизнинг ўзбекона каломи барчамизни ҳайратга солди.

— Хуш келибсизлар, Майрамхон! Меҳмонингиз қаерлик, қачон келди, ташрифининг сабаби нима, қандай қилиб дарров ўзбекчани ўрганди? — дея уни саволга кўмиб ташладик.

— Бу қиз кубалик, исми Оделис, биз уни “Одинахон” деб чақирамиз, — деди Майрамхон. — Келганига 10 кундан ошди. Уч йилдан бери онаси билан Москвада яшайди. Биласиз, ўғлим ва жиянларим Москвада истиқомат қилишади. Одинахон жияним Нигорахон билан қўшни туради. У хореограф, рақс клубида машғулотлар олиб боради. Ўтган йили Москвага ўғлимникига борганимда, келиним ва жияним билан юртимиз ҳақида гапириб бергандик. Ўшандан бери Оделис Ўзбекистонга келишни орзу қиларкан. Яқинда орзуси амалга ошди. Оиламиз билан уни аэропортда кутиб олдик ва хонадонимизга олиб келдик. Рамазон пайти бўлгани учун уни ҳам саҳарликка уйғотдик. Эрта саҳарда туриб, тамадди қилаётганимиздан, айниқса, келинимнинг тонгда туриб, катта ҳовлини супуриб-сидиришидан ҳайрон бўлди. Мен унга Рамазон ойининг хусусиятлари, нега рўза тутилиши, ўзбекона урф-одатлар, удумлар, бекалик, келинлик фазилатлари тўғрисида гапириб бердим. Меҳмонимиз гапларимни тингларкан: “Менга ҳам ўзбекчани, миллий одатларингизни ўргатинг”, деди. Бир ҳафтада анча ўзбекча сўзларни, айниқса, саломлашишни ўрганиб олди. Энди қаерга борсак, биринчи бўлиб салом беради.

Оделис уч йил ичида рус тилини анча мукаммал ўрганибди, шу боис у билан бемалол суҳбатлашдик. Куба мактабларида 12 йил ўқитилар экан. У мамлакат пойтахти Гаванада мактабни тамомлагач, оилавий ша­роити туфайли онаси билан Москвага ишлагани келишган экан. Яқинда ватанига бориб, яқинларини кўриб келибди.

— Рақс клубида вақтинча ишлаяпман. Келажакда шифокор бўлишни орзу қиламан, ҳозир олий ўқув юртига киришга тайёрланаяпман, — деди Оделис. — Яшириб нима қиламан, бизнинг мамлакатимизда ҳаёт ҳавас қиларли эмас. Айниқса, ёшлар учун имкониятлар кам. Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман. Келганимга кўп бўлгани йўқ, лекин Гулис­тон шаҳрининг кўп жойларини кўрдим, хиёбон ва истироҳат боғларини томоша қилдим. Ўз номига муносиб, чиройли, ажойиб шаҳар экан. Бозорлардаги, супермаркетлардаги тўкинчиликни, арзончиликни, кўчалардаги орасталикни кўриб, ҳайратга тушдим. Одамларнинг бир-бирларига муносабати, эътибори, муомаласи жуда яхши экан. Бу ерда меҳмонни хуш кўришаркан, қаерга борсам, уйларига, дастурхонга таклиф этишади. Миллий таомлари, нонлари, айниқса, палов менга жуда ёқди. Деярли ҳар куни палов еяпман. Майрам опадан палов пиширишни ўрганаяпман. Уйимга қайтгач, уни онамга ўз қўлим билан пишириб бераман. Миллий либосларингиз ҳам менга ёқди. Майрам опа менга узун атлас кўйлак тиктириб бермоқчи. Сочларимни майдалаб ўрдирмоқчи эдим-у, менинг калта жингалак сочимни эпақага келтириб бўлмади. Ўзбекистонлик ёшларга ҳавасим келди, шундай гўзал, обод, фаровон мамлакатда яшаш бахт эканлиги уларнинг юз-кўзларидаги қувончда яққол кўриниб турибди. Ҳали анча вақт тураман. Майрам опа билан қадимий шаҳарлардаги тарихий обидаларни, Тошкент-Сити ва пойтахтнинг бош­­қа диққатга сазовор жойларини томоша қилишга борамиз. Юртингизни бир кўрган одам яна кўргиси келаркан, оҳанрабоси борми, дейман. Ҳар куни ўзим учун бир янгиликни, янги манзараларни, янги рангларни кашф этаяпман.

Шунингдек, Оделис мезбон оила аъзоларига томорқадаги юмушларни бажаришда, кўчатлар экишда кўмак­лашаяпти. У кўчат экиб, ёнидаги тахтачага ўзининг исмини ёзиб қўйибди. Майрамхоннинг айтишича, Оделис: “Кейинги гал келганимда бу дарахтнинг мевасини ўз қўлим билан узиб ейман”, деб ният қилганмиш.

— Яқин кунларда меҳмон қизни Самарқандга саёҳатга олиб боришни режалаштирганман, — деди Майрамхон Иргашева.

Шу куни “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари таҳририятида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ходимлари ҳамда бир гуруҳ ёш ижодкорлар хорижлик меҳмон билан суҳбатлашдилар. Оделис Мас уларга юртимиз, Гулистон шаҳри ҳақидаги таассуротларини гапириб берди.

Холида ПАРДАБОЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =